ТИЛПОН БОВА…

0

 

Мен чайирман
 

Дунёга келганимда симдор, қари тилпон бувалар ҳайратдан ёқа ушлашган. Эгалари кўз тегмасин дейишганми, ё азбаройи ҳайрон қолишганиданми, тилпон буваларнинг ичига туфлаб ҳам қўйишган…

Ҳа-а, бир пайтлар жа кўркам, бақувват, чайир йигит эдим. Унча-мунчасиминан гаплашмасдим. Фақат каттакон-каттакон окахонларнинг қўйин чўнтагида юрардим. Ҳеч қачон оч қолмасдим. Окахонлар ҳавасга қорнимни тўйдиришар, тўйганимни кўргач, худди ёш боладек қарсак чалиб юборишарди. Симдор отахонлар эсларигаям келмасди.

Афсус, йиллар, ойлар ўтаверди. Мени Тилпон бова деб чақирадиган бўлишди. Устимдан оҳорим кетди, бош каллакланган тутдай калланди. Аста-секин назардан қола бошлаганимни сездим. Қадринг пасайгани сайин ҳеч ким менсимай қўяркан. Думдор қари тилпон буваларнинг қарғишига қолдимми, билмадим, хўжайинларнинг эркатойлари қанча мени деворга қараб ирғитишди, тепишди, бир-бирларининг аламларини мендан олишди. Аммо қилт этмадим. Чайирлигим панд бермади. Нари борса, қоринбоғим отилиб кетди…

Э, ҳозир ҳам унча-мунчасига сўз бермайман. Хоҳлаган тилпонингизни чақиринг, муштлашмасам, бир ерим дарз кетса, эркак эмасман!

Эҳ, болам-а!..

Нолимайман, худо мендай ғарибни фарзанддан қисмаган. Лекин замон экан, болаларим ҳар ёққа тарқалиб кетишган. «Майли, — дейман ўзимча. — Ҳозир тирикчилик қиладиган, йўлини топиб кун кўрадиган давр. Қайда бўлишсаям эсон бўлишсин!..»

Фақат анави Самсонбой ўғлим жуда қайсар, қулоқсиз чиқиб қолди. Неча марта тайинлайман. «Ҳўв бола, сал оғирроқ бўл, тағин биров-ярим белингни синдириб қўймасин», дейман. Қулоқ солмайди. Нимаймиш, барибир зўрларнинг зўри бўлармиш. Ҳали ўзини у тусга солади, бу тусга солади, қайсарланади, хўжайинларнинг йўлига юрмайди.

— Болам, — дедим бир кун ичим куйиб. — Ўзинг нозикроқ, мўртроқ туғилган бўлсанг, хўжайиннинг жиғига тегсанг, деворга бир уради, абжағинг чиқиб кетади. Сал ўзингни босвол! Ҳеч бўлмаса, Айпонгул опангдан ўргансанг-чи! Қара, ўзига қарашниям, ишлашниям, бировларнинг кўнглига йўл топишниям қотиради. Егани олдида, емагани орқасида. Камлик ҳам кўрмайди. Сенга ўхшаб қайсарлик қилмайди, нима иш буюришса, қойиллатиб бажаради. Отаниям унутвормайди. Нима қилсин? Иши мўл, узоқ шаҳарларда кўп юради. Шундаям сим қоқиб туришни канда қилмайди. Ана, фарзанд деган шунақа бўлади, болам!..

— Э, мен… — деб бақирди Самсонбой тушмагур. — Ўзим ҳаммасини ёмон қилвораман…

Эҳ, нодон бола-я, ўзини не тусга солганминан, сакраб, ирғишлаганминан, тилпон бир нарсага эришиб қолармиди!?. Қайсарликни ташласайкан!..

 
Ёлғизлик қурсин!
 

Қаридаям қалб бор, отанг айлансин! Қачонлардир «инастранка»га уйланганман. Оти нимайди-я?.. «Памит»им қурсин, қариб миям ҳам суюлиб кетганми дейман? Ҳа-а, Симинс хоним дейишарди. Икковлашиб, шунча болани дунёга келтирдик. Тинмадик, ишладик, тер тўкдик, бир-биримизни қаттиқ яхши кўрарканмизми, ҳеч қачон айрилмадик, бир-биримизга қаттиқ гапирмадик. Умри қисқайкан, эрта ўлиб кетди раҳматли. Шундан бери эсимга тушса, аламим келганидан аллакимларга бақириб ташлагим келади, қимирлаб-қимирлаворсам дейман. Кечалари адашиб кўзимни очворсам, Симинс хоним рўпарамда тургандай бўлаверади. Илойим, ўша ёқлардаям омон юргин, онаси!..

 
Беқадр
 

Устимдан кулсангизам майли, локигин болаларим беқадр чиқиб қолди. Мана, хасталаниб ётиб қолганимгаям анча бўлди. Барака топсин, хўжайин шундаям мени ташлаб қўймади. Деразанинг токчасидан ўрин тўшаб берган. Гоҳи-гоҳида мен тарафга ачиниб қараб қўяди. Шунда кўнглим бўшаб кетади, ўпкам тўлади. Болалари белимга чертиб ўйнасаям индамайман. Шунисигаям шукр қиламан. Уларга қараб туриб, Самсонбойим эсимга тушади. Боласи тушмагур «Нима қиляпсан? Ҳолинг қандай? Бормисан-йўқмисан?» демайди-я! Нуқул ўзи билан ўзи овора. Пулни пулга уриштириш, бойларни чув тушириш, қўпол бўлсаям, айтаман, қиз-жувонларга ўзини кўз-кўз қилишдан бўшамайди. Ўзига ўхшаган бир нечтасини жўра қилволибди. Ёрдамчиймиш улар. Бири тўтидай сайраб, гапириб хўжайиннинг кўнглини овласа, бошқа бирови адашганларга йўл топиб берармиш.

«Вей, жўрангнинг ўзи йўлдан адашиб бўлди-ку, — дегим келиб кетади баъзида. — Кимни алдаяпсанлар? Тилпон деган шунчаям бетайин бўладими? Қай замонда кўргансан йўл топиб берган тилпонни? Хўжайинингнинг худо берган иккита кўзи бўлса! Ҳе қуриб кетмагурлар! Қоч-э, боламнинг миясини заҳарлама!»..

Қанча тавалло қилдим, ғамигаям келтирмади. Аҳён-аҳёнда Самсонбойимни дераза ёнидан кимнингдир қўлида ўтиб кетаётганини кўраман. Жигар экан-да, бор овозда бақириб чақиргим келади. Қани энди бу қизиталоқ товуш чиқса! Ҳатто чийиллашгаям қурбим етмай бўзрайганча қолавераман.

Кўз тегмасин, Айпонгулимда инсоф бор. Қур-қур узоқдан бўлсаям ҳол сўрашни канда қилмайди. Сўрагандаям, астагина, бақир-чақир қилмасдан, мулойимлик билан ҳол сўрайди қизалоғим. Дунё кезган-да!..

Ие, тағин Самсонбойимни кимдир кўтарволибдими? Ў, устига алламбало чопонлар кийдириб қўйибди. Уйланяптими нима бало? Менсиз-а? Тилпонбой отанинг дуоларисиз-а?..

Эсиз умр! Буни оёққа турғазиш учун ўзимдан кечгандим-а! Отаман, ахир, ота!..

Ҳай баччағар, шу чопонни кийволиб кўнглинг ҳайитдагидай бўлдими? Отангсиз тўй қандай ичингга тушади? Ундан кўра, шўрлик отангдан хабар олиб турсанг, шу чопонни отангга кийдирсанг, кал боши осмон бўлмасмиди?..

Ҳа майли, бола-да, орзу-ҳаваслари кўп! Ҳали-вери босар-тусарини билмай ўтадиган кўринади. Ном қозониш, қиз-жувонларнинг кўзини ўйнатишга муккасидан кетибди. Ишқилиб, бўлғуси хотинига тўзим берсин!..

Мен ғарибни, барибир хўжайиндан қўймасин! Ажабмас, бир кун раҳми келиб мени яна қўлига олса, чанг босган, каллакланган тутдай кал бошимни силай-силай, Самсонбойникиданам чиройлироқ, оҳорлироқ чопон кийдириб қўйса!

Дуо қилардим, дуо!

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: