Машҳурликка қурбон бўлган қиз

0

— Алло, ассалому алайкум… Кечирасиз, бу Жасур аками?

— Ҳа, эшитаман…

— Мен, — қизнинг овози ҳаяжондан титраб кетди, — мен сизнинг ашаддий мухлисингизман. Исмим Жозиба. Сизга ҳавас қиламан!

— Раҳмат…

Одатда, мухлислари билан кўп гаплашавермайдиган хонанда бу сафар ҳам қизил тугмани босмоқчи эди. Лекин қизнинг: «— Мен ҳам қўшиқ айтишга қизиқаман, айниқса, сизнинг қўшиқларингиз жудаям ёқади менга. Эшитиб кўрасизми?» — дегани учунми, алоқани узишга шошилмади.

Жасур жавоб беришга улгурмасидан нариги томондан майин қўшиқ эшитилди. Жозиба қўшиқнинг ярмини куйлаб бергач:

— Яхши айтдимми? — деди кулги аралаш.

— Яхши, ажойиб…

— Сизга шогирд тушмоқчи эдим. Менга устозлик қиласизми?

Жасур алоқани тезроқ узиш учун:

— Майли, — деди, — кейинроқ бафуржа гаплашиб оламиз.

— Ким экан? — сўради продюсери.

— Қанақадир мухлис, ўзича бидир-бидир қилади, ҳурматсизлик бўлмасин, деб ўчириб қўймадим. Бундан кейин телефонларга ўзингиз жавоб беринг. Менинг асабларим дош бермаскан бунақа қўнғироқларга.

— Олдин ҳам айтгандим-ку, телефон сизга…

— Илтимос, ортиқча гап керакмас, таъна ҳам қилманг. Сал ўзимга келиб олай, хўпми?

* * *

Жасур студиядан чарчаб чиқди. Боши ғувилларди. Аксига олиб, ташқарига чиқиши билан бир талай мухлислари ёпирилди. Аммо у мухлисларни туртиб ўтиб, машинасига ўтирди-да, уйига жўнаб қолди. Уйига келди-ю, ўзини каравотга ташлади. Турмуш ўртоғининг тушкун кайфиятда эканини сезган Роҳила эрининг ёнига келди.

— Тинчликми, Жасур ака, нима бўлди?

— Тинчлик, бошим сал оғриб турибди…

— Ҳозир қаҳва дамлаб келаман. Озроқ дам олсангиз, ўтиб кетади.

— Яхши…

Роҳила қаҳва дамлаб келди, лекин бу пайтда Жасур ухлашга улгурганди.

* * *

Жасур эртаси куни телефон қўнғироғидан уйғонди. Ҳам ҳамкори, ҳам ўртоғи Адҳам қўнғироқ қилаётган экан.

— Турсанг-чи энди, оқ айиққа ўхшаб ётавермай, — норозиланди дўсти, — бу ёғи соат ўнга қараб кетяпти.

— Бўпти, ҳозир бораман.

Жасур аёли тайёрлаб қўйган нонуштадан ул-бул тотинган бўлди-да, ишга отланди. Роҳила «Тузукроқ овқатлансангиз-чи», деб қолаверди. Машинага ўтирган Жасурнинг асаби яна қўнғироқдан бузилди. Шартта кўтарди-да:

— Одам ҳам шунчалик эзма бўладими? — дея бақирди.

— Мен Жозибаман, Жасур ака, кеча қўнғироқ қилгандим-ку!

Буни кутмаган Жасур бироз довдиради.

— Ие, кечирасиз, мен сизни ўртоғим деб ўйлабман.

— Ҳечқиси йўқ. Мен сизга шогирд тушмоқчи эдим…

— Шогирд? Яхши, мен сизга студиям манзилини…

— Биламан, — Жасурнинг гапини бўлди қиз, — ҳозир студиянгизнинг олдида турибман.

— Нима?

— Ҳа, сўраб-суриштириб топиб келдим.

— Яхши, мен ҳозир етиб бораман.

Жасурни қизнинг қатъияти ҳайрон қолдирди.

— Қойил, нияти жиддий, шекилли, — деди мийиғида кулимсираб.

У машинасини доимги жойга қўйди-да, ён-атрофга қаради. Шунда кириш эшиги ёнида ўзига қараб қўл силтаб турган қизга кўзи тушди. Озғингина, елкасига тушиб турган қоп-қора сочлари шамолда ҳилпирарди. Қараши мафтункор. Жасур бир муддат термилиб қолди. Кейин қизнинг ёнига борди.

— Салом, — деди қизга сўрашиш учун қўл чўзиб.

— Ассалому алайкум, яхшимисиз? — қип-қизариб кетган Жозиба тутилиб гапирарди. — Сизнинг тиригингизни кўраман, деб ўйламагандим!

— Тиригим? — ҳайрон бўлганини яширмади Жасур. — Нима, менинг ўлигим ҳам борми?

Шундагина қиз
нотўғри гапириб қўйганини тушунди.

— Йўқ, мен, айтмоқчи эдимки…

— Ҳеч қиси йўқ, нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Қани юринг, ичкарида гаплашамиз.

Жозиба ҳамон кўзларига ишона олмаётганди. Ичкарига кириб, студияни томоша қила бошлади. Бу ер у тасаввур қилганидан ҳам яхшироқ эди.

— Жасур, келдингми?

Жасур ҳам ўртоғи, ҳам продюсери билан сўрашгач, уни Жозиба билан таништирди.

— Бу Жозиба, менга шогирд бўлмоқчи экан.

— Яхши, лекин шогирдларни бунақа қабул қилмасдинг, шекилли. Менинг хабарим бўлиши керак эди…

— Тўғри, — оғайнисининг елкасига қўл ташлади Жасур, — хафа бўлма. Шунақа бўлиб қолди. Овози ёқди, яхши айтаркан. Мана кўрасан, у менга шон-шуҳрат, сенга эса яхшигина маблағ олиб келади. Ўзи эса юлдуз бўлади.

Адҳам ҳеч нарса демасдан, ерга тикилиб турган қиз билан саломлашган бўлди-да:

— Бўпти, ишга киришамиз, — деди.

Жасур янги қўшиғини ёзаётганди. У то қўшиқни айтиб бўлмагунча Жозиба томоша қилиб ўтирди.

— Жозиба, ўрганинг, вақти келиб сиз ҳам қўшиқлар ёзасиз, кўзни ҳозирдан ўргатган яхши, кейин ҳаяжонланиб ўтирмайсиз, — деди Жасур яна бир бор қўшиқ айтишга киришаркан.

Қиз иши бунчалик осон битишини кутмаганди. Бир хаёли «Бу одамнинг фикри ёмонмикин? Нега мени осонликча шогирдликка олди? Бирор нима умид қиляптимикин?» деб ўйлади. Аммо айни дамда йўлидан қайта олмаслиги, санъаткор бўлиш азалий орзуси эканлиги учун бу фикрини миясидан чиқариб ташлади.

* * *

Студиясига келаркан, Жасурнинг фикру хаёли Жозибада эди. «— Чиройли қиз. Шу қиз меники бўлса борми? Қандай қилиб бўлмасин, унга эришишим керак. Кулишлари жонни олади-я…»

Энди Жасур қизга қўнғироқ қилди.

— Қалайсиз, бўлажак юлдуз?

— Яхшиман, ўзингиз тузукмисиз?

— Аъло. Бугун ҳам келсангиз керак?

— Албатта. Ахир келажакда яхши санъаткор бўлишим учун ҳозирдан масъулиятли бўлишим керак. Тўғрими?

— Албатта. Унда сизни кутаман.

Жасурнинг ўзи қўнғироқ қилгани Жозибани янада хурсанд қилиб юборди.

— Мен юлдуз бўламан, — деди ўзига-ўзи, — албатта.

* * *

— Жозиба, сизни бугун тушликка таклиф қилсам майлими?

— Тушликка? Лекин…

— Хижолат бўлманг. Иккаламиз ҳам чарчадик. Айниқса, сиз. Энди дам ҳам олиш керак-ку! Юринг, бугун сизни ўзим меҳмон қиламан.

— Лекин… — ноқулай бўлди Жозибага. — Қўйинг, Жасур ака, шарт эмас. Мен…

— Бу нима деганингиз? Шогирд устози нима деса, шуни қилиши керак. Ёки менга ишонмайсизми?

— Ишонаман. Лекин бизни бирга кўрган одамлар нима деб ўйлашади?

— Одамлар? — энсасини қотирди Жасур. — Менга қаранг, шу пайтгача нима қилардингиз?

— Онамга ёрдамлашардим, ўқишдан кейин, албатта. Бирга бозорга чиқардик.

— Қийин бўлгандир. Қиз болага бозорда юриш… Хўш, ўшанда сиз айтаётган одамлар ёрдам беришдими? Хўш?..

Жозиба индамади.

— Кўрдингизми? Нега энди бошингизга омад қуши қўниб турганида ўша одамларнинг гапини ўйлашингиз керак. Бунақа гапларни қўйинг. Яхшиси, ҳамма нарсани унутинг-да, тушлик ҳақида ўйланг.

* * *

Роҳила эрининг кийимларини йиғиштираётиб, кўйлагининг ёқасига теккан лаб бўёғини кўриб қолди. Бу орада Жасур эндигина ювиниб чиққанди.

— Бу нима?

Жасур хотинининг қўлидаги кўйлакни кўрди-да, нима дейишни билмай, каловланиб қолди.

— Билмадим, бирор жойдан теккандир-да. Одамлар орасида кўп юраман, бирорта аёл билан тўқнашиб кетган бўлишим мумкин…

— Ростданми? — деди аёл ишонқирамай.

— Бу нима деганинг? Қачондан бери менга ишонмайдиган бўлиб қолдинг? Нима, бирор марта ким биландир тутиб олганмидинг? Гапир?!

Жасурнинг асаби таранглашди. Хотини эса лом-мим демади-да, кўйлакни илиб қўйди. Жасур биринчи бор хотинига бақирганди. Бунга эса Жозиба сабаб эди. Шундагина эркак қизга бефарқ эмаслигига яна бир бор амин бўлди. У хотини билан Жозибани таққослади: уйда ўтиравериб, ўзига қарамайдиган, пардоз қилмайдиган, оддий кийимларни кийиб юрадиган Роҳила ва доим пардоз-андоз қилиб, чиройли кийимлар кийиб, кулиб юрадиган Жозиба. Айни дамда Жасурнинг кўзига шогирди устунроқ кўриниб кетди.

* * *

— Бу нима деганинг, қизим? Эс-ҳушинг жойидами?

Жамила опа қизининг гапини эшитиб, ҳайрон бўлди. Чунки қизи Жасур ҳақида ҳеч нарса демаганди.

— Менга бир оғиз айтмабсан ҳам. Яна Жасур акамнинг менда кўнгли бор, дейсан. Ўйлаб гапиряпсанми?

— Тўғри, қўшиқчи бўлмоқчилигим ҳақида сизга айтмагандим. Чунки, барибир, қаршилик кўрсатардингиз. Шунинг учун ўзимга-ўзим қарор чиқардим. Жасур акамга келадиган бўлсак, муомалалари анча ўзгарган. Меҳрибон бўлиб қолган. Бунинг нимаси ёмон, ойи?

— Ақлинг жойидами? Балки, унинг нияти яхшимасдир. Кўзга яқин қизсан, қизим, унинг эса оиласи бор…

— Буни биламан. Лекин Жасур акамга боғланиб бўлдим, ойижон. У кишини чиндан ҳам ёқтираман!

— Нима?! — тутақиб кетди аёл. — Сен қиз тилим бор деб нималарни алжираяпсан? Ҳали ёш бўлсанг, келиб-келиб оилали эркакка кўнгил қўйишинг қолувди!

— Ойи, намунча ваҳима қиласиз? Мен унга турмушга чиқаман, деб туриб олганим йўқ-ку! Қаловерса, Жасур акам ҳам бу ҳақда умуман оғиз очган эмас. Демак, биз чинакам устоз-шогирдлармиз.

— Нима бўлганда ҳам кўзингга қараб иш қил, тағин бир балони бошлаб юрма. Кейин яна бир нарсани эсингдан чиқарма, у ҳеч қачон оиласини ташлаб, сени танламайди. Иккинчидан, бировларнинг оиласини бузиш эвазига ҳеч ким ҳеч қачон бахтли бўла олмайди. Тушундингми?

* * *

— Ҳаёт, сенга эътирозим йўқ,

Бахт йўлимга тўшалган гилам.

Юрагимни босар ҳаяжон,

Кўзларимда барқ урар, кўклам.

Ҳаёт, сендан нолимам асло,

Машҳурликдан айланса бошим.

Йўлдан озиб, гар қилсам хато,

Ўзимгадир пиширган ошим.

— Хўш, қалай, зўрми?

Жозиба нима деярини билмай қолди. У биринчи қўшиғини радиотўлқинлар орқали эшитгач, ҳаяжондан титраб кетганди.

— Мен… мен… — деди гапини давом эттиролмай қизгина.

— Сиз бахтнинг еттинчи осмонида учяпсиз, шундайми?

— Ҳа, шунақа. Мен бунчалик тез машҳур бўламан, деб ўйламагандим. Йўқ, аниқроғи, радиоканаллар менинг ҳам қўшиғимни қўйишади, деб тасаввур ҳам қилмагандим!

— Ҳали бу ҳолва. Бироз муддатдан кейин телевидениега ҳам чиқасиз.

— Ростданми?! — кўзларини катта-катта очиб сўради Жозиба.

— Бўлмасам-чи, бу ишлар қийин эмас, мен бор эканман, сизнинг ошиғингиз олчи бўлаверади.

— Раҳмат сизга, раҳмат!

Жасур «Сизга бир сюрпризим бор», дея ресторанга таклиф қилганида Жозиба уни шундай воқеалар кутиб турганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Шу боис Жасур кўзига ҳақиқий халоскордек кўринди. Беихтиёр Жасур узатган ичкиликни охиригача сипқориб юбордию, ичи ёниб кетди.

— Нима бу? — деди афти бужмайиб.

— Оббо соддагинамэй, — деди Жасур эркалаганнамо, — ҳали бу нималигини билмайман дерсиз?

Жозиба йўқ дегандек бошини сарак-сарак қилди.

— Бу яхши кунларни нишонлаш учун яратилган обироҳат, — дея яна Жозибага ичкилик қуйди Жасур, — буни қайтариб бўлмайди.

— Йўқ, Жасур ака, қўйинг, мен ўрганмаганман.

— Ўрганиш керак, шоу-бизнес — ҳақиқий синов. Бир-ёки икки қадаҳни деб ўзингизга керакли, сизни юксакларга олиб чиқадиган одамнинг кўнглини оғритсангиз, ошиғингиз олчи бўлмайди. Бу менинг огоҳлантиришим. Қўрқманг, шу охиргиси…

* * *

Кўзини очган қиз ўзини бир аҳволда кўриб, карахт бўлиб қолди. Кейин нималар бўлганини эсладию, йиғлаб юборай деди. Ёнига ўгирилганида Жасур йўқ эди. Кўнгли бир ғашликни сезган қиз хонандага қўнғироқ қилди. Гўшакни Жасурнинг маъмури кўтарди.

— Эшитаман, — деди у совуққина қилиб.

— Менга Жасур ака керак эди, — деди Жозиба ўзини бироз қўлга олиб.

— Жасурми? Бу Жасурнинг рақами эмас-ку! — йигитнинг овози баттар совуқлашди.

— Лекин Жасур акам менга шу рақамни берганди…

— Бу Жасурнинг рақами эмас! Ўзига қўнғироқ қилинг!

Жозибанинг бутун вужуди музлаб кетди. Студияга боришга қарор қилди. Бироқ Жасурни студиядан ҳам тополмади. Хонанданинг уйига борганида эса уни Роҳила қарши олди.

— Келинг, — деди аёл қизга бошдан-оёқ назар солиб.

— Менга… — тутилиб гапирди қиз, — менга Жасур акам керак эди.

— Жасур акангиз, — пешонаси тиришди аёлнинг, — ўзингиз ким бўласиз?

— Мен шогирдлариман, ишим бор эди, тополмаяпман.

— Э, ҳа, ҳали бировнинг эрига осилиб юрган ўша мегажин сенмидинг?!

Дабдурустдан бундай гапни кутмаган Жозибанинг ранги оқариб кетди.

— Бу нима деганингиз?!

— Бу нима деганим?! Сен Жасур акангнинг бўйнига осилиб юрибсан, ҳатто ёқасида лаб бўёқларингнинг изиям қолган. Мен эса ўша Жасур акангнинг хотини бўламан! Энди тушундингми?!

— Мен унинг бўйнига осилиб олганим йўқ!

— Унда пишириб қўйибдими менинг уйимда?! — овозини баландлатди Роҳила.

Шовқинни эшитган Жасур ташқарига чиқди ва хотинининг Жозиба билан гаплашиб турганини кўриб, бироз довдиради.

— Бу ерда нима қилиб юрибсан? Нима бор сенга? — деди Жасур қизга.

— Мен… — Жозиба баттар довдиради.

— Нима сен? Қайтиб уйимга қадам босма, тушундингми? Студиядаям кўрмай сени…

— Жасур ака, ахир!..

— Нимага довдирайсан? Мен хонандаман, сен эса битта мухлиссан. Сендақа мухлислар сон мингта. Тушундингми? Эни жўна, йўқол!

Жасур рафиқасини ичкарига киритди-да, эшикни қарсиллатиб ёпди. Жозибанинг кўз олди қоронғилашди. Айни дамда ягона қўшиғининг сўнгги сатрлари хаёлида гавдалана бошлади:

«Йўлдан озиб, гар қилсам хато,

Ўзимгадир пиширган ошим».

АФСОНА