Зиғир ёғи энг фойдали ёғ

0

Зиғир ёғи кишига узоқ йиллардан бери ёшлик, гўзаллик ва саломатликни сақлаб қолишда ёрдам берадиган беқиёс неъмат саналади. Фақат уни тўғри истеъмол қилишни билиш керак. Эрталаб оч қоринга ичилгани энг фойдалиси ҳисобланади. Айнан дам олиб турган организм барча яхши ва фойдали маҳсулотларни қабул қилишга тайёр бўлади. Ҳар кунингиз бир финжон қаҳва билан эмас, мазкур фойдали ёғнинг бир қошиғи билан бошлангани анча самаралидир.

Балиқ
ёғидан фойдалироқ

Зиғир ёғи таркибида жуда кўп фойдали моддалар, витамин ҳамда минераллар мавжуд. Айниқса, у Омега-3 ярим тўйинган ёғ кислоталари билан ҳам қадрлидир. Балиқ ёғи Омега-3 га тўйиниш бўйича зиғир ёғидан кейинги иккинчи ўринда туради, бироқ уни истеъмол қилиш унча ёқимли эмас, кўпинча аллергия келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари:

овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди, қориндаги дамни ҳайдайди;

тери ҳолати, соч, тирноқлар ҳолатини яхшилайди;

гормонал ҳолатни тиклайди;

ҳайзолди синдромида фойда беради;

холестерин миқдорини пасайтиради;

ўт қопи ишига яхши таъсир қилади;

шишларни бартараф этади.

 

Эҳтиёт бўлинг!

Ўт пуфаги тоши, панкреатит каби касаллик билан оғриганлар зиғир ёғини истеъмол қилмагани маъқул. Шунингдек, қон ивишининг бузилиши, аллергияси борлар, гормонал ўзгаришлар, ўт пуфагида тоши борлар, саратон касаллигига учраганлар ҳам зиғир ёғини ичиши мумкин эмас.

 

Косметологияда қўлланилиши

Замонавий косметологияда зиғир ёғини тери ва соч учун турли ниқоблар тайёрлашда ишлатишади. Таркибида ёшартирувчи, юмшатувчи ва бактерицид моддалар кўплиги боис зиғир ёғи бу борада беқиёс.

 

Зиғир ёғи ёшартиради

Унинг таркибида Омега-3 ёғ кислоталари мавжуд. Бу кислота моддалар алмашинувида муҳим роль ўйнайди.

Озиш учун: ҳатто диетологлар самарали озиш учун истеъмол қилинадиган ҳайвон ёғларининг бир қисмини фойдали ўсимлик ёғларига алмаштиришни маслаҳат беришади. Уни салатларга қўшиб истеъмол қилиш ҳам фойдали. Зиғир ёғи гўшт емайдиган вегетариан одамларга ҳам қўл келади.

Холестерин миқдорини тушириб, қонни суюлтиради.

Агар юрак-қон томир касалликларига чалинишни ва тромб юзага келишини истамасангиз, доимий равишда зиғир ёғи истеъмол қилинг.

Кўкрак ва йўғон ичак саратонига чалиниш хавфини камайтириб, гормонал фонни яхшилайди. Бунинг учун ҳар куни эрталаб оч қоринга 1 ош қошиқ зиғир ёғини 1 стакан қатиққа аралаштириб ичиш керак.

Операциядан чиққан беморлар, ҳомиладор аёллар, болаларга ҳар кунига эрталаб оч қоринга, овқатланишдан 20 дақиқа аввал 1 ош қошиқ зиғир ёғи ичиш тавсия этилади. Муолажа давомийлиги: 10 кундан уч-тўрт марта, орада 2-4 ҳафта танаффус билан.

Атеросклерозда: 1-1,5 ой мобайнида овқатланишдан аввал 2 ош қошиқ зиғир ёғи ичилади. 3 ҳафталик танаффусдан кейин муолажани яна такрорлаш мумкин.

Бўғинлар оғриғида: уйқуга кетишдан аввал 1 ош қошиқ зиғир ёғи ичиб, бўғинларга ҳам суртиш керак.

 

Фойдали рецептлар

Зиғир ёғи мулойим ични бўшаштирувчи хусусиятга эга бўлиб, айнан эрталаб, оч қоринга ичилганида самараси юқори. Бошқа маҳсулотлар билан аралаштирилса ва куннинг бошқа қисмида истеъмол қилинса, самараси кутилганидек бўлмаслиги мумкин.

* Ошқозон-ичак тизими фаолиятини яхшилаш учун ёғдан 1 ош қошиқ эрталаб оч қоринга истеъмол қилиш зарур.

* Озиш мақсадида бўлган инсонлар эса вазни 70 килограммгача бўлса, 1 ош қошиқ, ундан ортиқ бўлса, 1,5 ош қошиқ ичиши лозим. Ичакларни тозалаш ва қорин дам бўлишини даволаш учун зиғир ёғини янги кефир ёки табиий йогурт билан аралаштириб ичиш керак. Бир соатдан сўнг эса нонушта қилиш мумкин.

* Тери қуруқшаб кетишини даволаш учун — меъёрий миқдорни 5 ош қошиққа қадар етказиш мумкин, бунда 1-2 қошиғини нонуштага қадар оч қоринга ичиш, қолганини эса тайёр таом таркибига қўшиш тавсия этилади.

30-45 кундан кейин курсни тўхтатиш шарт.

* Ёмон холестеринни организмдан қувиш, қон томирларини тозалаш, иммунитетни кўтариш учун 1 ош қошиқ зиғир ёғини овқат маҳали икки марта истеъмол қилиш лозим.

Даволаш курси 3 ой давом этади, профилактика мақсадида эса 30 кун етади.

* Бавосил ва дизентерияда 1 ой давомида зиғир ёғи ичиш ёрдам бериши мумкин. Бунда катталар 1 ош қошиқдан, кичкина болалар эса чой қошиқдан 2 маҳал истеъмол қилиши тавсия қилинади.

Курсни 3 ойлик танаффусдан сўнг қайтариш мумкин.

* Томоқ оғриғи ва оғиз бўшлиғи касалликларида 1 чой қошиқ ёғни оғизда бироз олиб туриб, секин ютиш лозим.

* Грипп, операция, узоқ давом этган касалликдан сўнг организмни тиклашда 1 ош қошиқдан 3 марта 2-3 ой давомида ичириш фойда беради.

* Эпидермис қаватининг шикастланишида — терини ёғ билан ишқалаш керак.

* Куйишни даволашда — ўша шикастланган жойига товуқ тухуми билан аралаштирилган зиғир ёғи суртиш лозим.

* Юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда — 1 ҳафта 1 чой қошиқдан нонуштадан ярим соат олдин, 2 ҳафта эса 1 чой қошиқдан 2 марта овқатдан кейин ичиш лозим. Соғломлаштириш курси 3 ой давом этади.

ОЗОДА тайёрлади.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: