Саиф Али Хоннинг Болливуддаги биринчи рафиқаси ва уларнинг муҳаббат тарихи

0

1988-89 йилларда Амрита Сингхнинг бир йилда 5 талаб киноси катта экранга чиқарилган эди. Бундан кўриниб турибдики, актриса ўша йилларда энг талабгир юлдузлардан бўлган. Мана шундай шон-шуҳратга кўмилиб юрган пайтида Амритани Саиф Али Хон исмли ёш актёрнинг илк фильми премьерасига таклиф этишади. Ўша кечада биринчи маротаба кўришган бу жуфтлик бир ондаёқ бир-бирига кўнгил қўйишади.

Аммо ёш жуфтликнинг ҳаётига бахт билан бирга турли муаммолар ҳам кириб келади. Улардан энг ёмони эса Амританинг Саифдан 12 ёш катталиги, шунингдек, актрисанинг актёр Винод Кханнага турмушга чиқиши кераклиги эди. Бироқ Амрита кўп ўйлаб ўтирмади ва Винод Кханна билан орани очиқ қилади.

6 ойлик учрашувлардан сўнг 1991 йилда Саиф Али Хон ва Амрита Сингх барчадан сир тутган ҳолда никоҳдан ўтишади. Тўй қилишда эса жуфтликка уларнинг Мумбайдаги дўстлари ёрдам беришади. Амрита ва Саифнинг ота-оналари бундай ҳолатни умуман кутмаган эди. Саифнинг онаси таниқли актриса Шармила Тагор бўлиб ўтган воқеа ҳақида газеталардаги хабарлардан билади ва шу ондаёқ ўғлига қўнғироқ қилиб, нега ҳеч кимга айтмасдан бундай қилганлигини сўрайди. Қилган ишидан уялган Саиф эса онасига нима дейишни ҳам билмай фақат кечирим сўраш билан чекланади. Ҳаётда жуда ҳам меҳрибон бўлган Шармила фарзандини кечиради ва Амритани ўз оиласига қабул қилади.

Бахтли жуфтлик учун ҳаётнинг ширин дамлари ҳамроҳ бўлиш ўрнига улардан бахт юз ўгиради. Бунинг сабаби эса Болливуднинг жуфтликнинг тўйига қаршилиги эди. Саифнинг ҳаётида қора чизиқлар пайдо бўлади. Ҳар қадамда нега айнан Амритага уйлангани, нега уни танлаганини сўрайдиганлар кўпаяди. Мана шундай кунларнинг бирида унга «Амританинг қайси жиҳати сизни ўзига жалб қилди, унда бошқа аёлларда йўқ нима бор?» дея савол беришганида Саиф «Мени кўрганида кўзларида меҳр порлайди. Айнан ўша меҳр бошқа аёлларда йўқ», дея жавоб беради.

Амританинг ҳаёти эса бундан-да аянчли ҳолатга келиб қолади. Ҳар қадамда унга нисбатан «Ёшгина актёрнинг бошини айлантириб, тегиб олди» каби ҳақоратли сўзлар айтилади. Бироқ актриса бундай гап-сўзлар туфайли ўзини йўқотиб қўядиганлар сафига кирмасди.

1995 йилда ширингина қизлоғи Сарани дунёга келтирганидан бахту шодликка тўлган Амрита бутун умрини оиласига бағишлашга қарор қилади. Турмуш ўртоғи Саиф эса аёлининг қарорини маъқуллайди ва эътиборини ўзининг актёрлик маҳоратига  қаратади. Бу орада актриса эрига ҳар томонлама ёрдам беради. Унинг бу ишини нотўғри тушунганлар эса «Амрита Саифга босим ўтказишни яхши кўради, шунинг учун унинг ҳар бир ишига аралашади», «Амрита турмуш ўртоғининг ёш актрисалар билан ишлашига йўл қўймаслик учун ҳамиша унинг ортидан кузатиб юради. Шу боис ҳам унинг ёрдамчисини бўшатиб юборган», дея таъкидлашдан чарчашмайди. Аммо шунча гап-сўзларга қарамасдан жуфтлик ўртадаги муносабатларини сақлаб қола олади.

2001 йили оила яна бир бахтга мушарраф бўлади. Уларнинг орасига Иброҳим исмли яна бир кичкинтой қўшилади. Аммо бу энди Саифни ушлаб қола олмайди. 3 йилдан сўнг 13 йиллик бахт­ли оилага якун ясалади. Жуфтлик 2004 йилда ажрашади.

Ажримдан кейин Амрита сукут сақлайди, матбуотнинг барча саволларига эса Саиф жавоб беради. Муносабатларнинг дарз кетишига бир-бирини тушуна олмаганлиги сабаб қилиб кўрсатилади.

Шундай қилиб, бир вақтлар Болливуднинг энг машҳур жуфтлигига айланган Саиф Али Хон ҳамда Амрита Сингхнинг муҳаббат тарихига якун ясалади.

2012 Саиф Али Хон актриса Карина Капур билан оила қуради.

Мафтуна НУРИДДИНОВА тайёрлади.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: