Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 1 июль куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Кун давомида жуда фаол ва интилувчан бўлишингизга тўғри келади. Бусиз эзгу мақсадларга эришишингиз анча мушкул бўлади. Айниқса, эмоционал ҳолатингиз тобида бўлиши шарт. Кайфиятингиз яхши бўлсагина, молиявий масалада ҳам омадга эришасиз. Кун бўйи кам гапириб, кўп ишланг. Шунда энг муҳим вазифаларни ҳам қисқа муддатда адо эта оласиз. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Овқатни танлаб-танлаб истеъмол қилинг.

 

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

1 июль куни оптимизмни ўзингизда сақлаб қолган ҳолда ҳаракатлар содир этинг. Оптимизм сизга нафақат ишда муваффақият ҳадя этади, балки кайфиятингизни ҳам юқори чўққиларга кўтариб қўя олади. Муҳаббатда ҳаддан ташқари «очилиб» кетишингиз тавсия этилмайди. Жуфтингиз, бўлғуси жуфтингиз қаршисида сирлироқ ҳолатда қолганингиз маъқул. Иложи бўлса, ўтмишни унутиб, бугунги кун билан яшанг. Бугун тадбиркорлар учун узоқ муддатга мўлжалланган шартномаларни имзолаш муваффақиятли кечади.

 

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Ишда таваккалчиликка қатъий амал қилинг. Узоқ ўйланиш, иккиланишлар сизга фақат зиён етказади. Молиявий соҳада панада туриб кутинг. Омаднинг ўзи сиз тарафга мўралай бошлаганини сезишингиз билан таппа босинг. Муаммолар бугун ўз-ўзидан, сизнинг ортиқча хавотирларингизсиз ижобий ҳал бўлиш палласида турибди. Янги танишувлардан нарироқ бўлганингиз маъқул. Кечқурун уйингизга чақирилмаган меҳмонлар ташриф буюриш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

 

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

1 июль куни профессионал касбингиз билан боғлиқ ишларни бажаришда ижодий салоҳиятингизни ишга солинг. Башарти дам олиш кунингиз бўлса, у ҳолда ижодий ёндашув рўзғор юмушларига қаратилса ҳам фойдадан холи бўлмайди. Зарарли одатларга қарши курашиш учун 1 июль жуда қулай кечади. Муҳаббатда танлаганингиз билан орангизда келишмовчиликлар юзага келиши мумкин. Танлаганингиз сизни туйғуларни жиловлай олмасликда айблаши кутилади.

 

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Бугун имкон даражасида ёлғиз қолинг. Табиат қўйнига чиқиб кетинг-да, дам олинг. Сузиш машқларини бажаринг. Қанча кўп жисмоний ҳаракатлар содир этсангиз, бўлмағур хаёллар миянгиздан шунча тез чиқиб кетади. Шахсий автомобилингиз бўлса, серқатнов йўлларда эҳтиёткорликни қўлдан берманг. Жароҳат олишингиз хавфи бор. Кечқурун оила қуришга улгурмаганлар романтик учрашув сари ошиқишлари кутилмоқда.

 

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

1 июль куни ўзгалар ҳаётига аралашишингиз, бировларга турли маслаҳатлар беришингиз тавсия этилмайди. Ҳар ким ўз ташвишини ўзи кечираверсин. Сиз ҳам ўз тақдирингизни йўлга солиш пайида бўлинг. Оила қурмаганларнинг айримлари ҳануз ўзига бўлғуси умр йўлдошини танлай олмай ҳалак бўлса керак. Таваккал қилинг. Худодан астойдил сўранг-у, юрагингиз жизиллаганига қалбингизни очинг. Майда-чуйда юмушларни бажаришда хато қилмаслигингизда яқин қариндошлардан бирининг ҳиссаси беҳисоб бўлади.

 

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Иш бажаришда эски усуллардан фойдаланиш масаласини ўйлаб кўринг. Шунда камроқ хатоларга йўл қўйишингиз мумкин. Хатоликлар умуман кўзга ташланмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бугун муҳим ҳужжатларга имзо қўйиш, тадбиркор бўлсангиз, янги шартномаларни имзолаш фойдали ўтади. Кун давомида атрофдагилар билан баҳслашмасликка ҳаракат қилинг. Гарчи улар ноҳақ бўлишса ҳам қуллуқ қилинг-у, сукут сақланг. Чунки баҳслашиб барака топмайсиз.

 

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

1 июль куни эрта тонгдаёқ ҳар қандай муҳим ишларни бир четга суринг-да, табиат қўйнига жўнанг. Дам олиш, ҳаво алмаштириш бугун сизга ҳар жиҳатдан фойда беради. Саломатлигингиз мустаҳкамланади. Вужудингизга оптимизм керагидан кўпроқ сингади. Собиқ муҳаббатингизни эслаш, бу ҳақда қайғуриш бугун фақат кўнгилсизликлар ҳадя этади холос. Ундан кўра қаршингиздаги инсонга жидмайиш қилинг. Ўшандан фойда. Кечқурун уни ёнингизга олинг-у, тоза ҳавода сайр қилинг.

 

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Эрталаб уйқудан агрессив кайфиятда уйғонишингиз эҳтимоли бор. Бунга уйқу орасида кўрган ёқимсиз туш сабаб бўлиши мумкин. Тезроқ бу кайфиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилинг. Куннинг биринчи ярмида ўзингиз ҳақингизда аллакимлар ғийбат тўқиб юрганидан хабар топасиз. Сукут ва яна сукут! Душманни сукут ёрдамида енгишдан осони бўлмайди. Саломатлигингизга путур етишини истамасангиз, ёғли ва углеводларга бой таомлар истеъмолидан тийилинг.

 

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

1 июлда эринмасдан, зерикмасдан атрофни кузатинг. Кузатувчан одамга айланиб боқинг. Шунда сиз учун энг муҳим ҳисобланмиш майда-чуйда вазиятларни ўтказиб юбормайсиз. Моддий аҳволингиз бугунча ҳаминқадар ҳолатда бўлади. Демак, яқин инсонларнинг қайсидир биридан қарз кўтариб туришингизга тўғри келади. Жуфтингиз билан муносабатларда масофа сақланг. Акс ҳолда орангизда катта жанжал чиқиши ҳеч гап эмас. Кун давомида мева ва кўкатларни кўпроқ истеъмол қилинг.

 

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Қайта хатоларга йўл қўймаслик учун ўтмишдаги хатоларни эсга олинг. Бу нафақат шахсий ҳаётингиз, балки касбингиз билан ҳам боғлиқ. Тадбиркорлар бугун фавқулодда хизмат сафарига отланиши, янги шартномалар имзолаши кутилади. Барчаси яхшиликка. Шу баҳонада янги танишлар ва дўстлар орттирасиз. Аммо бугунги кун заҳирага пул қўйиш учун сира тўғри келмайди.

 

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

1 июль куни ҳали оила қурмаганларнинг баъзилари танлагани билан нимадир сабаб туфайли жанжаллашиб қолиши мумкин. Бу жанжалда иккалангиз ҳам айбдорсиз. Шундай экан, ярашиш масаласини ҳам баравар бошлашингиз керак бўлади. Яхшиси, маълум муддат сукут сақланг. Худди шу нарса ярашиш палласини тезлаштириши турган гап. Бугун молиявий муаммоларингиз куннинг иккинчи ярмида муваффақиятли ҳал этилади ва сиз илгариги қарзларни эгаларига ёруғ юз билан қайтаришга ҳам улгурасиз.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади