Бойлик кўзларини қамаштирган аёл қисмати

0

Ҳар куни тушга яқин тиккага келиб, бутун оламни жазиллатадиган қуёш бугун эрталабдан куйдира бошлади. Меҳри хола баҳорда гуркираб бўй чўзган, энди бўлса қовжираб қолган ўт-ўлан, лолақизғалдоқлар ўсган лойсувоқ томли кулбасида димиқиб кетди. Чанқаганидан лаблари қуруқшаб, токчадаги чойнакка қаради. Қуп-қуруқ. Иссиғи-ку, майли, кечагидан қолганиям йўқ.  У буғи буралиб чиқаётган иссиққина чойни кўз олдига келтириб тамшанди. Агар бўлганида терлаб-терлаб, танасидан ҳовур кўтарилиб ичарди. Лекин шу топда ким чой дамлаб беради? Кампирнинг бўғзига нимадир тиқилди, йиғлагиси келди, аммо ўзини босди. Бироз чалғиш учун ташқарига, эшик томон йўналди. Сирти ўпирилиб қолган деворга кафтларини тираб, бурчакка суяб қўйилган ёғоч ҳассасигача амаллаб етиб олди. Уни ҳасса деса, ҳассага ҳам ўхшамайди, эскиси синиб, ноилож қолганидан Меҳри холанинг ўзи ясаб олганди. Кампир қалтирай-қалтирай, ҳовлига чиқди. Тахталари чириб, ўзи бир ёнга оғиб қолган сўрига бориб чўкди. Ҳайҳотдай ҳовлисига қарашга юраги бетламади. Бир вақтлар турфа гуллар чаман бўлиб, кўзни яшнатган гулзор ўрни энди янтоқзорга айланган. Буталмаган дарахт шохлари ҳар томонга ўрлаб, хунук манзара касб этган. Чор тарафни қоплаган бегона ўтлар ҳам иссиқдан шалпайиб, ранглари сарғиш тусга кирганди. Бу манзарани кўриб, кампирнинг ажин босган юзи баттар бужрайди. Аммо бу ҳали ҳолва, энг оғири — қачонлардир ҳашамати билан бутун қишлоқдагиларнинг ҳавасини келтирган уйнинг тўкилиб тушаман деб турган хароба девори. Меҳри хола ўша уйда давру даврон сурганига ишонгиси келмайди. Ҳеч кимни назарига илмайдиган, бурнидан пастини кўрмайдиган бирам кайвони, ҳавойи хотин эди. Қишлоқ аёллари уни кўрса, соясига салом берарди. Энди эса олтмишга кирмаёқ қадди букилган кампирга айланди-қолди. Киши эртага тақдири нима бўлишини билмас экан-да.

Бир пайтлар ҳозир ўзи яшаб турган ғариб кулбани бузиб ташлайлик, ҳовлининг кўркини бузяпти деб, эри раҳматлини қистовга олганди. Ўшанда хўжайини: «Сенга нима зарари    тегяпти? Турибди-да бир чеккада. Уйчани бузишга кўзим қиймайди», деб рози бўлмаган ва яна ҳазил аралаш «Сениям бир кунингга яраб қолар», дея кулиб қўйганди. Раҳматли Миродил ака тўғри айтган экан, агар шу кулба бўлмаганида ҳоли не кечарди, қариган чоғида кимнинг уйида сиғинди бўларди ҳозир? Ёмон бўлсаям, ўз уйинг бўлсин экан. Лекин Меҳри хола кун келиб, кўзига доим ёмон кўринадиган, ўзига қолса бир зумда буздириб ташлайдиган уйчада яшайман, деб сира ўйламаганди. Раҳматли эри яхши одам эди. Яхшилиги учун ҳам худо омонатини эртароқ олиб, бу дунёнинг азоблари, ёлғиз фарзандидан кўрадиган ситамларидан қутқарди. Ҳаммадан қийини Меҳри холага бўлди. Бегонадан ёмонлик кўрмади, қандай ғам топган бўлса, ягонам деб, еру кўкка ишонмай катта қилган ўғлидан топди. Дунёдаги барча нарса омонатлигидан ҳайратланган кампирнинг лабига истеҳзоли табассум югурди.

Хароба ҳовлини эпақага келтириш, эски уйни бузиб янгисини қуриш мумкин. Бироқ ўтиб кетган бесамар умр, хатоларни-чи? Уларни тўғрилашнинг имкони бўлганида эди…

Кампир ёш қалққан қисиқ кўзларини бир нуқтага қадаб хаёлга чўмди.

Шаҳарга кўчиб келганларида янги турмуш қуришган, санаса бармоқ ортиб қоладиган кўрпа-ёстиқ, идиш-товоқдан ўзга ҳеч вақолари йўқ эди. Ён қўшниси Дилбар опа худди ўз синглиси, яқинидай кутиб олганди. Ёнингда ҳеч ким бўлмаса, мусофир жойда яккаланиб қолар экансан. Ўзи тенги мушфиқ аёл Меҳрига бегоналигини билдиргани йўқ. Яхши кунида ҳам, ёмонида ҳам, иссиғию совуғида ҳам ёнида бўлди. Ҳамма нарсаси ўртада эди, ҳатто бемалол кириб чиқишлари учун икки ҳовли орасидаги деворга дарча очиб қўйишганди. Қўшнисининг ўша пайтдаги одмигина уйи ҳалигача ўзгармаган. Бу вақт ичида Меҳриларнинг ҳовлиси қандай дабдаба ва ҳашамларни кўрмади, дейсиз? Қайси казо-казоларнинг қадами аримади? Аммо бугунгача уларнинг қай бири етиб келди? Ҳувиллаган тўртта харобадан ташқари ҳеч нарса. Ҳозир кампирнинг ёлғиз ўзи шу вайроналарда бойўғлидек кун кечиряпти. Агар бир  умрга етадиган виждон азоби ва армонларини ҳисобга олмаганда, албатта. Уларга қараса, одамнинг юраги ачишиб кетади. Борида атрофида гирдикапалак бўлганларнинг энди ҳеч бирини топиб бўлмайди. Кампир улардан оғринмай ҳам қўйган. Чунки ўз жигаринг жонингни ҳалқумингга келтирса, бегонадан ўпка-гина қилишнинг кераги йўқ экан.

Меҳри хола ортига ўгирилиб, қўшнисининг уйига термилди. Ҳар-ҳар замонда қилинган таъмирни айтмаса,  ҳамон ўша-ўша. Уларнинг уйида аввалдан қандайдир барака ва файз бор эди. Шугина нарса кўримсиз ҳовлини безаб, зеб бериб турарди. Худодан тилаб олгани Эргашжон вояга етгунича ҳаммаси яхши, Дилбар билан опа-сингилдек эдилар. У ҳеч қачон Меҳрининг ўғлини ўз болаларидан ажратмаган, доим бир кўзда кўрган. Ўртадаги дарчадан гоҳ у ҳовлига, гоҳ бунисига чопқиллаб ўтиб юрган болаларнинг кулгиси, ўйинқароқликлари оламга сиғмасди. Ҳамма бало шу ўйинлардан чиқди. Агар Дилбарнинг болалари йиқилиб кетса ёки бир-бири билан уришиб қолса ҳеч ҳам, уларнинг ўртасига тушмас, «Бола-да» деб қўя қоларди. Лекин ёлғизи эмасми, боласининг бирор ери тирналса, Меҳрининг ўз жони ачишгандай бўларди. Қанчалик бефарқ бўлишга уринмасин, барибир, қўлидан келмасди. Айниқса, бу ҳол улар мактабга чиққанидан сўнг кучайиб кетди.

Эрининг ишлари юришиб кетганидан сўнг Меҳри ўзини Дилбарнинг ёрдамига муҳтож эмас деб ҳисоблай бошлади. Аввалига секин-секин борди-келдини камайтирди. Кейинроқ янги уйнинг қурилишига халал беряпти, деб дарчани ёптириб ташлади. Ахир давлати ортгани сайин атрофида ўзига ўхшаган аёллар кўпайиб қолган эди-да. Дилбар ким бўлибди? Бир этак боласи, ишидан ортмайдиган уй бекаси-да. Меҳрига ўхшаганларга етишишга унга йўл бўлсин. Ахир Меҳрининг борадиган тўйи, зиёфати, туғилган куни кўп. Дилбар боришни-ку амаллар, аммо базм кийимлари, тақинчоқлари… Булар ҳазилакам харажат эмас. Қолаверса, ўйин-кулгини Дилбарнинг ўзи ҳам кўп хушламасди. «Тўртта бола туғиб, нима қилардингиз? Мана, энди уларни деб кўчагаям чиқолмай ивирсиб ўтирибсиз», деб ҳазиллашса, Дилбар кулибгина «Ҳаммаси ўз ризқи билан туғилади. Ҳозир қийналсам, қийналибман-да, бир кун келиб роҳатиниям кўраман», дерди.

Болалар каттаргани сайин уларнинг қилиқлари ҳам кўпайди. Меҳрининг уйида аввалига оз-оздан йўқолаётган пуллар бора-бора кўпайди. Аёл ўғлининг қўли бироз эгрилигини билар, аммо бунга ортиқча эътибор бермасди. Ақли кириб қолар, дея бепарво бўларди. Ҳеч нарсага зориқмасин деб, аямай пул берар, ёлғизим хафа бўлмасин деб, мушугини пишт демасди. Дилбарнинг болалари пилдирабгина рўзғорнинг оғир-енгил юмушини қилаётганини кўриб, сиртида кулгани билан фарзанди уларга ўхшамаганлигидан ич-ичидан зил кетарди. Ахир ўғлининг улардан нимаси кам? Егани олтида, емагани кетида-ку. Оғир шамол емай катта бўлган бола. Аммо шундаям ақли жойига келмади. «Менинг болам бундай майда-чуйдаларни қилмайди. Уни рўзғорнинг ишига аралаштириб нима қиламан? У катта одам бўлади» деб ўзини-ўзи юпатарди у.

Кампир хаёлларининг шу ерига келганида оғир хўрсинди. Юраги санчгандай, чап кўксини чангаллади. Ахир ўтмишнинг айни шу ерида энг аламли хотиралар, армону афсусларга тўла лаҳзалар бор. Уйидан катта миқдордаги пул, тақинчоқлар йўқолганида она ёлғизини аяб, эрига билдирмади, сир тутди. Миродил ака билиб қолганида эса боласининг тарафини олиб, айбни кимга ағдаришини билмай, Дилбарнинг ўғлидан кўрди. Чунки унинг Эргаш тенги ўғли ўқишдан кейин Меҳриларнинг у-бу ишини бажариб, ҳовлига кириб-чиқиб юрарди. Миродил ака ишонқирамаганида «Ўғлимизнинг ҳамма нарсаси етарли бўлса, ўз уйидан ўғирлик қиладими? Қўшнимиз зўрға кун кўради. Бунинг устига, Азамат ўқиса, пул керак бўлиб қолгандир-да. Ота-онадан сўрагани билан бефойда. Бола бечора нима қилишни билмай қолган-да»,  деди.

Бу далиллардан сўнг эри ҳеч нарса деёлмади. Лекин қўшниникига ҳам чиққани йўқ. Меҳри ҳам эрини бундай қилишга ундамади. Чунки бегуноҳ бир болани айбдор қилганидан ич-ичидан ўзи ҳам хижолат бўлаётганди. Бироқ касални яширган билан, барибир, иситмаси чиқар экан. Аввалига ўғирликни уйидан бошлаган Эргаш энди бошқа жойларга ўтганди. Миродил ака қанча пул сарфлаб,  неча марталаб жазодан асраб қолди, аммо ўрганган кўнгил ўртанса ҳам қўймади. Эргашнинг, аслида, кимлигини бутун маҳалла билиб қолгач, Меҳри Азаматни ўғирликда айблагани учун ранжиган Дилбарнинг кўзига қарашга уялиб қолганди. У қаерда хато қилди экан? Ахир биттаю битта боласини оғир меҳнатда қийнамай, кўнглига қараб катта қилди. Хато қилганида кўрмаганга олиб, қаттиқ гапирмади. Эри иккиси нима қилса, ўғли учун қилди. Энди эса унинг ота-онага қайтараётган раҳмати шуми?

Вақт — оқар сув, деганлари шу-да. Миродил акадан ҳам давр ўтди. Эргаш эса отасидан қолган давлатни совуриб адо қилгач, ёлғиз онасини куйдириб, ўзи узоқ муддатга қамалди. Оғир кунига яна Дилбар яради. Аммо бу сафар Меҳри бу кўмакни олишга уялди. Қўшнисини эшикдан ҳам киритмади. Ҳаммага шарманда бўлиб, юзи шувит бўлишидан кўра, ёлғизликни афзал билди.

Кампир шуларни ўйларкан, дарвозанинг тақиллашидан чўчиб тушди. Ҳайрон бўлди. Қулоқларига ишонмади. Чунки анчадан бери ҳеч ким йўқламай қўйганди. Ўзи юриб боришга мадори етмади, ўтирган ерида «Ким у? Кираверинг, дарвоза қулфланмаган!» дея бақирди. Ҳовлига баланд бўйли, бақувват йигит кирди. Ҳовлининг у ер-бу ерига аланглаб, сўрида ўтирган кампирга кўзи тушгач, у томон юрди. Меҳри холанинг кўзига бу йигит иссиқ кўринаётган бўлса ҳам таниёлмади. Ёнига келиб, салом бергачгина эсига тушди. У қўшнисининг ўғли Азамат эди. Кампир «Бир вақтлар қилган туҳматимни юзимга солгани келган» деб ўйлаб қўрқиб кетди. Лекин Азаматнинг самимий гап-сўзларидан унақага ўхшамасди.

— Яхшимисиз, хола? Бир ўзингиз зерикмаяпсизми? Кеча оилам билан чет элдан келгандим. Сизни кўрай, деб чиқдим.

Меҳри хола индамади, кўзларини олиб қочди.

— Ойим ҳаммасини айтиб берди. Нимага у киши билан кўришишни истамаяпсиз? Бир ўзингиз битта ҳовлида ўтираверсангиз, сиқилиб касал бўлиб қоласиз. Ундан кўра, бизникига чиқинг, бироз кўнглингиз кўтарилади.

Кампир нимадир демоқчи бўлди, аммо айтолмади. Ҳўнграб йиғлаб юборди. Азаматнинг кўксига бошини қўйиб, силкиниб-силкиниб йиғлади. Гўё ўз ўғли қайтгандай бўлди. Бир вақтлар бир тўп бола ҳовлини тўлдириб чуғурлашарди. Азаматдан Эргашжоннинг иси келгандай бўлди. Кампир ўғлини соғинганидан эмас, ўз жигари қилмаган яхшиликни бошқалардан кўраётганидан ўкинди. Неча ой юрагининг остида асраб катта қилгани адо қилиб кетди. На уйланди, на бирор ишнинг бошини тутди. Лоақал бола-чақаси бўлганида эди, кампирнинг ёнида уйларининг чироғини ёқиб ўтиришарди. Меҳри хола қўшнисиникига чиқишдан уялди, лекин Азамат қўймади. Холанинг қўлтиғидан кириб, уйига олиб кетди.

— Азаматжон, қайси юз билан уйингга бораман, болам?

— Эй, қўйсангиз-чи, хола. Ўтган иш ўтиб кетди. Мен уларнинг ҳеч бирини эслолмайман ҳам. Ҳадеб сиқилавермасдан, сиз ҳам унутинг.

Уларни остонадаёқ Дилбар хола қаршилади. Ҳалиям маъсумалигича қолган бу аёл худди ўртада ҳеч нарса бўлмагандек, илиқ табассум билан турарди.

— Ҳеч чиқай демайсиз-а, Меҳрихон. Жондай қўшни бўлсак. Шуми меҳр-оқибат? Чиқсангиз, кўнглим кўтарилади, дилим яйрайди. Сиз билан гаплашиб,  маза қиламан. Ўзингиздан садо чиқавермагач, охири Азаматжонни юборишга мажбур бўлдим. «Холанг сени кўрса, хурсанд бўлиб югуриб келади», дедим.

Меҳри хола нима дейишни ҳам, нима қилишни ҳам билмасди. Фақат ҳозир гапирмаслиги керак. Чунки бўғзига тиқилган аламлар портлашга тайёр турарди. У ёшли кўзлари билан бир этак боланинг ўртасида ивирсиб ўтирган Дилбарга ҳавас билан тикилди.

Муяссар

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: