Галактикамизга Андромеда туманлиги яқинлашмоқда. Тўқнашув юз берса, сайёрамизнинг ҳоли не кечади?

0

Америкалик астрономлар «Хаббл» фазовий телескопи воситасида Сомон йўли ва Андромеда туманлиги галактикаларининг қачон тўқнашишини аниқлашга ҳаракат қилишди. Бу икки галактика айни чоғда тортишиш кучи ҳисобига бир-бири томон яқинлашмоқда. Олимларнинг фикрига кўра, тахминан 4,5-5 миллиард йилдан сўнг уларнинг ўзаро бирлашув жараёни бошланади ҳамда Сомон йўли ва Андромеда туманлиги яхлит галактикага айланади.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай бирлашув Қуёш ва унинг атрофидаги сайёраларга деярли таъсир кўрсатмайди. Галактикалар бирлашувидан сўнг осмоннинг тунги манзараси кескин ўзгаради. Албатта, бу гўзал манзарадан баҳра олиш учун миллиардлаб йиллардан кейин ҳам Ерда инсон яшаши лозим.

— Ҳозир Андромеда туманлиги Ердан қараганда кичкина, ноаниқ объект бўлиб кўринади. Астрономлар уни илк бор бундан минг йилдан ҳам кўпроқ вақт муқаддам кузатишганди, аммо ўтган давр мобайнида коинотга оид саволлар кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ. Бир кун келиб ўша митти ноаниқ объект бутун Қуёш тизимини ютиб юбориши мумкин, — дейди Балтимордаги Космик телескоп илмий институти астрономи Роланд ван дер Марель.

Сомон йўли ва Андромеда туманлиги ўртасидаги масофа тахминан 2,5 миллион ёруғлик йилига тенг ва улар ҳозир бир-бирига соатига 400 минг километр тезликда яқинлашяпти.

— Астрономлар бутун аср давомида галактикаларнинг яқинлашув тезлигини аниқлашга ҳаракат қилишган, аммо сезиларли муваффақиятга эриша олишмаган. Чунки ўша пайтлардаги технологиялар бунга имкон бермасди. Мана, илк бор биз «Хаббл» фазовий телескопи имкониятларидан фойдаланган ҳолда яқинлашув тезлигини аниқлашга эришдик, — дейди мутахассис.

Олимлар махсус компьютер дастурлари орқали икки галактиканинг бирлашув жараёни қандай кечишини кузатишди. Аниқланишича, бирлашувдан сўнг эллиптик кўринишдаги ягона галактика ҳосил бўлади. Бирлашув жараёнида юлдузларнинг тўқнашув жараёни рўй бермайди. Чунки уларнинг орасидаги масофа жуда катта. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бирлашув жараёнида Қуёш тизимининг жойлашган ўрни ҳам ўзгаради. Бирлашув жараёнида Андромедага йўлдош бўлган кичикроқ галактика — М33 ҳам иштирок этади.

Ҳозир астрономлар ушбу бирлашишдан сўнг вужудга келадиган янги галактикага қандай ном бериш устида бош қотиришмоқда. Уни Мелкамеда деб аташ таклиф этиляпти.

Собир Турдиев

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: