ҚАРОҚЧИ… (19-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

— Вей, тур у каравотдан! — кутилмаганда буюрди аристон. — Нега қаққайиб қолдинг? Тур дедим сенга!

— Нимага? — Ниғмат оҳиста жуссасини кўтарди-да, аристонга тик боқди. — Тинчликми?

— У менинг жойим. Сен-чи, ҳов анави каравотга ўтиб ёт!

— Қайси каравотга? — атайин талмовсираб сўради Ниғмат. — Тушунмадим.

— Ҳожатхона рўпарасидаги каравотга.

— Ётмасам-чи?

— Нима? Вей, сен ўзи нима учун қамалдинг? Негадир менинг хабарим йўқ.

— Хабаринг бўлиши шартмас. Одам ўлдириб қамалдим, нимайди?

— Одам ўлдириб? Сен-а? Кулгимни қистатма, қизиталоқ! Туришингдан чумчуқ пирр этса юраги ширр этадиганларга ўхшайсан.

Ниғмат жавоб бермади. Аксинча ўз вазифасини адо этишга киришиш учун ҳозирланиб, аристоннинг кўзларига тик боқди.

— Бунинг сира айби йўқ, — дея овоз берди қалби. — Тўғри, умри деярли турмаларда ўтади. Катта пулга одам ўлдириш билан шуғулланади. Бошқа касбнинг бошини тута олмайди. Ҳатто далада кетмон чопиш ҳам қўлидан келмайди. Бироқ милтиқдан аниқ нишонга уришни боплайди.

«Нима учун қамашди унда бу нусхани? — сўради Ниғмат. — Қара, калтаклайвериб ҳаммаёғини момоталоқ қилиб ташлашибди. Нимага ҳақиқатни айтиб қўя қолмайди?»

— Ҳақиқатни айтган, лекин унга ҳеч ким ишонмаяпти. Аслида одам ўлдирган буткул бошқалар. Бойваччаларнинг бири унга катта пул ваъда қилган. Бўйнига олиб қамалса, тез орада чиқариб олишии айтган, аристонни ишонтирган. Аммо пулдор сўзининг устидан чиқмайди. Пулни ҳам бермайди.

«Унда мен нима қилай? — елка қисиб хаёлан қалбидан сўради Ниғмат. — Тек қотиб ўтираверайми?»

— Йўқ, — деди қалби. — Бу тахлит ўтирсанг, сал ўтмай сени боплаб савалаши мумкин. Уни гипнозга сол. Ўзи ҳаммасини айтиб беради.

Ниғмат бу таъкиддан руҳланиб даст ўрнидан турди.

— Агар сен айтган ерга ўтиб ётсам, бир ишда менга ёрдам берасанми? — сўради Ниғмат аристонга сирли тикилиб. — Сенбоп бир иш бориди.

Шу заҳоти қалби ҳайқира бошлади.

— Аҳмоқ бўлма! — қичқирди у Ниғматнинг кўксини тимдалаб. — Сен тилингни тийишинг лозимлигини уунутдингми? Сеҳрлаб қўйгин-да, жим ўтиравер! Майли, аристон ҳеч нима демасин! Иккаламиз унинг ўтмиши, келажагини илғаб оламиз. Сўнгра тилни тишлаганча камерадан чиқиб кетамиз.

«Кечир мени, қалбим! — деди Ниғмат аристондан кўз узмай. — Бунисини унутиб қўяёзибман! Сен ҳақсан! Ҳалитдан мен бу нусханинг асл башарасини илғай бошладим. Раҳмат сенга!..»

Ниғмат шундай деди-ю, аристонга тикилишда давом этди.

 

 

* * *

 

 

Аристон Ниғматнинг ҳаракатларини каравотда тек ўтирганча бир неча дақиқа синчиклаб кузатди. Ора-сирада бош чайқаб совуқ тиржайишни-да унутмади. Ниғмат эса ҳануз ўзи билан ўзи овора эди. Руҳан чиранган кўйи аристонни гипноз ҳолатига туширишга уринар, аммо сира уддасидан чиқолмасди.

— Ўзингни бунча уринтираверма, — деди қалби ниҳоят оғир тин олиб. — Бу одам жуда қаттиқ ҳимояланган чиқиб қолди. Барибир унга таъсир ўтказа олмайсан.

«Унда нима қилай? — хаёлан сўради Ниғмат қовоғини уйиб. — Бирор иш қилишим лозим-ку! Ҳали демай мелиса кириб келади-да, мени сўроққа тутади. Нима деб жавоб бераман?»

— Сен унга мурда ётган жойни кўрсатасан, — дея унга таскин берди қалби. — Шунинг ўзи ҳозирча кифоя қилади.

«Улар менга ишонишмаса-чи?»

— Ишонишади. Мелисаларда ҳимоя йўқ. Қолаверса, сенга катта умид боғлашган. Мана шу умид уларни ишонишга мажбур этади. Дарвоқе, далиллар ҳам сен берган кўрсатмаларни исботлайди. Қўрқма!

Афсуски, Ниғмат бу ишда ҳали етарли тажриба зарур эканини тушуниб етмас, муваффақиятсизликка учрашида фақат қалбини айбларди. Лекин бошқа иложи ҳам йўқ эди. Аристонга қўллаган гипноз ҳаракатлари умуман таъсир қилмади. У рўпарадаги каравотда ёстиққа ястанганча Ниғматга масхараомуз тикилар, кулишдан, тиржайишдан, бош чайқашдан ўзини тия олмасди.

— Сен кўп сиқилаверма, — деди аристон ниҳоят оғир гавдасини кўтариб. — Турмада сендақанги ёш, ноҳақ қамалганлар тиқилиб ётибди. Кўриб турибман, сенга қайси модда билан қамалганингниям айтишмаган. Йўқса, биринчи бўлиб биз хабар топардик. Майли, пешонангда боракан турмада ўтириш. Ўтирасан. Ҳали кўникиб ҳам кетасан.

Ниғмат аристоннинг бу гапларига жавобан унга ҳиссиз тикилган кўйи бошини сарак-сарак қилди ва оҳиста ўрнидан турди. Шу лаҳзаларда беихтиёр кўнглида аристонга нисбатан ачиниш ҳиссини туйди. Бу сассиқ, ҳар бурчагидан ёқимсиз зах ҳиди уфураётган, ҳожатхонанинг кўнгилни алғов-далғов қилувчи иси димоғни аччиқ тирмалаётган камерада яшашини, ҳар куни керак бўлса бир неча ўн марта қўлини орқага қилганча турма назоратчиларини маъюс қарши олишини дўзах азобига ўхшатгани сайин аристонга нимадир дегиси, кўнглига таскин бергиси, қисқа муддат бўлса-да дардкашга айлангиси келди. Шуларни ўйларкан, камерага нима ниятда кирганини, терговчини, Юранинг айтган гапларини буткул унутди. Икки хаёли қаршисидаги захил юзли, билакларини игнали ёзувлар чирмаган, нигоҳлари қаҳратон каби совуқ аристонга ҳамдардлик билдириш, дўстлашишдангина иборат бўлди.

— Очиғини айтсам, сен менга ёқиб қолдинг, — деди аристон Ниғматнинг хаёлини бўлиб. — Хафа бўлмагин-у, туришингдан муштумзўр, қайтмаслигинг шундоқ кўриниб турибди. Агар озодликда ўғирликка, одам ўлдиришгаям уриниб кўргансан десам, адашмайман. Ё нотўғри гапирдимми?

Ниғмат аристон атайин ундан гап олиш мақсадида бу суҳбатни ўйлаб топганидан буткул бехабар эди. Аксинча унинг ўзи биринчи бўлиб гап бошлагани учун мамнунлигини яшира олмай, ёлғон тўқишга, шу йўл билан аристонни турли беъмани хаёллардан чалғитишга, бир муддат бўлса-да, аристонга хуш кайфият бахш этишга бел боғлади.

— Дарров сезгандим топқирлигингизни, — деди у даст ўрнидан туриб. — Ростданам очиқдалигимда кўп ишлар қилдим. Тўғри, бу ишларни жа катта деб бўлмайди-ку, аммо арзийди. Манаман деган зўравонлариниям ер тишлата олдим. Автобус, поезд купеларига кирсам, қуруқ чиқиб кетмадим. Умуман, ёмон яшамадим.

— Хўш, нега қамашди сени? — сўради аристон айёрона кўз қисиб. — Сенга нима деб туҳмат қилишди-ю, бу ерга опкелиб ташлашди?

Ниғмат сир бой бериб қўймаслик илинжида атайин қовоғини уйиб сўкинди.

— Падарига лаънат бу мелисаларнинг, — деди у юзини терс буриб. — Қочиб қолувдим. Барибир тутволишди. Хуллас… Биттасини пичоқлаб қўйгандим. Ўлмаган экан, аммо пулдормиш. Катта пул берган шекилли, мени тутгандан кейин қотилга чиқаришди. Айтишларича, ўн йилдан кам олмас эканман.

— Шунақа дегин? — Ниғматга янада қаттиқроқ тикилиб сўради аристон. — Одам ўлдирган… Қизиқ… Ҳа майли, хавотирга тушма, сен каби одам ўлдирмай қотилга чиққанлар турмада кўп. Пешонангда бўлса, бир кун қутулиб чиқасан.

— Э, менга энди барибир, — деди Ниғмат қўл силтаб. — Менга деса ўлдириб юборишмайдими…

— Менга қара, отинг нимайди?

— Садир, — деди ёлғондан Ниғмат. — Истасангиз, Саша деб чақираверинг!

— Яхши-и, Саша, кел, танишиб қўяйлик, мен Володяман.

— Хурсандман!

— Энди қулоқ сол, — деди Володя эҳтиёткорлик билан камера эшиги томон кўз ташлаб. — Бугун кечқурун сени бир жойга олиб борайми?

— Қ-қаерга? Нега?

— Қўрқма, йигит, у ерда бизнинг паханимиз бор. Тушунасанми паханнинг маънисини?

— Тушунаман, — деди Ниғмат ҳануз сир бой бермасликка тиришиб. — Кўп эшитганман паханлар ҳақида.

— Жуда яхши эшитган бўлсанг. Биласанми, паханимиз жуда одил инсон. Сени кўрса, қувониб кетади. Ишон, бирга ўтириб юзта-юзтаям қилворади.

— Қандай бўларкин? — деди Ниғмат гарчи ҳали замон бу турмадан кетишини билса-да атайин. — Ҳар ҳолда…

— Кўнглинг тўқ бўлсин, ўзим ёнингда бўламан. Сени тўғрингда ҳаммасини айтиб бераман. Пахан-чи, мелисаларнинг туҳматига қолиб қамалганларни жуда ҳурматлайди. Дарров қаноти остига олади. Агар у кишининг ишончига кирсанг, куним туғди деявер. Турмада сени ҳеч зоғ турткилай олмайди.

— Менам анойимасман, — деб қўйди Ниғмат мақтанган бўлиб. — Унча-мунчасига муштимни бериб ўтирмайман.

— Ҳақсан, аммо бу ерни турма деб қўйибди. Сендан минг чандон зўрлар ҳам бор, укам, улар сени ямламай юта олади. Лекин пахандан қўрқишади. У айтдими тамом, яқининггаям келишмайди. Хўш, нима дейсан?

— Майли, борганим бўлсин, — деди Ниғмат ясама жилмайиш қилиб. — Раҳмат, Володя!

— Раҳматни кейин айтасан… Айтганча, майли, пастдаги каравотда ётавер. Шунчаки… Сени текшириб кўрмоқчи бўлувдим-да, аристон!..

Ниғматга Володянинг мана шу сўзи ёқиб тушмади. Ўзини аристон деб атагани, маҳбуслар қаторига қўшгани учун уни хаёлан бўралаб сўкди, қарғади, гўрига ғишт қалади. Бироқ дилидагини тилига чиқармай, пастдаги каравотга ёнбошлади.

 

 

* * *

 

 

Орадан ҳеч қанча ўтмай, камера эшиги шарақлаб очилди-ю, турма назоратчиси кириб келди.

— Қўлингни орқага қил-да, олдимга туш, — буюрди у Ниғматга. — Терговга борасан.

Назоратчи эшикни очгандаёқ Володя ҳам аллақачон ўрнидан туриб қаддини ғоз тутганча тек қотганди. У Ниғматнинг йўлга отланганини кўргач, аста яқин келди.

— Омадингни берсин, — деди Володя. — Ҳали бунақа терговлар кўп бўлади. Сиқилма, ҳеч кимга тилингни берма.

Назоратчи негадир Володяга қарши сўз айтмади. Эшик олдида турган кўйи Ниғматнинг ташқарига чиқишини кутиш билан чекланди.

— Майли, сиз ҳам яхши ўтиринг, — деди Ниғмат бош ирғаб. — Мен тез келаман!

Шундай деди-ю, ичидан зил кетди. Ҳозир терговчининг саволига аниқ жавоб бера олмаслигини, аристон ҳақида ҳеч нарса деёлмаслигини тасаввур этгани сайин ғижинаверди. Қалбидан, тажрибаси йўқлигидан, дунёнинг адолатсизлигидан, пешонаси шўрлигидан, омадсизлигидан ранжиди. Лекин на илож? Ҳар ким тақдирда борини кўриши унга аён. Шундай экан, терговчига мурда кўмилган жойни кўрсата билишига ақли етиб, ҳийла хотиржам тортди. Шунинг ўзи уни ҳақоратлардан, таъналардан асрашига умид боғлаб терговчи ўтирган хонага кириб борди.

— Хўш, ука, ишлар қалай? — сўради терговчи ўрнидан туриб Ниғматни қарши оларкан. — Натижа борми?

— Аристондан гап ололмадим, — деди бош эгиб Ниғмат. — Жуда ҳимояси мустаҳкам, оғзига маҳкам экан ярамас. Шунча айлантирсам ҳам миқ этмади. Лекин мурда кўмилган жойга сизларни олиб боришим мумкин.

— Ў, шунақами? Зўр-ку! Мабодо адашмаяпсизми?

— Йўқ, — дея терговчининг кўзларига тик боқди Ниғмат. — Бунисини аниқ биламан. Ҳозир сиз билан гаплашяпман-у, кўз олдимда ўша жой турибди.

— Баракалла, — деди терговчи унинг елкасига қоқиб. — Қани, унда шошилайлик. Мурдани топсак, бас. Аристонни сайратишни бизга қўйиб беринг! Асосийси, мурда. Экспертиза ҳаммасини аниқлаб беради. Кетдик!

Ниғмат шундан кейингина кўнгли ёришгандек енгил тортиб терговчига эргашди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: