«Ғаройиб ҳодисалар изидан»: «БОБОМНИНГ ҚОРА ЛИБОСДАГИ АРВОҲИ»

0

 

Американинг Флорида штатида яшовчи Ребекка Викарра яқинда ғалати бир воқеа ҳақида гапириб берди. Маълум бўлишича, болалигида кечаси одам шаклидаги қора пальто ва шляпали шарпани кўрган. Аммо узоқ йиллар у аслида нима ёки кимлигини аниқлай олмаган экан…

Чекка қишлоқлардан бирида Ребекканинг бобоси ва бувиси истиқомат қиларди. Бобоси оғир хаста эди. Шу сабабли тез-тез касалхонага тушиб қоларди. 1978 йили у онаси билан бувисига рўзғор ишларида ёрдам бериш учун ўша қишлоққа борди.

Ниҳоят тун чўкди. Болалар учун ётоқда ўрин тўшаб беришди. Билмайди. Ярим тун эди чоғи. Жуда ёмон туш кўрибди. Тушида рўпарадаги шкафларни кўринмас бир одам очиб ичидагиларни хона бўйлаб сочиб ташлаётганмиш. Туш даҳшати туфайли уйғониб кетди.

Не кўз билан кўрсинки, ундан уч-тўрт метр нарида қоп-қора кийимли эркак шарпаси ҳавода муаллақ турарди. Ребекка бақирмоққа, бошқаларни уйғотмоққа шайланди. Овози ҳам, тили ҳам ўзига бўйсуна қолмади. Гўё шол тусига кирганча нималардир деб ғўлдирашдан нарига ўта олмади. Шарпа эса ўнг қўлини эшик томон чўзиб, шундай деди:

— Ҳалиям имконинг бор! Улгурасан! Шошил!..

Бошқа гапирмади. Муаллақ ҳолатдалигича бир силтанди-ю, кўздан ғойиб бўлди…

Ребекка ўшанда ўзидан ўтганини ўзи билганди. Алам қилгани, уйдагиларнинг ҳеч бири унга ишонмади. Ёмон туш кўрганга йўйишди…

Мана орадан йиллар ўтди. Ҳануз Ребекка ўша шарпанинг нелигини ё кимлигини била олмасди. Мутахассислардан сўраганда, улар ҳам елка қисишдан нарига ўтишмасди…

Шунда… Яқиндагина бир нарса ёдига тушди-ю, сергак тортди. Ҳақиқатни идрок этгандек бўлди.

Дарров болалигини, бобосини эсга олди…

Ҳа, бобоси ҳар доим худди ўшанда кўрганидек қоп-қора кийимда, қора шляпада юрарди…

Хонада кўзига кўринган шарпа эса энди мулоҳаза қилиб кўрса, бобосининг арвоҳи экан.

Бобоси хасталиги туфайли касалхонага ётганди. Ўша кеча оламдан ўтиш палласида суюкли набирасини чорлаган экан. Ребекка…

Надоматлар бўлсинки, Ребекка бу ҳақиқатни жуда кеч англади.

Эссиз, ўшанда шошилса, бобаси раҳматлини сўнгги бор кўрган бўларди.

Афсус… Афсус… Афсус…

Лента. ру

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc