ҚАРОҚЧИ… (20-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

Бу кеча ҳаво бошқа кунлардагига нисбатан бирмунча совуқ эди. Қаҳратон изғирини қутурган ит каби изғирди. Зулмат эса изғиринга қарши оппоқ қор ёғдусини сочар, шу йўл билан уни нари сурмоқни, сукунат қўйнига чўммоқни хоҳларди. Аммо уддалай олмасди. Қаҳратон заҳри ўз йўлида ҳеч нарсани, ҳеч кимни аямасди. Тобора олдинга интилиб, аллақачон уйқуга чўмган оламга ўз ҳукмини ўтказарди.

Шу лаҳзаларда Ниғматни милиция машинасида номаълум манзилга олиб келишди. Бу манзил аслида Ниғматгагина таниш. Ёнидаги терговчи, капитан Юра ва яна икки оддий аскар фақат у кўрсатган томонгагина юришга мажбур. Чунки шаҳардан унча узоқ бўлмаган бу манзил милиционернинг етти ухлаб тушига кирмаган.

Ниғмат олдинда жадал юриб бориб зовур кўпригидан ўтди. Сўнгра бир муддат тўхтаб қалбига қулоқ тутди.

— Олдинга бос, — буюрди қалби. — Қаршингдаги далани тиккалаб ўтсанг, каттакон ҳовлига рўбарў бўласан. Бу ҳовлининг чор тарафи пишган ғиштли девор билан ўралган. Сен сира хавотирланмай девордан ошиб ичкарига кирасан. Уёғи хамирдан қил суғургандек осон битади. Фақат эҳтиёт бўл, ҳовлининг бир бурчагида қопоғон ит ётибди.

Ниғмат бир қарорга келгандек, ортга ўгирилиб, Юрага юзланди.

— Мурда мана шу ерда, — деди у девор ортига ишора қилиб. — Ичкарига ўтилса, бир туп анор дарахти ерга кўмилган. Унинг ёнида яна бир дўмпайган жой кўринади. Ўшани очиш керак. Мурдани тахминан бир метр чуқурликка кўмишган.

— Олдин ўзинг ўтасан ҳовлига, — деди Юра. — Охиригача туриб беришинг шарт. Қолаверса, биз мурда шу ерда эканига тўлиқ амин бўлишимиз зарур.

— Менинг ишим манзилни кўрсатиб бериш эди холос, — деди Ниғмат қалбига бўйсунмаган ҳолда қайсарланиб. — Зўрламанг!

— Қайсарлик қилма, — Юра терговчига маъноли кўз ташлаб Ниғматнинг икки елкасидан тутди. — Тушунаман, қўрқаяпсан. Ё нотўғрими?

— Мен хавфдан қўрқмайман, — деди Ниғмат совуққонлик билан. — Мурдадан қўрқаман. Ишонинг, эсимни таниганимдан бери мурдадан қўрқаман. Уни кўрсам, кўнглим айниб, ҳушимни йўқотаман.

— Унда шу атрофда турасан, кетиб қолмайсан! Агар кетиб қолсанг…

— Менга ишонаверишингиз мумкин. Сиз ўйлаганчалик номард эмасман.

— Яхши, унда бор, машинада ўтир! Бизни кут!..

Ниғмат пайқамаган экан. Улар келган машинадан икки юз метрча нарида яна бир «газель» турган экан. Юра сим қоққани ҳамоно машина оҳиста улар томон яқиинлашиб келди. Тўхташи билан эшик очилди-ю, етти-саккиз нафар юзларига қора ниқоблар тутган елкаларига қурол осган аскарлар капитаннинг қаршисида саф тортди.

— Қани, олға! — шивирлади Юра аскарларга. — Операцияни ҳеч ким сезмаслиги шарт. Мурдани ковлаб олганимиздан кейин уй ичкарисига ҳужум қиласизлар! Уйда ким бўлса, ҳаммасини тутиб, машинага ортасизлар. Топшириқ тушунарлими?

— Худди шундай! — жавоб қилди аскарлар бараварига.

— Қани, унда ишга!..

 

 

* * *

 

 

Орадан бир соатча вақт ўтди. Ниғмат милиционерларни қайси ҳовлига олиб келганини, кимлар қўлга олингани ва мурда аслида кимга тегишли эканини идрок этмасди. Бироқ тўғри йўл тутганини англаб турарди.

Аввалида бу жиддий ишни эплай олмай шарманда бўлишдан қўрққан бўлса, энди бошини баланд кўтарган ҳолда ёруғ юз билан Юрага, терговчига боқа олди. Шу қадар кучли қобилият ато этгани учун Яратганга шукр қилди. Назарида шу каби ишлар жуда қизиқдек, ҳаяжонлидек туюлди. Маълум вақт азалий орзуси, мақсади, нияти ҳақида унутди. Аксинча, беихтиёр Володянинг таклифини эслаб қолди. Милицинерлар уни тағин турмага олиб боришини чин юракдан хоҳлади. Маҳбуслар жўрабошиси билан юзма-юз ўтириш, зиёфатига шерик бўлиш истаги кўксини тимдалайверди.

Худди кўнглидан кечган ўйларни пайқагандек, Юра ҳам уни йўлда қолдириб кетмади. Тўппа-тўғри СИЗО га олиб келди. Гарчи йўлига бўлса-да, қаршилик билдириш, ўз йўлида кетиши ҳақида айтиш лозимлигини билса ҳам Ниғмат атайин тилини тишлади. Кутилмаганда Юра шу қарорини маъқуллаб қолиши, қайсидир квартирада қолдиришидан чўчиди.

— Мана, етиб ҳам келдик, — деди Юра машинадан тушиб турма ичкарисига киришаркан. — Баракалла, йигит, ишончимизни оқладинг. Энди узоғи билан уч кун деганда экспертиза ўз хулосасини бизга етказади. Кўрибсанки, адолат қарор топади. Сен ҳамсуҳбат бўлган аристон ғиқ этмасдан жиноятини бўйниига олади.

— Ака, мен… Нима қилай энди? — ҳадик аралаш сўради Ниғмат капитанга жавдираб. — Ҳалигидай…

— Ука, хафа бўлмагин-у, аммо сени қўйиб юборгим келмаяпти. Умуман, қаергаям борасан? Бегона шаҳар бўлса, уйингнинг, ишингнинг тайини йўқ.

— Ахир…

— Йўқ, сен терговчи аканг билан маълум вақт бирга ишлайсан. Хавотирланма, ҳақингни беради. Ўзим хабар олиб тураман сендан.

— Ака, сиз ҳақсиз, лекин… Мениям ўз режаларим бор эди-да!..

Ниғмат бу гапни ўзини жуда-жуда мажбурлаб тилига кўчирди. Милиционер уни ҳам мағрур, қўрқмас деб ўйлаши учун атайин шундай деди. Аслида Юранинг таклифига ич-ичдан жон деб рози бўлганди.

— Режаларни биргалашиб амалга оширамиз. Вей, эркак, хурсанд бўлсанг-чи, шундай қобилиятинг бор экан, бизга, милицияга нафинг тегяпти. Бундан ортиқ нима керак сенга?

— Узр, ака, шунчаки…

— Мана бу бошқа гап. Хў-ўш, Миша, қайси иш ҳақида гапиргандинг боя? — Юра сал нарига бориб сигарет тутатаётган терговчига юзланиб сўради. — Э, ташласанг-чи сигаретингни! Фурсат борида бу йигитдан фойдаланиб қолсанг бўлмайдими?

Терговчи қўлидаги сигаретни бир четга ирғитди-да, уларга яқин келди.

— Мен ўзим бу йигитга зўр иш топиб бераман. — деди терговчи бош қашиб. — Фақат эртага. Бугун чарчади. Дамини олсин.

— Бир илтимосим бориди, — деди Ниғмат пайтдан фойдаланиб қолиш илинжида ҳовлиқиб. — Агар йўқ демасангиз, бугун бояги аристоннинг камерасида тунаб қолсам. Барибир… Ишимни охирига етказмасам бўлмайди.

— Қўйсанг-чи, — дея Ниғматни туртиб қўйди терговчи. — Ўйлаб гапиряпсанми? У сени ғажиб ташлайди.

— Ғажимайди, — деди Ниғмат қатъий оҳангда. — Мен уни гапиртиришнинг бошқачароқ йўлини топдим. Агар рухсат берсангиз…

— Нима қилай? — Юрага юзланиб сўради терговчи. — Бу уканг жа қайсар экан-ку!

— Майли, рухсат берақол, — деди Юра кулимсираб. — Фақат назоратчиларингга яхшилаб тайинла. Ҳушёр туришсин! Агар шу йигитга бир гап бўлса, ҳеч бирини аяб ўтирмайман. У бизга ҳали кўп керак бўлади.

— Яхши, — терговчи чўзиб керишди-да, бошини силкита-силкита вужудини чулғашга интилаётган уйқуни нари ҳайдаган бўлди. — Буёғини қотирамиз…

Шу тобда Ниғматнинг қалби безовта ҳайқирди. Ҳайқириқ шу қадар кучли эдики, жуссаси қалқиб кетгандек бўлди.

— Сен аҳмоқлик қилма!.. Ўлдириб юборишади! Ҳаммаси ҳийла, тузоқ! Кирма турмага, кирма!..

«Сен-чи, жуда жонимга тегдинг, — қичқирди Ниғмат хаёлан қалбига. — Қачон қараса, йўлимга кўндаланг бўласан! Кимсан ўзинг? Авлиёмисан? Ё сенсиз бир қадам боса олмаслигим керакми? Сен ўйлаганчалик овсарманми? Чучварани хом санабсан! Мен нима иш қилаётганимни, қаерга бораётганимни яхши биламан!.. Умуман-чи, биргина аристонни гапиртира олмадинг. Ўзим уни мулойим тортирдим, ўзим! Шундай экан, тилингни тий!»

— Ахир… Мен ўзингман-ку! — қаттиқроқ ҳайқириб Ниғматни йўлдан қайтаришга уринарди қалби. — Ўзинг ўзингга қарши борасанми? Кейин пушмон чекиб қолмайсанми?

«Вей, ғирт пандавақи экансан, — деди Ниғмат энсаси қотиб. — Мен бу менман. Сен бўлсанг, бир парча юраксан, холос. Мен-чи, миямга бўйсунган ҳолда иш тутаман. Ақлим етдими ишим ўнгидан келишига, тамом, сен аралашма!..»

— Ўзинг биласан, — қалби бўшашган кўйи жавоб қилди. — Мен огоҳлантирдим, сенга яхши бўлсин дедим-да! Уёғи ўзингга боғлиқ, дўстим!

Ниғмат бу жавобни эшитгач, гўё ўта кучли ва хавфли душманни синдирган, енгган, ер тишлатган жангчи каби бошини янада баландроқ кўтариб, қаршисидаги терговчига тик боқди.

— Хўш, ака, кетдикми?

— Хўп, кетдик, укажон, кетдик! Майли, Юра, эртага ўзим сенга қўнғироқ қиламан!

Юра машинасига ўтириб моторга ўт қўйди. Машина турма дарвозасидан чиққачгина терговчи бироз енгил тортиб Ниғматни СИЗО ичкарисига бошлади.

 

 

* * *

 

 

Турмага ҳеч қачон сукунат, зулмат ҳукмини ўтказа олмайди. Ҳадеганда қайсидир камерадан аристонларнинг шодон кулгиси, ёки кимнингдир дод-войи, назоратчиларнинг қичқириғи, дўқ-пўписаси атрофни тутади.

Ниғмат терговчига эргашган ҳолда ичкарига кирганда ҳам худди шундай товушлар йўлаккача эшитилиб турарди. Қайсидир назоратчи аристонлардан бирига бақирар, у эса ўзини оқлаш билан овора эди.

— Қўрқмаяпсизми бақир-чақирлардан? — сўради терговчи Ниғматга юзланиб. — Бу ерда ҳар куни шу аҳвол. Шунинг учун ҳам турма деб қўйишибди бу жойни.

— Мен қўрқадиганлар хилиданмасман, — жавоб қилди Ниғмат лаб буриб. — Қилмишига яраша улушини олишади-да! Жиноят қилмасин эди, уйида тинчгина ўтирарди. Лекин бир наарсани тан оламан. Жуда файзсиз жой экан.

Шу гапни айтди-ю, Ниғмат ўйланиб қолди.

Унинг ўзи-чи? Ким эди ва ким бўлди? Кечагина мана шу ердаги аристонлар каби жиноят кўчасини қидирган. Ҳозир ҳам фаришта эмас. Қўйиб беришса, кимнидир дўппослашдан, қонига белашдан, ўғирлик қилишдан қайтмасди. Чунки шу ниятда уйидан чиққан. Ёруғ дунёда зўрман дея кўксига шапатилаб яшаётганларни синдириш, уларнинг бойлигига эга чиқиш, тўрда ўтирган кўйи қўл остидагиларга буйруқ бериш, ўзи қидириб келган жарақ-жарақ пулларни санаш Ниғматнинг ягона орзуси…

«Менга бобом раҳматли зўр қобилиятни васият қилиб қолдирган, — кўнглидан ўтказди у муштларини тугиб. — Қалбим ҳам, бошқаси ҳам, умуман ҳеч ким бу қобилиятни мен билан бўлиша олмайди. Нима қилишни, қандай йўл тутишни, кимларга эргашишни фақат ўзим биламан. Ҳой, қалб, гўрсўхта, қулоқсиз, ўзбошимча қалб! Эшитиб қўй, бундан кейин менга буйруқлар бериб, йўл кўрсатиб овора бўлма! Мендаям калла бор. Барибир сендақаларга измимни бериб қўймайман…»

Ана шундай ўйлар оғушида терговчининг етагида Володя ўтирган камера эшигига яқинлашди.

Терговчи назоратчига Ниғматдан кўз-қулоқ бўлиши шартлигини тайинлагач, хайрлашиш учун қўл узатди.

— Эртагача хайр, укам, — деди терговчи кулимсираб. — Агар йўқ демасангиз, эртагаям сизбоп бир иш бор-да! Ёрдам берасизми?

— Албатта, — деди Ниғмат қаддини ғоз тутиб. — Қўлимдан келса, бажонидил ёрдам берганим бўлсин, ака!

— Унда сизни худонинг паноҳига топширдим. Ўзингизни эҳтиёт қилинг!

— Яхши дам олинг!

Терговчи яна бир неча карра турма назоратчисини огоҳлантирди-да, ортга қайтди.

Ниғмат эса кўнгли бироз тинчланиб шошилмасдан камерага кирди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc