Ўгайликни унутган жигарлар

0

— Ойи, ойижон!

— Бибихон ая телефонда қизи Мақсуданинг ваҳимали овозини эшитиб, оёқ-қўллари бўшашиб кетди:

— Нима гап, болажоним, тинчликми?

— Тинчлик эмас-да, ойи! Акамларнинг уйида газ портлаб кетибди. Узр, ойи, ваҳима қилиб қўнғироқ қилганимга! Дорингизни ичиб олинг! — Мақсуда ёмон хабарни онасига айтишга айтди-ю, бирдан юраги нозиклиги эсига тушди, шекилли, дорини эслатди.

— Қайси аканг? Тушунтириброқ гапир! Ҳа-я, ўзи Азизжондан бошқа аканг йўғ-у… Келинойинг, болалари омонми, ишқилиб?

— Ҳа, ўзлари чиқиб улгуришибди. Лекин уйлари ёниб, кул бўлганмиш. Ўзим бориб кўрмадим. Лекин бунақа пайтда хабар олмасак, бўлмас?

— Қўни-қўшни, қариндош-уруғларининг бирортасининг телефон рақами бўлса, сўраб бил: синглисининг ўзиям каталакдай уйда ўтиради, назаримда. Бу ёққа — бизникига олиб келсангмикин? — Бибихон аянинг овозида ясамалик, сохталик йўқ эди.

— Аввал бориб кўрай-чи, ойи. Агар олиб келиши керак бўлса, олиб келаман. Ҳар эҳтимолга қарши, бирорта хонани тайёрлаб қўйсангизмикин?

— Билмасам, болам. Келинойингнинг кўнгли қилдан ҳам нозик. «Булар менинг уйсиз қолишимни пойлаб, атайлаб менга хона тайёрлаб ўтиришган экан», деб ўйламасин. Агар келишадиган бўлса, хонани бўшатиш қочмас…

— Дори ичиб олинг, ойи. Ваҳимам қурсин, шу гапни ётиғи билан айтсам ҳам бўларди-ю, бирдан шовқин кўтариб юбораман, — Мақсуда энди ўзига келаётгандек эди.

— Иложини топиб тезроқ бориб кел. Болаларингни кимга ташлаб кетасан? Менга олиб келиб бера қоласанми?

— Ойим уйда… Сиз хавотир олманг.

* * *

«Тавба, Худойимнинг ишларига тавба демасдан илож йўқ. Мен шу Холида келиннинг уйига нимадир бўлсину, иккита боласи билан кўчада қолсин, деб бирон марта тилак тилаганим йўқ эди-ку. Лекин ўшанда — Мақсуда ўн иккига тўлганида мана шу уй туфайли дилим оғригани рост. Уй-жой дегани агар у муҳташам сарой бўлса-да, ўткинчи нарса. Жигарчилик, қариндош-уруғчилик эса турғун. Нега бу ҳақиқатни Холида билмас экан, деб куюнганим рост».

Бибихон аянинг қўли ишга бормай қолди. Гарчи бу нохуш хабарни ўғлига ҳам, келинига ҳам дафъатан айтмаган бўлса-да, қизининг қўнғироғидан бошланган безовталик бутун ҳовлини эгаллаб олгандек эди.

… Холида Бибихон аянинг эри Иброҳим аканинг тўнғич ўғлининг хотини. Бибихон ая илм қиламан деб ёши ўтиб, қариқизлар қаторида юрганида Иброҳим аканинг рафиқаси бедаво дард билан вафот этган. У киши мана шу Холиданинг эри — Азизжон билан қолган эди. Шунда Иброҳим аканинг ўртоқлари Бибихон аяга (у пайтларда Бибихон эди, албатта) совчи бўлишди.

— Иброҳим ака неча йиллардан буён касал боқади. Мана шу Азизжонни ҳам ўзи катта қилгандек катта қилди. Сиз ҳам Яратган Эгам аёл кишига атаган неъматлардан баҳраманд бўлишингиз керак. Шу кишига танмаҳрам бўлсангиз, адашмайсиз, — дейишди.

Бибихон ҳам ҳамма дугоналари оилали бўлиб, ёлғизланиб, кўнглида бир бўшлиқ ҳувиллаб ётган пайтлар эди, шунинг учун таваккал қилди. Ўзи-ку бу тақдирдан норози бўлгани йўқ. Толе унга Азизжонга чинакам оналик қилгани учунми, Мақсудадек қизни, Камрондек ўғилни берди. Азизжон ҳам институтни тугатгач, севган қизи Холидага уйланди. Аввалига ҳаммалари Иброҳим акага ишхонасидан берилган уч хонали квартирада яшашар эди. Азизжоннинг омади келиб, иши юришгандан юришгач, шаҳар чеккасида бир иморат бошлади. Бу пайтда Мақсуда ҳам, Камрон ҳам мактабга борадиган бўлиб қолган эди. Азизжоннинг қизи, ўғилчаси ҳам Мақсуда билан Камроннинг изидан ўсиб-улғайиб келишарди. Азизжон:

— Ойи, дада, ўзимнинг уйимни битказиб олай, кейин, албатта, сизларга ҳам ўзимникига ўхшатиб уй солиб бераман, — дерди.

Бибихон ая бу ундан ҳеч нарса кутмагани учун доим ўгай ўғлининг бу гапига:

— Ниятингизга етинг, раҳмат! — деб қўя қоларди.

Бир умр китобдан бошқа бойлик йиғмаган, илму урфондан бўлак қизиқиши бўлмаган Иброҳим ака:

— Ҳайронман, сенга бу ҳашамга ўчлик қаердан ёпишди? Ҳа, ер етказмасину, онанг раҳматлида бор эди шу нарса. Саломатлик пайтида: «Борига кўниб яшаш аҳмоқ одамнинг иши. Одам яхши ҳаётга, тўқ, фаравон ҳаётга интилиши керак», дегани-деган эди. Сен ҳам «Дада, бир марта яшайдиган ҳаётда ҳеч нарсага зориқмай яшаш керак», дейсан. Хўш, мана, икки қаватли иморат қуряпсан. Қизинг бировнинг хасми, узатилиб кетади. Ўғлинг битта бўлса, бир қават уй етмайдими? Жонингни жабборга бергунча вақтида ухла, вақтида дам ол! Менга мана шу дом етади, — дерди.

Йўқ, Азизжон дадасининг гапига қулоқ солмади. Шу иморатдан завқ-шавқ топди. Охири шу иморат изидан завол ҳам топди. Ишида камомад бўлиб, анча судра-судра бўлганида юраги кўтармадими ё суягида онасининг дардидан асорат бормиди, омонатини топшириб қўя қолди. Бибихон ая навқирон йигит учун эридан кам куймади.

Бибихон аянинг дилига бир умр тошдек чўккан воқеа Мақсуда қизи мучал ёшига — ўн иккига тўлган паллада юз берди. Таътил арафаси эди, Мақсуда мактабдан ҳовлиқиб келди:

— Ойи, синфимиздаги ўн икки ёшга тўлганларнинг мучал тўйини нишонлар эканмиз. Дастурхон учун пул йиғар эканмиз. Кафеда ўтказиш қимматга тушаркан. Синф раҳбаримиз «Бирорта кенгроқ ҳовли бўлганида ўша ерда ўтказа қолардик», деган эди, «Акамнинг ҳовлиси кенг. Ўша ерда ўтказамиз», деб юбордим…

Бибихон ая Мақсуданинг гапини эшитиб, бир сачраб тушди:

— Қизим, шу ҳовлиқмалигинг қолмади-да. Келинойингдан сўрамасдан нега бу гапни айтдинг? Олдин сўраб, розилигини олмайсанми? — деди.

— Келинойим «Йўқ», демаса керак. Ўзимнинг келинойим-ку… Мақсуданинг кўзлари жавдиради.

— Ўзингники эмас-да! — Бибихон биринчи марта фарзандига шунақа деди. Чунки Азизжон вафот этгач, келинининг у ер-бу ерда: «Менга ҳеч ким хўжайин эмас. Қайнотам бировга хўжайинчилик қилишга ярамайди. У кишига китоб бўлса, бас! Қайнонам — бегона. Ўгай қачон кимга қайноналик қилибди, у киши менга қайноналик қилса?» — деган гаплари қулоғига чалиниб юрган эди.

Айтилган гап айтилган жойида қолармиди? Лекин Мақсуда онасининг гапини қайириб ташлади. Ўсмир ёшда эди-да, ўзига ишончи зўр эди, ўз айтганини тўғри, деб биларди. Шунинг учун бўлса керак: — Ўгай бўлса, келинойим сизга ўгай. Ахир менинг ўз акамнинг хотини-ку», — деди.

Бибихон ая Холиданинг олдига:  «Қайнсинглингиз ўртоқлари, ўқитувчиларининг олдида сўз бериб қўйибди. Бола-да, фаросати етмаган. Энди унинг сўзи синмасин. Мучал тўй дегани икки-уч соатда ўтиб кетади», деб бош эгиб боргиси келмади.

Мақсудага:

— Ўзинг ўйламай иш қилдингми, энди келинойингдан ўзинг бориб сўра! — деди.

Мақсуда:

— Сўрайман ҳам. Мана кўрасиз, келинойим «хўп», дейди, — деб кийикдай ўйноқлаб чиқиб кетди.

Кечга яқин кўзлари шишиб кириб келди. Қизи айтмаса ҳам Бибихон ая келинининг кўнмаганлигини билиб турарди. Шунинг учун «Нима бўлди?» деб кавлаштирмади ҳам. Ўзи каби илм изидан юрган Санобар исмли синфдоши бор эди. У илмни охирига етказмаган бўлса-да, яхши, топармон-тутармон бир йигитга турмушга чиқиб, ўзидан тиниб кетганди. Чиройли иморат қуриб, яйраб яшашарди. Бибихон ая ўша ўртоғига қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирди.

— Бола бўлса-да, сўз бериб қўйган, сўзи синганини ёмон олади. Бағрини ерга бериб ётибди. Орият юзасидан бир нарса қилиб қўймасин, деб қўрқяпман. Илтимос, ўртоқ, шу мучал тўйини уйингда ўтказиб олишсин. Сенга зарари тегмайдиган қиламан, — деди.

Санобар — бир қоп ёнғоқ, хуш-хандон ўртоғи:

— Шуниям ташвиш қилиб юрасанми? Поччангнинг атрофидан икки марта айлансам, уйда эмас, кафеда ўтказиб беради. Уйни қизғанмайман. Бироқ кафе яхши-да, ўзлари хизмат қилишади, ота-оналар ҳам, болалар ҳам яйраб ўтиришади, — деди.

Бибихон ая нима дейишни билмай ўтирган эди, Санобар ўртоғи бирпасда ҳамма нарсани ҳал қилиб ташлади. Мучал тўйи Санобарнинг эрига тегишли кафеда ихчамгина, ширингина тарзда ўтадиган бўлди. Мақсуда ўшанда Бибихоннинг бўйнидан қучоқлаб:

— Раҳмат, ойи! Мен бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман. Энди ҳеч қачон келинойимни «келинойи», демайман, — деди.

Бибихон ая:

— Қўй, болам, унақа дема! Айб ўзингдан ўтган. Келинойингнинг олдидан ўтишинг керак эди, — деди.

Лекин одамнинг, айниқса, боланинг кўнгли шиша бўлар экан, шекилли, Мақсуда шу воқеадан сўнг келинойиси, жиянларига сира кўнгли илимади. Доим улардан ётсираб яшади, чин дилдан на Холида, на болаларига интилмади. Бу воқеа Бибихон аянинг ўзига ҳам таъсир қилди. «Уй, иморат одамнинг ҳаётида шу қадар катта роль ўйнар экан-да, билмаган эканман», деб ўйлади ва домини ҳовлига алмашгач, Бибихон ая ҳам эрининг топган-тутганидан тежаб, уйини таъмирлатиб олди.

Олдида чоғроққина ери бор экан, яккам-дуккам экилган дарахтлар, гулларни парваришлашган эди, ҳовлининг чиройи очилди. Бибихон ая қизига ҳеч нарса демаган бўлса-да, Мақсуда мактабни битириш арафасида — деди:

— Ойи, ўшанда келинойимдан ёмон ранжиган эдим. Чунки у киши шунчаки : — Йўқ, мен чуғур-чуғур қилиб болаларнинг бу ерга — ҳовлимга тўпланиб ўйин-кулги қилишларини юрагим кўтармайди», — деб қўя қолмасдан:  «Сизлар ўзларингни нималарга ҳақлиман деб ўйлайсизлар? Бу иморатни менинг эрим қурган. Онангнинг ҳам, дадангнинг ҳам бир сўм пули сарф бўлмаган. Сизларга салқинлатиб келишларингга рухсат берганим, қовоқ солмаганимга шукр денглар», деди. Мен ер бўлдим, ойи. Тўкилиб кетдим. «— Уйингиз устингизга йиқилсин»! — деб югуриб чиқиб келдим. Айтдим шу гапни. Ҳозир ҳам бу гапни айтганимга пушаймон қилмайман.

Ўшанда Бибихон ая қизини койиганди:

— Бекор айтибсан шу гапни. Дилингни яралаган одамнинг дилини яралашинг шартми? Энди келинойингдан нима фарқинг қолибди? Одам деган кек сақламайди. Сизлар, барибир, акангнинг фарзандлари билан бир-бирингга жигарсизлар, ўртага арзимаган нарса, деб совуқлик тушмаслиги керак. Келинойингнинг «Йўқ» дегани яхшиликка бўлди. Баҳонада Санобар холангнинг дўстлиги синовдан ўтди. Яхши-ёмон кунда кимга суянишимизни билиб олдик. Бундан ташқари, шу ранж устида домимизни ҳовлига алмаштирдик…

Бибихон ая шунга ўхшаш қанча гапларни гапирган бўлса-да, Мақсуда юмшамаган эди. Мана, энди йиллар ўтиб, ўзи узатилиб, фарзандли бўлгач, анча ўзгарди. Кўп нарсаларга ўткинчи деб қарашни, меҳр-оқибат, силаи раҳм, жигаржонлик деган туйғуларгина одамзотни устун каби тутиб турадиган туйғулар эканига ишонди. Балки, шунинг учун ҳам бугун Холида келинойисининг бошига иш тушганида ҳаммадан аввал югуриб кетгандир. Келинойиси ҳануз ўша-ўша: бир пайтлар Азизжондан беш-олти сўм қарз олиб, қайтаролмагани учун ака-укалари, онаси билан ит-мушук бўлиб қолган.

— Муттаҳамсизлар, эримнинг пулини еб кетган жиғилдонларингга тош тиқилсин! — дея кўчаларига бориб шовқин қилавергач, охири онаси:  «Сендай қизим йўқ. Бу ёққа қадам изи қилма!» — деб ҳайдаган.

Мана, энди бошига иш тушганда синглисининг каталакдек уйида сиғинди бўлиб ўтиргандир.

Бибихон ая: «Келинимнинг қаҳри қаттиқ. Ўзим бормагунча бу ёққа келишга кўнмаса керак», деб йўлга тараддудланиб турган эди. Мақсуда эшикдан кириб келди. Изида Холида келини, набираси… Бибихон ая ўрнидан туриб қаршилади, келинини бағрига босди. Назарида, у кичрайиб кетгандек туюлди.

— Қўяверинг, болам, кўп куйинманг. Бошларинг омон қолибди, шунисига шукр. Мана, уй. Кўнгил кенг бўлса, одам дегани сиғишиб кетади, — деди…

Холида енгил нафас олгандек бўлди-ю, бирпасдан сўнг ювиниб, артиниб, дастурхонга ўтиргач:

— Ая, мен ўшанда Мақсуданинг… — дея гап бошлаган эди, Бибихон ая:

— Ўтган ишга саловот. Гина-кудуратнинг изидан қувиб юриш яхшилик келтирмайди. Қани, дастурхонга қаранглар, бу ёғига яхшилик бўлсин! — деди.

Катталарга қўшилиб Холиданинг тиззасидаги уч яшар набира ҳам ўргатилгандек дуога қўл очди. Ҳамманинг юзига табассум қўнди.

Қутлибека
РАҲИМБОЕВА

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: