Хайрулло Ҳамидов шеъри: Илтижо

0

Буюк Парвардигор, ўрнимдан турдим,
Осмонга чўзилган қўлимни кўргин:
Турли дуоларни бир четга сурдим,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Ҳужум қилолмасди қалбимга риё,
Ширкнинг маъсияти туюлар рўё,
Шунда зинодан ҳам қўрқмагум асло
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Гуноҳ дуч келганда, кулмоғим учун,
Майдонда қувватга тўлмоғим учун,
Сенинг тоатингда бўлмоғим учун,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Шунда кўкрагимга шаббода тегар,
Юрак ҳапқирмасди, қуримас жигар,
Қай томон бурсам-да, қўлимда эгар
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Кўрсам, фақат Сенинг йўлингни кўрай,
Турсам, фақат Сенга лаббай деб турай,
Сен қил деган ишга ўйланмай кирай,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Бугун шундан бошқа йўқ кўнгил дарди,
Шу бир марҳаматинг менга етарди,
Ҳамма касофатнинг боши кетарди
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Нафсим бугун менга ҳокимлик қилар,
Қай томон юрмоқни бир ўзи билар,
Қутқар, бу вужудим дўзахга қулар,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Аллоҳим, бир марта инсон бўлайин,
Яхшилар қатори дилдан тўлайин,
Устидан бир мазза қилиб кулайин,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Қолмади кўнглимнинг бошқа матлаби,
Хайф эрур дунёнинг чиркин талаби,
Буюк Абдураҳмон ибн Авф каби,
Нафсимни ўзимга қул бериб бергин!

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: