Ёзги ангинага кондиционер сабабми?

0

Ёзги ангина кенг тарқалган хасталик, десак адашмаймиз. Ангинанинг ривожланишига ҳаддан зиёд совқотиш, салқин ичимликлар, музқаймоқ, кондиционерли хонада узоқ ўтириш кабилар сабаб бўлиши мумкин.

Тиббиётда танглайдаги бодомсимон безнинг инфекциялар таъсирида келиб чиққан яллиғланишига ўткир тонзиллит (ангинанинг тиббий атамаси) деб айтилади. Кўпинча ўткир тонзиллитни стафилококк ва стрептококк инфекцияси келтириб чиқаради. Лекин бу микроблар оғиз бўшлиғида қаердан пайдо бўлади? Нима учун ёзги ангина билан ҳамма эмас, айрим кишилар оғрийди? Келинг, даставвал шу саволларга аниқлик киритиб оламиз.

Маълумки, шамоллаш хасталиклари иммунитет пасайиши натижасида ривожланади. Шу ўринда иссиқда мева-чева ва офтоб нури сероб бўлганда иммунитет қандай пасаяди, деб сўрашингиз мумкин?

ЁЗГИ АНГИНА ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

Барча шамоллаш хасталиклари каби томоқ ачишиши, бош оғриши, ҳолсизлик, лимфа тугунларининг катталашиши, тана ҳароратининг кўтарилиши (38-39 даражагача кўтарилиши мумкин) ангина аломатларидир.

Ангина инфекцион табиатли касаллик бўлгани учун уни фақат гиёҳли дамламалар ёрдамида даволаб бўлмайди. Агар шундай қилсангиз, ангинани вақтинча «ухлатган» бўласиз ва у бот-бот такрорланувчи сурункали шаклга ўтади.

САБАБЛАРИ

Ёзда инфекция авж олишига томоқда қўним топган микроблар мувозанатининг бузилиши сабаб бўлади.

Ангина, аслида, ўз вақтида тўлиқ даволанмаган тонзиллитнинг қайта хуруж қилишидир. Баъзан тонзиллит нотўғри даволанганда бодомсимон безда яллиғланиш жараёни чўзилиб кетади. Бунда муртакларда ўз-ўзини тозалаш хусусияти йўқолади ва улар микроблар маконига айланиб, тез-тез яллиғланиш қўзғаб туради.

Айнан шундай инфекция ўчоқлари даволанмаган кавак тишларда ҳам бўлади. Улар ҳам ангина ривожланишига замин яратади.

Томоқ муртакларида патоген микрофлора (зарарли инфекция, яъни стафилококк ва стрептококклар) тарқалишини қаттиқ совқотиш (салқин об-ҳавода енгил кийиниб юриш, бассейнда узоқ чўмилиш ва ҳ к.) ҳам тезлаштириши мумкин.

Офтобда ҳаддан зиёд бўлиш натижасида ҳимоя кучларининг заифлашиши натижасида ҳам хасталик авж олади.

Томоқни совитувчи музли ичимликлар ҳамда музқаймоқни хуш кўрувчилар ангинага кўп чалинади. Чунки улар ҳудудий иммунитет тушишига олиб келади.

МАСЛАҲАТЛАР

Хасталик организм заифлашишига туртки беради, шу билан бирга юракка, буйракка, бўғимларга ва бошқа аъзоларга асорат бериши мумкин. Шунинг учун ангинани ўз билганича даволаш (айниқса, болаларда) асло мумкин эмас!

Бактерияга оид ангинада антибиотик қабул қилиш тавсия этилади. Унинг дозаси ва неча кун қабул қилишни фақат шифокор белгилайди. Бемор қатъий ётоқ режимига амал қилиши керак.

Антисептик суюқликлар ёки яллиғланишга қарши ўсимликлар дамламаси билан томоқни чайиш, танадан токсинлар тезроқ чиқиб кетиши учун кўпроқ суюқлик ичиш керак.

Овқатланиш таркибини хаста томоқни таъсирлантирмайдиган иссиққина юмшоқ овқат (пюре, шўрвалар, буғлаб пиширилган сабзавотлар, балиқ) билан бойитиш лозим.

Гиёҳли ва антисептик моддалар асосидаги ингаляция ҳам яхши ёрдам беради.

Ёзги ангинага дучор бўлмаслик учун қаттиқ совқотишдан сақланинг. Бу организм учун кучли стресс бўлиб, иммунитетни заифлаштиради.

Кондиционерли хонадан бирдан жазирамага чиқиш ҳам организмга салбий таъсир қилади.

Офтобда тоблангандан сўнг бирданига сув ҳавзасига сакраш ҳам тана ҳарорати бирдан ўзгаришига олиб келади ва ангинага йўл очади.