ҚАРОҚЧИ… (21-қисм)

0

 

* * *

 

 

— Ў, кимлар келибди бизнинг кулбаларга! — Володя каравотида чалқанча ётганча китоб ўқиётган экан. Ниғматни кўрди дегунча китобни ёстиқ остига беркитиб, ўрнидан турди. — Ҳақиқий ўғил бола экансан! Келмайсанми деб ўйловдим!

Камера ичкарисига киргач, негадир Ниғматнинг кўнгли ғаш тортиб, кайфияти туша бошлаганди. Аммо бу ҳолатни фариштасиз, наҳс босган турмага йўйиб, барча дилхираликларни ўзидан нари ҳайдашга уринар, вужудини куч билан ўзига бўйсундирган ҳолда кайфиятини кўтаришга тиришарди.

— Мен ҳеч қачон сўзимдан қайтмаганман, — мақтанди Володя билан қўл бериб кўришаркан Ниғмат. — Эркак киши шундай бўлиши керак.

— Баракалла, — айёрона кўз қисиб кулди Володя. — Сендан ҳақиқий аристон чиқади. Ҳали турмада обрўйингам ошиб кетса ажабмас.

Ниғмат бу мақтовларни эшитиб, терисига сиғмас даражада қувонди. Қачонлардир мана шу аристонни ўзига хизматчи ё қўриқчи қилиб ёллашни кўнглига тугиб қўйди. Бироқ ҳозирги мақсади Володя гапириб берган ўша «пахан» билан юзма-юз бўлишдангина иборат эди. Шу қадар қизиқиши ортиб бормоқда эдики, тезроқ тасаввуридаги ўша сирли ва ҳайбатли камерага кириб боришга ошиқарди.

— Хўш, ўзингиз-чи? — сўради Ниғмат худди қадрдон, қиёматли акадек Володянинг елкасига қоқиб. — Ваъдангиз бор эди. Чиққанимдан бери шу ҳақда ўйладим, аристон!

— Э, мени билмас экансан, укам, — деди Володя кўрсаткич бармоғи билан эшикка ишора қилиб. — Ташқарида турган анави қўриқчиларниям деярли кўндириб қўйганман. Фақат бир муаммо бор-да!

— Нима экан ўша муаммо? Тинчликми?

— Қўриқчиларнинг қўлига бир-икки сўм бермасанг, кўнишмайди баччағарлар. Мабодо пулинг борми?

— Пул? — Ниғмат киссасини ковлаштириб бир сиқим пул чиқарди. — Пул бор, ака! Қанча бериш керак ўзи?

— Етади шунинг ўзи. Қани, менга бер! Ўзим ҳисоб-китоб қиламан булар билан. Соат ўн бердан ўтсин. Ҳаммаёқ тинчисин. Борамиз «пахан»нинг камерасига. Ҳойнаҳой, у кишиям сени интиқ кутаётгандир.

— Айтганмидингиз? — сўради Ниғмат кўзлари чақнаб. — Биладими мен ҳақимда?

— Билмайди деб ўйловмидинг? Бу ерни турма деб қўйибди! Албатта билади. Хавотир олма, бирпас қартабозлик қилайлик, қўшни камерадагилар ҳам биз билан бирга боради. «Малява» келади ўзи.

— У нима дегани? Эшитмаган эканман унақа сўзни.

— Даричани кўряпсанми?

— Ҳа, кўряпман, кўр эмасман.

— Энди ҳов анави юқори каравотдаги тўшакни кўтариб кўр.

Ниғмат бориб тўшакни кўтарди. У ерда узунлиги бир метр келадиган таёқ ётар, бир учи илгакли эди.

— Мана шу нарса билан дарича ортидаги симдан хат олинади. Ўша хатни турма тилида малява дейишади. Уқдингми энди, аристон?

— Ҳа-а, шунақами? Қойил, зўр нарса экан.

Шу пайт Володя беихтиёр титраб камерани безовта айлана бошлади. Унинг ранги бирпасда оқарган, кўзлари ола-кула эди. Ниғмат унинг аҳволини кўрди-ю, нимадир ёдига тушгандек икки елкасидан тутди.

— Қимирламанг, — деди у Володянинг аланг-жаланг кўзларига боқиб. — Ҳозир ўтиб кетади. Ўзингизни бўш қўйинг!

У дарров сезганди. Аристон гиёҳванд. Уни хумор тута бошлаган. Шу сабабли гипноз орқали хуморни тарқатишга интилганди. Фойдаси бўлмади. Хумор кучли келди. Володя Ниғматни итариб юборди-да, чўнтагидан у берган пулларни чиқарди ва камера эшиги томон ғизиллади.

— Ҳой, соқчи! Соқчи дедим! Тез даричангни оч, ярамас, оч!

Соқчи дарҳол даричани очиб ичкарига мўралади.

— Ҳа-а, нима дейсан? — дея хотиржамлик билан сўради соқчи қақшаб кетаётган Володяга масхараомуз термилиб. — Иштонингни ҳўл қилиб қўйдингми нима бало?

— К-кулма-а! — деди чўзиб аристон. — Менга тез анавиндан битта доза топиб бер, илтимос! М-мана, ҳаммаси сенга. Фақат тезроқ бўл!

— Ҳа-а, гап буёқдамиди? — дея атайин вақтни чўзишга ҳаракат қиларди соқчи. — Афсуски, иложи йўқ. Чефир қайнатиб ич, тинчийсан!

— Ил-лтимос, топиб берсанг-чи! Ўлар жойдамидим? М-мендаям қолиб кетмайди.

— Майли, тағин ўлиб қолиб мен товонингга қолмайин, — соқчи истар-истамас пулни олди-ю, уёқ-буёққа аланглаганча киссага урди. — Кут!

Володянинг аҳволи тобора ёмонлашиб борарди. У гоҳ дуч келган ерини қаший-қаший у бурчакдан бу бурчакка бориб келар, гоҳ шартта каравотга ўтирарди-да, ғужанак бўлиб олган кўйи гавдасини ҳали чап, ҳали ўнг тарафга ташлаб ингранарди.

Ниғмат аристоннинг аҳволини шунчаки томоша қилиб ўтирганидан афсусда эди. Бу одамга қайсидир йўл билан кўмак бергиси келар, лекин имкон топа олмасди.

«Нега жимсан? — ниҳоят тоқати тоқ бўлган Ниғмат хаёлан қалбига мурожаат этди. — Қара, бир шўрлик ўлай деяпти. Ёрдам берайлик унга!.. Қанисан?»

Бахтга қарши қалбидан жавоб келмади. Ўзи эса шу қадар ожизлигидан койиди. Тек ўтираверишни ўзига эп кўрмай, Володянинг атрофида камера айланиб вақт ўтказди…

Ниҳоят камера эшиги даричаси очилиб, соқчининг дағал товуши эшитилди.

— Вей, қанисан?

Володя шуни кутиб ўтирганди. Даъфатан чеҳраси ёришиб, оғриқларни-да унутди ва югура солиб борди-ю, соқчининг қўлидаги қоғозга ўроқлик нарсага ёпишди ва дарров ортга қайтиб қоғозни очди-да, кукунни каплади. Каплаб бўлгач, бир неча дақиқа бошини кўтарган ҳолда чуқур-чуқур нафас олди. Тамшана-тамшана оғзидаги кукун қолдиқларини чайнади. Сўнгра ўқчий-ўқчий каравотига ўтирди. Орадан бир неча дақиқа вақт ўтиб, ўқчиши ҳам пасанда бўлди. Аристон чалқанча ётганча кўзларини юмиб олди.

Ниғмат ҳол-аҳвол сўраш ниятида унга яқин борганди, бошини кўтармаган кўйи қўли билан «кет» ишорасини қилди. Ниғмат ортга тисланишга, Володяни тинч қўйишга мажбур бўлди…

Шу тахлит яна бир неча дақиқа жим ўтирди. Бу орада Володя титроқлардан холи бўлган, ҳануз каравотга чўзилиб кўзларини юмган ҳолда жим ётарди.

Ниғмат ўтира-ўтира охири зерикиб, ўз каравотига ёнбошлашга қарор қилди.

 

 

* * *

 

 

— Оҳ-ҳ! — чарчоқ енгибдими, энди кўзи илинган экан. Ниғмат Володянинг товушидан чўчиб уйғонди ва сакраб ўрнидан турди. Володя каравоти тепасида тик турганча керишиб қўяр, нуқул оҳ тортарди.

— Мана буни кайф деса бўлади, — деди Ниғматнинг уйғонганини кўриб Володя. — Ана энди зўр бўлди!

— У нимайди ўзи? — сўради соддаларча Ниғмат. — Нега ёмон бўлдингиз-у, қоғозга ўроғлик нарсани чайнагач, аҳволингиз яхшиланди?

— Сен тушунмайсан буни, — қўл силтади Володя стол устидаги кружка тўла чойдан ҳўплаб. — Кейин билволасан. Кўпроқ пул топганингда айтсанг, сенгаям опкелтириб бераман. Татиб кўрсанг, биласан-қўясан. Ҳозир эса… Нега анави қўшни камерадагилар белги бермади? Малява келиши керак эди-ку!..

Ниғмат шу тобда Володянинг сўзларига эътибор қилмасди. Бир неча ўн дақиқа ичида содир бўлган воқеа уни ҳайратга солганди. Гарчи гиёҳвандлар ҳақида эшитган, уларни орқаваротдан кўрган бўлса-да, хумор тутганда шунчалар ёмон аҳволга тушиши, дозани қабул қилгач, қисқа фурсатда ўзига келиши мумкинлиги етти ухлаб тушига кирмаганди. Шуларни хаёлидан ўтазаркан, яна бир турма сиридан воқиф бўлганини англаб мамнун бўлди. Хаёлан ўзи ҳам узоқ муддат турмада яшаш, шу каби машғулотлар билан машғул бўлиш, «пахан» даражасига етишни орзулади. Назарида ташқаридаги зўравонлардан кўра, турмадаги аристонлар кучлироқ, обрўлироқ, омадли ва бахтиёрдек туюлди…

 

 

* * *

 

 

Орадан бир соатча вақт ўтиб, кутилган онлар яқинлашди. Володя тўшак остидаги таёқча ёрдамида дарича орқали латта-путтага ўраб ташланган мактубни олди ва ўқиб кўргач, шоша-пиша эшик томон йўналди.

У шу лаҳзаларда ўта жиддийлашган, қовоғидан қор ёғар, Ниғматга бир сўз демасди.

Аристон бир неча маротаба камера эшигини тақиллатди. Соқчи даричани очди дегунча қулоғига нимадир дея шивирлади. Соқчи даричани ёпди. Володя эса ортга қайтиб, деворни тепди. Нариги тарафдан худди шундай жавоб бўлди.

— Ана, ниятингга етадиган бўлдинг, аристон, — деди Володя ҳануз қовоғини уйган ҳолда. — «Пахан»нинг ҳузурига борасан ҳозир.

— Сизам борасизми? — сўради Ниғмат қизиқсиниб. — Ё…

— Мен бормасам бўларканми? Ҳали замон камерани очишади, бизни «пахан» ўтирган камерага олиб боришади. Огоҳлантириб қўяй, ортиқча саволлар бериб соқчиларнинг ғашига тегмайсан. Биз билан бирга қўшни камерадаги икки аристон ҳам боради. Ҳаммасини борганингдан кейин билиб олаверасан.

— Ёш бола эмасман-ку, — деди Ниғмат энсаси қотиб. — Қаерда нима дейишни ўзим ҳам яхши биламан…

Шу гапларни тилига кўчиришга кўчирди-ю, кўнгли яна ғаш торта бошлади. У қалби сукутга толганидан, хаёлан қилган ҳайқириқларига жавоб қайтармаганидан саросимага туша бошлаганди. Ташқарида қалбини ранжитганидан, ўзбошимчаларча ўйламай айтган сўзларидан афсус чекарди. Шундай бўлса-да, барибир аристонлар жўрабошиси билан юзма-юз келиш ҳаваси устун келиб кўнглидан кечаётган нохуш туйғуларни нари ҳайдашга, фақат олдинга юришга, келажак ҳақида хаёл суришга, қайғуришга уринарди.

Шу кўйи Володя икковлари тағин ярим соатга яқин ўз хаёл денгизига чўккан кўйи сукут сақлашди. Фақат камера эшиги шарақлаб очилгачгина, хаёллар тумандек тарқаб, даст ўринларидан қўзғалишди ва ташқарига чиқишди.

Йўлакда бўйдор, кенг елкали, сочлари қириб ташланган икки аристон ҳам турарди.

Володя миқ этмай бошқалар каби қўлларини орқага қилганча соқчининг олдига тушди.

Уларни йўлак бўйлаб ўнгга олиб боришди. Йўлак охиридаги камера қаршисида тўхтатиб, соқчи эшикни очди ва аристонлар қатори Ниғматга ҳам «кир» ишорасини қилди.

Уччовларини киритиб юборган Володя эса соқчининг қулоғига нимадир дея шивирлади. Ниғмат шу вазиятни ҳам ўз вақтида илғашга улгурди. Лекин ҳеч бир шубҳали иш, гап-сўзни пайқамади…

Ниғмат бу камерани кўриб ҳайратдан ёқа ушлаёзди. Бир бурчакка музлаткич, иккинчи бурчакка эса диван қўйилибди. Сал нарида кийим илгич. Унга яп-янги костюм-шим, бўйинбоғ илиб қўйилибди.

Камера ўртасига эса шишадан ясалган стол жойлаштиришибди. Стол усти ноз-неъматлар, ичкилик билан безатилибди.

Турмани Володя ўтирган камера каби сассиқ, бадбўй, кўримсиз, суварак-у, сичқон, каламушлар макони деб билган Ниғмат учун бу ростакамига янгилик эди.

«Наҳотки, қаршимдаги шу бадбашара, юзларида тиғ излари қолиб кетган, бургуткўз одам аристон бўлса? — хаёлидан кечирди Ниғмат. — Шундай шароитда ҳам жазо муддатини ўтайдиларми? Ундан кўра, озодликда умр кечирсаям бўларди-ку! Ҳа-а, ўғрибошилар шунақа бўлишади шекилли-да!..»

Шу тобда беихтиёр қалби жунбушга келди. Узоқ вақт сукут сақлашга маҳкум қалб безовта ҳайқирарди.

— Сен бекор келдинг бу ерга, — дея Ниғматга тарнбеҳ берди у. — Булар яхши одамлармас. Сенга эзгулик, меҳр тиламайдилар. Ҳечдан кўра кеч деганлар. Ҳеч қурса буёғига ўзингни эҳтиёт қил. Ичкилик қуйиб берсалар ичма!..»

Ниғматга қалб танбеҳи бу гал ҳам ёқиб тушмади. Норозиланган кўйи оғир уф тортиб ўғрибошининг илтифотини кута бошлади.

Бу нусха ҳадеганда Ниғматни ўтиришга таклиф этмас, гоҳ Володяга, гоҳ унинг ёнида турган икки аристонга зимдан разм соларди.

Шу тахлит бир неча дақиқа тек ўтиргач, аста ўрнидан қўзғалди-да, илгичдаги янги костюм кисасидан ичига нимадир ўралган қоғозни олиб Володяга тутқазди.

— Бу сенинг ҳақинг, — деди совуққонлик билан. — Бизнинг топшириқни айтилганиданам аъло бажардинг. Энди кетишинг мумкин. «Меҳмон»ни ярим соатдан кейин олиб кетасан.

Володя икки қўлини кўксига қўйиб ўғрибошига қуллуқ қилганча камерани тарк этди. Ичкарида икки барзанги аристон, ўғрибоши-ю, Ниғмат қолишди.

— Хўш, «меҳмон», — ниҳоят Ниғматга юзланиб қаҳрли тиржайди ўғрибоши. — Ташқарида ишларинг яхшими?

— Ёмонмас! — Ниғмат гарчи қалб танбеҳидан ранжиган бўлса-да, ўғрибошининг турқи ўзгарганини кўргач, ҳушёр торта бошлаганди. Жавоб қайтаришда ҳам ҳушёрликни қўлдан бергиси келмади.

— Айтишларича, мелисаларга холис хизмат қилиб юрганмишсан. Шу ростми?

Бу ҳақиқатан кутилмаган савол бўлди. Айниқса, саволни эшитган икки аристоннинг қиқирлаб кулиши Ниғматнинг кўнглида пайдо бўла бошлаган ғашликни минг чандон орттиргандек бўлди. Шу саволдан сўнг бу камерага ўзини зиёфатга чорлашмаганини, аксинча, ўғрибошининг дилида ўч, интиқом хуруж қилганини аниқ пайқади. Шунинг учун «ётиб қолгунча отиб қол» қабилида иш тутишни маъқул кўриб, бирдан гап оҳангини ўзгартирди.

— Хўш, нима бўпти? — саволга савол билан жавоб қайтарди Ниғмат. — Биронта аристоннинг сигири чала туғиб қўйдими?

— Ие, ҳали сен пандавақи шунақа қочиримларниям биласанми? — Ниғматга жуда яқин келиб қўлини бигиз қилди ўғрибоши. — Ажал чақираётганидан хабаринг борми ўзи?

Ниғмат шу паллада нимадир ёдига тушган каби бир қадам ортга тисланди-да, ўғрибошининг кўзларига тикилди. Тикилиш асносида қандайдир ўзига буткул номаълум дуолар миясини чулғаб, улар тилига кўчди.

Сезди, ҳис эта билди. Ҳақоратга маҳкум қалби яна уни қўллаб-қувватламоқчи. Аристоннинг ғазабидан уни халос этмоқчи.

Шуларни ўйларкан, Ниғмат икки қўлини мушт қилган ҳолда ўғрибошига тикилишда давом этаверди.

Ўғрибошининг ҳимояси ожиз экан. У ўзи сезмаган кўйи икки ёнга чайқала-чайқала эҳтиёткорлик билан ортга тисланди. Тили тийилди. Кўзлари ёшланиб, киприклари пирпирай бошлади. Лаби учди. Қўллари баланд кўтарилиб, ҳавода муаллақ қолганча гавдаси билан баравар чайқалди.

Ўғрибошининг бу аҳволи вакуум ҳолатидаги фазогирларни эслатиб юборарди. Икки аристон эса даҳшатдан қотиб қолганди. Улар нима қилишни билмас, ўғрибошига қўл узатишга ҳадди сиғмай, нуқул атрофида айланиб чопишарди.

Ниғмат улар томон нигоҳларини тикди. Барзанги аристонлар учун кўп вақт талаб этилмади. Илоҳий қудрат таъсирида уларнинг бири оғзидан кўпик сачратиб, ҳожатхона томон чопди. Иккинчиси эса қорин қисмини чангаллаганча турган ерида айлана бошлади.

— Сен мендан ранжима, — овоз берди қалби. — Пайтдан фойдаланиб қол, ўғрибошини тилга кирит. Шунда кўп ҳақиқатларни билиб оласан. Агар у айтган гапларни терговчига етказсанг, мўмайгина пул топасан. Ҳурматинг ортади, йўлинг очилади, бегона шаҳарда мижозларинг кўпаяди. Келгусида худди анавинга ўхшаб зўравон бўлишда ўшаларнинг ўзи сенга кўмак беради.

Ниғмат бу уқтиришларни эшитгани ҳамоно ўғрибошини елкасидан сиқимлаб диванга ўтқазди ва савол беришга киришди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: