Қора бозордаги олмослар

0

Азиз мухлислар, газетамизнинг ўтган сонида олмосларнинг қора бозори ва у ердаги турли ўғирлигу жиноятлар ҳақида ўқиган эдингиз. Бу гал эса бутунжаҳон олмос бозорини тунаган ўғри ва унинг кирдикорлари тўғрисидаги қизиқ маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Яна бир йирик ўғрилик 2003 йили содир этилган бўлиб, ўшанда жиноятчилар Бутунжаҳон олмос марказининг омборига кириб олишган. Бельгия полициясининг тезкор ходимлари Патрик Пейз ва Агим де Брюкер жиноят юз берган жойга биринчилар қаторида етиб келишган. Брюкер қўриқлаш тизимига жавоб берувчи «Securlink» компаниясига қўнғироқ қилиб, сигнализациянинг ҳолати билан қизиқиб кўрди. «Ҳаммаси жойида, — дея жавоб берди оператор. — Омборхона хавфсиз». «Унда нега эшиклар очиқ, мен эса омбор ичидаман?» — сўради полициячи.

Полда миллионлаб евролик олмослар сочилиб ётар — жиноятчилар уларнинг ҳаммасини олиб чиқиб кетишмаганди. Ўғрилар 160 та сейфдан 123 тасини шип-шийдам қилишган ва тахминларга кўра, умумий қиймати 150 миллиондан 400 миллион еврогача бўлган олмосларни ўмаришганди. Бу воқеаларнинг барчаси якшанба оқшомида юз берган, жиноятдан эса фақат эрталабга келибгина хабар топишганди. «Бундай бўлиши мумкин эмас, аммо шундай бўлди», — дея ОАВ савдогарлардан бирининг сўзидан иқтибос келтирган эди ўшанда.

Тез орада полиция ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилиб бир неча кишини ҳибсга олди. Бутунжаҳон олмос марказида кичикроқ офисни ижарага олган италиялик Леонардо Нотабартоло эса ўғриликка бош-қош бўлган, деб топилди. Нотабартолонинг фирмаси рўйхатдан ўтказилмаган ва расмий тарзда импорт ёки экспорт операциялари билан шуғулланмас, Леонардо ҳам онда-сонда бинода кўриниш берарди. Аммо омборхонани ўмариб кетишларидан аввал у ҳар куни офисга келиб турган.

Аниқки, италиялик шаввоз ҳеч нимани тан олмади. Шундай бўлса-да, 2005 йилнинг май ойида унга нисбатан 100 миллион евро миқдорида жарима ва 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Орадан тўрт йил ўтиб, Леонардо Нотабартоло муддатидан аввал озодликка чиқди.

Чўқинтирган
оталар

Олмос квартал ишбилармонларининг таъкидлашича, исроил наркомафияси Антверпенда 1990 йиллари пайдо бўлган. Полициячиларнинг фикрича, бу анча аввал юз берган. Жиноятчилар Квадрат милядагилар ўз одамларини сотмасликларидан ўзига хос тарзда фойдаланишади. Олмос бизнесидаги алоқалар эса уларга ҳуқуқ-тартибот ташкилотларидан яшириниш имконини беради. Бундан ташқари, улар заргарлар одатига амал қилган ҳолда нақд пулда эмас, балки қимматбаҳо тошлар билан тўлов қилишни хуш кўришади. Чунки олмосларнинг келиб чиқиш жойини аниқлаш нақд пулда тўловни амалга оширганларни аниқлашдан анча мушкул.

Антверпенлик заргарлар гоҳ-гоҳида қимматбаҳо тошларни ташишга мўлжалланган махсус кейсларни наркокурьерларга ҳам бериб туришади. «Дала ишларининг бирида жеймсбондчасига ясалган ана шундай жомадонлардан бирининг ичига кўзим тушганди, — деб ёзади Сигель. — Ўртача катталикдаги олмослар ўрнига жомадон экстаз таблеткалари билан лиқ тўла эди».

Исроилликлардан ташқари шаҳарда собиқ иттифоқ давлатларидан келган жиноятчилар ҳам фаол «ишлашади». Айниқса, Пеликаанстраат ҳудудида Грузиядан кўчиб келган олтита яҳудий оила кўплаб қинғир ишларнинг бошида туради.

Антверпенда кейинги 15 йилда нигерияликлар томонидан амалга оширилаётган жиноятлар сони ошди. Африкалик гангстерлар ноодатий усулни танлашган. Улар талончиликка фақат қариндошларини олишади ва ҳар бир муваффақиятли операциядан сўнг жиноий тўдани тарқатиб юборишади. Шунинг учун нигериялик уюшган жиноятчиларга бас келиш қийин кечмоқда.

Қонли олмос

Квадрат миляда ишга шошаётган кишиларни африкаликлар қўлларида ишлов берилмаган олмослар солинган пакетчалар билан кутиб туришади ва ўткинчиларнинг ёнига бориб, уларга ўз товарларини таклиф этишади. «Тошлар ҳақиқий, буни бир қарашда пайқаш мумкин», — дейди антверпенлик заргарлардан бири. Аммо одамлар африкаликлар ёнидан тўхтамасдан ўтиб кетишади.

Африкалик контрабандачилар қимматбаҳо тошларни бу тошлар билан савдо қилиш ҳуқуқи бўлмаган мамлакатлардан олиб келишади. «Нархлар анчайин арзон, бироқ «олмосчилар» улар билан контактга боришмайди. Чунки номига доғ тушириб, обрўсига путур етказишдан қўрқишади, — дейди Сигелнинг информаторларидан бири. — Ҳеч ким одамларнинг «Мойша Африка нолегаллари билан бизнес қилишгача боряпти», дейишларини хоҳламайди».

Африка контрабандаси — унчалик узоқ бўлмаган феномен. 2001 йили олмос қазиб олувчи йирик мамлакатлар ва бир қатор нотижорат ташкилотлар вакиллари Жанубий Африканинг Кимберли шаҳрида музокара учун тўпланишди. Улар қон тўкилишини молиялаштиришдан қочиш мақсадида Евроиттифоққа Конго, Либерия, Сьерра-Леоне ва бошқа фуқаролар уруши қамраб олган давлатлардан қимматбаҳо тошлар харид қилмасликка келишиб олишди.

Ушбу мамлакатлар ҳиссасига дунё бўйича қазиб олинаётган жами олмоснинг камида тўрт фоизи тўғри келади. Бу эса жуда катта пул бўлиб, ҳеч ким уларни йўқотишни хоҳламайди. Гарчи антверпенлик заргарлар одамлар кўзи учун контрабандачилар билан гаплашишни истамаса-да, яширин савдо жадал кетмоқда.

«Аслини олганда, Кимберли бизнинг ҳаётимизни енгиллаштирди, — дея «The Guardian» нашрига интервью берди шарқий европалик контрабандачилардан бири. — Энди қалбаки сертификатлар ясасак бас, янги олмослар тайёр». Сертификатнинг қаердан олинганлиги ва пуллар кимнинг — ўғрилар ёки террорчиларнинг чўнтагига тушиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Муҳими, қоғозлар бўйича ҳаммаси тоза бўлса бўлди. Бундан ташқари, қалбаки сертификатлар, масалан, Замбия сертификатларини тайёрлаб берувчи фирмалар мавжуд. Замбияда олмос қазиб олинмаслиги эса бирор кимсани ташвишга солмайди. Ҳужжат борми, демак, ҳаммаси жойида.

Нотабартоло сири

Энди юқорида тилга олиб ўтган қаҳрамонимиз, бундан бир неча йил илгари Бутунжаҳон олмос марказининг омборхонасига ўғриликка тушиб, қамалиб кетган Леонардо Нотабартолога қайтсак. Италиялик жиноятчи қамоқдан чиққанидан сўнг Американинг «Wired» журнали ходими билан учрашиб, унга ўз тахминларини айтиб берди.

Леонардонинг сўзларига кўра, аввалбошдан омборхонани тунаш унинг хаёлига ҳам келган эмас. Чунки бу ишни муваффақиятли амалга ошириб бўлмасликка унинг ишончи комил эди. Бутунжаҳон олмос марказидан офисни эса бошқа мақсадда олган. Нотабартоло Антверпенга ўғирланган қимматбаҳо тошларни сотиш ниятида келган ва бу ерда унинг ишончли одамлари бор эди. Хуллас, улар офисда учрашишди, сотиладиган буюмларни кўришди, кейин яна учрашиш ҳақида келишиб, тарқалишди.

Кутилмаганда воқеалар ривожи бошқача тус олди. «Мен сени ўғрилик қилиш учун ёлламоқчи эдим, — деди антверпенлик ҳамкорларидан бири Нотабартолога. — Катта ўғрилик учун». Ва у ўз режасини баён қилди. Бунинг устига заргар маълум миқдордаги мукофот эвазига омборхона чизмасини топиб беришни ҳам ваъда қилди. Нотабартоло Бутунжаҳон олмос марказининг ертўла қисмига тушиб, қулфлар ҳамда датчикларни синчковлик билан ўрганди. Қўриқчилар Леонардога кўп ҳам эътибор беришмади, ахир бу ерда унинг офиси бор, демак, бинони кўздан кечириши мумкин.

Буюртмачи омборхона ҳақидаги маълумотларни 100 минг еврога сотди. Кейинроқ эса яна алоқага чиқиб, Нотабартолони Антверпен яқинидаги омборлардан бирига таклиф қилди. Ушбу омбор ичида Бутунжаҳон олмос маркази омборхонасининг аниқ нусхаси ясалган эди. Худди ўшандай қулфлар, ўшандай сейфлар ва сигнализация. «Машқ қилишни бошланглар», — деди заргар.

Маълум бўлдики, ҳар бир ҳимоя босқичида ўзига яраша заиф жойлар бор экан. Ўғриликка икки кун қолганда Нотабартоло омборга тушиб иссиқлик ва ҳаракат датчикларини ишдан чиқарди. Якшанба оқшомида эса шериклари билан бирга омборга қайтди.

Нотабартолонинг айтишича, кўплаб сейфлар бўм-бўш бўлган ва олиб кетилган олмослар қиймати 20 миллион доллардан ошмаган. 150 ёки 400 миллион долларлик олмослар ҳақида-ку, гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аслини олганда, ўғрилик суғурта пули ундириш мақсадида атайлабдан уюштирилган эмиш. Унинг сўзларига ишониш қийин, бунинг устига сирли буюртмачини ҳам топа олишмади. Аммо бир нарсани тан олиш керак, Бутунжаҳон олмос марказида ишловчи яҳудий заргарлардан ҳар қандай ишни кутса бўлади. Чунки улар қинғир ишларни режалаштиришда ҳам заргар бўлиб кетишган.

С. САИМНАЗАРОВ