Каттақўрғонда аёлни таҳқирлаган милиция тезкор ходими ишдан олиниб, унга қарши жиноят иши очилди

0

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида гумонланувчи аёлни қип-яланғоч ечинишга мажбур қилган ва буни видеога туширган ички ишлар органи ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Аввалроқ, 4 июль куни «Озодлик» радиоси сайти томонидан «Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аёллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди» номли видеохабар тарқалган эди. Сайт бу воқеа 3 июнь куни Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида бўлгани, аёлни ечинишга мажбурлаган шахс эса ИИБ Жиноят-қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаров эканини ёзган эди.

«Вилоят ИИБ текширув ҳаракатлари ўтказилиб, ноқонуний хатти-ҳаракат қилган ходим Каттақўрғон шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Умаров Санъат Сулаймонович эканлиги аниқланиб, ички ишлар органлари ходимлари сафидан бўшатилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят прокуратура идоралари томонидан Жиноят кодексининг 206-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, воқеа Тергов бўлимида ёки айнан терговчи томонидан содир этилмагани аниқ. Хусусан, вилоятда Санъат Умаров исмли терговчи йўқ, видеода акс этган бино ҳам Тергов бўлимининг биноси эмас».

Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизматининг «Дарё»га тақдим этган ахборотидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: