ҚАРОҚЧИ… (22-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

Афсуски, бу гал ҳам Ниғматнинг омади чопмади. Умумтранс ҳолатида ўзи хоҳлаган хабарни ўғрибошидан аниқлай олмади. Аксинча, ўғрибоши негадир ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Барзангилар қаторида алаҳлаб-алаҳлаб, кутилмаганда полга юзтубан қулади.

Ниғмат бир муддат нима қилишни, қандай йўл тутишни била олмай ҳалак бўлди. Айниқса, ҳали замон камерага турма назоратчиси кириб келишини тасаввур этгач, юрагини ваҳима босди. Ҳатто уни терговчи, Юра ҳимоя қилиши мумкинлигини билса-да, барибир саросима исканжасида қолиб кетди. Хуллас, қандай қилиб бўлмасин, бу уч маҳбусни ҳушига келтириши шарт эди. Аммо ҳали экстрасенсликда етарли тажриба орттирмаган йигитнинг назарида бу ҳазилакам иш эмасди.

— Раққослар ҳаракатини ҳеч кузатганмисан? — беихтиёр қалби овоз берди. — Яхшилаб ўйлаб кўр, балки қачондир кўргандирсан?

— Эслай олмаяпман, — жавоб қилди Ниғмат баттар асабийлашиб. — Ҳозир назоратчилар кириб қолишса, тамом бўламан-ку!

— Сен хавотирланаверма, — уни юпатди қалби. — Ўзингни қўлга олгин-да, кўрсаткич ва бош бармоғинг ёрдамида қарсиллаган товуш чиқаришга уриниб кўр!

— Э, шумиди? — қувониб кетди Ниғмат. — Бунисини раққосларданам яхшироқ бажара оламан!

— Иккала қўлинг ёрдамида уч карра қарсиллаган товуш пайдо қилсанг, бас. Бу нусхалар ўзига кела бошлайди. Энг асосийси, улар ҳеч нарсани эслай олишмайди. Бу сенинг ютуғинг, бўтам!

Ниғмат жавоб ўрнига қалби тайинлагани каби уч карра қўлини қарсиллатди. Ажабо! Ҳақиқатан, аввал ўғрибоши, кетидан икки барзанги гавдасини оҳиста қимирлатган кўйи ўрнидан қўзғалишга тутинди. Сал ўтмай, улар бараварига каравотга ўтиришди-да, Ниғматга ҳиссиз назар солишди.

Ниғмат билдики, ҳеч бири бўлиб ўтган ишларни эслай олмаяпти. Уни танишмаяпти. Камерада ўтирганига ҳайрон бўлишяпти.

Шу орада Ниғматнинг яна омади чопди. Камера эшиги шарақлаб очилди-ю, ичкарига турма назоратчиси кирди.

— Ҳа-а, ичкилик кўпайиб кетдими дейман? — Ниғматга кулиб боқаркан, назоратчи ўғрибоши ва барзангиларга ишора қилди. — Сен ўчмабсан-ку!

— Тезроқ чиқайлик бу ердан! — деди Ниғмат қовоғини уйиб. — Мен зудлик билан терговчини кўришим лозим.

— Биламан, — дея боши билан ташқарини кўрсатди назоратчи. — Қани, сенларам турларинг! Кетдик!..

 

 

* * *

 

 

Ниғмат бу бефайз, суронли, ҳадик-у даҳшатларга тўла масканга жуда қисқа фурсатда кўникиб қолгандек эди.

Шу лаҳзаларда ўтган галгидек қулоқни қоматга келтирувчи овозларга, кимларнингдир болохонадор сўкиниши, ҳақоратли чақириқларига эътибор қилмасди. Худди қадрдон маҳалласида юргандек эркин ва хотиржам ҳаракатланарди.

Вақт алламаҳал бўлишига қарамай, терговчи учрашув хонасида қандайдир қоғозларни титкилаб ўтирган экан. Шу маҳалда унинг ҳануз турма ичкарисида бўлиши Ниғматни янада ҳайратга солди.

«Бу нусха умуман ухламайдиганлар хилидан шекилли, — ўйлади Ниғмат аста рўпарадаги курсига чўкиб. — Шу пайтда бало бормикан? Лекин бир жиҳатдан кетиб қолмагани яхши иш бўлди. Эрталабгача ўйланавериб хуноб бўлардим…»

— Ҳа-а, келдингизми? — терговчи илкис бошини кўтариб, остонада турган назоратчига «чиқавер» ишорасини қилди ва Ниғматга юзланди. — Хўш, муваффақиятлар қалай?

— Мен кўпчилик олдида бир кишига таъсир ўтказа олмайман, — деди Ниғмат норози оҳангда. — Бунинг имкони йўқ.

— Хўш, унда нима қиламиз? Қандайдир йўлини топишимиз лозим-ку!

— Володя билан мени ёлғиз қолдирсангиз, — деди Ниғмат. — Фаққат камерадамас, худди мана шу хонада учрашсам дейман. Бошқа йўли йўқ.

— Шу холосми? Бунинг сира қийин ери йўқ.

— Иложи бўлса, ҳозироқ чақиртирсангиз. Сезиб турибман, у кайфда. Кайф сураётганда гипнозлаш осон кечади.

— Яхши, — шошилмай ўрнидан қўзғалди терговчи. — Сиз шу ерда ўтира туринг. Ҳозир олдингизга маҳбусни олиб киришади. Мен сизни навбатчилар хонасида кутаман. Фақат… Илтимос, чўзиб юборманг. Ҳали сизни квартирангизга олиб боришим керак.

— Узоғи билан ярим соат етади, — деди Ниғмат. — Асосийси, кайф сураётган бўлса бас.

Терговчи кулимсираганча хонани тарк этди. Ниғмат эса икки қўли билан бошини чангаллаганча маҳбусни кута бошлади.

 

 

* * *

 

 

Орадан нари борса беш дақиқача вақт ўтди. Эшик тўсатдан шарақлаб очилди-ю, остонада Володя ҳозир бўлди.

У чайқалганча турар, аммо ҳамма нарсани идрок этарди.

— Сен? — Володя эҳтиёткорлик билан ичкарига қадам қўйиб Ниғматга нафрат аралаш термилди.

Ниғмат эса унинг ҳолатига эътибор қиладиган аҳволда эмасди.

У фурсатни қўлдан бермаслик ниятида маҳбуснинг кўзларига тик боқди.

Володя бир неча ўн сония ичида ранги ўзгариб, гўё сўқир каби тусмоллаган кўйи орқадаги деворни пайпаслаб топди ва маҳкам деворга суяниб олди.

Ниғмат ҳаракатда давом этарди. Унинг мақсади Володяни деярли беҳуш ҳолатга келтириб олиш. Сўнг нималар қилиш зарурлигини қалби уқтиради.

— М-мен ёмон бўп кетяпман! — дея Володя даъфатан олдинга юрди ва ниманидир қидира бошлади.

— Сен анави курсига ўтиришинг шарт, — уқтирди Ниғмат асабий лаб тишлаб. — Ўтирасан-да, менинг саволларимга тўғри, аниқ жавоб бера бошлайсан! Жонинг оғришига эътибор қилма. Ҳозир ўтиб кетади. Ўзингни бўш қўй.

Ким билсин? Агар бошқа пайт бўлса, ёки Ниғматнинг бундай қобилияти бўлмаганда маҳбус уни шу иши учун қандай жазолаган бўларди?!. Ҳойнаҳой, бўғизлаб ташларди.

Лекин наркотик кайфини сура-сура хонага ташриф буюрган Володя айни чоғда гўё Ниғматнинг қулига айланиб қолганди. Ҳар бир буйруқни сўзсиз адо этарди.

— Бошингни эг, — буюришда давом этди Ниғмат. — Ана шундай. Энди менга қулоқ сол. Сен жуда қийналган, алданган бандасан. Сени шайтон йўлдан уриб қўйди. Бировларнинг нағмасига учдинг.

— Ҳ-ҳа-а, — деди чўзиб Володя. Шу аснода унинг кўзларидан ёш сизиб чиқди. — Мени ал-лдашди! А-алдашди аблаҳлар, алдашди!..

— Томорқадаги мурдани ёдга ол! Ўша мурдани деб сен турмада ўтирибсан. Сенга катта пул ваъда қилишган. Қани ўша пуллар? Гапир!

— М-мен ўлдирмаганман уни, ишонинг! — Володя ҳозир оддий экстрасенс, кўча безориси, беватанга айланиб қолаёзган бир йигитга эмас, ҳақиқий терговчига сўроқ бераётгандек чуқур хўрсинар, сўзлаш давомида каловланишга мажбур бўларди. — Диманинг иши бу, Диманинг! Улар менга катта пул ваъда қилишди. Ҳисоб рақамимга туширишга сўз беришди. Ҳалиям пулдан дарак йўқ… М-мен ўлдирмаганман ҳеч кимни!

— Агар ўшалар билан юзлашсанг, шу гапларни айта олармидинг?

— Айтаман… Айтаман…

— Йўқ, манави қоғозга ҳаммасини ёзиб берасан. Мана сенга ручка. Ёз! Сен ҳақсан! Сен қотил эмассан! Тез ёз!..

Володя итоаткорона қўлига ручкани олди ва айтганларини қоғозга тушира бошлади.

Иш битгач, қалби тайинлаганидек уч карра кўрсаткич ва бош бармоғини бир-бирига ишқалаб қисирлатди. Володя ўзига кела бошлади. Ниғмат эса ими-жимида назоратчини чақирди-да, ўзи навбатчилар хонасига йўл олди.

 

 

* * *

 

 

— Сиз мени қойил қолдиряпсиз, — деди терговчи Ниғматнинг қўлидан ўзи учун қимматли қоғозни қабул қилиб оларкан. — Ўлай агар, умримда бунақаси бўлмаган. Қаранг-а, илоҳий қудрат дегани наҳотки шундай бўлса? Мана кўрасиз, бу қоғозга ёзилган иқрор экспертиза хулосаси билан жуда мос келади. Аниқ сезиб турибман. Ҳақиқий қотил аён бўлади.

— Илтимос, мени Юраникига олиб бориб қўйсангиз, — деди Ниғмат беихтиёр кўнгли алғов-далғов бўлиб. — Негадир мазам қочаётдай бўляпти.

— Гап йўқ, албатта олиб бораман. Қани, кетдик! Менга қаранг, нега рангингиз оқариб кетди. Дўхтир чақирайми?

— Йўқ, — деди Ниғмат қовоғини уйиб. — Тезроқ шу ердан кетсак бўлди. Кўришга кўзим йўқ турмасини!

Терговчи елка қисганча Ниғматни қўлтиғидан олиб ташқарига бошлади…

Шубҳасиз, Юра кечки кайф-сафлжан кейин қотиб ухларди. Эшикни сўкина-сўкина зўрға очди.

Бу ҳам негадир Ниғматнинг нафсониятига теккандек туюлди. Шу лаҳзаларда қаергадир олис-олисларга бош олиб кетгиси, мелиса, маҳбус ва терговчилардан холи бўлгиси келар, ўз мақсадлари йўлида куйиб-пишишни хоҳлаётганди. Ниғматга жавобан қалби ҳеч нарса демас, ўтган галгидек сукутга толганди.

Ниғмат айни паллада Юранинг қўлидан ҳужжатини қандай тортиб олиш ҳақида бош қотирарди. Илтимос қилгиси, вазиятни тушунтиргиси келарди. Бироқ кўнгли аксини сезарди. Юра ҳеч қачон Ниғматнинг қўлига ҳужжатини топшириб қўймайдигандек безовта эди.

Шунда Ниғмат Юрани ҳам гипноз ҳолатига туширишни истаб қолди. Шундан бўлак чора топилмаслигини қалбан ҳис этди ва кира солиб бор қобилиятини ишга солган ҳолда ўз ҳужжатини бегона қўлдан тортиб олиш пайида бўлди.

Бахтига Юранинг кайфи тарқамабди, Володядан-да тезроқ гипноз таъсирига туша қолди.

Тахминан беш дақиқа ичида жавондан ҳужжатни олди-да, Ниғматнинг қўлига топширди.

Энди вақтни қўлдан бой бериш Ниғмат учун даҳшатдан бўлак нарса эмасди.

«Мен буларнинг ноғорасига ўйнашни истамайман, — ўйларди Ниғмат Юрани гипноз ҳолатидан чиқариш асносида. — Солисиям, Валерасиям бир гўр экан. Яхшиси, узоқ қишлоқларга бориб нафас ростлайман. Бир йўли топилиб қолар…»

Юра гипноз кучи кетгач, гандираклаганча бориб кетишга чоғланган Ниғматнинг йўлини тўсди.

Ажабланарлиси, ҳозиргина бўлиб ўтган ишларни умуман эслай олмади. Бунинг ўрнига Ниғматга мамнун боқиб ичкарига ишора қилди.

— Энди ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам бир, — деди Юра мулойимлик билан. — Қаерга борасиз? Ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ана, терговчи айтди, қотиллар билан ишлашдаям ёрдам беришингиз зарур экан.

— Йўқ, — деди Ниғмат қатъий оҳангда. — Буёғига мен ўзим ҳақимда ўйлашим керак. Илтимос, йўлимни тўсманг!

— Оғайни, бекор қиляпсиз шу ишни, — Юра бош чайқаб ҳануз Ниғматни йўлдан қайтаришга уринарди. — Милицияга хизмат қилиш ҳар кимгаям насиб қилавермайди. Нега қайсарланасиз?

Ниғматга мана шу гап жуда алам қилди. Бутун вужуди билан бу касб эгаларини ёқтирмаслиги боисми, Юранинг тилига кўчирган сўнгги сўзлари қалбига тикондек санчилиб, кўнглини оғритди. Ким билсин? Агар шу сўзларни айтмаса, балки фикридан қайтармиди? Ё ўйлаб кўриш учун бир кеча шу кулбада қолармиди?.. Аммо танасига югуриб кирган бир парча муз Ниғматни яна йўлга отлантирди.

Хаёлан ҳеч қачон мелисаларга ёрдам бермасликка қарор қилди-да, шоша-пиша Юра билан хайр-маъзур қилган бўлиб, ташқарига отилди.

 

 

* * *

 

 

Изғирин қутурган ит каби изғишига қарамай, кўча сокин эди. Бу сокинлик Ниғматнинг кўнглига осойиш бахш этиб, вужудини чирмаган музликни нари сургандек туюлди. У энди ростакамига озод эканини аниқ-тиниқ ҳис эта бошлади. Хаёлида турли режалар жонланди. Қалбини ёқимли туйғулар банд этди.

— Мен бу шаҳардан узоқроқ жойларга кетаман, — деди Ниғмат овоз чиқариб. — Елкамнинг чуқури кўрсин бу бефайз шаҳарни. Қайсидир қишлоққа бораман-у, келгуси режаларимни амалга ошириш пайида бўламан. Йўқ, олдин мириқиб дам оламан. Терговчи чўнтагимга солиб қўйган пуллар дам олишимга бемалол етса керак. Уёғига эса гуруҳ тузишга уриниб кўраман. Э, тузаман-да! Анави Солилар ҳам менга ўхшаган одамлар-ку! Ё аввал катта пул топишим зарурмикан? Тўғри, пулинг бўлмаса, қайси аҳмоқ хизматингни қилади?!. Хў-ўш, нима қилсам, қандай катта пул топсам бўлади-а? Қишлоқ жойга борсам, пул топиш муаммо бўлади. Ундан кўра, бошқа бир шаҳарга борсам-чи? Ҳа, анави Юра, терговчилардан узоқроқ бўламан. Бошқа шаҳарда мени ҳеч ким танимайди. Киссавурлар билан танишаман. Ишқилиб, бир йўлини топаман…

Ниғмат таваккал олдинга босди. Ярим соатга яқин йўл юргач, автобус бекатига етди. Бу ерда зоғ учмасди. Бекат атрофида бир нечта кўча итлари дайдиб, ўзига егулик қидирарди.

Ниғмат бирпас ўйланиб турди-да, тахминан йўлни чамалади. Узоқдан қулоғига поездларнинг тарақ-туруғи чалинди.

«Ҳа-а, демак, мана шу тарафга юрсам, поезд вокзалига борарканман, — ўйлади у юришда давом этиб. — Фақат машина йўқлиги ёмон бўлди. Пиёда шунча йўл босиш тинкани қуритмасайди…»

Чамаси ярим чақиримча йўл босган эдики, орқадан машина ўқдек учиб келиб анча нарида тўхтади.

Ниғмат бирдан ҳушёр тортди.

Эҳтиёт шарт симёғочлардан бири ортига ўтди-да, машина тарафга нигоҳларини тикди.

Машина эшиклари очилди. Салондан кимлардир пастга тушиб, чор атрофни обдон кузатди. Қоронғиликда уларнинг юз тузилиши кўринмаса-да, барваста эркаклар эканини пайқаш қийин эмасди.

Улардан бири машина юкхонасини очди ва қопга ўроғлиқ ниманидир кўтариб олиб йўл четига ташлади. Шу заҳоти қалби Ниғматга овоз берди.

— Тез бу ерлардан қоч, — буюрди қалби унга. — Машинадан мурдани туширишди. Аёл мурдаси. Кўриб турганларинг ғирт каллакесарлар. Улар Солига ҳам, Валерага ҳам тегишли эмас. Буткул бошқа гуруҳга мансуб одамлар. Қоч, тезроқ даф бўл! Пушаймон чекиб юрма!..

— Нега энди қочишим керак экан? — норози тўнғиллаганча йўл ўртасига чиқди Ниғмат қайсарлик билан. — Бегона гуруҳ одамлари экани айни муддао-ку! Худо менга шунча қобилият бериб қўйибди. Қаёқдаги каллакесарлардан қўрқиб-пусиб яшашим керакми энди? Нега? Зарур бўлса, бу нусхаларни гипнозга тушириб оалман-да, ноғорамга ўйнатаман.

Қалби ортиқ ҳеч нарса демади. Ниғмат мағрур қадам ташлаганча машина тўхтаган тарафга қараб юрди.

Аммо машина у ҳеч қанча юриб улгурмай ўрнидан қўзғалди.

— Яхши бўлди кетишгани, — деди Ниғмат қўл силтаб. — Ортиқча муаммо кимга керак? Мурда бўлса бордир. Менга нима? Ҳозир бораман-у, қопни очиб кўраман. Балки қопда мурдамас, тўла пулдир? Эҳ, қанийди шундай бўлиб чиқса! Куним туғарди…

Бебошларча ўйланган ўйлар Ниғматни тезроқ юришга ва жонҳолатда қопни очишга ундади.

Йўқ, ниятига етмайдиган бўлибди. Қалби алдамабди. Қоп ичида келишган бир аёлнинг мурдаси чўзилганча ётарди. Ҳафсаласи пир бўлган Ниғмат қайтадан қоп оғзини боғлади-ю, қаддини кўтарди. Шу қадар кайфияти тушдики, жар ёқасида қолган одам каби бир неча дақиқа на юришни, на тураверишни билди. Тек қотган кўйи икки кафти билан бошини чангаллаб тураверди. Омадсизлигидан, қайсарлигидан койиди. Ўзига қолса, ҳозир яқин орада чуқур дарё зоҳир бўлса-ю, шу дарёга ғарқ бўлгиси, ёруғ дунёдан воз кечиб, мангулик томон юз бургиси келди. Бахтга қарши бунинг ҳам имкони йўқ. Ҳаёт давом этмоқда. Ниғмат нафас олишдан ўйлашдан, фикрлашдан, азобланишдан, қалбан хўрланишдан тўхтаганича йўқ…

Ниғмат тақдирга тан бериб олдинга юрмоқчи, тарақлаган товуш келган манзилга шошилмоқчи, поезд вокзалини қидириб топмоқчи эди. Яна улгурмади. У келган томондан сиреналарнинг шовқини қулоғига чалинди. Сал ўтиб милиция машиналари кетма-кет унга қараб кела бошлади.

Хўш, шундай вазиятда қандай йўл тутадилар? Беркинадиларми? Ёки ура солиб қочадиларми? Балки жим тураверса, ўтиб кетишар? Ҳа, шундай йўл тутгани маъқул. Булар қайсидир жиноятчини қувиб кетаётган бўлса ажаб эмас. Ана, ҳозир ўтади-кетади.

Ундай бўлмади. Машиналар тўппа-тўғри келиб Ниғматнинг рўпарасида тўхтади.

Орқадаги машинадан қўлларида қурол тутган, юзларига қора ниқоб кийган барваста аскарлар тушди-да, Ниғматга ташланди. Кўз очиб юмгунча унинг қўлларини қайириб, ўзини ерга юзтубан қулатишди.

Кимдир уни айланиб ўтиб, йўл четидаги мурда жойланган қопни очди.

— Қани, турғазларинг ўрнидан, — буюрди жуда таниш овоз. — Имиллама, эҳтиёт бўл, қўлини синдириб қўймаларинг!

Ниғмат шундагина овоз соҳибини таниди ва бошини кўтариб унга совуқ тикилди.

Товуш эгаси Юра эди. Юра бир мурдага, бир Ниғматга ачиниш аралаш боқди ва бошини сарак-сарак қилиб, ортга тисланди.

— Афсус, — деди ерга чирт этиб тупуриб. — Шунча қилган яхшиликлар зое кетибди-я! Қара, ука, барибир аблаҳ аблаҳлигини қиларкан-да!

— Мен ёмон иш қилмадим, — деди Ниғмат юраги увишиб. — Менга туҳмат қилманг! Бу ерга тасодифан келиб қолдим холос. Айбим шу.

— Албатта, — деди Юра аскарларга маъноли кўз ташлаб. — Тасодифан келганинг рост. Чунки ҳеч қачон бу ерларда бўлмагансан. Боягина сени ҳамтовоқларинг машинадан тушириб кетишди. Ўзинг бошига етган анави аёл билан бирга қолдиришди.

— Туҳма-ат! — беихтиёр қичқириб юборди Ниғмат аламига чидай олмай. — Менга туҳмат қилма!

— Ие, ҳали сенлайдиган одатинг ҳам борми? Яхши, буниям ҳисобга оламан. Қани, йигитлар, машинага ортинглар бу нусхани! Бўлимда гаплашамиз!»

Аскарлар буйруқни эшитибоқ, Ниғматни турта-турта машинага ўтқазишди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: