Минг афсус! Аёл шаъни улуғланган миллат эдик…

3

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда айланаётган шармандали видеоролик ҳар бир миллатдошимизни, ҳар бир эркакни юрагини эзадиган оғир дард бўлмоқда. Аслида бундай ҳолатга муносабат билдиришнинг ўзи орсизлик, ҳамиятсизликдир. Лекин, бундай ахволга қай тариқа тушиб қолдик? Наҳотки биз шундай миллат эдик, наҳотки шундай эркак эдик, наҳотки шундай эрлар эдик?

Бизнинг солиҳ аждодларимиз ўз маҳрамларини ҳатто юзларини ҳам очишдан қизғонган эрлар эди, бугунгилар эса… минг афсус. Солиҳлар даврида бир аёлнинг иши Қози Мусо ибн Исҳоқ (раҳимаҳуллоҳ)нинг суд мажлисларига ҳавола қилинди. Аёлнинг вакили Қози Мусо ибн Исҳоқ (раҳимаҳуллоҳ)га: “Бу аёл эридан 500 динор маҳр олиш ҳаққи бор. Аммо эри бу ҳақни инкор қиляпти” дея даъво қилди. Шунда Қози Мусо ибн Исҳоқ (раҳимаҳуллоҳ) аёлнинг вакилидан: “Гувоҳларингиз борми?” дея сўради. Вакил: “Улар шу ерда” дея жавоб берди. Шу пайт баъзи гувоҳлар бераётган гувоҳликларида ҳақиқатда шу аёлми ёки бошқасими, шуни билиш учун аёл юзини кўришлари учун очишларини сўради. Гувоҳ ўрнидан турди ва аёлга: “Ўрнингиздан туринг” дея сўради ва бошқа гувоҳларни чақирди. Бу холатларни кузатиб турган эр уларга қарата: “Нима қилмоқчисизлар?” дея сўради. Вакил: “Аёлингни танишлари учун унинг юзига қарашади” дея жавоб берди. Шу пайт эр Қозига қараб: “Мен сизга гувоҳлик бераманки, аёлимни менинг зиммамда у даъво қилаётгандек 500 динор маҳри бор! Уни юзини очманглар!” дея гувоҳлик берди. Аёл ҳам Қозига қараб: “Мен ҳам сизга гувоҳлик бераманки, мен ушбу маҳримни унга (эримга) ҳадя қилдим ва уни дунё-охиратда бу зиммасидаги қарздан озод қилдим!” дея гувоҳлик берди. Шунда Қози Мусо ибн Исҳоқ (раҳимаҳуллоҳ) эр-хотиннинг рашкидан ажабланиб қуйидаги сўзларни айтди: “Бу иш “гўзал ахлоқлар” дея ёзилади”.

Амир Темур лафзи билан ҳикоя қилинган бошқа бир воқеада бизнинг ота-боболаримиз, эркакларимиз нафақат ўз аёлларини, балки бегона аёлларнинг ҳам шаъни, дахлсизлиги ва иззатини қанчалик улуғлаганини кўришимиз мумкин.

«Қарши қалъасини забт этиб, музаффарлик туғи билан қайтар эдим. Кечда Кўкбулоққа етиб, шу ерда тунамоқни ихтиёр этдик. Навкарларни хонадонларга тақсимлаб, ўзимиз сой бўйида яшил чодир тикдик.

Субҳидам атрофга разм солмоқда эдим. Иттифоқо, бир аёл кишининг от етаклаб, сой томон кетаётганига назаримиз тушди. Шунда бизни ўй чўлғади. Мулозим йўллаб, у ожизанинг эрини топдириб келтирдик. Савол бердик:

– Нима учун завжангизни от суғоргани йўлладингиз? От суғориш эркак кишининг хизмати-ку?!

– Соҳибқирон, – жавоб берди у киши, – от боқиш ҳам, от суғориш ҳам эркакнинг юмуши эканини биламан. Аммо уйимга қоплонсифат тўрт навкаринг тушибди. Уларнинг ниятини билмайман. Шу боисдан аёлимни от суғоришга йўллаб, уйда қолган икки бўйдор қизимни қўриқлашни истадим…

Биз мулоҳазага берилдик. Ва ўз хатойимизни англаб, ҳамишаликка қарор бердик: бундан буёғига навкарлар хонадонларга жойлаштирилмасин. Навкарларим яланг ўтлоқ ва сувлоқ жойларда чодирларда умргузаронлик қилишсин.

Кўкбулоқ қишлоғига қуёш чиқмасданоқ навкарларни хонадонлардан чиқариб, чодирларга жойладим…»

Воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош Прократураси берган маълумотга кўра 2018 йил 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда С.Умаров ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Албатта, золимлар ўз жазосини олишига ишонамиз, зеро «…Аллоҳ золимларни ҳуш кўрмайди» («Оли Имрон» сураси, 57-оят).

Биз эса бундай ҳолатни такрорланмаслиги учун, номусимизни, шаънимизни асрайлик. Қўл остимиздаги аҳлларимизга, ходимларимизга адолатли бўлайлик. Агар биз ўз қўл остимиздагиларга зулм қилсак, Аллоҳ золимларни бизга бош қилиб қўяди.

Аллоҳ барчаларимизни ислоҳ қилсин.

Azon.uz таҳририяти

3 ФИКРЛАР

  1. хамон кайси оргага ишониш мен учун муаммо бўляпти. илгари МХХга ишондик натижасини ҳамма кўриб турипти, ИИВга ишондик кеча фермерни дўппослади мана бугун бир ожиза аёлнинг номусини ер билан битта қилди, шарманда қилди. агар прокуратурага ишонсак билмадим нима қилади. Буларни ким тартибга солади? Нега бундай ҳолатлар айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан чиқяпти? Балки уларнинг ваколати катта бўлганидан нима қилишини билмай ҳавода учяптими? Буни шундай қолдириб бўлмайди. эрта бир кун бу аёлнинг фарзанди катта бўлганда, бу видеони кўриб қолса нима бўлади??????????? Буни ўйласа юрагинг орқага тортиб кетади киши.

  2. xa albatta bu fikrga qo’shilaman. Kechadan buyon bu ayolning taqdirini o’ylab yuragim o’g’riyapti. IIB xodimlari o’z vakolatini suistimol qilib mansabidan foydalanib nimani xoxlasi shuni bajarib kelmoqda.

  3. Вилоятларнинг деярли хаммасида рахбарлар орган ходимлари кузи олдида хохлаган конунбузарликни килмокда, демак орган ходимларига хам шу ишни кил деб буйираябди. Бир дехкон еки оддий инсон улар учун одам эмас. Мисол десангиз хар куни бир канчадан топиш мумкин хар жойда. Буни устига, шу конунбузарлик ва нохакликни куриб турган халкимизнинг купчилиги еки аралашмайди конунбузарликни тухтатишга, еки рахбарнинг енига тушиб, халиги инсонни беш баттар килади: 28 июн куни Олот тумани хокими фермерларни йигиб топширик берди:
    1. Галла планини топширасанлар.
    2. Пландан ортигини хам топширасанлар.
    3. Ундан ташкари хар биринг 4-5 тоннадан хеч кандай хужжатсиз яна галла топширасанлар, юртимиз ривожи учун.
    10-15 та фермерлар буни, айникса 3-бобдагини ма’кулладилар. Мажлисда туман прокурори, ИИБ бошлиги ва хаказо туман рахбарлари катнашишди, бирортаси бу карокчиликка уз муносабатини ифода этмади. Бунакада каекка караб кетаябмиз узи?

Comments are closed.