ҚАРОҚЧИ… (23-қисм)

0

* * *

 

Ҳали машинага ўтириб улгурмай, орқадан Юра чопиб келди-да, аскарларга буюрди:

— Тўхтанглар, бу йигитга қаттиқ гапирманглар! Уни хафа қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Қани, укам, бирпасга пастга тушайлик!

Ниғмат ҳеч нарсани тушунмасди. Юранинг қандай режа тузганини идрок эта олмасди. Аммо қалби қайтадан кўмакка келди.

— Булар сендан ўлгудек қўрқади, — деди у Ниғматга. — Ҳайрон бўлма, сен, ахир, кучли экстресенс, жодугарсан. Хоҳласанг, мана шуларнинг барчасини бир зумда тош қотира оласан. Лекин биз бундай ифлос ишга қўл урмаймиз. Чунки биламиз, мелисалар барибир бизни йўриғига юргиза олмайди. Устимиздан бир умр ҳукм ўтказа олмайди. Майли, буйруққа бўйсунганча сукут сақла. Ҳозирча хоҳлаган ишларини қилишсин. Эътибор қилма. Бунинг сира хавфли, қўрқинчли ери йўқ.

Ниғмат қалбига қулоқ тутди. Ортиқча гап-сўзга, қаршиликларга ўрин қолдирмай, машинадан тушди. Юра эса шоша-пиша машина сумкачасидан қоп-қора мато чиқариб олди-да, Ниғматнинг кўзларини танғиб бойлади.

Ўзига қолса, бу ҳаракатдан ҳам Ниғмат ҳайратга тушган бўларди. Яхшики, қалби ўз вақтида садо берди.

— Бу мелиса аҳмоққа ўхшамайди, — деди ички овоз. — Кўзингни бойлаб қўйса, ҳеч бирига таъсир ўтказа олмаслигингни биларкан, ярамас.

«Нега бу ҳақда илгари менга белги бермагансан? — сўради Ниғмат хаёлан. — Наҳотки, шулар билган нарсани мен билмасам?»

— Билишнинг эрта-кечи бўлмайди. Авваллари бу белгига ўзимда эҳтиёж сезмаганман. Шунинг учун ҳам жим эдим. Мана, энди билиб олдинг. Эсингда бўлсин, сен кўзларинг бойланган ва ғирт маст ҳолда худо берган иноятдан фойдалана билмайсан. Сеҳрнинг, илоҳий қудратнинг барча йўллари худди шу ҳолатларда сен учун ёпилади. Эҳтиёт бўл!

Ниғмат Юранинг таклифи билан яна машинага ўтирди. Машина ўрнидан қўзғалди. Боягина уни туртган, силтаган, ҳақоратли сўзлар ёғдиришдан ўзини тия олмаган аскарлар энди бирдан ўзгариб қолишганди. Улар қандайдир ҳазил-ҳузул гапларни ўйлаб топишар, нима қилиб бўлмасин, Ниғматни чалғитишга ҳаракат қилишарди.

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча машина уларни турма ҳовлисига келтириб қўйди. Кутилганидек, жиноятчи сифатида олиб келинган Ниғматга ҳовлидаги қуролли, чарм таёқ тутганлар ҳам қўл теккизмади. У Юра ҳамроҳлигида ичкарига кирди.

Юра Ниғматни алоҳида хонага олиб киргач, негадир эшикни ичкаридан тамбалади. Ниғмат эса ҳануз кўзлари боғлиқ ҳолда тик турар, аммо қалб кўзи билан қаерга келгани, қай хонага киргани, хонада нималар борлиги, уни олдинда нима кутаётганини аниқ-тиниқ кўриб турарди.

— Узр, кўзингизга бойланган матони ечиб ташлай олмайман, — деди ниҳоят Юра овозини пасайтириб. — Хафа эмасмисиз? Мато сизга ноқулайлик туғдирмаяптими?

— Мендан нима истайсиз ўзи? — сўради Ниғмат мақсадга ўтишга шошилиб. — Нега бу ерга олиб келдингиз?

— Ахир, сизни қотиллик устида қўлга туширдик, — жавоб қилди Юра кулимсираб. — Унутдингизми?

— Менинг қотил эмаслигимни ўзингиз ҳам яхши англаб турибсиз, — деди Ниғмат совуққонлик билан. — Нима кераги бор бу ўйинларнинг? Мақсадга ўтинг-қўйинг! Ёш бола эмасман-ку ҳарқалай!

— Ҳа-а, шунақами? — Юра аста ўрнидан турди-да, Ниғматнинг тепасида ҳозир бўлди. — Майли, мақсадга ўтсак-ўтаверамиз. Тўғри, сизнинг қотил эмаслигингизни биламан. Лекин бир нозик жиҳати бор-да! Сиз кучли илоҳий қудратга эгасиз. Буни бизга бир неча марта исботлаб бердингиз. Милицияга эса айнан сиздайлар жуда зарур. Эҳ, билсангиз эди, қанча жиноятлар очилмай ётибди. Қанчалаб жиноятчилар беркиниб юрибди. Хўш, уларни қандай топамиз. Биргина милициянинг ўзи ожизлик қиляпти, ишонинг!

— Овора бўласиз, — деди қатъий оҳангда Ниғмат. — Мен бошқа ёрдам бермайман милицияга. Ўзимнинг ташвишларим ҳам бошимдан ошиб ётибди.

— Бекор қиласиз, — деди Юра асабий лаб тишлаб. — Ёрдам беришдан бош тортишингиз, қотилга айланиб турмага тушишингиз дегани. Мана, елкангизга бир бегуноҳ аёлнинг мурдаси осилиб турибди. Буни ҳужжатлаштириш, устингиздан жиноий иш очиш, ўзингизни энг чиркин, бадбахтлар ўтирган камерага тиқиш бизнинг қўлимиздан келади. Бир оғиз сўз холос. Кўрибсизки, умрингиз хазонга айланади-қолади.

— Қўлингиздан келганини қилаверинг, — деди Ниғмат бош эгиб. — Менга энди барибир. Агар шу турмада ўлиш пешонамга ёзилган бўлса, албатта ўламан.

— Уф-ф! — Юра Ниғматнинг кескин жавобини эшитгач, азбаройи асабийлашганидан бир муддат нима қилишни билмай хонани айланиб юрди. Сўнгра бир қарорга келгандек, эшини очди-да, бор овозда қичқирди:

— Соқчи! Олиб кетинг буни! Саккизинчи камерага жойлаштиринг!

 

* * *

 

Йўлакда эса яна бир кутилмаган воқеа содир бўлди. Ниғмат тақдирга тан берганча соқчи етагида кўрсатилган камерага йўл олишга чоғланди.

Ташқаридан ўзига таниш бўлган терговчи кирди-ю, соқчини тўхтатиб қолди.

— Сен кетавер, — деди эшик рўпарасида асабий равишда сигарет тутатишга тутинган Юрага кўз қисиб. — Бу укамиз биз билан қолади. Бор дедим!

Соқчи буйруқни адо этган ҳолда ортга қайтди. Терговчи эса аста келиб Ниғматнинг елкасига қўлини қўйди.

— Хўш, Юра, натижалар қалай? — сўради у бир Ниғматга, бир Юрага боқиб. — Ие, нега кўзини ечмабсан укамизнинг? Тинчликми?

— Э, бу йигит турмада ўтиришни маъқул кўряпти, — қўл силтаб нари кетди Юра. — Жуда қайсар экан. Нимаям қила оларди? Далил бор, гувоҳлар ҳам шу ерда. Иш қўзғатавер!

— Э, йў-ўқ, — деди терговчи Юрага айёрона кўз қисиб. — Бунақаси кетмайди. Ҳали олдинда қанча ишлар турибди. Шундай ҳалол, очиқкўнгил, одамохун йигитни турмага тиқиш инсофданмас, дўстим. Яхшиси, хонага қайтайлик. Зўр гап бор. Қани, ука, юринг хонага!

Терговчининг ниятини Ниғмат жуда яхши англаб турарди. Ҳозир ичкарига олиб кириши, тахтадан ясалган эски стол устига газак, ичкиликлар қўйиши муқаррарлигини олдиндан сезганди. Биларди, булар аҳмоқ эмас. Ичириб маст бўлганда сўзини олмоқчи, бошқачароқ айтганда, оғзини ёпмоқчи, шу йўл билан ниятига етмоқчи…

Шуларни ўйларкан, Ниғмат ҳеч нарса бўлмагандек ичкарига кирди ва терговчининг кўмагида курсилардан бирига ўтирди.

Ҳа, бу тайин эди. Терговчи сумкасидан бир шиша коньяк, шоколад чиқариб стол устига қўйди ва шишани очиб қадаҳлардан бирига қуйди.

— Қани, ука, ишимиз ўнгидан келиши учун мана шу коньякни ичинг! Ё милициянинг иши ўнгидан келишини хоҳламайсизми?

«Аблаҳлар-ей, — кўнглидан ўтказди Ниғмат ижирғаниб. — Гапниям қотиради булар. Мелисаймиш! Тупурдим ҳаммангга, билдингми? Агар ўз юртимда бўлсам, кўрардим аҳволингни. Афсуски, узоқдаман. Нима бўлгандаям сенлар кучлисан. Аммо бу вақтинча, ҳозирча. Сал ўзимни ўнглаб олай, кўрасан менинг нималарга қодирлигимни!..»

Ниғмат таваккал қадаҳдаги ичкиликни симирди. Терговчи кетидан яна бир қадаҳ тутқазди. Уни ҳам сипқорди. Шундан кейингина Юра орқадан келиб Ниғматнинг кўзига танғилган матони ечиб олди.

 

* * *

 

Вақт ўтиб борарди. Ниғматга деярли ярим шиша коньякни ичириб бўлишди. У кайфи ошиб ўтирган ерида чайқалар, лекин ўзини куч билан қўлга олиб, ортиқча алжирмасликка уринарди. На терговчи, на Юрага қарши сўз айтар, уларнинг ҳар бир сўзини бош ирғаган кўйи маъқуллаш билан чекланарди.

— Ука, — деди ниҳоят терговчи Ниғматнинг тепасига келиб икки қўлини елкаларига қўяркан. — Қайсарлик билан иш битмайди. Биз сизга нима зарур бўлса, ҳаммасини муҳайё қиламиз. Пулми, жойми, ҳаммаси бўлади. Фақат эвазига бизнинг ишда ёрдам берасиз холос. Бояги қотиллик, мурда воқеасини унутишингиз мумкин. Биз бу ишнинг бошида кимлар туришини биламиз. Аммо айтиб қўяй, кўнмасангиз, дардингиз ичингизда қолиб кетаверади. Ҳеч ким сизга ёнбосмайди. Ўша қотиллик айнан сизнинг бўйнингизга юкланади. Хўш, нима дейсиз?

— Мени овсар деб ўйлаган бўлсангиз, хато қиласиз, — деди Ниғмат мағрурона гавдасини бирдан орқага ташлаб. — коньягингиз жуда зўридан экан, тан бердим. Бироқ бу ичкилик менинг кўнглимни ололмайди. Бунақаларини илгариям кўп кўрганман.

— Демак, рози эмассиз, — бу гал терговчининг овози асабийроқ, титроқ аралаш жаранглади. — Бизга ёрдам бермоқчи эмассиз. Шундайми?

— Топдингиз, — беихтиёр терговчига юзланиб совуқ тиржайди Ниғмат. — Ҳеч қачон ёрдам бермайман.

— Сабаб? Билсак бўладими?

— Сабаби шуки, менам ҳов анави камераларда ўтирган маҳбусларингиз каби кўча боласиман. Шулар каби жирканч ишларни қилиб юрганман. Ўшаларга ўхшаб мелисанинг таёғини кўп марта тотиб кўрганман.

— Ҳм-м, — тиззасига муштлаганча нари кетди терговчи. — На илож? «Эчкининг ажали етса қассобга тегинади» деб беҳуда айтишмаган экан. Яхши, жуда зўр ўйлабсиз. Баҳонада кимлигингизниям билволдик. Юра, буни ўша саккизинчи камерага тиқиб қўяверишсин. «Стакан»нинг мазасини тотиб кўрса, балки ювош тортиб қолар?

— Айтдим-ку, — ҳамкасбининг сўзини маъқуллади Юра жонланиб. — Ёрдам бермаса, ўзидан кўрсин! Адабини еганда ўзи тиз чўкиб ялинади бизга. Соқчи!..

Соқчи йўлакда пойлаб турган эканми, Юранинг товуши янграгани ҳамоно эшикни очиб остонада ҳозир бўлди.

— «Стакан»га тиқинг буни! — буюрди Юра ташқарига чиқиб кетиш асносида. — Эрталабгача ўша ерда ётсин, кейин кўрамиз нима қилишни!

 

* * *

 

Бу камера бошқаларидан буткул фарқ қиларди. Бир одам сиғадиган ер, атроф бетон, совуқ вужудни қақшатади. Алам қиладигани, маҳбус бу камерада на ўтира, на ёта олади. Олдинга, ортга қадам ташлашнинг ҳам имони йўқ. Фақат тик туриш мумкин холос. Камерадан бадбўй ҳид таралиб, кўнгилни айнитади.

Ниғмат эшикни ташқаридан ёпишлари билан танасида қаттол совуқни ҳис этди. Аксига олгандек, эгнидаги куртка ҳам айтарли қалин эмас, оёғидан катта кўчада ўтган совуқ ҳали барҳам топмаганди.

У тик турган кўйи бирдан бақиргиси, Юрани, терговчини, дунёдаги барча милиционерларни бўралаб сўккиси, қарғагиси келди. Бироқ қалби йўл бермади.

— Бекор рози бўлмадинг, — деди у Ниғматга. — Хўш, шу ерда тик туриб тонг оттирасан, қаҳратон жонингдан ўтади, ўпкангдан айриласан, сил касалига йўлиқасан, ҳеч кимга кераксиз бандага айланасан. Нима топасан? Ҳали замон кайфинг тарқайди-ю, бу дўзах азобини янада чуқурроқ ҳис эта бошлайсан. Унда ҳеч ким жонингга оро кирмайди. Қайсарлик қилаверсанг, бундан баттарлариям бўлади. Сени каллакесар, маҳлуқсифат маҳбуслар орасига қамашади. Улар учун сен ҳеч кимсан. Ҳаммалари тиш қайраб ўтиришибди. Тезроқ давраларига киришингни, улар ўйлаб топадиган жазога маҳкум бўлишингни кутишяпти. Чунки сен мелисаларга хизмат қилиб қўйгансан. Маҳбусларга эса бу ишинг сира ёқиб тушмайди. Наҳотки, жонинг ўзингга омонат бўлса? Мен-чи? Ҳали олдинда қанча ишлар турганди. Режаларимиз бисёр эди. Улар нима бўлади?

— Хўш, нима қилай? — овоз чиқариб сўради Ниғмат. — Булар мени ўйлаб ўтирмай жазога тортишди, туҳмат қилишди, заррача ҳурмат-иззат кўрсатишмади. Демак, ёрдам беришимдан сира наф йўқ. Зарил кептими менга?

— Аҳмоқона иш тутма! Каллани ишлат! Ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Агар рози бўлсанг, ҳозир қайсидир кошонада кайф қилиб ўтирган бўлардинг. Сенга мулозамат кўрсатишарди, соянгга салом қилишарди. Камайиб қолармидинг? Қайсарлигинг бошингга етади-ку!

— Ҳақсан, — деди Ниғмат тобора қаттиқроқ қунишиб. — Бу ер нақ дўзахнинг ўзи экан. Аъзойи баданим қақшаб кетяпти. Бу туришда эрталабгача тирик қолмайман. Ўламан. Тил тортмай, мана шу каталакда итдай жон бераман.

— Вақтни беҳуда ўтказма, — тайинлади қалби. — Бор овозда бақир! Улар ҳали кетишмаган. Сенинг ризолигингни кутишяпти. Пастроқ туш, мўмин-қобил бўл! Уёғини кўрасан. Ҳаммаси зўр бўлади!

Ниғмат қалбига итоат этган кўйи бор овозда қичқирди.

— Мени чиқариб олинглар! Розиман! Ҳаммасига розима-ан! Тезроқ чиқариб олинглар!

Орадан бир неча дақиқа вақт ўтиб-ўтмай, камера эшиги очилди ва қаршисида Юра ҳозир бўлди.

— Сўнгги сўзингизми? — сўради Юра ишонқирамай. — Балки вақтинча жон сақлаш учун шундай қилаётгандирсиз?

— Йўқ, розиман, — деди титраб Ниғмат. — Ҳамма айтганингизни қиламан. Бажармасам, ўғил боламасман!

Шу гапидан кейин Юра уни камерадан чиқариб олди ва билагидан маҳкам тутганча ташқарига етаклади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc