Лал Баҳодур Шастри билан Тошкентда қандай воқеа юз берган эди?.. (видео)

1
У ўлимидан кейин “Бхарат Ратна“ олий даражадаги орден билан мукофотланган Ҳиндистоннинг биринчи фуқароси эди. Унинг хотирасига Деҳлида “Виджай Гат“ мемориал мажмуаси очилган.
Ҳатто, Ўзбекистонда ҳам бу шахснинг бюсти ўрнатилиб, Тошкент кўчаларидан бири унинг номи билан аталади. Юртимизга келган ҳиндистонлик борки, бу манзилларга бормай қайтмайди.
Бу инсоннинг кимлигини англаган бўлсангиз керак, агар тополмаган бўлсангиз ҳозир билиб оласиз.
116903103_Lal_Bahadur_SHastriPortrait.jpg1965 йил. Август-сентябрь ойларида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида қуролли можаролар юз берди. Кашмирнинг бир қисми Покистонга яна бир қисми эса Ҳиндистонга тегишли эди. Ҳиндистон қисмида қўзғолон кўтаришга уринишдан бошланган можаро, икки давлат ўртасидаги чегара олди урушига айланиб кетди.
Ўз атом бомбасига эга бу икки давлат бир-бирига таҳдид қилишни тўхтатмас, уларни яраштириш учун қилинган барча ҳаракатлар омадсиз якунланаётган эди. Томонлар бир тўхтамга келиши, музокаралар столига ўтиришига эса қаршиликлар кўп эди.
Ва ниҳоят, Ҳиндистон ва Покистонни яраштириш мақсадида 1966 йилнинг январида Тошкент конференциясини ўтказиш қарори қабул қилинади. Ҳар иккала тараф унда иштирок этишга розилик берди. Бу чин маънодаги тарихий бурилиш эди.
 
Нега айнан тошкент танланган эди?
Қайд этиш жоизки, Тошкент ўша вақтларда нафақат СССР ҳудуди саналган, балки Ҳиндистон ва Покистонга яқин, дипломатик корпуслардан деярли озод шаҳар бўлган. Шунингдек, Шароф Рашидов раҳбарлиги даврида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни анча юқори бўлгани боис ана шундай қарорга келинган бўлса, ажаб эмас. Нега деганда Ҳиндистон бош вазири Лал Баҳодур Шастри ва Покистон Президенти Муҳаммад Аюб-хон ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ССР раҳбари – Шароф Рашидов ҳам фаол иштирок этаётганди.
Тарихий воқеа гувоҳи бўлганларнинг сўзларига кўра, Тошкентга Покистон Президенти Аюб-хон ва Лал Баҳодур Шастри бошчилигидаги делегация келади. Шастри ва Аюб-хон келган кунининг иккинчи кунида учрашади ва ярим тунда Ҳиндистон — Покистон ўртасида тарихий тинчлик битими имзоланди.
Аммо битим тузилиши муносабат билан уюштирилган катта банкетдан кейин бир соат ўтиб, Шастрининг соғлиғи оғирлашиб, ўзини ёмон ҳис эта бошлаган.
1966 йил. 12 январь тонгида бутун дунёга тинчлик музокаралари якунига етгани билан бир қаторда Ҳиндистон бош вазирининг фавқулодда вафот этганлиги ҳақидаги хабар тарқалди.
Ўз вақтида бу воқеа кўплаб, баҳс-мунозаралар ва шов-шувларга сабаб бўлган. Бироқ, бизга бир нарса маълум, Шастрининг тобутини яқингача унинг мамлакати билан уруш ҳолатида бўлган, ҳатто Ҳиндистон етакчиси билан кўришишдан бош тортган Покистон Президенти Аюб-хон ўзи кўтариб борган.
Шу тариқа, фожиали ҳолат юз берганига қарамай, Тошкент декларацияси – Ҳиндистон ва Покистон ўртасида тинчлик келишуви ҳамон ўз кучини йўқотгани йўқ. Бу икки ядро қуролига эга давлат ўртасидаги тинчлик келишуви дунё тарихига “Тошкент декларацияси” номи билан кирди.
Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архивида ана шу воқеалар акс эттирилган видеолар сақланмоқда.
https://youtu.be/g04jWkmaXTY

1 ТА ФИКР

Comments are closed.