ОАВ: Хитой дунё бўйлаб ҳарбий қудратини кенгайтиришни режаламоқда

0

Хитой бутун дунёда миллий стратегик манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳарбий қудратини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Japan Times нашри ёзмоқда.

Таъкидланишича, ҳужжатларда Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизлари минтақасида, шунингдек, АҚШ ва қўшни мамлакатлар, жумладан Япония билан кескинликнинг кучайиб бораётгани ҳақида сўз борган.

Ушбу ҳужжат ХХР Марказий ҳарбий комиссиясида тарқатилган. Манбага кўра, ҳарбий қўмондонлик ва бошқарув тизими 4 даражали тузилмадан 3 даражалига ўзгартирилади, стратегик доктринага ҳам тузатишлар киритилиши керак.

Ҳужжатда стратегик фронт борасида айтилишича, гарчи Хитой халқ озодлик армияси қирғоқ мудофаасида жанговар шайлиги юқори бўлса-да, у қуруқлик ва ҳавода ўзининг амалиётлар ҳудудидан ташқарида ҳам салоҳиятини мустаҳкамлаши талаб этилади.

Янги давр талабидан келиб чиққан ҳолда тузатишлар киритилган ҳарбий стратегия «инқирозни янада яхшироқ бошқариш, можарони тўхтатиб қолиш, урушда ғалаба қозониш, Хитой коммунистик партияси ва раис Си Цзиньпин томонидан илгари сурилганидек, мамлакатнинг стратегик манфаатларини ҳар томонлама кенгайтириш ва мақсадларни амалга ошириш» имконини беради.