ҚАРОҚЧИ… (24-қисм)

0

 

* * *

 

Юранинг квартирасига қадам қўйганданоқ Ниғмат ўзини гўё ростакамига жаннатдагидек ҳис эта бошлади. Вужудига илиқлик югуриб, юзлари чўғдек ёнди, айниқса, уй эгаси тутқазган қадаҳ тўла ароқни ичгач, анча енгил тортди. Совуқ туфайли тиришган юзлари юмшоқ тортиб, лабларига табассум югурди. Фақат кўнглидаги ғашлик тарқай қолмасди. Милиционерларга кўмак беришга мажбурлиги, ўзи хоҳламаган ишларга қўл уриши муқаррарлиги жуда алам қиларди. Нима қилсин? Кўнглидан кечаётган ўйларни сездирмасликка, мажбуран жилмайишга, Юранинг ҳар бир сўзини маъқуллашга маҳкум. Шундан бўлак йўл ҳам қолмаган.

— Сиз учун худо берган иноятни росманасига ишга солиш пайти етди, — деди Юра Ниғматнинг рўпарасидаги курсига чўкиб. — Терговчи акангизга янги иш беришган. Айтганча, ўзингиз гувоҳ бўлдингиз-ку! Кўчадаги мурда. Худди шу қиз ўлдирилган жойни, қотилларни топишда кўмак берасиз. Ўйлайманки, бу ишни сира қийналмасдан бажара оласиз. Ё адашдимми?

— Адашмадингиз, — Юрага совуқ тикилиб жавоб қилди Ниғмат. — Сира адашмадингиз. Мен қотилни албатта топаман. Аммо айтинг, ундан кейин нима бўлади?

— Кейингисини пайти келганда гаплашаверамиз. Бир нарсани билингки, биз билан бирга бўлсангиз, ёмонлик кўрмайсиз, хор бўлмайсиз. Бунисига кафолот бераман.

— Шунисигаям раҳмат, — деди Ниғмат ҳануз қовоқ уйиб. — Ҳарқалай, қайтадан турмага тиқмас экансизлар-ку!

— Худо асрасин! Турма сизнинг жойингиз эмас. Сиз ҳали катта ишларга қўл уришингиз керак. Балки машҳур экстрасенс бўлиб кетишингиз ҳам мумкин. Дарвоқе, одам даволаш ҳам қўлингиздан келадими?

— Келади, — дея қаддини кўтарди Ниғмат. — Фақат… Илгари сира даволаб кўрмаганман.

— Балки ҳозир менинг саломатлигимни текшириб кўрарсиз?

— Йўқ, — бош чайқаб норозилик билдирди Ниғмат. — Ичган вақтимда бу ишга қўл ура олмайман. Мумкинмас. Ўзингизам яхши англаб турибсиз.

Бу гапи билан Ниғмат турмада бўлиб ўтган ишларга, терговчининг айёрона тутган йўлига ишора қилганди. Юра ҳам дарров буни тушуниб, кулиб қўйиш билан кифояланди.

— Майли, ҳазиллашдим, — деди у даст ўрнидан туриб. — Саломатлигимни текширишга ҳали вақт бўлади. Ҳозир ётиб дам олинг! Тўйиб ухланг!

Ниғмат аста ўрнидан қўзғалди-да, кўрсатилган хонага йўл олди.

 

* * *

 

Тажрибали, кучли, ўзига қаттиқ ишонган экстрасенслар, сеҳр-жоду усталари бир ишга қўл уришдан олдин албатта сукутга толадилар. Уларнинг қанча вақт сукут сақлаши ёлғиз худогагина аён. Ким билсин? Сукут давомида ким билан тиллашадилар, кимга ёлвориб, муножот қиладилар. Бу ҳам қоронғу. Балки ҳар бирларининг илоҳий фариштаси, кўмакчиси, суянчиғи, маслаҳатгўйи бордир. Булар ҳам Ниғматга маълум эмас. У бир нарсани биладики, ўзи ёлғиз қалбигагина суянади, қалбининг маслаҳатига таяниб иш тутади.

Эрта тонгда нонуштадан сўнг кўчага чиқишаркан, Ниғмат ҳам бошқа сеҳр-жоду усталари каби иш тутишни маъқул кўрди. Юра ва терговчидан анча нарига бориб икки қўли билан бошини чангаллаган кўйи сукутга толди. Шу баҳонада қалбига хаёлан мурожаат этди. Қалбидан йўл-йўриқ кўрсатишини сўради.

— Сен сира иккиланмай йўлга туш, — буюрди қалби унга. — Бу ишимиз ўнгидан келишига ишонаман. Боргандан кейин ҳеч ким билан тиллашма, хаёлингни бир нуқтага жамлаган ҳолда иш тут!

Ниғмат қалбига қулоқ тутди. Машинада то у олдиндан айтган манзилга етиб боргунларича ҳеч кимга бир оғиз сўз демади.

Машина димиққан шаҳарни ортда қолдириб, олис бир қишлоқ йўлига бурилди.

Бу ердаги далалар баланд-пастликлардан иборат эди. Далалар ортида эса пастқам-пастқам уйлар кўзга ташланарди.

Ниғмат кесак девори қулаб тушаёзган, катта йўлдан анча панада жойлашган эски ҳовлига етганда, машинани тўхтатишларини илтимос қилди.

Пастга тушишгач, милиция ходимларига бир-бир сирли қараб олди-да, олдинга боқди.

— Сизлардан бир нарсани илтимос қилмоқчиман, — деди у Юрага юзланиб. — Фақат йўқ деманг!

— Марҳамат, укам, истаган нарсангизни сўрайверинг, — деди Юра кулимсираб. — Хўш, нима истагингиз бор?

— Мен иш бошлагандан кейин ҳамма сукут сақлашини хоҳлардим. — деди Ниғмат. — Вазият шуни тақозо қилади. Агар шовқин бўлса, қидирган еримни топа олмаслигим мумкин.

Юра унинг хоҳишини инобатга олиб, ёнидагиларга қаттиқ тайинлади.

— Ҳамма сукутга толсин! Тиқ этган товуш эшитилмасин!

 

* * *

 

Ниғмат шу тобда ҳеч нарсани ўйламасди. Хаёли, диққат-эътибори фақат амалга оширажак ишга қаратилганди.

Қалб кўзи кўмагида теварака разм солганча қотилни, қотиллик содир этилган нуқтани, керакли оёқ изларини қидирарди.

У орқадагиларга қўли билан «шу ерда туринглар» дея ишора қилди-да, олдинга юрди.

— Анави қуриган дарахт остига бор, — буюрди қалби Ниғматга. — Жуда яхши. Энди дарахт орқасига ўт. Ўша ерга марҳуманинг қимматбаҳо тақинчоқлари, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари кўмилган. Сал нарига юрсанг, у бўғиб ўлдирилган ярим метрлик арқон ҳам бекитиб қўйилган. Аммо ўз қўлларинг билан чуқур ковлама. Сал айёрлик ҳам керак. Айт, анави мелисаларнинг ўзи ковласин!

Ниғмат илкис ортга ўгирилди-да, Юрани ёнига чорлади.

— Анави ерни ковлашсин, — деди у паст овозда. — Ундан кейин ҳов анави жойни ҳам ковлашади.

— Тинчликми? — сўради Юра негадир ишонқирамай. — Нима бор экан?

— Ковлаб олишгандан кейин кўрасиз!

Юра аскарлардан икки нафарига чуқур ковлашни буюриб, ўзи уларнинг ҳаракатини синчиклаб кузата бошлади.

Ҳақиқатан, чуқурларнинг биридан тилла тақинчоқлар, паспорт, ҳарир рўмол чиқди. Кейингисидан эса арқон топишди.

Юра ҳайратдан қотиб қолганди. Нуқул Ниғматнинг елкасига қоқиб сўзсиз миннатдорчилик билдирган бўлар, ёнидагиларга «кўрдингми, иш мана бундай бўпти!?» дегандек жиддий қараб қўярди.

— Бу ишни қотирдингиз, — деди сал ўтмай шу ерга етиб келган терговчи далилларни кўргач. — Аниқ сезиб турибман, бу нарсалар марҳумага тегишли. Экспертиза хулосасини оламиз-у, қотилларни тутиш ҳаракатига тушамиз. Ташаккур сизга, укам! Бу ишингизни арзирли мукофотлаймиз!

— Мукофотдан олдин ювиш ҳам керак, — ҳазиллашди Юра Ниғматни қўлтиғидан олиб машина томон етакларкан. — Ажойиб укамиз бор-да! Шундай инсондан ҳеч нарсани аямайман! Қани, кетдик меникига! Ҳаммаси режадагидек бўлсин!..

Ниғмат шунча иш қилган, барчани ҳайратга солган бўлса-да, барибир мамнун эмасди.

У ҳануз ўзи мустақил иш юритишни, зўрларнинг зўри бўлиш йўлида заҳмат чекишни ва бир кунмас бир кунмас бу меҳнатларнинг лаззатини тотишни хоҳларди. Аммо ёнидагилардан қандай халос бўлишни билмай ҳалак эди.

 

* * *

 

Ярим тунда ўзи учун ажратилган хонадаги каравотда чўзиб ётарди-ю, Ниғмат нуқул бош қотирарди. У шу пайтга қадар қалб садосини кутди. Қандайдир маслаҳатлар, келгуси ишларида йўл-йўриқлар сўрамоққа чоғланди. Аммо қалбидан садо келмади. Унинг ўрнига мияси бўйлаб изғиганча шаталоқ отаётган шайтони лаин жавоб бераверди.

— Ич, тўйгунча ич! — дея ҳайқирди иблис. — Булар ҳозирча сенга текин ароқ, зиёфатлар беришяпти. Шундан фойдаланиб қол. Келажакни ўйлаб нима қиласан? Сенда келажакнинг ўзи йўқ-ку! Оғзингга келган гапни қайтарма! Агар булардан бирор нозанин олиб келишини сўрасанг ҳам йўқ дейишмайди. Тўғри-да, шунча ишини битириб бердинг. Ҳақинг бор. Бир маза қилсанг, қилибсан-да! Ўткинчи дунё бўлса! Яйраб қолмайсанми?..

Ниғмат эса иблиснинг йўл-йўриқларига деярли қулоқ тутмади. Гарчи ичкилик таъсирида жисман жўшган, оқ-қорани бир-биридан ажрата билмайдиган, ёруғ дунёнинг асл сиймосини идрок этмайдиган даражага етган бўлса-да, ўзини мажбурлаб иблисни нари ҳайдашга уринди. Аксинча, қишлоқ, марҳума онаси, холалари, синфдош дўстлари ёдига тушиб, кўнгли бузилди. Қандай мароқли эди қишлоқда! Синфдошлари билан тез-тез йиғилиб «харпана» қилиб туришарди. Ҳамма уйидан қўлига илинган маҳсулотни олиб чиқар, уларни қозонга ташлаб, қиттай-қиттай қиладиган бўлишганди. Ўйлаб кўрса, ҳақиқатан ўшанда Ниғмат бахтиёр экан. Ҳеч нарсани ўйламас, муштумзўрлиги, муштлашишга ўчлиги боисми ўзига ёқмаган ҳар қандай одамнинг таъбини тирриқ қила оларди. Бунинг учун уни ҳеч ким жазоламасди. Жазолашга ҳадди сиғмасди. Айниқса, қишлоқ қизлари Ниғматдан ўлгудек қўрқишарди. Қизиқ… Нега қўрқишар экан-а? Ахир, Ниғмат уларни сўкмасди, ранжитмасди, калтакламасди. Барибир уни кўрди дегунча анча наридан айланиб ўтишарди…

Шуларни ўйлаб ўтириб, Ниғматнинг хаёлига беихтиёр автобус бекатида учратган шоира қиз келди. Қизнинг чеҳрасини тахминан тасаввур этаркан, Ниғмат ётган ерида кулимсираб қўйди. Қизга жуда-жуда ҳаваси келди. Осмон-у фалак ҳақида сўзлаши, юлдузларни кўрсатиб айтган гапларини қўмсай бошлади.

«Менга нима бўляпти ўзи? — ўйлади бир маҳал даст ўрнидан туриб. — Нима учун шоира қизни эслаб қолдим? Ким эди ўзи у? Қаерлик эди? Ахир уни қайтиб кўрмаслигимни биламан-ку! Наҳотки, шу қизни ёқтириб қолган бўлсам? Йўқ, мен ундай туйғуларга бегонаман. Севги ўзи нима? Нима беради? Одамни хаёлпараст қилиб қўйишдан бошқасига ярамайди. Тўғри йўлдан адаштириб, девона қиёфасига киритиб қўяди. Севгининг ҳақиқийси тўшакда, ҳа. Агар нозанин қўйнингда илондай тўлғониб, эркаланса, аскар каби ҳар бир буйруғингни кутса, бунинг лаззати бошқача бўлади. Онадан қайта туғилгандек енгил тортади эркак… Ҳа, бир кун зўрларга бош бўлиб олсам, ўша шоира қизни албатта ҳузуримга олиб келтираман. Менга тўшакда юлдузлар ҳақида шеърлар ўқиб бериб кўнглимни олсин! Нима, шоира бўлиб қанча пул топарди? Ейдиган нонигаям етмас. Мен бўлсам унга хизмати учун мўмай пул тўлайман. Пулни кўргандан кейин эшилиб-эшилиб, янаям кўпроқ шеърлар тўқийди…»

Ниғмат дераза қаршисига борди-да, ташқарига боқди. Ҳовлида сукунат ҳукм сурар, уйлар ортидаги серқатнов йўлдан аҳён-аҳёнда машина ўтиб қоларди.

У гандираклаган кўйи ортга қайтди-да, каравотга чўзилиб кўзларини юмди…

 

* * *

 

Эртаси куни тонгданоқ қуёш юз кўрсатди. Бу баҳор яқинлашиб келаётганидан дарак эди. Қуёш тафти кўп қаватли уйлар четларида осилиб турган улкан муз чумакларини аста-секинлик билан эрита бошлади.

Ниғмат квартирани айланганча уёқдан-буёққа бориб келар, кўрган тушини қайта-қайта таъбирларди.

— Эна, нега менга терс бурилиб кетдингиз? — овоз чиқариб сўради кутилмаганда юришдан тўхтаб. — Сизни шунчалар соғингандимки, бир марта бағрингизга босмадингиз-а?!. Нега? Мени шунчалик ёмон кўрармидингиз? Дийдорингизга тўйсам нима қиларди, эна? Қаранг, мен ҳозир буткул бегона юртларда кезяпман. Ўгай отамнинг тушига кириб бир марта бўлсин койиб қўймадингиз. Оқибати ёмон бўлди. Мен ўлдириб қўйдим у аблаҳни. Чунки сизни ҳақорат қилди. Бу ҳақоратни кўтара олмадим. Ҳа-а, шунга хафа бўлгандирсиз-да-а? У ифлос ўша ёққа бориб ҳам устимдан арз қилдими дейман-да!?. Ҳали шошмай турсин! Мен руҳингизни албатта чорлаб сиз билан тўйганча гаплашаман. Бунга қурбим етаркан. Қалбим шундай деяпти…

Шу маҳал ташқари эшик очилди. Юра ва терговчи экан.

Улар Ниғматнинг ўзи билан ўзи гаплашаётганини кўргач, бироз ҳайрон бўлган каби пича тош қотишди. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмади. Орадаги сукутни Юранинг ўзи бузди.

— Иш чатоқ, укам, — деди у бош чайқаб. — Итлар бармоқ изларини ўчириб ташлашган экан. Бирор из қолдиришмабди-я ифлослар! Энди нима қиламиз-а?

— Буни билардим, — деди Ниғмат пинагини бузмай. — Ўша ердаёқ билганман из қолдиришмаганини.

— Ие, нега дарҳол айтмадингиз? Ахир…

— Менинг вазифам фақат қотиллик содир этилган жойни топиб бериш эди. Топдим. Тағин нима истайсиз? Нега мени айблаяпсиз?

— Узр, узр, укам, — орага тушди терговчи норозиланганча нари кетган Юра томон қараб қўйиб. — Юра акангиз билмасдан гапириб қўйди. Кечиринг уни! Ҳа, сиз ҳақсиз. Биз сиздан фақат ўша жойни топиб беришни илтимос қилгандик. Вазифангизни аъло даражада адо этдингиз. Мана, мукофотини олиб қўйинг! Ташаккур!

Ниғмат терговчи узатган халтачани қўлига олди-ю, ичига разм солди.

Халтачага пуллар жойланибди. Бу пулларга Ниғматнинг тахминича бемалол ярқираган машина сотиб олиш мумкин эди. Шу сабаблими, Ниғмат ишонқирамай терговчига юзланди.

— Шуларнинг ҳаммаси менгами? — сўради эҳтиёткорлик билан. — Кўпга ўхшаяпти-ку!

— Ишга яраша-да! — деди терговчи айёрона кўз қисиб. — Милиция ўз ҳамкорларини ҳеч қачон хафа қилмайди.

— Раҳмат, — дея Ниғмат пулларни ёнбошдаги стол устига қўйди. — Хурсандман!

— Хурсанд бўлиш билан қутула олмайсиз, — Юра дераза олдидан у тарафга қараб юриб келди-да, икки билагидан ушлади. — Дўстимнинг муаммосини ҳал қилиб бермасангиз бўлмайди.

— Хўп, нима қилишим керак?

— Қандай бўлмасин, қотилни топишимиз шарт. Акс ҳолда дўстим бошлиғидан ҳайфсан олади. Ишдан кетишиям ҳеч гапмас. Кўрдингизми иш қанчалик жиддийлигини?..

Бу гапларни эшитгандан сўнг Ниғматнинг юраги сал ғаш тортгандек бўлди. Ичидан оғир хўрсиниқ отилиб чиқиб, бўғзига тиқилди. Бугуноқ мелисалардан узоқроққа кетишни, холи бўлишни, ўз ташвишлари билан банд бўлмоқни ихтиёр этганди. Булар эса сира тинч қўйишмайдиган кўринади. Хўш, нима қилсин? Қачон тугайди буларнинг ҳаммаси?..

— Хавотирланма, — овоз берди қалби вужудини тўлдирар даражада ҳайқириб. — Биз бунинг ҳам иложини топамиз. Негаки, бизнинг имконимиз чегара билмайди. Эсингдами, боягина энангни соғиниб оҳ чекаётгандинг? Ё унутдингми?

«Унутмадим, — хаёлан жавоб қилди Ниғмат қовоғини очмай. — Нима бўпти шунга?»

— Ие, айни пайти энанг билан гаплашишнинг! Ҳозир мелисаларга мен уқтирган гапларни етказасан. Мен айтиб тураман, сен тилингга кўчириб уларга уқтирасан. Қолгани йўл-йўлакай бўлаверади. Қани, дадил бўл! Бўшашма!

— Мен розиман, — деди ниҳоят Ниғмат бошини кўтариб. — Қотилни албатта топамиз, акалар!

— Қ-қандай қилиб? — тутилиброқ сўради Юра Ниғматга тик боқиб. — Бирор ерга боришимиз керак бўладими тағин?

— Йўқ, шу ерда ўтириб махсус сеанс ўтказаман. Анави кичик хона пардалари қалин кўринади. Жуда мос келади. Марҳуманинг руҳини чақириб ўзидан сўрайман. Адашмасам, унинг исми Лилия эди. Шундайми?

— Ҳа, — жавоб берди терговчи ҳовлиқиб. — Лилия Мартинова.

— Ҳозирча шуниси етарли.

— Биздан нима талаб қилинади? — сўради Юра. — Нима зарур бўлса айтаверинг! Иш битса бўлди. Ҳаммасини ест қиламиз.

— Сизлар катта кўзгу, шамдонда шам, марҳуманинг суратини топиб берсаларинг бас. Ўзларингиз ҳам ёнимда ўтирасизлар!

— Шу холосми? Гап йўқ. Қачонга етказайлик?

Ниғмат бош қашиб турди-да, асабий лаб тишлаб аниқ вақтни тайин этди.

— Соат кечки учларда бошласак бўлади. Шунгача ҳаммаси муҳайё бўлиши керак. Кечикишга ҳақимиз йўқ.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc