ҚАРИ ДАЗМОЛНИНГ ДАРЗ КЕТГАН ҚАЛБИ…

0

 

Қарилик ёмон-да! Кекса дазмолни суюкли тахтаси ташлаб кетди. Йўқ, олисга кетиб қолмади. Қаерда турган бўлса, ўша ерда қолди. Лекин замонавий, ёш, янги дазмолга кўнгил қўйди. У ўзидан буғ чиқариб, дазмол тахтанинг бағрини ёқар, мулойим эркалашлар билан хаёлини ўғирларди.

Қари дазмол эса шкафнинг энг тепасида мунғайганча уларни кузатарди. Бу ҳам етмагандек, ёлғиз қолишганда, дазмол тахта унга аччиқ-аччиқ сўзлаб бағрини тиларди.

— Сен мункайиб қолдинг, — дерди унга тахта. — Қара-я, туришингни, битта режимли, эски замон сарқитисан. Бунинг устига оғирсан. Кийимларни дазмоллаганингда юкинг эзиб ўлай дердим. Хайрият, бахтимни топдим. Замонавий, ёш дазмол келди-ю, жоним ором олди. Унинг меҳри кўнглимни тоғдек кўтарди.

Уларнинг маҳзун суҳбатини шкафнинг пастки полкасида керилиб ётганча тинглаётган ёш дазмол ора-сирада мақтаниб қўярди.

— Э, бу нима бўпти, биродарлар! Мен ҳали еттинчи режимгача кўтариламан! Ҳарқалай, техника замонида яшаяпмиз.

Бу ваъдалар ёқиб тушган тахта қувончдан ёрилай деди.

— Азизим! — ҳайқирди янги, ёш дазмолга ўтли боқиб. — Мен сени ҳеч кимга бермайман! Сен билан фахрланаман!

Шкаф тепасидаги қари дазмолнинг кўзларида ёш халқаланди. Оғир ва мункайган гавдасини аранг қимирлатиб нимадир демоққа шайланди. Лекин хўрлик йўл бермади.

Унинг гапирмоққа уринаётганини кўрган дазмол тахта баттар дардига дард қўшиб ҳайқирарди.

— Сен ёшингни яшаб, ошингни ошаб бўлган қариясан! Намунча биз ёшларнинг гапимизни пойлайвермасанг? Кўрдингми, ҳали гўзал ва жозибалиман! Акс ҳолда ёшлар менга хушомад қилиб ўтиришмасди.

«Булар уят деган нарсани унутиб қўйишибди, — ўйлади қари дазмол уларга ер остидан боқиб. — Мундоқ катталарни ҳурмат қилишниям билишмайди. Ярамаслар! Ҳали кўраман аҳволингни!..»

Кексалик қурсин! Ярим кечаси уйқу орасида беихтиёр қари дазмол полга қулади. Қулаганда ҳам тўппа-тўғри ёш дазмолнинг устига тушди.

Қари дазмолга жин ҳам урмади. Аммо ёш дазмолнинг жиҳозлари ҳар тарафга сочилиб кетди. Айниқса, тезлигини ўзгартирадиган пластмасса мослама, сув пуркайдиган мослама ишдан чиқди. Гарчи уй эгаси янги дазмолни эпақага келтириб қўйган бўлса-да, аввалги шиддатидан дарак ҳам қолмабди.

— Аввалги шиддатинг, меҳринг қаёққа ғойиб бўлди? — қичқирарди тахта ёш дазмолга. — Буғ қани? Нега бағримга пуркамайсан?.. Борингдан йўғинг яхши-е!..

Хуллас, жазавага тушган тахта ёш дазмолдан юз ўгирди. Уни уй эгалари қаергадир олиб кетишди.

Уй бекаси эса аста шкаф тепасидан қари дазмолни олди-да, уни арта-арта эрига деди:

— Яхшиям буни ташлаб юбормаган эканмиз. Ҳозир бунақа дазмол ишлаб чиқаришмаяпти, дадаси! Қаранг, оғир, мустаҳкам! Сувни ўзим пуркаб туравераман.

Ана, яна қари дазмол кийимларни шошилмасдан дазмоллай бошлади. Тахта эса ҳануз сир бой бергиси келмас, қовоғини уйганча сукут сақларди.

Шкафдаги эски, қадимий буюмлар қари дазмолни тезлай кетишди.

— Куйдир у ярамасни, куйдир! Адабини есин!

Қари дазмол аста жуссасини кўтарди-да, биродарларига қараб бош чайқади.

— Йўқ, азизлар, унга азоб бера олмайман! Тушунинглар! Шу ғалчани… севаман!

Бу иқрорни яна бир бор эшитган тахта кўзлари ёшланиб қари дазмолга ялинган оҳангда сўз қотди.

— Кечир мени, дазмолбой, кечир! Мана, бағримга бош қўйишинг билан ҳаётимда аҳмоқлигим туфайли қадрдон бир кишимни йўқотганимни англадим. Энди сени ҳеч қаерга қўйиб юбормайман, азизим, кечир!

— Унга қулоқ солма, ишонма! — қичқирди уйдаги қадимий буюмлар. — У ваъдабоз! Қасамхўр!

— Ундай деманглар! — шивирлади қари дазмол. — Унинг айби йўқ…

Афсус, кунларнинг бирида янги дазмол таъмирланиб тағин тахта ҳузурига қайтди. Тахтанинг инсофи йўқ экан. Қари дазмолни шу заҳоти қувиб солди. Ёш, замонавий дазмолга эркалана бошлади.

Аммо қайтар дунё деганлар. Янги дазмол яна бузилди. Бу ҳам етмагандек, тахта синиб қолди. Уни шкафнинг бир бурчагига тахлаб қўйишди. Қари дазмолга эса янги, оҳори тўкилмаган дазмол тахта олиб беришди.

Қари дазмолнинг ҳаракатларини шкаф бурчагидан туриб кузатаркан, синган дазмол тахта аламдан, рашкдан адо бўлар, лекин дарди ичида, лом-мим демай унсиз йиғлашга, сабр қилишга, чидашга маҳкум эди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc