ҚАРОҚЧИ… (25-қисм)

0

 

* * *

 

Агар бошқа пайт бўлса, Юра ҳам, терговчи ҳам Ниғматнинг устидан билдирмайгина кулган бўларди. Лекин қотиллик содир қилинган жойни аниқ топиб борганидан сўнг Ниғматга нисбатан муносабатлари, қарашлари бирдан ўзгарганди. Унинг қобилиятига қаттиқ ишона бошлашганди.

Шу сабабли айтилган вақтда Ниғмат тайинлаган нарсаларни олиб келишди.

Хона пардалари тортилиб, қоронғилаштирилди. Ўртага кўзгу ўрнатилди. Кўзгунинг олдига шам ёқилди. Марҳуманинг сурати эса кўзгуга суяб қўйилди.

— Иккалангиз диванда ўтирасиз, — тайинлади Ниғмат жиддий оҳангда. — Фақат илтимос, сеанс вақтида гап қўшмангиз! Бу ишга халал беради. Ҳамма ҳаракатлар чиппакка чиқади.

— Албатта, — унинг сўзини маъқуллади терговчи. — Биз гунгмиз, соқовмиз! Ҳатто телефонларгача ўчириб қўйганмиз.

— Айтганча, — деди Ниғмат икковларига тик боқиб. — Яна бир нарсани айтиб қўймасам бўлмайди. Сеанс бошланиб, руҳни қошимга чорлагач, товушим ўзгариши, яъни, марҳума овозида гапира бошлашим мумкин. Ҳайрон бўлмангиз! Айтганларимни телефонга ёзиб қолдирсангиз ёмон бўлмасди. Яна бир нарса. Қўрқмангиз! Ҳаяжонланмангиз!

— Тушундик! — милиционерлар бир-бирларига маъноли қараб олган кўйи бош эгишди. Юра дарров киссасидан телефон чиқарди-да, овоз ёзиш дастурини ишга туширди.

Шундан кейингина Ниғмат кўзгу қаршисига яқин келди-да, қалбига қулоқ тутди.

Қалби унга нималар дейиш, руҳни қандай чорлаш ҳақида кўрсатмалар бера бошлади. Орадан беш дақиқача вақт ўтгач, ҳақиқатан Ниғматнинг овози ингичкалашди.

— Мени ўлдирган одамнинг бўйи икки метр-у эллик сантиметр. Кўзлари мовий. Қошлари қалин. Юзлари дум-думалоқ. Ўнг қоши юқорига қайрилиб чиққан. Чап юзида кичкина хол бор. Чап қошидаги бир тук жуда узун. Кўзига қадар осилиб тушган. У доим шу тукни юқорига қараб тўғрилагани-тўғрилаган.

— Қотилнинг исми нимайди?

— Женя Баранов.

— Сени нима учун ўлдирди? Ким бўларди у сенга?

— Жазманим эди. Ёнида юрадиган Василий деган ҳамтовоғи нуқул менга тегинаверарди. Ўша куниям Василий мени маҳкам қучоқлаб турганда Женя кириб қолди. Негадир мени айблади. Чунки Василийнинг ифлос қучоғидан чиқишга кучим етмаганди. У кечаси мени бўғиб ўлдирди-да, жасадимни машинасига ортиб йўл четида қолдириб кетди.

— Ҳозир у қаерда? Мабодо хабаринг йўқми?

— У кўпинча Валера деган зўравоннинг уйида кайф-сафо қилади. Ҳозир ҳам ўша ёққа кетяпти. Эндигина йўлга чиққан машинада.

— Машинасининг русуми қанақа? Ранги-чи?

— «Мерседес». Қора рангда. Орқа ойнасига ҳам қора парда тортилган. Олд ойна тепасида шернинг ҳайкалчаси осиб қўйилган…

Қотилни қидириб топиш учун шуларнинг ўзи кифоя қиларди. Ниғмат руҳ билан тиллашишни бас қилди-да, унга чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, кетишга рухсат берди ва бақрайганча қолган икки милиционерга юзланди.

— Илтимос, энди бу квартирадан бир соатга чиқиб туринглар! Барибир айтилган маълумотлар бўйича ҳаракат бошлашингиз лозим. Мен ёлғиз қолишим керак.

— Тўғри, тўғри, — улар Ниғматнинг илтимосини инобатга олган ҳолда даст ўринларидан туриб, йўлак томон юришди. Юра эса сал орқароқда қолиб Ниғматнинг елкасига қоқди.

— Сиз кечгача уйдасиз, — деди у кулимсираб. — Мен дўстимга қотилни топишда ёрдам бервораман. Қолган гапларни кечқурун гаплашаверамиз! Ишингизни бемалол амалга ошираверинг! Яхши қолинг!..

Ниғмат милиционерлар чиқиб кетгач, баланд овозда қалбига илтижо қилди.

— Ўтинаман, энамнинг руҳиниям чақирайлик! — деди у йиғлагудек бўлиб. — Биласан-ку, энамни жуда соғинганман!

— Бошла! — буюрди қалби. — Биз учун йўл очиқ! Вужудингга чиппа ёпишган дард, ситамларни энангга тўкиб сол, енгил торт!

Ниғмат қайтадан илгариги ҳолатга кирди. Орадан бир неча ўн сония ўтиб-ўтмай, кўз ўнгида онасининг маҳзун қиёфаси жонланди. Ҳа, у аниқ кўриб турарди. Онаси оппоқ либосда, сочларини чиройли турмаклабди. Қошларига ўсма тортибди. Худди ўлмасидан бурунгидек маъюс кулимсираганча Ниғматга тикилиб турибди.

— Энажон, эна! — деди беихтиёр қон йиғлаб Ниғмат. — Овоз беринг, энажоним, овоз беринг! Мени ташлаб қаерларга кетдингиз?

— Вой, ўзимнинг кап-катта болажоним ҳам йиғлайдими? — мулойимлик билан сўз қотди энаси. — Йиғлама, қўзим, йиғлама! Менам ҳозир йиғлавораман-ку! Мен йиғласам кўз ёшларим дарё бўлади. Ҳаммаёқни дард, ситам, алам босади. Ундай қилма!

— Эна, ўгай отамни ўлдириб қўйдим! — деди йиғлашдан ўзини тия олмай Ниғмат. — Шундай қилишга мажбур бўлдим. Кечиринг, эна, кечиринг! Сизни ҳақорат қилишига чидай олмадим.

— Ўзимнинг тўғрисўз боламдан ўргилай, — деди онаси Ниғматни эркалаб. — Мени ҳимоя қилибсан, раҳмат! Аммо ўзингни бунчалик қийнайверма! Ўгай отанг ўлмаган. Сен уни ўлдирмагансан.

— Нима? Қ-қанақасига? Ахир…

— У ногирон бўлиб қолган холос. Лекин сени кечирган. Гинаси йўқ. Шундай экан, ўзингни қийнаб сиқилма! Бўлди, болажоним! Вақт бўлди! Кўп гапириб бошингни қотирмай! Ҳали сен каттакон одам бўп кетасан! Шунда-чи, ёлвораман, қабрим устига мармартош қўйдиргин! Суратимниям қўй!

— Эна, яқин орада албатта илтимосингизни адо қиламан! — ҳайқирди Ниғмат кўз ёшларини енгига арта-арта. — Мен сизни ҳеч қачон унутмайман! Ҳамиша қалбимнинг тўрида бўласиз! Лекин сизданам бир илтимосим бор.

— Айтақол, қўзим, айтақол!

— Чақирганимда бош тортмай келсангиз-у, баъзи-баъзида бўлсаям тиллашиб турсак дейман. Ишонинг, сиз билан тиллашиш менга қанот беради, куч бағишлайди, дардларимни, армонларимни аритади. Сизга сўз бераман. Мен ўла-ўлгунимча адолат қарор топиши учун тер тўкиб яшайман. Адолатсизларнинг додини бераман! Тўғри сўзлайдиган, мағрурларнинг ёнини оламан. Ҳеч қачон бировнинг қонини тўкмайман! Ишонинг!

— Ишонаман сенга, ишонаман! Қўзим, қишлоққа бор, ўгай отангдан узр сўра! Ҳарқалай ўгай бўлсаям отанг эди! Қари одам. Қарғаб қўймасин сени! Майли, уни кўришга кўзинг бўлмасин, дилингда қарға, ҳақорат қил, аммо бир оғиз узр сўраб қўйишни унутма! Сени қарғасалар, сен азият чексанг, гўримда тик тураман-а, қўзим!

— Хўп, эна! Айтганларингизни тез кунда адо қилганим бўлсин! Мени унутманг! Уёқларда сиқилмай, хафа бўлмасдан юринг! Энажоним ўзимнинг! Ўзимнинг Момоҳавомсиз, эна!

Шу сўзларни тилига кўчиргани заҳоти Ниғмат ҳушига келган бемор каби беихтиёр кўзларини катта-катта очиб хона ичкарисига назар ташлади.

Хаёлида боягина ўтказган сеанси, ундан кейин онаси билан тиллашгани қайта жонланиб, вужуди титради.

Шоша-пиша кўзгу ва шамларни қўлига олди-да, балконга чиқиб кетди.

 

* * *

 

Марҳума онаси билан бўлган суҳбатдан сўнг Ниғмат ўзининг аслида кимлиги, қандай қудратга эга эканини янада чуқурроқ англай бошлади. У энди илгаригидек милиция таъқиби, бирор кор-хол бўлишидан чўчимай қўйди. Аксинча, ўзига бўлган ишончи ортди. Дунёга кўзларини янада каттароқ очган ҳолда боқа бошлади. Шу аснода онасига берган ваъдасини қайта-қайта ёдга олиб, руҳан йўлга отланди. Юра, терговчига нималар дейиш ҳақида ўйлаб олди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, квартирага Юранинг ўзи кириб келди. Бу Ниғмат учун айни муддао эди. Сира тап тортмай мақсадга ўтди.

— Мен қишлоғимга бориб келмасам бўлмайди, — деди у Юранинг сўз бошлашини кутишга тоқати етмай. — Ишонинг, мен онамга сўз бердим. Зудлик билан бориб қабрига мармартош қўйишим шарт. Онам безовта бўляпти экан.

— Қаршилик йўқ, — деди кулимсираб Юра. — Ўзим ҳам сизга шу тўғрида баъзи нарсаларни айтмоқчи бўлгандим. Ҳозир ҳам шу ниятда келгандим.

— Нималарни? — Юрага тик боқди Ниғмат. — Тинчликми ишқилиб?

— Ҳа, тинчлик, — деди бош эгиб Юра. — Сизга янги харидорлар чиқиб қолди.

— Нима? Менга харидор? Кечирасиз-у, мен сотиладиган буюм эмасман.

— Йў-ўқ, шунчаки ҳазиллашдим, — деди Юра Ниғматнинг елкасига қўл қўйиб. — Аслида гап бошқа ёқда.

— Қаёқда?

— Узр, буни сизга айта олмайман ҳозир. Ўзингиз кейинроқ билиб олаверасиз.

— Мени қамоққа олишмоқчими? Қотилликда айблашмоқчими барибир?

— Худо асрасин! Гап сизнинг келажагингиз ҳақида боради. Ҳеч ким сизни қамоққа олмоқчимас.

— Хайрият, — Ниғмат ичига туфлаган бўлди-да, оғир хўрсинди. — Мен бўлсам, ваъдангизда турмасмикансиз деб қўрққандим.

— Хўш, қачон йўлга чиқишни хоҳлайсиз? — сўради Юра гапни кесиб. — Бугунми?

— Иложи бўлса бугун. Тезроқ бориб қайтганим яхши.

— Унда ўзим сизни кузатиб қўяман. Ҳозир менинг ишхонамга бориб кассадан хизмат ҳақингизни оламиз-у, тўғри самолётга…

— Самолёт? — ҳайрон бўлиб Юрага боқди Ниғмат. — Нега? Поезд ҳам бўлаверади.

— Шошиляпсиз-ку! Демак, самолётда кетганингиз маъқул-да! Юринг!

Ниғмат апил-тапил керакли буюмларини қўлига олди-да, Юрага эргашди.

 

* * *

 

Она юрт соғинчи Ниғматдек совуққон, қаҳри қаҳратон изғиринидан-да қаттиқроқ йигитнинг юрагини ҳам ўртамай қолмади.

У Юранинг машинаси орқа ўриндиғида кетиб борарди-ю, ҳалитдан ўзи қачонлардир елиб-югуриб турли ўйинлар ўйнаган қум кўчаларни, қулоғига садарайҳон қистирган момоларни, мажнунтол новдасини сочига илган қизларни, баҳор келди дегунча бағри лойқа сувга тўлиб оқувчи ариқни қўмсар, қўйиб беришса, қанот бойлаб учганча бир зумда ўша қадрдон манзилга етиб олгиси келарди. Айни паллада гўё дунёни унутган, милиция, терговчи, шаҳарнинг серқатнов кўчаларидан хаёлан жуда-жуда олисларда эди. Афсуски, манзилга етиб келишгач, терговчи уларни тўхтатди. Юрадан Ниғмат жўнаб кетиши лозимлигини эшитгани ҳамоно бош чайқай-чайқай, дўстини четга тортди. У биларди, сезарди, Ниғматдан сир яшириб бўлмайди. Қулоқлари билан эшитмаган тақдирда қалбан уларни тинглай олади. Барибир Юрани четга тортиб қулоғига пичирлай бошлади.

— Кечирасан-у, қовун тушириб қўйдим, — дерди терговчи қовоқ уйганча. — Билардинг-ку, хавфсизлик хизматида подполовник танишим бор. Ўша билан боя ўтириб тушлик қилгандик…

— Хўш, тушлик қилган бўлсанг бизга нима? — деди Юра ҳеч нарсани тушунмай. — Нима бўпти?

— Тушлик қилиб ўтириб пича-пичадан ичдик. Ичиб ўтириб мен аҳмоқ анави экстрасенсинг ҳақида гуллаб қўйибман.

— Нима? Жинни бўлганмисан? — бу гапни эшитган Юра беихтиёр бақириб юборди. Аммо дарров ўзини босиб овозини пасайтирди. — Ўзимиздагилар унга оғиз солишганини, бошқа бўлимларгаям ёрдам беришини айтгандинг-ку! Келишиб олгандик-ку! Биласанми улар қанақа одамлар? Вей, расво қилибсан-ку! Нонимизни яримта қилибсан, аҳмоқ!

— Кечир, билмай қолдим. Оғзимдан чиқиб кетибди. Ярамас тушунмай қолди деб ўйловдим. Бирдан суриштиришга тушиб қолди. Мен бўлсам… Ахир, қўймасди! Барибир айттирарди.

— Хўп, биз нима қилишимиз керак? Мақсадга ўт!

— Укахонинг қишлоғига бормай туради энди. Бугун подполковник уч-тўртта экстрасенсни йиғиб танлов ўтказармиш. Танловда ютгани… Ўзингга маълум, ўшаларга ишлайди.

Юра азбаройи жаҳли чиққанидан терговчининг қўлини елкасидан зарда аралаш олиб ташлади-да, нари кетди. Эшик яқинига бориб тағин ортга қайтди ва чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди.

— Сира ақлинг кирмасакан-да, — ғудранди у машинага суянганча тек турган Ниғмат томон кўз ташлаб. — Билиб туриб-а, билиб туриб!

— Намунча қайғурмасанг? Ниғмат бизгаям ёрдам бераверади. Хавфсизликдагилар ёвмас-ку ҳарқалай бизга! Михлаб қўймас кабинетига!..

— Барибир расво қипсан! Ҳамма ишнинг дабдаласини чиқарибсан.

— Хафа бўлаверма! Ҳаммаси яхши бўлади… Агар рухсат берсанг, мен укахонингни ўша ерга олиб борсам. Икки соатдан кейин бошланаркан танлов.

Юра қўл силтаганча «Билганингни қил» дегандек, Ниғмат тарафга қараб юрди.

— Укам, зарур ишлар чиқиб қолди, — деди у Ниғматга яқинлашиб. — Кетишни сал кейинга суриб турасиз шекилли.

— Тушунаман, — деди гап нимадалигини аллақачон англаб улгурган Ниғмат. — Ҳаммасидан хабарим бор.

— Йўғ-э! — Юра азбаройи ҳайратланганидан кўзлари чақчайиб бир Ниғматга, бир терговчига аланглади. — Қ-қанақасига?..

— Сиз менинг кимлигимни ҳалиям яхши билиб олмабсиз шекилли, — деди бу гал Ниғмат ўзгача виқор билан. — Биринчи кун бирга юрмаяпмиз-ку, ака!

— Ҳ-ҳа-я, — кулимсираган кўйи бир қадам ортга тисланди Юра. — Эсимдан чиқай дебди, узр!.. Хуллас, мендан хафа бўлиш йўғ-а?

— Йўқ, албатта, мен сиздай одам билан танишганимдан жуда мамнунман. Нима хизмат бўлса, қўлимдан келганча ёрдам бераман доим.

— Раҳмат-э! Ҳеч бўлмаса сиз хурсанд қилдингиз-а! Хуллас, ҳозир терговчи акангиз билан бир ерга борасизлар. Кечқурун эса меникига келаверинг! Тортиниб ўтирманг!

— Хўп бўлади! Унда кўришгунча!

Юра гарчи аламига чидай олмаётган бўлса-да, Ниғматнинг сўнгги сўзларидан ҳийла эриб хайрлашиш учун қўл узатди ва дарҳол ортга ўгирилиб кабинетига кириб кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc