Ҳалол туризм учун энг қулай мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон нечинчи ўринда?

0

Crescent Rating компаниясининг Master Card билан ҳамкорликда 2017 йил учун тузган рейтингида ҳалол туризм учун энг қулай мусулмон мамлакатлари ичида Ўзбекистон 28-ўринни эгаллади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Манба хабарида қайд қилинишича, рўйхатда Малайзия биринчи, БАА иккинчи, Индонезия учинчи ўринни эгаллаган.

Дунёда зиёрат туризмининг йиллик ҳажми 151 миллиард долларга тенг. Дунёдаги меҳмонхона бизнеси пешқадамларидан бири — Rezidor Hotel Group компаниясининг маълумотларига кўра, яқин 10 йил ичида Ҳалол туризм ҳажми йилига 20 фоиздан ошиб боради.

Глобал тўлов тизимининг кўзга кўринган вакилларидан бири — Master Card компаниясининг HalalTrip туристик портали билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотига асосан, 2030 йилга бориб, 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган дунё ёшларининг учдан бирини мусулмонлар ташкил этади. Бугунги кунда бу ёшдагилар йилига 2—5 марта, ўртача 4— 6 кунлик саёҳатга чиқмоқда. 2025 йилга келиб, ёш мусулмонлар дунё бўйлаб саёҳатлар учун йилига 100 миллиард доллардан кўпроқ миқдорда пул сарфлаши башорат қилинмоқда.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Исроил ва Япония фуқаролари учун визасиз ташриф тартиби жорий этилган. 51 та мамлакат фуқароси учун визалар расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ва муддати 2 иш кунигача қисқартирилди. Тошкент халқаро аэропорти хизмати Жанубий Кореядан мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқилди ва унинг фаолияти тубдан ўзгартирилди. Натижада сайёҳлар Ўзбекистон аэропортларидан чиқишга 4 баробар кам вақт сарфлайдиган бўлди.