НАҲС КАСОФАТИ… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

Чиркин амалларни қилиш, бировларни алдаш, чув тушириш, айниқса, наҳс ботқоғига ботиш қанчалар оғир гуноҳ эканини Обид жуда яхши биларди.

Бироқ ҳою ҳавас, енгилтаклик уни нуқул шайтон кўчасига бошлайверди.

Оқибатда эса…

 

* * *

 

Обид Норбой аканинг Худодан тилаб-тилаб олган ёлғиз фарзанди эди. Шунинг учун ҳам Норбой ака катта дўконда савдо қилиб топган пулини ундан аямасди. Ўн беш ёшида туғилган кунига “Ласетти” машинаси совға қилди. Йигирмага етганда, кексайиб қолаётганини рўкач қилиб дўконни унга топшириб қўйди.

Аммо “бели оғриб пул топмаганнинг нон ейишини кўр” деганларидек, Обидга дўкондаги икир-чикирларнинг деярли қизиғи йўқ эди. “Отам қараб турибди-ку, шу одамнинг даврида пича ўйнаб қолай-да!” деган ўйда фақат айш-ишратга муккасидан кетди.

Ҳарқалай, атрофида таниш-билишлари, дўстлари кўп. Бир кун ресторанда ўтиришса, иккинчи куни қайсидир даллолга қўнғироқ қилиб, қизларнинг “кетворган”ларига буюртма беришади.

— Бу дунё ўтади-кетади, — дейди доим Обид улфатларига. — Менинг давримда ўйнаб қолларинг!.. Фақат раъйимни қайтарма! Жаҳлим чиқади!

Шу гапини якшанба кунларидан бирида шаҳарнинг нуфузли чойхонасида палов еб ўтириб ҳам гапирди. Гапнинг мағзини чақиб ўрганган улфатлар дарров Обиднинг ниятини англашди. Демак, бугун ошдан сўнг албатта қизларга борилади.

Бахтга қарши, тўрт улфат ҳам то тарқалгунларича маст бўлиб қолишди. Обид қанча қистаб, судракламасин, уларни оёққа турғазиб бирор ёққа олиб боришнинг иложи бўлмади.

Ҳафсаласи пир бўлган Обид охири барчаларини машинасида уй-уйларига тарқатди-да, Назокатхон деган даллол аёлга қўнғироқ қилди.

— Назокат, менга ўтган сафаргиданам зўрлари керак. — деди ғўлдираб. — Эшитяпсанми-йўқми?..

— Сиздай одамнинг гапини эшитмай қолиб бўларканми? — ялтоқланди Назокат. — Бемалол қоладиган бўлиб келаверинг! Унгача мен сизга ёқадиганини топиб, қозонга жиз-биз ташлаб қўяман.

— Яхши, келишдик. Хайр!

 

* * *

 

Обид йўл-йўлакай дўконга кириб бир шиша коньяк, майда-чуйда егуликлар харид қилди-да, Назокатнинг шинамгина квартирасига етиб келди.

Бу аёл қўшмачилик билан шуғулланса-да, уйини жуда ораста тутарди. Мана шу жиҳати Обидни лол қолдирар, ёғ томса ялагудек қилиб артилган жиҳозларга боққанда ҳайратдан ёқа ушлай дерди.

— Ў, бозор-ўчар зўр-ку! — Назокат ноз аралаш ўптириш учун юзини Обидга тутиб халтачага ишора қилди. — Овора бўлибсиз-да! Ҳамма нарса бориди.

— Меники бошқа. — деди Обид уй ичкарисини қайта-қайта кўздан кечириб. — Қани менга аталгани? Тезроқ кўрсатсанг-чи!

— Намунча шошқалоқсиз? — нозланди Назокат. — Менданам зўрроғини қайдан топасиз?

— Гапни кўпайтирма! — даҳанаки дағдаға қилган бўлди Обид. — Сени бошимга ураманми? Бўл тез, ҳазилга тоқатим йўқ!

— Ҳазиллашдим-да! — кулди Назокат зални кўрсатиб. — Ҳов анави хонада беркиниб ўтирибди қушчангиз. Тағин учиб кетиб қолмасин деб устидан қулфлаб ҳам қўйганман.

— Жа қувсан-да, Назо! — силкиниб кулди Обид. — Эски бузуқилардансан-да! Шунинг учун тажрибанг зўр!

— Ажаб бўпти! — Назокат Обиднинг бу тахлит масхараомуз кинояларига кўникиб кетгани сабабли гўёки хафа бўлган каби лаб бурди ва шоша-пиша халати чўнтагидан калит чиқариб зал эшигини очди.

Обид ичкирига кирди-ю, қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида ярим яланғоч ҳолда Нафиса исмли суюқоёқ турарди.

— Сен?.. — Обид сал кайфи тарқагандек, кўзларини каттароқ очиб Нафисага яқинлашди. Шу аснода яқин ўтмишдаги ҳодисалар кўз ўнгида жонланиб совуқ тиржайди.

— Ҳа, мен, — деди Нафиса гинали оҳангда. — Кўрдингизми, ўша куни мени кайфингиз ошиб нималар деб ташлаган бўлсангиз ҳам барибир келдим.

— Ўзингам жа ҳаддингдан ошгандинг-да! — дея қўл силтаб қўйди Обид. — Жаҳлимни чиқарма дейман-у ҳар сафар!

— Ўша жаҳл биздаям бор. Сиз ҳақорат қилмаган ҳеч кимим қолмади. Лекин онамни ҳақорат қилганингиз менга жуда оғир ботди…

— Кечир мени! — деди Обид. — Маст эдим… Эслолмайман…

— Кечирмайман.

— Нега?.. Унда нимага келдинг?

— Сиздан ўч олишга келдим.

— Шунақами? Хўп, қандай ўч олмоқчисан? Урасанми?..

— Йўқ, нархимни оширганман.

— Ў, зўрсан-ку!.. — Обид Нафисанинг белига қўл юборди. Лекин у дарров ўзини четга олди.

— Олдин шартимни эшитинг! — деди Нафиса ҳиринглаб. — Рози бўлсангиз, ундан кейин қўл чўзасиз.

— Бўпти, — норозиланган кўйи лаб бурди Обид. — Айт, қанчага оширдинг жа?

— Юз долларга, — деди Нафиса. — Бундан бир тийинам ками йўқ.

— Жа ҳаддингдан ошиб кетгансан-да! — Обид уф тортиб сал ортга чекинган бўлди. — Агар чиройли бўлмаганингда, шу гапинг учун тилингни суғурволардим.

— Тилимни суғурадигани ҳали туғилмаган.

— Хўп, — гапни кесди Обид. — Бўл тез, вақт зиқ!

— Олдин пулни чиқаринг! — қўлини олдинга чўзди Нафиса. — Биласиз-ку, нақдига юраман!

— Ма, ол заҳрингга! — Обид шундай деб чўнтагидан бир дона кўкимтир долларни чиқарди-да, Нафисага узатди. — Энди тезлаштир!

— Вой, бир қадаҳдан коньяк ичмаймизми? — сузилди Нафиса. — Учрашувни ювайлик, жоним!

— Шунақами? Тўғри айтасан! Ҳозир, шошмай тур!..

Обид чопиб ошхонага чиқди. Назокат қаергадир чиққан шекилли, уй ичи жимжит эди.

У шишадаги коньякни қўлига олиб залга қайтди ва иккита қадаҳга яримлатиб ичкилик қуйди…

 

* * *

 

— Сиздан барибир ўч оламан! — кайфи тобора таранглашиб бораётган Нафиса Обиднинг пинжига кириб юзига секин шапатилаб қўйди. — Ўша кунги гапларингиз учун адабингизни бераман!

— Сен-а?.. — Обид икки-уч қадаҳ коньякдан сўнг ғирт маст бўлиб қолганди. Суюқоёқнинг томоғини чангаллаб диванга ётқизди. — Ҳозир… кўрсатаман сен ҳурилиқога!..

— Вой, томоғимни қўйворинг! — кутилмаганда хириллади Нафиса. — Жиннимисиз? Қўйворсангиз-чи, ўлдириб қўясиз!..

Обид эса гўё унинг типирчилашидан лаззатланаётгандек нозик томоқни маҳкамроқ қисарди.

У ҳеч нарсани идрок эта олмай қолганди. Хаёлан ҳазиллашяпман деб ўйларди-ю, Нафисани қаттиқроқ бўғар, ўз ишидан ҳузур қилиб куларди…

Бу жараён икки-уч дақиқа давом этдими-йўқми, Нафисанинг юзлари кўкимтир тус олиб, кўзлари олайди ва индамай қолди…

Хонага чўккан сукунат беихтиёр Обиднинг ҳушини ўзига келтирди.

У сакраб ўрнидан турди-да, бир муддат қимирламай ётган Нафисага худди иштонини ҳўл қилган бола каби бўзрайиб қараб қолди.

Шу орада ичкарига Назокат кириб келди.

У ҳеч нарсадан бехабар ҳолда тўғри Нафисанинг тепасига келди-да, бор овозда қичқирди.

— Ие, бу нима ётиш? Тура қолинг энди, хонимча!..

Жавоб бўлмагач, Обидга юзланди.

— Вой, нега рангингиз оқариб кетди?.. Нима бўлди?.. Нафиса нега ғалати ётибди?..

Обид аста ортга тисланди-да, лаблари титраб кўрсаткич бармоғини диван томон ўқталди.

— Ў-ўлдириб қўйдим шекилли. — деди у дудуқланиб ва жазава ичида бақириб юборди. — Мен уни ўлдириб қўйдим, Назо!.. Билмай қолдим! Ҳазиллашгандим, ўлай агар, ҳазиллашгандим холос!..

 

ХОТИМА ЎРНИДА

 

Ҳақиқатан, Нафиса оламдан ўтганди. Уй бекаси бўлмиш Назокат сал ўзини тутиб олгач, зумда “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилди.

Ҳаш-паш дегунча қўни-қўшнилар йиғилишди. Милиция, прокуратура ходимлари етиб келишди.

Кўза кунда эмас, кунида синади дейишганидек, наҳс Обиднинг қаддини букди.

Суд ҳукми билан узоқ муддатга қамалиб кетди.

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: