Ниҳоят! Қозоғистонда 52 нафар ҳамюртимизнинг ўлимига сабаб бўлган автобус ёнғини ҳақидаги иш судга жўнатилди

0

Қозоғистоннинг Ақтобе вилояти прокуратураси январь ойида 52 нафар Ўзбекистон фуқароларини ўлимига олиб келган автобус ёнғинига оид ишни судга оширди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратурасининг матбуот хизмати маълум қилди.

ТАССнинг хабар беришича, 3 нафар автобус ҳайдовчиси ва транспорт воситасини рейсга чиқишидан аввал техник кўрикдан ўтказган “Азия транзит сервис» масъулияти чекланган жамиятининг 2 ходимига нисбатан айблов илгари сурилмоқда.

Жамият асосчисининг ҳаракатлари тижорат ташкилотларида вазифаларини лозим даражада бажармаслик, била туриб, икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган носоз автотранспорт воситасидан фойдаланганлик ҳамда расмий ҳужжатларни сохталаштириш деб таърифланмоқда. Механикнинг ҳаракатлари эса икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган носоз автомобилнинг эксплуатациясига рухсат бериш деб таснифланган. Автобус ҳайдовчилари икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг ўлимида ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганликда айбланишмоқда.

Суд томонидан автобус ҳайдовчиларига нисбатан судгача вақтинчалик қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, механик эса гаров тўлаш имконига эга. Автобус ҳайдовчисига халқаро қидирув эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 18 январь куни соат 10:30 да Ақтобе вилоятининг Иргиз туманида “Самара – Чимкент” йўлининг 1068 километрида, Калибай посёлкасидан 10 км масофада “Икарус” автобуси ёниб кетган эди. Автобус салонида 55 йўловчи ва икки нафар ҳайдовчи бўлган. 52 киши фожиа жойида қурбон бўлган. Автобусда кетаётганлардан фақат 5 киши омон қолган. Улардан уч нафари Қозоғистон фуқароси, ҳайдовчилардир. Шунингдек, икки нафар йўловчи ҳам фожиа вақтида ёнаётган автобусдан чиқишга муваффақ бўлган.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: