ҚАРОҚЧИ… (26-қисм)

0

 

* * *

 

Ниғмат энди терговчининг хизмат машинасига ўтирди. Шу тобда унинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Ўзи хоҳлаганидек яшай олмаётгани, мустақил қарор чиқаришга ҳақсизлиги, ожизлиги алам қиларди. Бахтга қарши, у ўзининг мусофирлигини унутиб қўймабди. Шу ўй Ниғматга пича тасалли бергандек, овутгандек машина ойнасидан ташқарига ҳиссиз тикилганча жим кетаверди.

Терговчи ҳам йўл бўйи бир оғиз сўз демади. Радиодан таралаётган ёқимли мусиқани бош қимирлатганча тинглаш билан банд бўлди.

Ниҳоят машина чор тарафи баланд девор билан ўралган улкан бино рўпарасига келиб тўхтади. Марказий кириш эшигида қуролли аскарлар турар, кириб-чиқаётган ҳар бир одам, машина обдон текшириларди.

— Сиз машинада ўтириб туринг, — деди терговчи ортга ўгирилиб. — Мен дарров чиқаман.

Ниғмат унга жавобан бош қимирлатиб қўя қолди. Она қишлоғига эртами-кечми барибир боришини билса-да, аламини шу йўл билан тўкиб солган бўлди.

«Пешонамга турма-ма турма юриш ёзилганми нима бало? — ўйларди у бир-биридан совуққон аскарларга зимдан кўз ташлаб. — Энди маразларнинг энг каттаконлари турадиган ерга олиб келишди. Улар нима каромат кўрсатишаркан?»

— Сени олдинда жуда катта ишлар, шон-шуҳрат кутяпти, — беихтиёр тилга кирди қалби. Ички овоздан ҳатто Ниғматнинг ўзи ҳам бир қалқиб кетди.

— Қанақа катта иш экан ўзи? — қизиқсинди йўлига Ниғмат. — Ҳозир қишлоққа боришданам каттароқ иш йўқ мен учун.

— Қишлоққа эртага борасан. Бу ернинг қандай жой эканини биласанми ўзинг? Манаман деганиям бундай ерларга кира олмайди. Ишлашни-ку гапирмасаям бўлади.

— Мен аллақачон билиб бўлганман, — деди Ниғмат. — Асабимни бузиб, ортиқ қийнайверма! Ўлиб кетмайдими!?.

— Танлов ўтказилишиданам хабаринг борми?

— Унисиданам хабарим бор. Чунки сен кўксимдасан. Қандай хабарим бўлмасин?!. Майли, ҳарқалай эртага қишлоғимга кетарканман-ку! Қолганлари чикора.

Ҳаш-паш дегунча терговчи ичкаридан чиқиб келиб, машинанинг орқа эшигини очди ва майин жилмайди.

— Қани, укам, тушинг, — деди у бино томон ишора қилиб. — Ҳозир сизни ичкарига олиб кираман. Қолган гапларни Юраникида гаплашамиз. Мен сизга киргандан кейин ортиқча гаплар гапириб ўтирмайман. Тушунасиз-ку!

— Албатта, албатта, — деди Ниғмат терговчига сирли тикилиш қилиб. — Ҳар ҳолда бу жойларнинг нималигини биламан. Хотиржам бўлинг! Сизни уялтириб қўймайман!

— Баракалла! Омадингизни берсин!

Шундан сўнг Ниғмат терговчига эргашганча бино ичкарисига йўл олди.

 

* * *

 

Йўлак, кабинетлар жуда ораста эди. Бу ерда милиция бўлими, турмадаги каби шовқин-сурон ҳукм сурмас, уёқдан-буёққа ўтаётган офицерлар, аскарлар, фуқаро кийимидагилар бир-бирлари билан паст овозда сўрашишарди.

Ниғматга айниқса бу ердаги орасталик жуда хуш келди. Ичкарида пашша учмас, ёқимли ис димоққа урилиб, дарров кайфиятни кўтарарди.

Терговчи уни ўнгдаги каттакон хонага бошлаб кирди. Хона афтидан мажлислар зали бўлса керак, минбар, орқада қатор курсилар тартиб билан териб чиқилибди. Ҳар-ҳар ерда олти чоғли аёл, эркаклар ўтиришибди. Кўринишидан уларнинг ёши Ниғматга нисбатан улуғроқ туюлди.

Минбарда эса фуқаро кийимидаги, ёши элликларга борган, калбош бир эркак турар, ўтирганларга нималарнидир уқтирарди. Улар киришгач, у сўзлашдан тўхтади-да, Ниғматга ер остидан қаттиқ тикилиб олди.

— Ўртоқ подполковник, мана, олиб келдим сиз сўраган йигитни! — дея жимликни бузди терговчи. — Уни сизнинг ихтиёрингизга топшираман!

— Жуда яхши-и, — деди чўзиб подполковник ҳамон Ниғматдан кўз узмай. — Қани, йигит, ичкарига ўтириб жойлашаверинг!

Ниғмат ўтиришга шошилмади. Билдики, ўтирганларнинг ҳаммаси ўзи каби экстрасенслар. Шу сабалли қалб сўзига қулоқ тутган кўйи ўтирганларга кўзларини қисган ҳолда термилди. Шу ҳолатда тахминан бир дақиқача тек турди.

Шунда… Кутилмаган ҳодиса юз берди…

Аввалига бошига жун рўмол танғиб олган юмалоқюз аёл, кетидан сочлари оппоқ, чамаси подполковник тенги бир эркак ўрнидан сапчиб турди-ю, бошини чангаллаганча ерга энгашиб олди ва нималардир дея инграй бошлади. Инграш узоққа чўзилмади. Ҳали қолганлар гап нимадалигини англаб уларга кўмак бермай туриб икковлари ҳам ўринларига ўтиришди-да, бошларини орқага ташлаб юборишди.

Зумда зал ичининг тўс-тўполони чиқди. Кимдир қўл телефонини олиб «Тез ёрдам»га қўнғироқ қила бошлади. Яна кимлардир ҳушидан кетган эркак ва аёлнинг тепасида парвона бўлди. Ниғмат эса совуқ кулимсираганча жим турар, тўполоннинг барҳам топишини кутарди.

Орадан ўн дақиқа вақт ўтиб ҳақиқатан тўполон барҳам топди. Ўзини ёмон ҳис этганларни ташқаридан келган врачлар оёққа турғазди. Жун рўмол танғиган аёл эса ҳушини йиғиб олди дегунча подполковникка қараб бақира бошлади.

— Бу кетсин! Кетсин!..

Подполковник эса кулмоқдан бери бўлар, аёлнинг талабини адо этишга хоҳиши йўқлиги кўз қарашларидан аниқ-тиниқ сезилиб турарди.

— Энди менга яхшилаб қулоқ солинг, — барча тинчланиб, залга жимлик чўккач, подполковник ўтирганларга мурожаат қилди. — Сизларни олдинда ўта жиддий танлов кутяпти. Шу танлов келажагингизни белгилаб беради десам ишонаверинг! Фақат айтиб қўяй, орангизда ҳасад, ғараз бўлмаслиги зарур! Мен ҳов анави синглимни назарда тутдим. Ҳали кимнинг энергетикаси кучли-ю, кимники заифлигини аниқлаб оламиз. Қисқаси, беш дақиқадан кейин танловни бошлайман! Огоҳлантириб қўяй, орангиздан фақат бир кишини, энг кучли, қобилиятлингизни танлаб оламан.

Барча бараварига унинг сўзини маъқуллади. Шулар қаторида Ниғмат ҳам ер чизган ҳолатда бош қимирлатди…

У билдирмайгина атрофидагиларга назар ташлади. Барчалари кучли ҳаяжонда эдилар. Баъзилар ҳеч кимга эътибор қилмай кўзларини юмганча ўзича қандайдир дуоларни ўқишга тушиб кетган, айниқса энг четда ўтирган бир эркакнинг аҳволи жуда кулгили эди. Эркак бошини баланд кўтарган ҳолда шифтга қараб олган, қур-қур бошини айлантириб-айлантириб қўяр, шу орада икки қўли ҳам баравар юқорига кўтарилиб-кўтарилиб тушарди.

Ниғмат кулгиси қистади-ю, базўр ўзини тўхтатиб, юзини терс бурди ва танлов бошланишини кута бошлади…

Ниҳоят подполковник сумкасидан бир талай фотосуратларни чиқариб стол устига қўйди ва ўтирганларга юзланди.

— Стол устига ўн беш дона жажжи ўғил ва қиз болаларнинг суратлари қўйилган, — деди подполковник босиқлик билан. — Шулар орасида фақат биттаси бугунги кунга келиб ўта хавфли рецидевистга айланган. Ўйлайманки, бу сўзнинг маънисини тушунасиз. Сизларнинг вазифангиз ўша суратни менга топиб беришдан иборат бўлади. Хўш, вазифа тушанарлими? Қийин эмасми?

Ўтирганлар бош қимирлатиш билан жавоб қилди.

— Жуда соз, — деди подполковник. — Унда шарт шундай бўлади. Ҳамма жимлик сақлаши лозим. Битта-биттадан чиқиб жуда қисқа муддат ичида зиммангиздаги вазифани адо қиласиз-у, ташқарига йўл оласиз. Лекин кетиб қолиш йўқ. Йўлакда менинг жавобимни кутасиз. Ҳамма имтиҳонни топшириб бўлгандан кейин сизларни қайтадан залга чақириб, натижани эълон қиламан.

Танлов бошланди. Олдин ўша жун рўмол танғиган аёл минбарга чақирилди. Ниғмат эса пинагини бузмасди. Чунки у ҳали суратни кўрмасданоқ қай бирига қўл юборишни яхши биларди. Шунинг учунми, имтиҳон топшираётганларни ҳиссиз кузатиш билан чекланди.

Чамаси ўн дақиқадан сўнг охирги иштирокчи минбарга чақирилди. У Ниғмат эди.

Ниғмат шошилмасдан юриб бориб, лаб тишлаганча подполковникнинг қаршисида тек қотди. Подполковник унга бир неча марта сирли, шубҳали нигоҳ ташлагач, суратларни стол устига ёйди.

Ниғмат танлов шартини яхшилаб эшитган, овоз чиқаришга ҳақсизлигини билади. Товуш чиқармаган ҳолда суратлардан бирини қўлига олиб подполковникка узатди.

— Ишончингиз комилми? — сўради подполковник Ниғматга янада сирлироқ боқиб. — Мабодо адашмаяпсизми?

— Адашадиган бўлсам, бу ерга олиб келишмасди, — деди Ниғмат жиддий оҳангда. — Мен айнан шу суратни танладим. Қарорим қатъий.

— Яхши, унда сиз ҳам йўлакка чиқиб тураверишингиз мумкин. Мен ҳозир ёрдамчиларимни чақириб, маслаҳатлашиб олай. Ундан кейин ҳаммангизни чақираман.

Ниғмат итоаткорона йўлакка чиқди. Эшикдан сал нарида бояги ўзини ёмон ҳис этган эркак ва аёл пичирлашганча суҳбатлашиб турарди. Ниғматни кўришгани ҳамоно ими-жимида нари кетишди.

«Булар жуда ҳасадгўй, ичи қора одамлар экан, — кўнглидан ўтказди Ниғмат. — Қора жоду билан шуғулланиши сезилиб турибди. Лекин энергетикаси кучлимас. Қилган жодуси элликка-эллик таъсир қилиши тайин… Эсиз умр!.. Нима қиларкан бу ерга овора бўлиб келиб?..»

Шу маҳал эшик шаҳд билан очилиб, подполковник йўлакка чиқди.

— Қани, ҳамма ичкарига кирсин! — деди у йўлакдагиларга бир-бир қараб. — Тезроқ бўлинглар!

Барчалари кириб жой-жойларига ўтиришгач, подполковник икки ёнидаги озғин, ҳарбий кийимли йигитларга навбати билан боқиб, мақсадга ўтди.

— Мана, кичкинагина танловимиз ҳам тугади, — деди у баланд овозда. — Ҳамма иштирокчилар баҳоли қудрат имтиҳон топширди. Нимаям қилардик? Буни омад, қолаверса, қобилият деб қўйишибди. Мени ва ёрдамчиларимни ҳайрон қолдириб, орангиздан фақат бир кишигина имтиҳонни аълога топшира олди.

Бу гапни эшитган олти иштирокчи безовталанган кўйи бир-бирларига қараб олишди. Подполковник бўлса аста юриб келиб Ниғматнинг қаршисида тўхтади.

— Мана, — деди у Ниғматнинг елкасига қўлини қўйиб. — Мана шу ёшгина, навқирон йигит ростданам кучли экстрасенс эканини исботлади. Очиғи, унга жуда қойил қолгандим. Ҳали иккитангиз ёмон бўп қолдингиз-у! Ўшандаёқ тан бергандим бу йигитнинг илоҳий қобилиятига. Тўғри, сал жаҳлим ҳам чиқди ўшанда. Негаки, атайин бу йигит рақибларига ёмон таъсир ўтказди деб хаёл қилдим. Хайрият, кўмакчилар бунинг сабабини менга тушунтириб қўйишди. Нимаям дердим? Зўр, барибир зўр-да! Йигит, сизни чин кўнгилдан табриклайман! Хавфсизлик хизматига хуш келибсиз!

Ниғмат подполковник кутганидек даст ўрнидан турди-ю, қўлини кўксига қўйиб қуллуқ қилди.

— Бу йигит қолсин, қолганларга рухсат! — барпала эълон қилди подполковник. — Келганингиз учун сизларгаям ташаккур айтаман! Омадингизни берсин! Сиз, укам, қани, мен билан юринг! Қолган гапларни менинг кабинетимда гаплашамиз!..

Ниғмат ичидан отилиб чиқаёзган хўрсиниқни базўр босиб, подполковникка эргашди.

 

* * *

 

Подполковник уни эргаштирганча йўлакни айланиб ўтиб, сўнгги эшикни очди ва «киринг» ишорасини қилди.

Ниғмат истар-истамас ичкарига қадам қўйди. Кабинет шинам ва сокин эди. Тўрдаги стол устига иккита телефон қўйилибди. Ёзги-қишки совиткич, музлаткич, телевизор ўрнатилибди. Фақат бир камчилиги бор эканки, Ниғмат буни кирган заҳотиёқ бирдан ҳис этди.

Негадир кабинетдан қаҳратон қаҳри каби ёқимсиз, унча-мунча одамга дарров сезилмас даражадаги ёввойи қувват уфурарди. Қувват Ниғматнинг нафасини бўғар ҳолатда оғир хўрсинишга, билинар-билинмас ўқчишга, кекиришга, бошини оғришга мажбур этди. Бироқ Ниғмат қаршисидаги бу ҳарбийга ички ҳолатини иложи борича сездирмасликка уринар, ўзини ниҳоятда хотиржам тутишга интиларди.

— Сизни яна бир марта муваффақият билан табриклайман! — деди ўзига тегишли курсига чўккач, подполковник совуқ кулимсираб. — Билиб қўйинг, бизнинг идора билан ҳамкорлик қилиш ҳар кимгаям насиб қилавермайди. Ё мамнун эмасмисиз?

— Н-нега энди? — сал тутилиброқ жавоб берди Ниғмат. — Мамнунман. Фақат мен айнан нима иш билан шуғулланишим лозимлигини била олмай турибман-да!

— Ҳали олдинда. — деди подполковник. — Аввал танишиб қўяйлик! Мени Тимофей Афанасьевич деб чақирасиз. Сиз учун шундайман. Унвонимни тилга олиб овора бўлмаганингиз маъқулроқ.

— Тушундим, Тимофей Афанасьевич, — дарҳол янги исмни тилга олди Ниғмат. — Мени… Танийсиз…

— Албатта. Биз ҳаммани таниймиз. Ернинг остида яшайдиганлариниям таниймиз, бўтам. Ишимиз шунақа.

Подполковникнинг худди шу гапи Ниғматнинг ғашини келтирди. Ўзини баланд тутиши, димоғдорликка шаъма қилгани унга эриш туюлди. Яна миқ этмади. Бу ўйинларнинг охирини кутишни дуруст билди.

— Энди мақсадга ўтсак, — дея аста ўрнидан қўзғалди подполковник. — Боя айтдим, сиз дастлабки танловдан жуда яхши ўтдингиз. Ҳатто, тан бердим десам, ишонаверинг! Лекин бу ҳали иш бошланади деганимас.

— Сабаб? — беихтиёр подполковникнинг сўзини бўлиб савол ташлади Ниғмат. — Билсак бўладими?

— Жа шошқалоқ йигит экансиз-ку-а? Эшитиб туринг-да! Хуллас, сиздан аввал ҳам ўн кишини йиғиб алоҳида танлов ўтазганман. Шулардан бировинигина танладим. Демак, энди сизлар икки кишисизлар. Тушундингизми?

— Бу икковлашиб ишлаймиз деганими?

— Йўқ-да, — кулимсираб қўйди подполковник. — Икковингизнинг орангизда яна танлов ўтказамиз. Бирингиз қолишингиз лозим. Ким кучли бўлса, кимнинг омади чопса, ўша биз зиммасига юклаган давлат миқёсидаги вазифаларни адо этади. Айтганча… Шуниям қўшиб қўяй, қилинган иш учун мўмай пул тўланади. Хўш, нима деб ўйлайсиз? Ютиб чиқишингизга ишонасизми?

— Буни келажак кўрсатади, — деди ясама камтарлик билан Ниғмат. — Танлов бошлансин-чи, пешонадагини кўрармиз.

— Ғалати йигит экансиз, — бошини сарак-сарак қилди подполковник. — Рақибингизгаям шу саволни бергандим. Дарров гапимни ёқамга ёпиштирди. «Ютаман, ҳар қандай рақибни синдираман» деди-я!..

— Кўрамиз, — деб қўйди Ниғмат ер чизиб. — Энди мен кетсам бўладими?

— Бўлади. Танлов келаси кун бўлиб ўтади. Мен Юрага айтаман. Ўзи етказиб келади сизни. Лекин айтиб қўяй, менинг рухсатимсиз шаҳардан ташқарига чиқмайсиз. Ижара квартирангизда танлов бошланишини кутасиз.

— Тушундим. Кетишга рухсат берсангиз!

— Кўришгунча!

Ниғмат шоша-пиша хайр-маъзур қилди-ю, ўзини ташқарига урди. Уни шу тобда танлови ҳам, подполковниги ҳам қизиқтирмасди. Бу ёқимсиз ва оғир қувватга эга бинодан чиқиб олса, эркин нафас ола бошласа кифоя эди.

Ниғмат кабинетдан ҳийла узоқлашди-ю, беихтиёр чопа кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here