Саудия Арабистонида овқатни исроф қилганларга жарима солиш режалаштирилмоқда

0

Саудия Арабистони маслаҳат кенгаши овқат исрофгарчилиги учун жарима тўланиши кўзда тутилган қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Ал-Арабия» телеканали хабар берди.
Ҳукумат қироллик бир неча йилдан буён аҳоли жон бошига озиқ-овқат чиқиндилари ҳажми бўйича жаҳонда етакчи бўлиб келаётганидан ташвишланмоқда.

Атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотига кўра, бир саудиялик йилига ўртача 250 кило маҳсулотни чиқитга чиқаради. Жаҳон ўртача кўрсаткичи эса йилига 115 килони ташкил этади. Озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан бундай муносабат давлат ғазнасига йилига 13 миллиард долларга тушади.

Телеканалнинг маълумот беришича, қонун лойиҳаси Саудия жамиятида оқилона истеъмол маданиятини шакллантиришни кўзда тутади. Мазкур ташаббус муаллифлари агар ресторан мижозлари еб тугатмаган овқатларнинг умумий оғирлиги 1 килодан ошса уларга таом нархининг 5 фоизидан 20 фоизигача жарима солишни таклиф этишмоқда. Агарда мижозлар ошиб қолган овқатни ўзлари билан олиб кетишса жарима тўлашмайди. Бу айниқса тўйлар, ифторликлар ва меҳмонхоналардаги швед столлари ташкилотчиларига тааллуқли бўлади. Одатга кўра араб мезбонлар ўз бойликларини кўрсатиш учун меҳмонларни кўплаб таом билан сийлашни хуш кўришади. Кўпинча овқатлар, мева-чевалар, десертларнинг ярмидан кўпроғи чиқиндихонага ташлаб юборилади.

Жарималардан ташқари умуммиллий озиқ-овқат банкини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу банк озиқ-овқатларни йиғиш ва кам таъминланганларга тарқатиш билан шуғулланади. Шу йилнинг ўзида хайрия ташкилотлари ресторан ва меҳмонхоналардаги ортиб қолган озиқ-овқатларни 2,5 минг оилага тарқатган.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: