«Бахтим – меҳрибонлик уйидан қамоқхонагачамиди?!»

0

— Бугун мен бу даргоҳни тарк этаман. Аммо энди қаерга боришимни ўйласам, ҳам қувонаман, ҳам куйинаман. Чунки янги оила, янгича муҳит, янгича ҳаёт. Қолганини пешонамдан кўраман…

Том маънода мен учун қадрдон бўлиб қолган, кўп кемтик кўнгилларни бирлаштирган, бошпана берган, оз бўлса-да, кимгадир керак эканлигимизни англашимизда камарбаста бўлган бу уй жуда қадрли. Меҳрибонлик уйига келганимда неча ёшда бўлганимни эслолмайман. Онамдан, отамдан айрилганимда кўп ўкинмадим, негаки бу ердаги оналар ўз онамдан меҳрибонроқ, ғамхўрроқ эди.

Қайсидир томондан уйдан кетганимга хурсанд бўлганман. Кундалик жанжаллардан безиб кетгандим. Отам автофалокатга учраб, юролмайдиган бўлиб қолган, оилани боқиш эса онамнинг гарданида эди. Уйда ўтириб қолган отам онамнинг кўчага чиқиб ишлаб келишини бошқача тушунарди. Нуқул енгилтакликда айблаб, уйдан кетишини талаб қиларди. Аввалига отамнинг хурмача қилиқларини автофалокат сабаб олган жароҳат ва руҳий зўриқишдан деб эътибор бермаган онамнинг бора-бора ҳафсаласи пир бўла бошлади. Оиламизни боқиш учун ҳам эркакдек ишлар, ҳам куракда турмайдиган хўрликларга чидарди онам бечора. Энг ёмони, иккиси ҳам аламини мендан оларди. Ҳар сафар боғчага қаеримдир кўкариб борардим. Бир гал онамнинг қизиб турган капкирни билагимга босиб олгани сира ёдимдан чиқмайди. Ўн саккизни тўлдириб, онамдан менга иккита мерос қолганини англаб етдим. Бири танамдаги жон бўлса, бири билагимдаги капкир изи.

Ота-онамдан дилгирлик қилишим, эҳтимол, нотўғридир. Аммо бир умр пешонамга босилган «етимча» деган тамға уларга бўлган бир кафтгина меҳрим ва соғинчимни ҳам кулга айлантирган.

Кўксимдаги ўша кул билан бугун бошқа хонадонга келин бўлиб кетяпман. Кетяпману, кўнглимни ташлаб кетяпман. Муҳаббатимни, хотираларимни, эркимни кўмиб кетяпман.

Тунов куни меҳрибонлик уйига бир амаки келганди. Ҳаммамиз бола асраб олгани келган деб ўйлагандик, кейин билсак, келин излаб келган экан. Бу савлатли амаки нега бундай фақирлар орасидан келин қидириб қолгани жуда қизиқ туюлди бизга. Бу менинг бахтимми ё бахтсизлигим, мудира опамиз келинликка менинг номзодимни тавсия қилибди. Куёв бўлмишнинг расмини ҳам қолдирибди. Бу хабардан ҳаммадан ҳам Малик қаттиқ қайғуга тушди. Малик билан бу даргоҳга бир кунда келганмиз. У йиллар мобайнида меҳрим ва муҳаббатимни қозонди, ҳатто отам раво кўрмаган туйғуларни ундан олдим: эркаландим, мурувват кўрдим, тарбияландим, ўқиш ва ёзишни ўргандим. Тавшишларга кўкрагини мен учун қалқон қилган инсонни танимаган бир кимсага алмашиш мендек кўнгли ярим қизнинг жўнгина ҳаётини қайси томонга ўзгартириши номаълум эди.

Янги уй остонасига қадам қўяр эканман, ҳашаматдан бошим айланиб кетди. Наҳотки энди шу хонадонда яшасам? Наҳотки энди менинг ҳам ўз уйим, ўз оилам бўлади? Бир зумда ҳамма дардимни унутдим… Токи бу хонадонга ким бўлиб келганимни билгунимга қадар. Минг бир истеҳзо билан қарши олган уй бекаси қўлимга икки энлик қоғоз тутқазди ва ҳашаматли ҳовлининг бир бурчида жойлашган кичик ҳужрани кўрсатиб деди:

— Шу ерда тура тур, эрта-индин болаларга айтаман, кераксиз латта-путталарни чиқазиб, хонангни тартибга солишингга қарашиб юборишади.

Ҳеч нарсага тушунмадим, мен бу хонадонга келин бўлиш учун келганман…  Нега бунақа пастқам ҳужрадан жой бераётгани ғалати-ку! Эҳтимол, тўй ўтгунча шундай бўлса керак, деб ўйладим ва қўлимдаги қоғозга қарадим. Адоғи йўқ рўйхатда эса қилиниши керак бўлган ишларнинг барчаси шунақа тартиб билан ёзилгандики, кун давомида бўш вақтнинг ўзи йўқ эди. Кулиб қўйдим. Келин бўлиш осон эмаслигини кўп эшитганман. Келин ҳамма ишга улгуриши керак: супур-сидир, идиш-товоқ, ош-овқат дегандек. Мана кўрасиз, ҳали шунақа меҳр қозонаманки, мендек келини борлиги билан фахрланиб юришсин.

Ўзимни шуларга
тайёрлай бошладим. Аммо куёв ким эканини билгач, дунё кўзимга қоронғи бўлиб кўринди. Болалар уйига борган амаки ўғлига эмас, ўзига хотин қидириб борган экан. Отам тенги одамнинг бундай пасткашликка бориши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Анави танноз хонимга чўри, хоним дам олишларга кетганида эса амакига хуштор бўлиш учун бу хонадонга келмагандим… Қалбим ойдин туйғуларга тўла эди. «Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи»,  дейдилар. Ё Яратган Эгам, менга қачон берасан ўша ёруғ кунларни? Қандай бўлмасин, бу уйдан қочиш режасини туза бошладим. Бироқ хатоларимнинг қурбонига айландим. Чўрилик ҳам қилдим, ўша амакига никоҳлаб ҳам қўйишди. Ҳамон ўша-ўша ҳужрада турибман. Танноз хонимнинг кундалик найранглари жонимдан тўйдириб юборарди баъзида. Қочиб кетишга кўп марта уриндим, аммо бу зиндоннинг эшиклари фақат уй эгаси келгандагина очилиб-ёпилади. Қувонадиган тарафи, амаки менга яқинлашмади ҳам. Лекин кунларнинг бирида менга уларнинг фарзанди тегажоғлик қилмоқчи бўлди. Дод-войимни этишган танноз хоним эса ўғлини эридан ҳимоялаш учун тилла занжирларини ўғирлаганликда айблаб, етти йилга қаматиб юборди. Ўзимни оқлашга ҳам имкон беришмади. Ахир ким ҳам меҳрибонлик уйининг тарбияланувчисига шафқат кўрсатарди?  Ўз эркидан туғилибоқ мосуво бўлган мендек мазлуманинг оҳларини тинглайдиган инсон бормикин дунёда?! Қийноқларда қолган бу жонимдан бошқа умидим йўқ. Фақат нохуш лаҳзаларга гувоҳ бўлган бу кўзлар қачондир хуш дамларни ҳам кўрармикин? Кўрганда ҳам кулармикин? Панжаралар ортида қора кийимда кундан-кунга қорайиб бораётган қисматнинг бир ожизасига лаҳза бўлса-да, қувонч улаша оласанми? Ҳамма ҳислари сўнса-да, умиди уйғоқ бир аёлга бахт беришингни кутяпман, Аллоҳ!

Гулноза ҲУСАНБОЕВА, руҳшунос:

— Тақдирнинг бундай зарбаларига дош беролган аёл чинакам жасорат эгаси, у ҳақиқий муҳаббат — Яратганнинг муҳаббатига лойиқ инсон. Мана мени айтди дерсиз, ҳали ҳаётингиз ёруғ кунларга тўла бўлади. Туҳмат тошини отганларнинг жазосини жонни берганга топшириб қўяверинг.

Умидингизнинг сўн-маганлиги яшашга ва яхши кунларга бўлган ишончингиздан дарак. Насиб, озодлик нафасини туйганингиздан сўнг, энг аввало, ота-онангизни изланг, ҳаёт бўлишса, бахтнинг кулиб боққани шу. Кейин эса болалигингиз ўтган ўша меҳрибонлик уйига боринг, улар сизни жон деб қабул қилишади. Дили яримлар бошини силаш — энг катта савоб. Балки, шу йўллар сизни бахт манзилига элтса, ажабмас. Ҳаётни янгидан бошлаш учун бир лаҳза кифоя қилади. Яхши кунлар нашидасини ҳали кўп сурасиз ва оналик туйғуларига тўла мактубларингизни ўқиб биз ҳам хурсанд бўламиз.

Лобар
оққа кўчирди.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: