Ҳусан Шариповнинг саньатга бахшида умри

0

 

«Она юртнинг бағридан зуваласи,

Тошкент пиёласи. Тошкент пиёласи…»

Ушбу машҳур қўшиқни хиргойи қилганимизда, албатта, кўз ўнгимизда унинг ижрочиси намоён бўлиб, лабимизга табассум югуради. Афсуски, шу йилнинг 26 июнь куни ўзининг сермаҳсул ижоди билан нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларда ҳам мухлисларига эга актёр, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ҳусан Шарипов 81 ёшида вафот этди.

 

Ўзбек кино ва театри равнақига самарали ҳисса қўшган ижодкорнинг вафоти тўғрисидаги машъум хабар актёр ижодига бефарқ бўлмаган барчанинг қалбини ларзага солгани шубҳасиз. Қуйида Ҳусан Шариповнинг ҳаёт ва ижод йўли тўғрисида қисқача ҳикоя қилиб, ҳамкасбларининг улар билан боғлиқ хотираларини ўқишингиз мумкин.

«КИР ЁҚАЛИ КЎЙЛАКДА ЮРГАН БОЛА ЭМАСМАН!»

Бетакрор роллари билан ёшу кексанинг қалбидан бирдек жой олган актёр 1937 йил 27 июлда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Оилада тўрт фарзанднинг учинчиси бўлган актёрнинг иккита опаси, акаси ва укаси бўлиб, эгизаги Фотима қирқ кунлик чақалоқлигида вафот этган. Ёш Ҳусаннинг беғубор ва бетакрор даври Иккинчи жаҳон урушига тўғри келади. Миллионлаб инсонлар онгу шуурида муҳрланган даҳшатли уруш актёрнинг қалбида ҳам унутилмас аччиқ хотиралар билан қолган.

Оиладаги қийинчиликлар сабаб мактабга ҳам бир йил кеч чиққан актёр 90-мактабнинг ўқувчиси бўлганлигидан бир умр фахрланди. Гап шундаки, бўлажак актёр 3-синфда ўқиб юрган кезлари мактабнинг орқа томонига Муқимий номидаги мусиқали драма театри кўчиб келади. Синфхона деразасидан ибратхона шундоққина кўриниб турар, ҳар куни Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Маҳмуджон Ғафуровнинг қўшиқлар айтиб, машқ қилишига гувоҳ бўларди. Шу тариқа ёш йигитнинг қалбида санъатга меҳр пайдо бўлган.

Ҳусан ака интервьюларида болалик чоғларини ёдга оларкан, уруш даври қийинчиликларини шундай хотирларди: «Маҳалламиздан олти кишини урушга олиб кетишган. Улар орасида дадам ҳам бор эди. Отам урушга кетганлиги сабаб, жуда оғир аҳволда яшаганимиз кўз олдимда кино тасмасидек ҳалигача гавдаланади. Ўшанда онам дўппи тикиб сотарди. Аммо бундан тушган маблағ рўзғор тебратишга базўр етарди. Мактабда барча фанлардан ўрта баҳога ўқисам-да, жуда шўх эдим. Синфда барчани ўзимга қаратиб, шеър, қўшиқ, латифа айтиб, рақсга ҳам тушиб кетадиган биргина мен бўлганман. Китоб ўқишни ёқтирардим. Кичкиналигимдан саранжом-саришта, сира кир ёқали кўйлакда юрган бола эмасман. Волидамнинг озодаликни севиши барча фарзандларида ҳам бор».

«ПУЛГА ЎРГАНГАН ЭКАНСАН,
ЎҚИЁЛМАЙСАН»

1958 йилда 10-синфни тамомлаган ноёб истеъдод эгасини отаси ёнига чақириб, «Қаерга ўқишга ҳужжат топширмоқчисиз?» дейди. Ҳусан Шарипов эса  келажакда актёр бўлиш нияти борлигини айтади. Падари ўғлининг бу сўзларини тинглагач «Бизнинг авлоддан санъаткор чиқмаган. Мендек савдо ходими бўласан», дея қатъий қарор қилади. Санъат оламининг чинакам шайдосига айланган Ҳусаннинг ҳам қайсарлиги тутиб, отасига артист бўлишини бор овози билан такрор-такрор айтади, шунда дадаси қулоғи остига бир шапалоқ туширади. Шундан сўнг Ҳусан жаҳл устида уйидан бош олиб чиқиб кетади. Олмалиққа бориб, меҳмонхонага жойлашади. «Орадан бир неча кун ўтгач, Олмалиқдан уйга қайтсам, онам мени ахтаравериб, адойи тамом бўлибди. Фарзандлар орасида менга меҳри бўлакчалиги сабаб дадамга «Агар Ҳусанжонни топиб келиб, санъаткор бўлишига розилик бермасангиз, ўзимни ҳам, мана шу уйни ҳам ёқиб юбораман», дейди. Шундай қилиб онамнинг қатъияти боис дадам санъаткор бўлишимга рухсат берган. Аммо институтга ҳужжат топшириш муддати ўтиб кетганлаги туфайли Тўра тоғам кўмагида савдо-сотиққа ихтисослашган курсда бир йил ўқиб, катта дўконда савдогар бўлиб ишлаганман. Бўш вақтларимда китоблар мутолаа қилардим, қўшиқ айтардим. Кунларнинг бирида қўлимга газета тушиб қолди. Қарасам, ўша пайтдаги А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида мусиқали театрида талаба тайёрлаш бўлими очилганлиги ҳақида эълон берилган экан. Бу мен учун айни муддао бўлиб, эртасига имтиҳон биноси томон йўл олдим. Мендан ташқари яна юзлаб ёшлар синовга келишибди. Навбатим етгач, ичкарига кирдим. Йигирма нафарга яқин домла ўтирибди. Равон нутқим, сўзимга, маданиятимга, ўзимни тутишимга илиқ муносабат билдиришиб, қўшиқ ижро этишимни таъкидлашди. Муқимий ғазали билан ёзилган «Эй, чеҳраси тобоним»ни куйлаб бердим. Қўшиқни эшитиб бўлгач, Раззоқ Ҳамроев «Ўғлим, нима иш қиласан?» деди. Сотувчилик қилишимни айтгандим, бошини сарак-сарак қилиб, лабини бурганча «Пулга ўрганган экансан, ўқиёлмайсан», деди. Жоним чиқиб кетгудай бўлиб, «Ўқийман», дея қароримни айтдим. Бу қилиғимдан Раззоқ ака ҳайратланиб, «Майли, қабул қилиндинг. Агар ўқишни кўнгилдагидек олиб бормасанг, ҳайдаласан», деди ва ўзлари Муқимий театрига ишга киргазиб қўйишда ҳам бош-қош бўлиб, яқиндан ёрдамлашди».

БЕТАКРОР
ОБРАЗЛАР
НАСИБ ЭТГАН

Катта истеъдод ва соф қалбли актёр Раззоқ Ҳамроев талаба бўлган Ҳусанни дарсдан кейин Муқимий номидаги мусиқали драма театрига олиб боради ҳамда театр директорига қисқагина «Олинг», дейди. Ўша куни — 27 сентябрда ишга қабул қилинади. Дастлаб оммавий саҳналарда иштирок этиб юрган актёр кейинчалик тўққиз йил Раззоқ Ҳамроев қистови билан труппа раҳбари, директор лавозимида ишлайди. Театрдаги ўттиз йиллик фаолияти давомида элликка яқин ранг-баранг образларни яратади. Актёр турли йўналишдаги роллари орқали саҳна актёри сифатида нималарга қодирлигини томошабинларга исботлаб беради ва театр ривожига муносиб ҳисса қўшади.

1980 йиллардан бошлаб «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган бадиий фильмларда асосий ролларни ижро этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлади. Айниқса, «Табассум» радиоэшиттириши ҳамда 1968 йилдан бери
Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган телеминиатюралар театридаги иштироки актёрга машҳурлик онларини туҳфа этади.

Ҳусан Шарипов Хатирахон ая билан бир ўғил, бир қиз — Давронбек ва Донохонларни вояга етказди. Ҳозирда актёрнинг ўн бешга яқин невара ва эваралари бор.

«ҲАМ ДИЛКАШ, ҲАМ ДАРДКАШ ЭДИ»

Одина ҒОЗИЕВА, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:

— Инсон ўлим ҳақ эканини билиб яшайвераркан-у, аммо умрининг охирги дақиқалари қачонлигини билмас экан. Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлиши эса одамзотнинг яқинлари, ёру биродарларини эсанкиратиб қўяркан. Ўтган йили Ҳусан акамнинг 80 йиллик юбилей тўйларини хонадонида оила аъзолари, қариндош-уруғ, ҳамкасблари, шогирдалари даврасида кўтаринки руҳда нишонлаган эдик. Вафоти эса қалбимни ҳувиллатиб кетди.

Ҳам устоз, ҳам ота сифатида ижодимда ҳам, ҳаётимда ҳам катта ўринга эга эди. Институтда Бахтиёр ака Ихтиёров иккаласи қўлида таҳсил олиб, Муқимий театрига ҳам шуларнинг кўмаги билан ишга кирганман. Ҳусан ака жуда ҳам дилкаш, дардкаш бўлиб, ҳар бир инсон қалбига тезда йўл топарди. Бир қарашда қаршисидаги одамнинг ички дунёсида нималар кечаётганини илғаб оларди.

Турмуш ўртоғи Хатирахон ая қирқ йил театримизда саҳна асарлари учун либослар тикиб, барчамизнинг севимли аямизга айланиб қолгани боис дам олиш кунлари хонадонларига тез-тез бориб турардик. Ота-онамиз сингари бағриларини очиб кутиб олишарди.

Бундай устозлар юз йилда келса, бир марта келади. Илоҳим, охиратлари обод бўлсин!

«ОИЛАПАРВАР
ИНСОН ЭДИ»

Ноила ТОШКЕНБОЕВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист:

— Шунча йиллик ижодий фаолиятим давомида жуда кўплаб актёр-актрисалар билан мулоқот қуриб, бирга ҳамкорлик қилдим ва уларнинг қай даражада истеъдодли эканлигига амин бўлдим. Ҳусан ака импровизацияси кучли актёр эди. Ҳар қандай жанрдаги ролни ўйнашга шайланиб, қаҳрамони ҳолатига қийналмай кирарди. Унда туғма истеъдод бор эди. Одамгарчилиги, меҳмондўст ва
одамохунлиги тўғрисида ортиқча сўз айтишга ҳожат йўқ. Негаки Ҳусан ака қаерда бўлмасин, кулги авжига чиқарди, ҳамманинг кайфияти кўтариларди.

1974 йилдан бери ҳамкасб сифатида фаолият юрита бошлаганмиз. Ҳасан Йўлдошев, Эргаш Каримов, Роза Каримовалар билан биргаликда миниатюраларда иштирок этардик.

Ҳусан ака билан «Суюнчи» фильмида партнёр сифатида роль талқин қилганим ҳам бир бахтим.

Миролим ИСАЖОНОВ
ёзиб олди.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here