Иссиқ-совуқ қилиш оғир гуноҳлигини фолбинлар тан оладими?

0

Бу ҳақда мақола ёзиш бир қадар оғир бўлганини тан олишим керак. Негаки фолбинга бориш, фол очдириш гуноҳлигини яхши биламан. Аммо орамизда бу ишга муккасидан кетганлар, фолга ишонадиганлар борлиги, аниқроғи, шу тоифадагилар кўпайиб бораётганини кўриб, эшитиб, уларга ўзим гувоҳи бўлган воқеани сўзлаб беришга қарор қилдим. Ҳа, мен фолбинга бордим. Яна бир эмас, нақ учта фолбинга. Тўғри, учаласи уч хил фол очиб, бахтимни, ишларимни, соғлиғимни ўзларича айтиб берди. Ҳатто биттаси менинг тузалмас дардга чалинганимни ва тезроқ амалини қилмасам, бу дунё билан видолашишимни айтди…

Энди ҳаммасини бир бошидан сўзлаб берсам:

Фолбинларга ҳеч ишим тушмагани учун бу борада кимдан ёрдам сўрашни билмай бир нечта ҳамкасбларимни суҳбатга тортдим. Баъзилари фолбинга иши тушмаганини айтса, баъзилари уларга ишонмаслигимни маслаҳат беришди ва қизиғи, манзилини ҳам топиб беришди. Мен ҳам куннинг иссиғига қолмай дея эрталабдан йўлга отландим. Биринчи манзилим доира чалиб фол очувчи фолбин момонинг уйи бўлди. Шу ерда бир қизиқ ҳолатга дуч келдим. Манзилни топишда бироз қийналганим ва иккиланганим учун шу атрофдаги бир эркакдан фолбиннинг уйини сўрадим. Буни қарангки, фолбиннинг ён қўшниси «Йўқ, танимайман», дея жавоб қайтарди. Кўчанинг бошидаги бир йўловчи эса мен келган томонга ишора қилиб, «Янги иморат тушган ҳовли», дея  йўл кўрсатди. Балки, биринчи киши мени бу ниятимдан қайтармоқчи бўлгандир. Қайдам?!

Хуллас, ҳам қўрқўв, ҳам ҳаяжон, ҳам иккиланиш билан фолбин аёлнинг уйига кириб бордим. Ҳовли шинам, гуллар экилган.

Кутиб туришимни айтиб, мени ичкарига бошлашди. Бир вақт ёши етмишлардан ошган аёл кириб келди. Хаёлимдан «Наҳот шундай нуроний онахон фолбинлик қилса», деган фикр ўтди. Яширмайман, мен фолбинларни бошқача тасаввур қилардим. Қандайдир ялмоғизлардан сал замонавийроқ. Балки, булар булар ХХI аср фолбинлари бўлгани учундир…

Момо мени жуда яхши кутиб олди ва ўтиришим учун жой кўрсатди. Ўзи эса жойнамозини очиб устига ўтирди-да, мени дуо қилди. Кейин нима мақсадда келганимни сўраб, қўлига эски доирасини олди.

Мен ҳам таърифлашга ожиз туйғулар ичида хаёлимга келган фикрни айтдим. Чилдирмачи момо доирасини чалиб, кўзлари юмуқ ҳолда кимлар биландир гаплашиб, улардан ёрдам сўраб менинг «муаммом»нинг ечимини айта кетди. Кулиб юбормаслик учун ерга қараб ўтирарканман, момонинг ҳаракатларини кузатишни ҳам эсдан чиқармадим. Бир зумда «муаммом»ни ечиб, доирасини яна жойига қўйган фолбин момо дуога қўл очди. Мен ишим бу тарзда тез якунланишини кутмаганим учун шошиб қолдим ва секин сумкамдан пул олиб кўрпача тагига қўйдим. Энди нима қилиб бўлса ҳам момони гапга солишим керак эди. Охири гап тополмай «Сиз раҳматли бувимга ўхшаркансиз», — деб юбордим. Кейин «Тавба, нима дедим», — дедим ичимда.

Чилдирмачи фолбин момо ҳам бу гапимдан хурсанд бўлди, шекилли, «Менинг ёшимга кириб юринг», дея яна дуога қўл очди. Сўнг таваккал дея «Сиз билан суҳбатлашсам», деб мақсадим сари одимладим.

— Момо қанчадан буён бу иш билан шуғулланасиз?

— 40 йилдан бери бу ишни қиламан.

— Буни кимдан ўргангансиз?

— Онамдан. Чунки онам ҳам бу ишни қиларди. Онамнинг онаси ҳам доира чалиб, одамларнинг мушкулини ечиб берган. Бу доира авлоддан-авлодга ўтиб келяпти болам.

— Ёнингизга кўп одам келадими?

— Ҳа. Ҳаммаси ўз дардига чора излайди. Онам раҳматлининг нафаси жуда кучли эди ва жуда тўғри фол очарди Аслида, онамнинг ишларини синглим давом эттириши керак эди. Лекин синглим қўл олишни хоҳламагандан кейин мен олдим ва мана, баҳоли қудрат давом эттиряпман.

— Эшитишимга қараганда, келувчиларнинг юки бўларкан. Сиз улардан қандай халос бўласиз?

— Ҳа, тўғри. Мен бу юкдан халос бўлиш учун улардан олган пулимга бирорта жонлиқ олиб, қон чиқараман ўтганларнинг руҳига. Кейин менинг олдимга муллалар ҳам келади. Улардан қилаётган ишим учун қандай жавоб бераман деб сўраганимда «Иссиқ-совуқни қайтариш, ечиш гуноҳ эмас», деган жавобни олганман.

— Момо, ёшингиз нечада?

— Ёшим 78 да. Шу ёшимда тўлиқ рўза тутдим. Беш вақт намозни канда қилмайман. Худога шукр, набираларимнинг ҳам, ҳатто эвараларимнинг ҳам тўйини кўрдим. Аллоҳ умр берса, ҳали уларнинг ҳам болаларини кўриш ниятидаман…

Бу гаплардан кейин момога раҳмат айтиб, турмоқчи эдим «Сиз бир сиқим тупроқ билан исириқ олиб келинг. Тупроқни ўқиб бераман, зора, ўша одамнинг юраги қизиб сизга қарзингизни қайтариб берса», деди.

— Албатта, унда яна қачон келай?

— Пайшанба тушдан кейин ва жума куни тушгача кўрмайман. Қолган кунлари келаверасиз, болам.

— Раҳмат, унда яна келаман, — дея момо билан хайрлашиб ҳовлидан чиқиб кетдим.

Кўча бошигача асл мақсадимни билиб қолмадимикин, деган хаёлда ишхона томон отландим…

ФОЛДА ЭНГ
ТЎҒРИСИ КАФТДАГИ ЧИЗИҚЛАР БИЛАН ФОЛ ОЧИШДИР!

Халқимиз орасида фол кўриш ҳақида турли фикр-мулоҳазалар бор. Кимдир «Фолга ишонмайман», деса, яна кимдир «Фолсиз юриб бўлмайди», дейди. Баъзи одамлар ўзининг бошидан кечирганларини достон қилиб, бошқаларни фолга ишонтиришга ҳаракат қилади. Яна кимдир кўрган тушидан беҳузур бўлса ёки бирон нарсасини йўқотса, ёки бирор иш бошламоқчи бўлса, унинг таъбирини билиш учун фолбинга югуради. Афсуслар бўлсинки, фол кўриш одамлар орасида оммалашиб бормоқда. Навбатдаги саёҳат кафтдаги чизиқларга қараб фол кўрувчи аёлнинг кошонасига бўлди. Келувчилар орасида эркаклар, ёшгина йигитларнинг борлиги менинг ҳайратимни икки карра оширди. Ахир аёлларнинг, қизларнинг фолбинларга ишониши ҳақида эшитгандим. Лекин эркаклар…

Ўзига яраша «мижоз»ларга эга бу аёл билан суҳбатимиз ҳам ажойиб бўлди.

— Келинг, синглим. Бунча
хастаҳолсиз?

— Опажон, охирги вақтларда соғлиғим жуда ёмон. Шифокорга ҳам, табибга ҳам бордим. Ҳатто муллага бориб дам ҳам солдирдим. Лекин ҳеч бошимдаги оғриқ ва ҳолсизлик мени тарк этмаяпти-да. Шунга…

— Ҳа, бўлди, тушунарли. Ҳозир бунинг давосини топамиз. Қўлингизни беринг?

— Нега?

— Вой, синглим-ей, ахир айтишмадими, мен кафтдаги чизиқларга қараб фол очаман-ку. Хўш, ҳаётингиз яхши экан. Эрингиз сизни жуда севаркан. Фарзандларингиз иккита экан. Яқин кунларда эрингизнинг лавозими ошаркан. Касалингизга келсак, сизни кимдир иссиқ-совуқ қилган. Яна жоду ҳам бор экан сизда. Ана шу жодуни олдирмаганингиз учун сизни бош оғриғи безовта қиляпти. Кейин сиз қўл олишингиз керак экан…

Ана шу гаплардан кейин фолбин аёл ичида нималардир деди, кейин кўзларини юмганча «Ҳа, оламан дуони», «Иссиқ-совуқни ечолмайманми?», «Кимга борсин?», «Қандай ечса бўлади уни?» дея ғойибона шериги билан гаплашди.

— Синглим, чап қўлингизни беринг энди. Ҳозир мен ҳаммасини аниқлайман. Сизнинг ичингизда шайтон бор. Уни ҳайдаш керак. Уни менга момоларим айтишди. Ҳа, ҳа, пичоқ билан ҳайдайман уларни.

— Вой, опажон, нималар деяпсиз? Бош оғриғимга шайтоннинг нима алоқаси бор?

— Сиз жим ўтиринг. Яхшиси, атаганингизни чиқаринг. Момоларим садақа сўраяпти…

Аёлнинг важоҳатидан қўрқиб, аввал бошдан ажратиб қўйган пулимни олдига ташладим.

— Энди ҳаммаси яхши бўлади. Момоларим садақангизни кўрди. Ҳозир улар сиздаги жодуни олиб ташлашади… Унгача нариги хонада ўтириб турасиз…

Меҳмонлар учун ажратилган хонага кирарканман, мен каби жоду олдираётганлар анчагина эканини кўрдим. Хона эса охирги услубда таъмирланган. Пардалар, гилам ва стол-стулларни айтмайсизми?! Жавонда эса Қуръони Карим!

Жоду олдираётганлар дарди билан ўртоқлашмоқда. Аёлнинг фолни тўғри очиши, қўшниси йўқотган тилласини топгани, бир таниши дам солиб қўйгани учун яхши ишга киргани, жодуни ҳам  осон олиши каби гаплар.

Рости, кутишга сабрим чидамай, аниқроғи, хонада ростдан ҳам бошимда қаттиқ оғриқ турганидан чиқиб кетдим…

Ҳа, айтганча, юқорида фолбин аёл айтган гапларнинг ҳаммаси ёлғон эди. Чунки МЕН ҲАЛИ ТУРМУШГА ЧИҚМАГАНМАН.

ЭНГ КУЧЛИ ФОЛБИН КИМЛАР?

Бу ҳақда бир ёши улуғ инсондан эшитганимни сизларга ҳам сўзлаб берсам. Фолбинлар орасида ҳам кимўзарга беллашадиганлари бор экан. Аниқроғи, энг кучли деган эътирофга лойиқ бўлиш учун рақибларининг омадини кесиб юришар экан. Хуллас, фол очишда ва иссиқ-совуқ қилишда татар фолбинларига тенг келадигани йўқ эмиш. Лўлилар ҳам фол очишда ўз услубига эга бўлишса-да, татар фолбинларнинг жодусини олишда ожизлик қиларкан. Татар фолбинларнинг очган фоли 70 фоиз ҳолатда тўғри чиқиб, бу уларга «ихлос» қилувчиларнинг сафи кенгайишига хизмат қилармиш.

Шу ўринда диний адабиётлардан топганларимизни ҳам сизларга илиндик.

ФОЛБИНЛАР
ЖИНЛАР БИЛАН
ИШЛАЙДИ!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин гапларни ўғринча олиб, фолбиннинг қулоғига қуяди. Фол кўрувчи унга юзта ёлғон аралаштириб гапиради», деганлар.

(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

ФОЛБИНЛАРНИНГ ГАПЛАРИГА
ИШОНИШ КУФРДИР!

Инсон билиб-билмай гуноҳга қўл уради. Аммо шундай гуноҳи кабиралар бор-ки, у ширкка олиб бориши ва кишининг икки дунёсини куйдириб юбориши мумкин. Ана шундай гуноҳлардан фолбинлик, фолга ишониш, сеҳр-жоду ва мунажжимлик гапимизга мисол бўла олади. Бу мавзу ҳақидаги муборак ҳадиси шарифда шундай дейилади.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар: «Фаришталар Ер юзида содир бўладиган нарсалар ҳақида булутлар орасида гаплашганларида, жинлар уларнинг битта сўзларини эшитадилар ва уни фолбинларнинг қулоқларига келиб (идишга сув қуйгандек) қуйиб кетадилар ва у сўзга жинлар юзта ёлғонни қўшадилар».

Бундан кўриниб турибдики, фолбинлар жин ва шайтонлар билан алоқа қилишади. Уларнинг ёлғон-яшиқ гапларини кўпиртириб, устига минг ёлғонни қўшиб одамларга етказишади. Бу ишларнинг турган-битгани гуноҳи азимдир. Фолбинларнинг 99 та ёлғон сўзи ва 1 та рост гапи вақт ўтиб, ҳақиқатга айланса, ўша 99 та ёлғони ҳам фолга келувчида ростдек тасаввур уйғотади ва бу ҳам унга бўлган ишончнинг ортишига сабаб бўлади.

ИССИҚ-СОВУҚ ФОЛ ОЧИШДАН ҲАМ ОҒИР ГУНОҲДИР!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Етти хил ҳалокатли нарсадан сақланинглар», дедилар. Тингловчилар: «Улар нима, эй, Аллоҳнинг расули?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, сеҳр-жоду қилиш (яъни иссиқ-совуқ билан шуғулланиш), ноҳақ бирор бир одамни ўлдириш, етимнинг ҳақини ейиш, судхўрлик қилиш, душманга орқасини ўгириш, бегуноҳ муслима аёлларни (зинода) айблаш (гарчи улар бу нарсадан узоқ бўлсаларда)», дедилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг огоҳлантиришларига диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, инсонни ҳалокатга учратадиган амаллар ичида сеҳр-жоду, яъни бировни иссиқ-совуқ қилиш амали ҳам бор. Бугунги замонавий дунёмизда бировнинг эрини, акасини, укасини ва бошқа яқинларини сеҳр йўли билан иссиқ-совуқ қилиш жуда кўп учрайди. Бу ишни қилган ҳам, ишонган ҳам, қилдирган ҳам Аллоҳ наздида гуноҳкор кишилардир ва тавба қилмасалар Яратган томонидан уларга жазо муқаррар бўлади.

Яна бир ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Кимда-ким фолбинга борса ва фолбиннинг айтган гапларига ишонса, демак, у Муҳаммадга келган нарсага ишонмабди», дедилар.

ФОЛБИНЛАР
ПСИХОЛОГМИ?

Йўқ. Аслида, ҳар иккисининг ҳам мақсадлари бир бўлса-да, психологларнинг ўз иш тартиби бор. Улар буни «услуб» дейишади. Лекин улар ҳали одамларнинг ишончини қозониб, кинначиларни ҳаётимиздан сиқиб чиқара олмади.

Психологларга устозлари «Ҳар қандай маслаҳатинг учун ҳақ олишинг керак», деб ўргатаркан. Йўқ, гап пулда эмас, гап ўша пулни бераётган одамнинг ишончида. Текин маслаҳат қадрли эмас, унга ишонишмайди («Текин мулла, тентак тумор», деган матални эсланг). Ишонч — психолог учун энг асосий шарт! Фолбинлар, қушночларда ҳам шундай — текинга ишлаш қатъий тақиқланади!

Психологнинг қушноч, фолбин ва экстрасенсларга ютқазадиган жойи — у методика ва қоидалар юз фоизлик кафолат бермаслигини тушунади, шунинг учун ўз ишига, демакки, ўзларига тўлиқ ишонмайди, мижоз эса буни англайди. Шундан психологнинг иши самара бермайди. Фолбинлар ўзига, аниқроғи, «одам»ларига ишонади, нимадир ўхшамаса, айбни уларга ағдаради.

Азиз мухлислар, мақоламизга хулосани севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг «ФОЛБИНЛАР» шеъридан олинган парча билан якунламоқчимиз. Биз ишонамиз, сиз мақоламизни насиҳатгўйлик деб эмас, балки огоҳликка чорлов деб қабул қиласиз.

Халқ ўзи яратар                                                                                 даҳоларини,

Сўнгра ўзи берар                                                                                     баҳоларини.

Фолбинлик қилишни                                                                                               жуда севасан,

Сен — қора қуртдирсан,                                                                         қора бевасан.

Юлдуз ИСОҚОВА