ҚАЛБИМНИНГ ҚЎРИҚЧИ ФАРИШТАСИ…

0

 

ИККИНЧИ МАКТУБ

 

Азизам! Бугун негадир кўнглим ғаш. Сиз билан суратингиз масаласида тиллашдим-у, вужудимни муз қоплагандек бўлди. Чунки сизнинг ранжиганингиз, қалбингиз йиғлагани менга жуда оғир ботди. Ахир, бунга ҳаққим йўқ эди! Фақат сиз туфайли бу ёруғ дунёда қаддим тик, юзларим ёруғ ва ҳар бир куним қувончли кечади. Аламга тўлган лаҳзаларимда сизни ўйлаб, сизга хаёлан юкиниб овунаман, кўз ўнгимни тўсиб келаётган туманларни ҳайдаб соламан. Ишонаман, сизнинг хаёлингиз ҳамиша менга куч ато этади. Сизга бўлган соф муҳаббатим ҳар қадамда менга поклик улашади.

Нега ранжитдим? Наҳотки, эҳтиётсизларча айтган сўзларим кўнглингизга ғашлик солиб қўйган бўлса? Йўқ, мен бундай бахтсизликка бардош қила олмайман. Изн берсангиз, пойингизда тиз чўкай! Токи сиздек фариштамнинг юзларига яна табассум югурсин, нигоҳларида шодлик балқсин!

Ишонасизми, ҳозир хонамда ёлғиз ўтирибман-у, сизнинг маъюс табассумингизни, гоҳ хиёл эркаланиб, гоҳ самимий сўзлашларингизни қўмсаяпман. Биламан, бундай бахт менга аҳён-аҳёндагина насиб этади. Шунда ҳам ойдек нурли жамолингизга тўя олмай хайрлашишга, сизни тарк этишга мажбур бўламан.

Кошкийди, тезроқ учрашсак! Шунда албатта сиздан узримни қабул қилишингизни сўраган бўлардим. Агар кечирсангиз, худди еттинчи осмонда парвоз қилаётган каби кўнглим бир дунё севинчга тўларди, хаёлот дунёмни, борлиғимни, меҳримни фақат сизга тортиқ этган бўлардим.

Сизни кутяпман, фариштам!

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here