ҚАЛБИМНИНГ ҚЎРИҚЧИ ФАРИШТАСИ…

0

 

Биринчи мактуб

 

* * *

 

Азизам! Овозингизни олисдан туриб телефон гўшаги орқали эшитганимдаёқ буни пайқагандим. Қўнғироқдек товушингизда бир олам файз зоҳир эди.

Ўзингизни кўрдим-у, юрагимнинг дилгирлигига яна бир карра амин бўлдим. Наҳотки, шунча йиллар мени кутдириб яшаган бўлсангиз?

Ўша куни кўзларингиз ғамли эди. Дардларингиз кўплигини сўлғин юзларингиз ошкор этиб турарди.

Мен сизни берилиб тингладим. Дардларингиз, қайғуларингиз юрагимнинг туб-тубига игнадек санчилаверди.

Сиз билан хайрлашиб кетганимдан сўнг дардларим янада авж олди. Сўниқ чеҳрангиз кўз ўнгимда гавдаланиб, вужудим титради. Гоҳида хаёлан сизга тасалли бергандек бўлдим, гоҳида бу чиркин ҳаётга лаънатлар айтгим келди. Лекин тилимни тийдим.

 

* * *

 

Баҳор шамоли каби беғубор нигоҳларингизни ўйларканман, сизни учратгани учун Яратганга шукроналар келтирдим. Негаки, мен ҳам бу ёруғ дунёни худди йўл топа олмай ҳалак бир сўқир каби дарбадар кезардим. Хаёлларим, тасаввурларим торайгандан торайиб борарди. Кечаётган ҳар куним қур-қур зиндон янглиғ қалбимни эзарди. Тутаётган ишларимнинг тўғри-нотўғрилигини англай олмай азобланардим.

Cиз билан учрашиб, ширин суҳбатингиздан баҳраманд бўлгач, ўша тун алламаҳалгача кўзларимга уйқу келмади.

Тотли орзулар уммонига шўнғидим ва шу кўйи тонгга яқин уйқуга кетдим…

 

* * *

 

Туш кўрибман. Тушимда сиз оппоқ либосда денгиз соҳилида турганмишсиз. Мен нариги соҳилдан туриб сизга қўл силтабман-у, қувонганимданми, ўзимни сувга отибман. Сузишни билмаслигим ҳам ёдимга келмабди…

Шу заҳоти мени улкан тўлқинлар қаърига торта бошлабди. Сиз томон талпиниб қичқирармишман-у, овозим чиқмасмиш.

Бир маҳал шундоқ тепамда пайдо бўлдингиз ва менга қўл чўздингиз. Қўл чўзишингиз ҳамоно тўлқинлар нари чекинди. Боягина ҳайқириб, дунёга жар солаётган денгиз сукутга толди. Мени авайлаб қирғоққа олиб чиқдингиз-да, жилмайганча ерга боқдингиз…

Азизам! Мен учун ўша тонг жуда хайрли кечди. Қалбимда поклик, орасталик ва кучли меҳр ҳиссини туйдим.

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here