ҚАРОҚЧИ… (27-қисм)

0

 

* * *

 

Юра ва терговчи кеч тушиши билан қўлларида иккитадан халта кўтарганча кириб келишди-да, дарҳол пишир-куйдир ҳаракатига тушишди. Аммо бу нарсалар Ниғматнинг кўнглига сиғмасди. Айниқса, стол устига ичкилик қўйишлари билан норозилигини сир тута олмади.

— Илтимос, шуни беркитиб қўяйлик, — деди қатъий оҳангда Юрага. — Бу яхшиликка олиб келмайди.

— Ие, — ҳеч нарсани тушунмаган Юра Ниғматга анграйди. — Нега? Ахир, биз сизни хурсанл қилмоқчимиз!

— Унда ичкиликсиз хурсанд қила қолинглар! Менга… Ёқмайди бундай нарсалар.

Юра елка қисганча терговчига бир қараб олди-да, норози бош чайқаб ичкилик тўла идишни сервантга жойлади ва қайтадан ошхонага йўл олди…

Соат кечки тўққиздан ошгач, Ниғмат уй эгасидан узр сўраб ўзи учун ажратилган хонага йўл олди. Каравотга ёнбошларкан, беихтиёр ўпкаси тўлиб келди. Ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаганди. Бўғзига қадала бошлаган хўрсиниқларни енгишга ўзида куч топа билмади. Шу аснода кўзларидан ёш сизиб чиқди.

Айни лаҳзаларда кўз ўнгида қадрдон юрти, марҳума онаси гавдаланди. Юраги ҳаприқди. Йиллар бўйи кўнглининг туб-тубига чўккан аламлар ҳозир юқорилаб келди. У товуш чиқармасдан, елкаларини силкита-силкита ёстиқни қучоқлаганча ўксиб-ўксиб йиғлади. Бироздан сўнг бирдан йиғлашни бас қилиб бошини кўтарди. Залда Юра ва терговчи кайф-сафо қилишар, уларнинг ўзаро суҳбати аниқ-тиниқ эшитилиб турарди.

Ниғмат шоша-пиша кўз ёшларини енгига артди-да, ўрнидан қўзғалди.

Энди унинг вужудини буткул бошқа ҳислар чулғади. Ниғмат турмада, хавфсизлик хизмати биносида бўлиб ўтган ишларни ёдга олди. Ёдга олди дегунча ўзининг бошқаларга ўхшамаслигини, ўта кучли илоҳий қудратга эга эканини қалбан ҳис этди. Бу туйғу уни дадилланишга, мақсадлар сари сира тап тортмай сергак юришга ундади. Шундай аҳволда залга чиқиб келди. Адашмабди. Юра ҳам, терговчи ҳам ширакайф эди. Улар Ниғматни кўрганлари ҳамоно баравар ўринларидан туриб, ўтиришга таклиф қилишди.

— Акалар, — дея шошилмасдан, паст овозда сўз бошлади Ниғмат. — Сизларга жуда қаттиқ илтимосим бориди. Фақат йўқ демасангиз бас.

— Хўш, укам, яна нима бўлди? — сўради Юра Ниғматнинг нима демоқчилигига ақли етмай. — Бирор нарса керакмиди?

— Бу шаҳарга денгизми, дарёми яқин эмасми мабодо?

— Денгиз? Нима қиласиз денгизни?

— Кимсасиз бўлса, суви сокин оқиб турса, ўша ерда бир амал ўтказишим шарт экан. Сизларга маълум бўлмаган, кўзларингизга кўринмас бир қудрат мени шу амални адо қилишга ундаяпти.

— Ахир… Кеч бўлиб қолди-ку! — тилга кирди терговчи Юрага маъноли қараб олиб. — Балки эртага борарсиз?

— Эртага кеч бўлади, — деди Ниғмат қовоқ уйиб. — Бу жуда тез фурсатда адо қилинадиган иш.

— Шунақами? — Юра секин Ниғматга яқин келди-да, елкасига қўл ташлади. — Бор ўша сиз сўраган жой. Жа катта эмас-ку, аммо худди ўзингиз хоҳлагандай суви сокин оқадиган кичик дарё бор. Кимсасиз жойи ҳам йўқ эмас.

— Унда… Мени ўша жойга олиб боринглар, ёлвораман! Жудаям зарур боришим.

— Нима қилсак бўлади-а? — ҳайрон бўлиб нари кетди Юра. — Буёқда… Ичволгандик… Агар йўлда тўхтатиб қолишса…

— Ваъда бераман, тўхтатишмайди! Ишонинг, ака!

— Ҳа-я, — кулимсираб терговчига боқди Юра. — Сиз ҳалигидай… Гап йўқ! Борсак бораверамиз-да! Қани, кийининглар унда! Вақт кетяпти!

 

* * *

 

Ҳеч қанча юрмай, ўша айтилган, Ниғматнинг орзусидаги, суви зилол ва сокин оқувчи кичик дарёга етишди. Дарёнинг тевараги дарахтлардан иборат ери ортиқча шовқинлардан холи эди. Фақат олисда кемаларнинг чироқлари шуъласигина кўзга ташланар, олис-яқиндан чигирткаларнинг чириллаши қулоққа чалинарди.

— Сизлар мени шу ерда кутсангиз дейман, — Ниғмат икки ҳамроҳига хижолат аралаш сўз қотди. — Акс ҳолда амални бажара олмаслигим мумкин. Мени тўғри тушунинг!

— Муаммо йўқ, йигит, — деди терговчи қўл силтаб. — Биз машинада бўламиз. Эрталабгача қолиб кетмасангиз бас.

Ниғмат ортиқча сўзларга эрк беришни истамай, нари кетди. Тахминан ярим чақиримча йўл юриб, таққа тўхтади. Бу ердан дарё янада яхшироқ, гўзалроқ, жозибалироқ кўринар, атроф дарахтлардан холи эди.

Ниғмат бир муддат тек қотган кўйи дарё томон икки қўлини узатганча туриб қолди. Вужуди ора-орада титраб-титраб қўйди. Пешонасини маржон-маржон тер босди. Юраги энтикди. Аъзойи бадани худди иситмаси кўтарила бошлаган бемор каби қизиб, оғзидан ҳовур таралгандек бўлди.

Шу тахлит беш дақиқача сукут сақлагандан сўнг Ниғмат ниҳоят сўз бошлади.

— Эй, илоҳий қудрат соҳиби Худойим! — деди барала у. — Сезяпман! Мени кўриб, эшитиб турибсан! Гуноҳларим, ёшлик хатоларимга қўл силташни-да истамаяпсан! Буни ҳам ўзинг қалбимга солдинг!.. Худойим, иноятингдан беҳад мамнунман! Демак, менинг борлигимни кўриб турасан! Демак, мени яхши кўрасан! Шу сабабли мана шундай дардли, аянчли, хавфли, оғирдан оғир лаҳзаларни менга раво кўрдинг. Ташаккур сенга, ташаккур! Биламан, биз ҳали янада олдинга юрамиз, юраверамиз. Сенинг иноятингни бутун дунёга кўз-кўз қиламиз. Бу иноятдан ҳали минглаб одамлар наф топади. Фақат… Ёлвораман, қалбимга шафқат қил! Ёлғиз ўзи бу қадар оғир вазифаларни кўтара олмайди. Ўзинг менга кўмак берки, биз ёмонлик, ёвузлик, фирибгарлик, қотиллик, кўзбўямачилик, шафқатсизлик, меҳрсизлик устидан албатта ғалаба қозонайлик! Ишонаман, сен бизга бефарқ эмассан! Сенга сўз бериб айтаманки, умримнинг сўнгги лаҳзаси қолгунча ҳеч қачон бировнинг қонини тўкмайман! Аксинча, қотилликнинг энг хавфли душманига айланаман! Фақат… Илоҳий қудратингни қалбим кўтара олишига, зўриқмаслигига, менга панд бериб қўймаслигига, оғринмаслигига изн бер!.. Сезиб турибман, сен, фақат ўзинггина чексиз қудратга эгасан. Онам раҳматлининг безовта бўлишига йўл берма! Дунёга келиб, ўша мушитпар аёлдангина меҳр-муҳаббат кўргандим. Бир кун келиб шу меҳрни ҳам кўп кўргандинг. Энди руҳига осойиш бер, мени боқий дунёдан туриб дуолар қилишига йўл оч! Ёлвораман! Ёлвораман!..

Титроқ, ҳаяжон, жазава, алам, нафрат бир зумда бирлашиб, аралашиб, Ниғматнинг қалбини тўкилишга мажбур этганди. У тилга кўчирган сўзлари таъсиридами, дод солиб йиғлади. Тик туриб йиғлашга сабри етмаганда, тиз чўккан кўйи ерга муштлаб-муштлаб йиғлади…

Орадан ўн дақиқача вақт ўтгач, тинчланди. Шошилмайгина ўрнидан қўзғалиб, сокин дарёга тикилди. Узоқ-узоқларда ялтираб кўзга ташланаётган зилол сувни, билинар-билинмас кўтарилиб тушаётган олис тўлқинларни ҳиссиз томоша қилди. Бу Ниғматнинг вужудига ҳаловат ҳадя этди. У ўзини буткул руҳан покланган ҳис этгандан кейингина ҳийла хотиржам тортиб, машина томон йўл олди…

 

* * *

 

Эртаси куни Юра ўз машинасида Ниғматни тағин ўша таниш бино рўпарасига олиб борди. Ниғматни шахсан Тимофей Афанасьевичнинг ўзи қарши олди.

— Рақибингиз аллақачон танлов ўтказиладиган жойда турибди, — деди у Юра жўнаб кетгач, Ниғматни ўз машинасига таклиф этаркан. — Олдинда сизни жуда қизиқарли ва ҳаяжонли, шу билан бирга анчагина мушкул вазифа кутади. Тайёрмисиз?

Ниғмат подполковникка ортиқча сўз қотиб ўтиришни истамай, бош силкиб қўя қолди.

Машина ўрнидан қўзғалди. Бу орада Ниғмат қалби билан хаёлан тиллашиш, дардлашиш, тундаги воқеалар, алоҳида адо этилган амал хусусида сўзлашишга улгурди.

Машина уларни ярим соат деганда номаълум бир манзилга олиб келди.

Бу ерда ҳажми чамаси бир гектарча келадиган майдон зоҳир эди. Майдон автомашиналар тўхтайдиган жой эканини билиб олиш мушкул эмасди. Чунки у юзлаб машиналарни бағрига олибди. Майдоннинг тўрт тарафи сим тўр билан ўралибди.

Нариги четда узун бўйли, кўзойнак таққан, Ниғматдан икки-уч ёш каттароқ, эгнига қалин пальто кийган йигит қандайдир аёл билан гаплашиб турарди. Улар Ниғмат ва подполковник етиб келмагунча жойидан жилмади.

— Хўш, танловни бошлаймизми? — сўради подполковник йигитга боқиб. — Тайёрмисиз?

— Албатта тайёрман, — деди йигит Ниғматга менсимайгина назар ташлаб. — Шуми рақиб?

— Ҳалитдан ғаразга эрк берманг, — тайинлади подполковник йигитнинг муносабати ўзига ёқинқирамаганини сир тута олмай. — Сизлар бир-бирингизга ёв эмассиз. Шунчаки рақибсиз холос. Бу аёл ким?

— Менинг ойим, — жавоб қилди йигит энсаси қотган каби. — Мени қўллаб-қувватлаш учун келган.

— Майдонда бегоналар турмаслиги зарур. Агар мумкин бўлса, ойингиз ташқарига чиқсин!

Аёл огоҳлантиришни дарҳол тушуниб, икки қўлини кўксига қўйганча майдонни тарк этди.

— Бу танловда, — холи қолишгач, мақсадга ўтди подполковник. — Ёрдамчиларим йўқ. Бир ўзим уддалашимга ишондим. Ҳозир вазифангизни маълум қиламан. Бу ишни адо этиш учун ихтиёрингизда атиги беш дақиқа вақт бўлади. Шу вақт оралиғида ишни дўндиришингиз шарт. Кечиксангиз, иккинчи марта имкон берилмайди. Тушунтиролдимми?

Улар баравар бош ирғаб подполковникнинг сўзини маъқуллашди.

— Хўш, кимдан бошлаймиз? — сўради Тимофей Афанасьевич гоҳ Ниғматга, гоҳ рақибига тикилиб. — Ким биринчи бошлашни хоҳлайди?

— Мен, — дея бир қадам олдинга юрди йигит. — Ўзим бошлаб бераман!

— Жуда соз, унда юринг! Сиз эса шу ерда қолинг!..

Ниғмат ёлғиз қолди. Лекин зиммасига подполковникнинг қай вазифани юклаши, танлов шарти қандай экани аллақачон тайин бўлганди. Мана шу юзлаб машиналардан бири юкхонасига одам беркитилган. Экстрасенслар ўша одамнинг жинсини олдиндан айтган ҳолда қайси юхонада ўтирганини аниқлай олишлари шарт…

Ниғмат шуларни ўйларкан, анча нарида икки қўлини олдинга чўзганча сандирақлай бошлаган рақибига аянчли назар солди. Унинг кучли илоҳий қувватга эга эмаслигини келгандаёқ пайқагани боисми, сокинлик билан рақиби амалга оширмоқчи бўлаётган ҳаракатларни кузатди.

Бахтга қарши йигит ўз олдига қўйилган вазифани адо қила билмади. У очишни буюрган машина юкхонасида бир дона канистрдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Подполковник уни тинчлантириб, кетишга рухсат берди-да, Ниғмат турган жойга илдам юриб келди.

— Рақибингиз уддалай олмади ишни, — деди бош чайқаб. — Хўш, сиз-чи? Бошлашга шаймисиз?

— Менга вазифамни тушунтириб ўтиришингизгаям ҳожат йўқ шекилли, — деди подполковникни ҳайрон қолдириб Ниғмат. — Нима иш бажаришим бугун кечаси тушимга кирган. Изн берсангиз киришсам!

— Нима? — Тимофей Афанасьевич ҳайратдан ёқа ушлар даражага етиб, Ниғматга тикилиб қолганди. — Ахир… Ҳали нима иш қилишингизни…

— Биламан, — такрорлади Ниғмат. — Мана шу саноқсиз машиналарнинг бири юкхонасида одам ўтирибди. У аёл киши. Эгнида қизғиш куртка, бошида оппоқ қалпоғи бор. Жуссаси сал бесўнақайлигидан аранг чидаб ўтирибди. Агар тезроқ ишга киришиб, уни чиқариб олмасак, бақириб юборишданам тоймайди. Ишонинг!..

— Ё тавба! — деб юборди подполковник ҳайратини яшира олмай. — Буниси ғалати бўлди-ку!.. Менга қаранг… Сиз қайдан билгансиз буларнинг ҳаммасини? Ё Юра…

— Тимофей Афанасьевич, — деди Ниғмат кулгиси қистаб. — Сизларнинг ишингиз нафақат Юра, балки унданам зўрларига маълум эмаслигини, ўта сирлилигини жуда яхши биласиз. Негадир тан олгингиз келмаяптими? Ё ўзингизданам шубҳаланасизми? Ахир, аёл юкхонага жойланганда биз бу ерда йўқ эдик. Юра эса аллақачон кабинетида қоғозларга кўмилиб ўтирибди. Майли, агар шубҳангиз бўлса, одамингизни бошқатдан беркитинг! Мен… Ҳов анави ёққа кета қоламан!..

— Йўқ, йўқ, йўқ, — Ниғматнинг олдини тўсди подполковник. — Қойил қола бошладим сизга! Фақат бир шарт пайдо бўлди тағин. Шуниям бажарасиз-у, агар уддасидан чиқа олсангиз, ишонтириб айтаманки, бизнинг сафимизда бўласиз. Шунга келиша оламизми?

— Менга деса юзта шарт қўймайсизми!?. — қўл силтаб нари кетди Ниғмат. — Мен розиман. То мендаги қудратга тўлиқ ишонч ҳосил қилмагунингизча шарт қўяверинг! Менга барибир…

— Баракалла! — подполковник кафтларини бир-бирига ишқалаганча Ниғматга яқин борди-да, машиналар томонга ишора қилди. — Қани, топа қолинг унда! Вақт кетмасин, азизим!

Ниғмат икки қўлини курткаси киссасига солганча машиналар тарафга қараб юрди. У қайси машина рўпарасида тўхташни жуда яхши биларди. Подполковник шубҳалар булути орасида қолиб кетиб абгор бўлмаслиги учун атайин бир марта ўша машина ёнидан жим ўтиб кетди. Аммо икки қадам юриб таққа тўхтади ва қоп-қора хориж машинаси юкхонаси устига қўлини қўйди.

— Аёл мана шу машинада, — деди подполковникка қаттиқ тикилиб. — Ишонмасангиз, очиб кўринг!..

Тимофей Афанасьевич қайта-қайта бош чайқаб, юкхонани очди.

Ҳақиқатан, у ерда Ниғмат таърифлаган аёл ўтирар, азбаройи нафаси қайтганидан бўғриқиб-бўғриқиб нафас оларди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: