Шаҳло Зоирова: Афсуски, юзкўрмас бўлиб кетган жон-жигарларга ўхшаб қолдик (+Суҳбат)

0

— Шаҳло опа, сиз билан суҳбат қуришимиз жуда қийин кечди. Ҳар гал қўнғироқ қилганимизда турли тадбирлар, суратга олиш жараёнларида бандлигингизни таъкидладингиз. Айни пайтда ижодингизда қандай янгиликлар бор?..

— «Миллион» жамоасида фаолият юритган дамларимизда кунимизнинг аксарият қисми жамоадошлар билан янги режалар, репертуарни бойитиш ҳақида бош қотириш билан ўтарди. Гуруҳдан ажралиб чиққач эса ижодимга нисбатан эътиборни янада кучайтириб, режиссёрлар раъйини қайтармай, клип ва фильмларда суратга тушишга ҳаракат қиляпман. «Салом, рашк» киносида ўзига хос ролни ижро этдим. Айни пайтда серқирра ижодкор Азиз Раметов билан иккита комедик жанрдаги кинода ҳамкорлик қиляпмиз. Маҳоратли режиссёр Рустам Саъдиевнинг картинасида роль ижро этиш бахтига муяссар бўлиш арафасидаман. Шунингдек, янги «Миллий АРТ» жамоамизнинг сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган илк яккахон дастурига тайёргарлик ишларини ҳам бошлаб юбордик. Хуллас, ҳар бир куним югур-югурлар билан ўтяпти.

— Янги жамоа тўғрисида сўз очдингиз. Бундай номланиш фикри кимдан чиқди? Нега айнан «Миллий АРТ»?

— Жуда ўринли савол бердингиз. Ишонсангиз, баъзи мухлисларнинг ижтимоий тармоқлар ва кўча-кўйда «Миллиард»дан кейин «Триллиард» жамоасини тузсанглар, яхши бўларди», қабилидаги гапларини ўқиб, эшитиб, ҳайрон бўляпмиз. Уларнинг жамоамиз номини аниқ ва тўлиқ билмай туриб, рақамларга қиёслаган ҳолатда айтаётган гап-сўзлари жаҳлимизни чиқараётгани ҳам рост.

«Миллион»дан ажралиб, янги жамоа тузганимиз ва концерт беришимизни эшитганлар биздан янада қочирма сўзларга бой, кулгили томошалар кутаётгани ҳам сир эмас. «Миллий АРТ» асрлар давомида сайқалланиб келинаётган ўзбекона урф-одатлар, миллий ўйинлар, аскиячилик санъати ва шу каби анъаналарни ёш авлодга саҳна кўриниши орқали етказиб бериш, қишлоқ ҳаётини, энг олис ҳудудларда яшаётган ватандошларимиз турмуш тарзини борича намойиш этишни ва жаҳон саҳналарида ҳам ўзбек миллий санъатини тарғиб этишни ўз олдига мақсад қилган. Бундай ном беришда барча жамоадошлар бир ёқадан бош чиқариб, маслаҳатлашдик. Биз икки соат бўлмаса-да, аммо ярим дақиқа давомида залдагиларни миллийликдан чекланмаган ҳолда таъсирли, нимадир бера оладиган чиқишларимиз билан кулдириш ниятидамиз. Бизда ҳам хато ва камчиликлар бўлиши шубҳасиз. Бироқ кутилмаган янгиликлар, ўзига хос ўзгаришлар томошабинларга манзур келади, деган умиддамиз.

— Сизларнинг «Миллион»дан ажралиб чиқишингизда маблағ, яъни гонорар тақсимлашдаги тушунмовчиликлар сабаб бўлди, деган гап-сўзлар ҳам болалади. Бу борадаги фикрларингиз қандай?

— Очиғи, кўплаб томошабинлар жамоанинг нима сабабдан иккига ажралганига оид саволлар билан бир неча ойдан бери мурожаат қилишяпти. Интернетда ҳам, тўю тадбирларда ҳам айнан шу мавзу борасида сўз очилгудек бўлса, қандай жавоб беришга ҳам иккиланиб қоламан. Сабаби, жамоадан кетишимизнинг бирор аниқ жавоби йўқ. Тўғриси, буни ўзимиз ҳам билмаймиз. Ички муносабатларимиздаги турли низолар ва шахсий ҳаётимизга оид масалалар туфайли чиройли, ҳеч қандай ғараз ниятсиз ажралдик. Шундай бўлиши керак экан, борини кўряпмиз.

— Жамоанинг ҳамма аъзолари қатори сиз ҳам интервьюларингизда «Биз худди бир оиламиз», дея ишонч билан гапирардингиз…

— Ҳақиқатан, биз битта оиланинг саккизта фарзандидек эдик (етти ўғил, бир қиз). Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша характер, иқтидоримиз бўлса-да, битта мақсад йўлида бирлашиб, тенг ҳаракат қилардик. Орамизда бир-биримиздан устунман, дея ўзимизни мақтаб, айирмачиликка йўл қўймасдик. Барча тенг меҳнат қилиб, тенг ҳисобланарди. Ўн-ўн беш йил бир жамоада ишлаш кишидан жуда катта инсоний фазилатлар ва меҳнат талаб этиши ҳеч кимга сир эмас. Биз талабалик давримиздан аҳил-иноқ бўлиб, биринма-кетин оила қурдик ва фарзандларимиз ҳам кетма-кет дунёга келишди. Тўй ва бошқа маросимларда ҳам елкадош бўлиб, яқиндан ёрдам берардик. Афсуски, юзкўрмас бўлиб кетган жон-жигарларга ўхшаб қолдик. Уларнинг барчасини ҳалигача ака-укамдек кўнглимга яқин олиб, яхши кўраман ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Жамоада ажралганимиз билан ҳаётда муносабатларимиз яхши.

— Ижодингизга бефарқ бўлмаган мухлислар қандай оилада туғилганлигингиз тўғрисида ҳам маълумотга эга бўлишни исташади. Шу ўринда болалик хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз…

— Аслида, Тошкент шаҳрида зиёли оилада туғилиб, вояга етганман. Оилада икки нафар фарзандмиз: мен ва укам. Ота-онам жуда қаттиққўл, айниқса, дадам «Қиз бола уйда ўтириши керак», деган тушунчали инсон бўлганлиги боис санъат йўлини танлашим мумкин эмасди. Кичкиналигимда жудаям шўх, ерга урса, осмонга сапчийдиган, тўполон қилишда ўғил болалардан ҳам қолишмасдим. Уйдагилардан яширинча спорт машғулотларига, тил ўрганишга қатнардим. Оилавий шароитимиз ҳаминқадарлиги учун яқинларимга ўртоқларимда бор ёки ўзим орзу қилган нарсаларни олиб беришини айтолмасдим, ота-онамнинг қурби етмаслигини билардим. Ўқувчилик давримдан рўзғорда ишлатиладиган ул-бул нарсаларни сотиб, ҳавасим кетган буюмларни харид қилардим. Ҳаёт қийинчиликларини эрта кўриб улғайганимдан ҳамиша миннатдор бўламан. Агар ҳар томонлама бекаму кўст хонадонда камол топганимда бугунги даражага етмасдим. Мени машаққатлар, ҳаётнинг паст-баландликлари тез улғайтирди ва инсон барча орзу-мақсадларига фақат меҳнати, интилиши орқали эришишини ёшлигимда англаб етдим.

— Эшитишимизча, аслида, Ўзбекистон миллий университетининг физика факультетида таҳсил олган экансиз. Шу истеъдодингиз билан нега айнан аниқ фанлар бўйича ўқигансиз?

— Болалигимдан рақс ва қўшиқ айтишга қизишим юқори бўлиб, албатта, барча тадбирларда фаол эдим. Академик лицейда ўқиётган дамларимда ҳам адабий-бадиий кечалар менинг иштирокимсиз ўтмасди. Аммо бирор касбнинг этагини ушлаб, ўша бўйича ўқиш пайти келганида боя таъкидлаганимдек, отам санъат йўлини танлашимга норози бўлган. Ҳаётимни жиддий соҳа билан боғлашимни айтган. Шу тариқа падаримнинг ниятини амалга ошириш мақсадида уч йил давомида ЎзМУ ва Божхона институтига, Ички ишлар академиясига ҳужжат топширганман. Лекин озгина балл етмай ёки омадим кулмай, имтиҳонлардан ўта олмаганман. Тўртинчи йили эса давлат гранти асосида ЎзМУнинг физика йўналиши талабаси бўлиш бахти насиб этган.

Физика фани мен учун қизиқ туюлгани билан аниқ фанлардан жуда қийналардим. Ижтимоий-сиёсий фанларни яхши ўзлаштиришга, аъло баҳоларга ўқишга интилардим. Университетда ташкил этилган «Қизлар давраси» кўрик-танловидаги иштироким сабаб «Қувноқлар ва зукколар» танловида ўз истеъдодимни намойиш этиш имконияти туғилган. «Шоввозлар» жамоасидаги чиқишларим эса санъат соҳасига бўлган иштиёқимнинг аланга олишида катта роль ўйнаган.

— Умидахоннинг тўйидаги рақсингиз интернетда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Яқинда Жаҳонгир Позилжоновнинг «Хонтахта» кўрсатувида иштирок этиб, миллий мумтоз қўшиқларимиздан бирини жонли ижрода куйлаганлигингиз ҳам мухлислар томонидан муносиб эътироф этилди… 

— (кулади) Биласизми, элимиз назарига тушганимдан кейин юртдошларимиз тўйларга бошловчи сифатида таклиф қила бошлашди. Уларга эса рад жавобини бериб, дилини оғритишни истамай, қўлдан келганча бахтли кунларига файз киритишга интиляпман. Бундай пайтда йиғилганларни фақат кулги билан эмас, балки ўзимдаги бошқа қирралар билан ҳам кўнглига ёруғлик, лабига табассум улашишни мақсад қиламан. Назаримда, санъат соҳасига кириб келган ижодкор серқирра бўлиши керак.

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here