Абитуриентлар диққатига: Энди бўлажак журналистлар тарих фанидан имтиҳон топширмайди

0

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига кириши имтиҳонларида тарих фани бўлмайди. Бу ҳақда университет матбуот котиби Камола Юсупова ЎзАга маълум қилди.

«Энг катта янгилик бу — иккинчи блокдаги тарих фани олиб ташланиб, ўрнига ижодий имтиҳон қўйилганидир», деган у.

Маълум бўлишича, ижодий имтиҳонлар икки босқичда – биринчи босқичида соҳа мутахассислари иштирокида оғзаки суҳбат ўтказилса, кейинги босқичда эса абитуриентлар берилган топшириқ бўйича ижодий иш ёзишлари талаб қилинади.

Ижодий имтиҳонларда журналистика соҳасини танлаган абитуриентнинг нутқи равонлиги, фикрининг аниқ ва лўнда билдира олиши муҳим омиллардан бири сифатида қаралади.

Ижодий имтиҳоннинг умумий бали 63 балл (2.1х30). Имтиҳоннинг оғзаки синовига энг юқори – 26 балл қўйилиши белгиланган бўлса, ёзма имтиҳон учун 37 баллгача баҳоланади. Ёзма имтиҳонда абитуриентнинг муайян бир мавзуни қанчалик моҳирона ёритиб бера олиш салоҳияти синовдан ўтказилади.

Бу йилги ижодий имтиҳонлар икки кун – 17-19 июль кунлари ўтказилади. Биринчи куни оғзаки имтиҳон бўлади.

Эслатиб ўтамиз, шу кунгача Журналистика факультетларига кириш учун абитуриент Она-тили, тарих ва чет тили фанлари ва ижодий имтиҳондан ўтиши керак бўларди. Эндиликда кириш имтиҳонларида ижодий имтиҳондан ташқари, она тили ва чет тили фанларидан тестлар бўлиб ўтади.