Буқоқнинг турлари

1

Инсон организмида 20-30 миллиграмм йод бўлиб, шундан тахминин 1/3 қисми қалқонсимон безда тўпланади. Аммо кўпгина ҳолларда инсон организмида йод танқислиги кузатилади. Бу қандай касаллик? Болаларда йод танқислиги қандай аломатлар билан пайдо бўлади? Касалликнинг даъвоси борми? Шу каби саволларга жавоб олиш учун малакали шифокор Камола Нурисломова билан боғландик.

— Қалқонсимон без — бу организмдаги энг муҳим безлардан бири саналиб, таркибида йод бўлган гормонларни ишлаб чиқаради. Қалқонсимон без шаклини капалакка ўхшатиш мумкин. У жудаям кичкина бўлиб, оғирлиги атиги 12-25 г ни ташкил этади. Инсон организмида у модда ва қувват алмашувида, ҳужайралар ва тўқималарнинг ўсиш жараёнида иштирок этади. Қалқонсимон без гормонлари функциясининг ошиши ҳам, сустлашиши ҳам турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Буқоқ — бу қалқонсимон без фаолиятининг ўзгариши сабабли келиб чиққан касалликлар жамланмаси. Бизнинг ҳудудимизда, асосан, йод танқислиги сабабли буқоқ касаллиги келиб чиқади. Бу касалликка ёш болалар, ўсмир даврдаги ёшлар ва туғруқ ёшидаги аёллар кўп чалинади. Буқоқнинг келиб чиқишига асосий сабаб,  яшаш ҳудудимизда сув, ер ва озуқа маҳсулотларида йод миқдорининг камлигидир.

Буқоқнинг турлари

Буқоқнинг турлари кўп бўлиб, улардан диффуз токсик буқоқ, кўп тугунли токсик буқоқ, туғма гипотиреоз, аутоимиун тиреоидитлар кўп ҳолларда учрайди. Айниқса, туғма гипотиреоз оғир хасталик ҳисобланиб, тузатиб бўлмас асоратларга олиб келади.

Соч тўкилиши, терининг қуруқланиши, қабзият (ич қотиши), тез толиқиш, уйқучанлик, тушкунлик, хотиранинг пасайиши ва бошқалар гипотериозга хос белгилар ҳисобланади. Қалқонсимон без касалликлари унинг катталашиши (буқоқ), фаолиятининг кучайиб кетиши (гипертериоз), пасайиши (гипотериоз), яллиғланиши (тиреоидит) ва унда хавфли ва хавфсиз ўсимта пайдо бўлиши билан намоён бўлади.

Республикамиз туғруқхоналарида янги туғилган чақалоқлар орасида туғма гипотиреоз касаллиги скрининги олиб борилади. Бунда чақалоқ туғилган кундан бошлаб 4-5 кунда унинг товонидан 1-2 томчи қон олинади ва лаборатория текширувига юборилади. Хавф гуруҳи аниқланса, улар қайтадан текширувдан ўтказилади ва тезда даволаш чоралари кўрилади. Ўз муддатида даволанмаган чақалоқларда касаллик оғир асоратларга (ақлий заифликка) олиб келади.

Болаларда
йод етишмаслиги

Фарзандингиз ёшига нисбатан ривожланишдан ортда қолаётгандек туюлса, йод моддаси захирасини тўлдиришга киришинг. Йод етишмаслиги боланинг ақлий фаолияти ва жинсий аъзолар ривожланишига ҳам таъсир этади. Шунингдек, болада жиззакилик, кўп терлаш, кўз чаноқларининг катталашиши кузатилса, қалқонсимон безнинг эндометрик хасталик тури юзага келгани тахмин қилинади.

Йод қалқонсимон без фаолиятини тартибга солади, асаб тизимини тинчлантиради ҳамда микробларга қарши таъсир кўрсатади, ақлий салоҳиятни ўстиради.

Йоднинг кунлик миқдори болажонингиз ёшга тўлмаган бўлса, 90 мкг, 2-6 ёшда бўлса, 110-130 мкг, 7-12 ёш ва ундан катта бўлса, 130-150 мкг гача белгиланиши мумкин.

Болангизнинг жисмоний ва ақлий саломатлиги учун йод моддасига бой маҳсулотлардан танланг. Бунда сизга денгиз маҳсулотлари, сут, йод моддаси қўшилган ош тузи, хурмо, ёнғоқ кабиларни тавсия этамиз. Мазкур маҳсулотлар болангиз таомномасида бўлса, йод етишмаслиги ва унинг асоратидан келиб чиқадиган касалликлар хавф солмайди. Бироқ қўшимча препаратлар беришда маҳсулотлар миқдорини меъёрда сақланг.

Заҳарли буқоқ нима?

Турли буқоқ касалликларидан бири — бу заҳарли буқоқ ёки Грейвс хасталиги. Бу касаллик ёш танламайди, аммо кўпинча 20 дан 50 ёшгача бўлган аёлларда учрайди. Ушбу заҳарли буқоқнинг асоратлари умумий ҳолсизлик, асабийлашиш, ҳаловатсизлик, қўлларнинг қалтираши, ички титроқ, кўп терлаш, озиб кетиш, ич кетиши, ҳансираш, кўп пешобга қатнаш, кўзлардаги ўзгаришлар, ҳайз циклининг бузилиши бўлиб, улар беморга кўпгина ноқулайлик туғдиради.

Гормононал ўзгаришлар

Беморга шифокор кўригидан ўтиб, ундан маслаҳат олгандан сўнг лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтиш учун йўлланма берилади. Шунда беморга қандай қилиб организмда гормонлар миқдорини тўғри аниқлаш тушунтирилади. Кун давомида бизнинг организмимизда гормонлар миқдори ўзгарувчан бўлади. Шунинг учун беморнинг лабораторияга қон топшириши учун энг қулай вақт белгиланилади: эрталаб оч қоринга (аёллар учун ҳайз циклининг 3-5 куни, эркаклар учун эса ойнинг ҳар бир кунида). Гормонал таҳлиллар топширишдан 1-2 кун олдин бемор ўзини чекишдан, спиртли ичимлик истеъмол қилишдан, жисмоний ва эмоционал зўриқишдан асраши керак. Шунда текширув натижаларининг тўғри чиқишига ёрдам берган бўлади.

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

  1. Букокка этиборсиз карамалик керак фарзандларингизни ёд танкислигини бартараф килиш максадга мувофик булади

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here