ОЙМОМАЖОН…

0

 

 

***

Неча баҳорим ўтди гул атрига бегона,

Шамолдайин шошгани — йўл қадрига бегона,

Қайси ошиқ, ахир, айт ишқ дардига бегона,

Оймоможон, ўзингни сўроқлардан изладим.

***

 

Пайкармидинг, билмадим, сувларда оққим келди,

Балиқларга айланиб ортингдан чопгим келди,

Эҳ, билсайдинг, шунчалар ўзингга ёққим келди,

Оймоможон, ўзингни қирғоқлардан изладим.

***

 

Қайларга урай бошим, доғларга етолмасман,

Қадгинамни дол қилган тоғларга етолмасман,

Шунчалар соғинтирган ёқларга етолмасман,

Оймоможон, тўзимни йироқлардан  изладим.

***

 

Тўзиб кетди хаёлим, тўзон бўлиб қолдим мен,

Ўз қалбимга сиғмайин зиндон бўлиб қолдим мен,

Ҳасратларга кўмилган армон бўлиб қолдим мен,

Оймоможон, ўзингни фироқлардан изладим.

Олимжон ҲАЙИТ