ҚАЛБИМНИНГ ҚЎРИҚЧИ ФАРИШТАСИ…

0

УЧИНЧИ МАКТУБ

 

Азизам! Бугун умид осмонимни қора булутлар қоплади.

Қалбимнинг бир чети дарз кетгандек бўляпти. Кўнгил кўзларим сўқирга айланиб, хаёлан қоп-қора қуюн ичида қандайдир жарликлар тепасида тупроқни пайпаслаш билан бандман.

Мен аслида бу тупроқ орасидан нима излаётганимни биламан. Ўзимни қидиряпман. Куйиб кул бўлган бағримни, саробга айланган муҳаббатимни қидиряпман.

Шу лаҳзаларгача сиз фариштам эдингиз. Ўйларимни жиловлашда, туйғуларимни соф ҳолда асрашда, ҳар онимни қувончли ва мазмунли ўтказишда елкадош эдингиз. Афсуски, бугун сизни таний олмадим. Бир кулиб қўйдингиз-у, осмону фалакларга парвоз қилдингиз. Ҳатто, сизни чорлашга, исмингизни айтиб ёлворишга, дарду ҳасратларимни баён этишга-да улгура олмадим.

Нима қилай? Ожиз бир бандаман. Балки фаришталар дилини, тилини етарлича англай олмаганим ўзимга ёв чиққандир.

Энди менинг кўнглим бир умр сўқирликда ўтади. Ўзимни ҳам, ўзгаларни ҳам таний олмай ҳалак бўламан.

Сиз эса… Сиз барибир мени эшитмайсиз. Шу қадар олисдасизки, мунгли товушим осмон-у фалакка етмайди. Сизни тушларимда кўрсам, яқин ўтмишдаги меҳрингиз, муҳаббатингиз, жозиба-ю, салобатингиз ҳақида хаёллар суриб қувонсам кошкийди…

Фақат унутманг! Сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзимнинг фариштам бўлиб қолаверасиз! Хаёлан сизни ўзгалардан қизғониб, севиб, ардоқлаб яшайман. Ҳар сонияда сиз томон талпиниб умр кечираман!

Бало-ю-офатлар исканжасида қолганимда ўзингиз, сизнинг ширин хаёлингиз билан овунаман, улар менга кўмакдош, сирдош ва дарддош бўлиб қолаверади.

Мени кечиринг, фариштам!

Олимжон ҲАЙИТ