САРОБГА АЙЛАНГАН СЕВГИ… (Реал воқеаларга асосланган)

0

 

* * *

 

 

Тўрт соат деганда тоғ ошиб водийдан келган йўловчиларни Қўйлиқ бозори ёнига ташлагач, Вали оғир хўрсинганча «Нексия» ўриндиғига бор гавдасини ташлади. Тунда кам ухлаганиданми, кўзлари юмилиб борарди.

— Ҳали орқага қайтишим керак, — ўйларди Вали лаб тишлаб. — Бу аҳволда йўлда ухлаб қолмасайдим. Тирикчилигиям қуриб кетсин…

Шу тобда қўл телефони жиринглай бошлади.

У таниш рақамни кўрди-ю, баттар тутоқди.

— Сира тинч қўймас экан-да шу хотин! — ғудранди ўзича. — Алло, нима гап? Тинчликми?..

— Хўжайин, яхши етиб олдингизми? — сўради майин овозда хотини Меҳрибон. — Ё ҳали…

— Вей, ҳадеб эжикилайвераркансан-да-а? — бақириб ташлади Вали. — Йўлга чиққанимдан бери беш марта сўрадинг.

— Хавотир оламан-да!

— Хавотир олма! Ёш боламидим сенга? Бўлди… Ие… Анавини қара…

— Нима? Нимани қарай?..

— Бўлди, ўчир телефонни! Сенга гапирганим йўқ!

Вали машина ёнидан ўтиб кетаётган ўрта бўйли, калта юбкали, ёйиқ сочлари елкаси оша ташланган қизни кўриб тамом бўлаёзганди.

Гапни калта қилиб телефонини чўнтакка жойлади-да, ташқарига чиқди.

Қиз ҳам негадир икки-уч қадам нари боргач, ортга қайтди ва Валининг рўпарасида тўхтади.

— Таксими? — сўради эркалаш оҳангида. — Вой, нега бақа бўлиб қолдингиз? Одам кўрмаганмисиз?

— Менми?.. Й-йўқ… Ҳа… Такси… Қ-қаерга борасиз?..

— Қорақамишга, — деди қиз кулгиси қистаб. — Обориб қўясизми?..

— А-албатта, — деди Вали ҳамон тутилиб. — Сиз айтасиз-у, йўқ дермидим?

— Қанча бўлади?

— Ҳеч қанча… Ў-ўтиринг!..

— Йўқ, мен текинга кетмайман. Йўл ҳақини айтинг.

— Шунақами?.. Хўп, тўрт минг тўғри келадими?

— Ростданми? — қиз майин жилмайганча таклифни ҳам кутиб ўтирмай, машинага ўтирди.

 

 

* * *

 

 

— Кечирасиз, отингиз нима? — йўл-йўлакай қизга гап ташлади Вали.

— Вой, отимни нима қиласиз? — ҳиринглаб жавоб қилди қиз. — Ундан кўра йўлингизга қаранг!

— Сизни… Ишонинг, сиз… Жуда чиройли экансиз.

— Буни ўзим ҳам яхши биламан, — деди қиз энди жиддий тортиб. — Лекин барибир хурсанд бўлдим. Раҳмат!

— Отингизни айтинг, илтимос!

— Сарвиноз, — деди қиз унга хаёлчан боқиб. — Қишлоқданмисиз дейман?

— Ҳа, қишлоқданман. — пича хижолатомуз оҳангда жавоб қилди Вали. — Таксичилик қиламан.

— Шаҳардами?

— Йўқ, водийминан Тошкент ўртасида.

— Қийин бўлса керак-а? — сўради Сарвиноз. — Ҳар ҳолда йўл олис…

— Ишнинг осони бор эканми. Албатта қийин. Аммо ўрганиб кетганман.

— Кўп пул топасизми?

— Насибага яраша.

— Уйланган бўлсангиз керак?

— Афсуски, ҳа.

Сарвиноз бу гапни эшитиб кулиб юборди.

— Ҳамма эркаклар ҳам бир экан-да! — деди кулгидан ўзини базўр тўхтатиб. — Кўчага чиқди дегунча хотинидан нолишади.

— Шунақа-да! — оғир хўрсиниб ойнадан ташқарига қаради Вали. — Сочидан сузма ҳиди келади. Мундоқ ўзига қарашниям билмайди…

— Ҳа-а, — деди Сарвиноз бироз жиддий тортиб. — Кийимларингизданам сезгандим буни. Пешона-да!.. Агар хотинингиз ўрнида мен бўлсам…

— Кошкийди сиз бўлсангиз! — худди шу гапни кутаётгандек Сарвинознинг гапини кесди Вали.

— Нима қилардингиз? — ҳийла эркаланган оҳангда сўради Сарвиноз.

— Бошимда кўтариб юрардим.

— Ў, унда оёқда юришни унутиб қўярканман-да!

— Унутсангиз ҳам майли… Ишонинг, сизни ёқтириб қолдим. Ўзи… Шу гапни сизга қандай айтишни билмай тургандим. Гапим рост.

— Бўпти, етиб ҳам келдик! Шу ерда тўхтатиб юборинг!

Вали кескин тормоз берди-да, рулни йўл четига буриб тўхтади.

— Сарвинозхон, энди қачон учрашамиз?.. Ҳеч бўлмаса, телефон рақамингизни беринг!

Қиз ўйланиб туриб бош чайқади.

— Менга қўнғироқ қилмаганингиз маъқул. — деди у норози оҳангда. — Яхшиси, ўзингизнинг телефон рақамингизни ёзиб беринг. Ўзим топволаман сизни.

— Алдамайсизми? — қизга умидвор тикилиб сўради Вали. — Ишонсам бўладими?

— Хафа қилаяпсиз. Мен ваъда берсам, албатта устидан чиқаман.

— Узр, минг бор узр, Сарвинозхон. Ҳозир…

Вали шоша-пиша машина қутичасидан ручка-қоғоз олди-да, керакли рақамларни ёзиб, Сарвинозга тутқазди.

— Қўнғироғингизни зор бўлиб кутаман.

— Келишдик.

 

 

* * *

 

 

Йигит қалбини муҳаббат эгалламасин экан. Дунё кўзларига тор кўриниб, дунёда севгилиси билан ёлғиз икковлари қолишини орзулашдан бўшамай қоларкан.

Вали кун қандай ўтганини ҳам пайқамади. Умуман, ҳозир унга барибир эди. Гоҳи-гоҳида хотинининг қўнғироқларига истар-истамай жавоб берарди. Ҳар қўнғироқ бўлганда уни жеркиб ташлагиси келарди-ю, шундоқ ҳам яқин орада ажрашиб кетишини кўз олдига келтириб, ўзини тиярди.

Эрта тонгда шаҳардаги ижара квартирасидан машинасини олиб чиқиб, йўлга отланганда, Сарвиноз қўнғироқ қилиб қолди.

— Хайрият-эй, — дея хўрсиниб телефонни қулоғига босди Вали. — Соғинганимни сезибди, асалим! Эҳ, бахтим чопганга ўхшайди! Йўқса шундай кетворган қизнинг хаёлини ўғирламаган бўлардим.

— Қаердасиз? — мулойимлик билан сўради Сарвиноз. — Йўлдамисиз?

— Ҳа, эндигина чиққандим, Сарвинозхон! — деди Вали ҳовлиқиб. — Яхши ётиб турдингизми?

— Раҳмат!.. Биласизми… — қиз тутилиброқ гап бошлади. — Бир… Илтимос чиқиб қолувди. Шунга…

— Ие, айтинг-да ўша илтимосни! Нима қилай, азизам?.. Бирор ёққа обориб келайми?

— Жуда дилгир экансиз-ку! — кулди Сарвиноз. — Ичимдагини қандай топдингиз?

— Ичимсиз-да! — ялтоқланди Вали. — Нафас олишингиздан сездим, нафас олишингиздан!

— Майли… Биласизми, бир дугонамникига бориб келмоқчийдим. Жуда зарур ишим чиқиб қолди.

— Жоним билан! Қ-қаерга борай?

— Кечаги жойни эслаб қолганмидингиз?

— Албатта.

— Ўша ерда кўришайлик!

— Хўп бўлади. Секундда етиб бораман!

— Раҳмат, Валижон ака!

 

 

* * *

 

 

— Мен негадир сизга боғланиб бораётганимни ҳис этаяпман, — деди Сарвиноз машинага чиқиб ўтиргач. — Туни билан негадир сизни ўйлабман. Шундай катта шаҳарда пул топаман деб кечаю кундуз йўл босишингизни тасаввур қилиб, сизга ачиндим ҳам…

— Ҳозир ҳаммагаям осонмас, — мамнун жавоб қилди Вали машинанинг кичик кўзгуси орқали қизга суқ билан боқиб. — Очиғи, шу кунгача чарчардим, тан оламан. Итдай чарчардим. Лекин сизни учратганимдан бери уйқум қочган, томоғимдан овқат ҳам ўтмайди… Жуда ғалати аҳволга тушиб қолдим, Сарвинозхон.

Қиз ҳеч нарса демади. Мийиғида кулганча ташқарига қараб олгач, ҳашаматли бино томон ишора қилди.

— Мана, келдик! Шу ерда тўхтайсиз!

— Дугонангиз шу ҳовлида турадими? — сўради Вали нақшинкор дарвозадан кўз узолмай. — Роса бой бўлса керак-да-а?..

— Шунақа десаям бўлади, — деди истар-истамас Сарвиноз ва сумкачасини ковлаб уч-тўртта мингталик чиқарди-да Валига узатди. — Манавини олиб қўйинг!

— Ие, бу нима қилиқ? — дея беихтиёр қичқириб юборди Вали. — Одам яқин танишигаям пул берадими? Олинг-э пулингизни!.. Х-хафа бўламан-а!..

— Вой, шунча йўл босиб келдингиз, ахир! — деди Сарвиноз хижолат тортган кўйи. — Олиб қўйсангиз-чи! Бензин-мензин оларсиз.

— Ундай қилолмайман! — Вали юзини терс буриб қовоқ уйди. — Мен сизни… Йўқ, ундан кўра, қачон қайтишингизни айтинг, келиб ўзим сизни опкетай!

— Уф-ф, одамни роса хижолатга қўйдингиз-да, Вали ака!.. Майли, бир кун суришиб кетармиз…

— Саволимга жавоб бермадингиз-ку! — хижолат тортган кўйи ёйиқ сочларини орқага тараб-тараб олаётган қизга боқди Вали.

— Қайси саволингизга?..

— Оп-пкетиш ҳақидаги…

— Ҳа, уми?.. Майли, тушдан кейин келиб олиб кетсангиз, сизни паловминан сийлардим.

— Ў, зўр-ку! Жони дилим палов, Сарвинозхон!.. Гапни шундан бошламайсизми?.. Бўпти, албатта шу ерга кеп тураман!

— Хўп, ҳозирча хайр!

Сарвиноз нозли жилмайиш қилиб машинадан тушди.

 

 

* * *

 

 

Вали Сарвинознинг икки хонали мўъжазгина квартирасида икки соатча қолиб кетди. Кетгиси ҳам келмасди. Танасини тобора қиздириб, кайфини чоғлаётган ичкилик уни шу тобда очиқчасига гаплашиб олишга, қишлоқдаги хотини билан орани очиқ қилишга ундарди. Айниқса, Сарвинознинг кафтлари орасига момиқ каби ботиб бораётган нозик қўллари йигитни адойи тамом қилаёзди. Севгилисини бағрига тортиб юзларидан меҳр билан ўпди. Сарвиноз сал ўзини олиб қочгандек силтаниб қўйди. Бу Валини янада илҳомлантириб, даст ўрнидан турди ва дераза қаршисига бориб сигарет тутатди.

— Ортиқ чидай олмайман! — деди у энтикиб. — Чўзмайлик, Сарвинозхон! Турмуш қурайлик! Ахир, сизни бир умр орзу қилганман!

— Вой, намунча шошқалоқсиз? — эркаланиб кулди Сарвиноз. — Оилали бўлсангиз… Бунинг устига ҳали бир-биримизни яхши билмасак…

— Бунинг аҳамияти йўқ, — Вали стол томон қайтиб Сарвинознинг икки елкасидан тутди. — Хотинимнинг жавобини бераман! Ишонинг, тез орада сиз билан бирга бўламиз. Фақат менга ишонсангиз бўлди.

— Билмадим, — деди Сарвиноз лаб тишлаб. — Ўйлаб кўришим керак… Ҳар ҳолда бу умр савдоси.

— Майли, ўйлаб кўринг! Фақат чўзворманг, илтимос!

Сарвиноз бош чайқаб ўрнидан турди-да, залга ишора қилди.

— Кеч бўлиб қолди. Залга кириб диванда дам олишингиз мумкин.

— С-сиз-чи?.. — талмовсираб сўради Вали. — Балки бирга…

— Ҳаддингиздан ошманг! — унинг елкасига оҳиста муштлаб қўйди қиз.

— Ахир, бир-биримизни севамиз! Бунинг нимаси ёмон?

Сарвиноз ноз аралаш йўрғалаб ётоққа яқин борди-да, эшикни очиш асносида луқма ташлади:

— Тўй ўтсин, ана ундан кейин сиз айтган нарса бўлади!..

— Кечиринг, — қизга яқинлашиб бош эгди Вали. — мен аҳмоқни кечиринг!.. Майли, унда мен бора қолай.

— Вой, вақт кеч бўлиб қолди-ку! — деди Сарвиноз. — Бунинг устига ичган бўлсангиз!

— Амаллаб етволаман квартирамга! Бир-иккита ишларим бориди.

— Майли, ўзингиз биласиз.

— Демак, ваъда берасиз-а? Алдамайсиз-а? — Сарвинозга умидвор термулди Вали.

Қиз унга жавобан бош ирғади ва сўзсиз ташқари эшикни очиб Валининг елкасига бош қўйди.

— Яхши етволинг! Ўзингизни эҳтиёт қилинг!

 

 

* * *

 

 

Орадан бир ой вақт ўтди. Вали қизга буткул боғланиб қолганди. Аммо Меҳрибонга айтиши лозим бўлган сўнгги сўзни сира тилига чиқара олмай қийналарди. Яқинлари орқали етказмоқчи бўларди-ю, тағин иккиланарди. Буёқда эса Сарвиноз совчиларни кутаётган каби ҳар кўришганда сирли боқишлар қилади.

— Нега чўзаяпман ўзи? — ўйлади хуфтон маҳали таксичиликдан чарчаб ижара квартирасига қайтгач. — Бир оғиз сўзни айтиш шунчалик қийинми? Ахир, ўзим Сарвинознинг қучоғига киришга ошуфтаман-ку!.. Қайсар қиз тўйгача барибир ўзига яқинлаштирммаса… Нима учун бўшанг одамнинг йўлини тутаяпман?… Талоқ қилсам, йўлим очилади, совчиларнинг Тошканга келиши тезлашади. Йўқ, ҳозироқ қўнғироқ қиламан. Ўзиям ярамас жонимга тегиб кетди қачон келасиз деявериб…

Вали шоша-пиша қўлига телефонини олди-да, керакли рақамларни терди.

Зум ўтмай, гўшакдан таниш овоз эшитилди.

— Вой, хўжайин, яхшимисиз? Соғлиғингиз яхшими?.. Келаяпсизми? — қувноқ оҳангда сўради Меҳрибон. — Яқинлашиб қолдингизми дейман уйга?

— Йўқ, — деди Вали совуққонлик билан. — энди бормайман!

— Ие, бу нима деганингиз? Ҳазиллашаяпсизми?

— Намунча ғалчалик қилаверасан-а? — бақирди Вали тоқати тоқ бўлиб. — Жонимга тегиб кетдинг-ку!

Бу ҳайқириқдан сўнг Меҳрибон жим бўлди.

— Сен онангникига кетаверишинг мумкин, — энди сал босиқлик билан давом этди Вали. — Мен шу ерда қоладиган бўлдим.

Бирпаслик сукутдан сўнг ниҳоят Меҳрибон сўрашга жазм этди.

— Нега ундай деяпсиз, хўжайин?.. Сизга нима ёмонлик қилгандим?..

— Гапни кўпайтирма! — ўшқирди Вали. — Сенда кўнглим йўқ! Менга умуман ёқмайсан!.. Айтдимми ажрашамиз деб, тамом!

Аёл сўзлашга улгурмади. Вали жаҳл билан телефонни ўчирди-да, ташқарига йўл олди.

— Эҳ, талоқ қилмадим-да!.. Тил ўлгур айланмади… Йўқ, бундай сўзни гувоҳлар ёнида айтиш керак-ку!.. Каллаварамман-да ўзим ҳам!.. Демак, талоқ учун Сарвинозга уйланганимдан кейин алоҳида бориб келаман… Хўш, энди нима қилдим?.. Ҳа, бу хушхабарни Сарвинозимга албатта етказишим керак.

Вали шундай хаёллар билан машинасига ўтирди

— Олдин қаҳвахонага бориб юз грамм оқидан урай, ана ундан кейин бафуржа айтарман…

 

 

* * *

 

 

Сўзга сал нўноқлигини яхши билган Вали сабри чидамай иккита қадаҳни кетма-кет кўтаргач, ичи қизиб, вужудида эҳтирос туғён ура бошлади ва Сарвинознинг рақамини терди.

— Ухламадингизми? — сўради қиз салом-аликдан сўнг. — Ё ҳалиям ишдамисиз?

— Мен ҳал қилдим! — жавоб бериш ўрнига мақсадга ўтди Вали.

— Нимани?

— Э, хотинимнинг жавобини бердим. Энди бошим очиқ. Эркин қушман.

— Вой, намунча шошилинч? — эркаланган оҳангда савол ташлади Сарвиноз. — Шунчалик ҳовлиқмамисиз?

— Ахир… Икаламизам шуни кутаётгандик-ку! Мана, энди бемалол сизга совчи қўйишим мумкин. Айтганча, ўйлаб бўлдингизми? Бир ой ўтиб кетди.

— Йўқ, — деди Сарвиноз кулиб. — ҳали ўйламадим.

— Ундай қилманг-да! — ўпкаланган бўлди Вали. — Қанчалик қийналиб юрганимни биласиз-ку!

— Ажаб бўпти! — гапни ҳазилга бурди Сарвиноз. — Қийналиб тураверинг-чи!

— Сизни соғиндим, жоним! Майлими ёнингизга борсам?

— Ие, бугун кўришдик-ку ўзи!

— Барибир соғиндим.

— Сабрсиз бўлманг! Эртага кўрасиз.

— Хўп, сиз нима десангиз шу!

— Яхши дам олинг!

— Хайр!

 

 

* * *

 

 

Бу суҳбат Вали учун жуда ёқимли эди. Сарвинознинг қўнғироқдек товуши юрагига малҳам каби ёқиб, сархушлиги ошгандек эди. Ширин хаёллар оғушида машинасига ўтирди-да, ижара уйи томон жўнади.

Ярим йўлга етганда, йўл четида турган «Мерседес»га кўзи тушиб тезликни камайтирди. Ҳайдовчи олд капотни очганча жим турарди.

— Қизиқ, бойларнинг ҳам машинаси бузиларкан-да! — хаёлидан ўтказди у. — Шўрликка қийин бўлибди. Кел, ёрдам берворай!

Вали машинани тўхтатиб, йўл четига қўйди-да, шошилмасдан «Мерседес»га яқинлашди.

— Ассалому алайкум, ака! — дея башанг кийинган, ўрта яшар эркакка қўл чўзди у. — Нима бўлди?

— Э, ука, яхши йигит экансан. — нолий кетди эркак. — Кўрмайсанми, мотор ўт олмаяпти. Оғайниларга шунча қўнғироқ қилсам ҳам биронтаси жавоб бермаяпти.

— Қани, кўрайлик-чи! — Вали чироқ ёруғида моторни кўздан кечира бошлади.

— Мана, ака, ток йўқолиб қолган экан, — деди ниҳоят у қаддини ростлаб. — Қани, калитни бураб кўринг-чи!

— Яшавор-э, азамат! — ҳайдовчи югуриб бориб салонга ўтирди-да, моторга ўт қўйди ва дарҳол пастга тушди.

— Вей, қойилман сенга! — дея Валининг елкасига қоқди у. — Сенга ўхшаган қўли гул йигитларни ҳурмат қиламан. Қаерликсан, ука агар сир бўлмаса?

— Водийданман, — деди сал тортиниб Вали.

— Нима, меҳмонга келганмидинг биронтасиникига?

— Йўқ, шу ерда тирикчилик қилиб юрибман.

— Шунақами? Яхши, яхши… Менга қара, ҳозир машинангни менинг орқамдан ҳайда!

— Н-нега? — сўради Вали тутилиб. — Тинчликми?

— Меникига борамиз. Сени ўзим бир меҳмон қиламан.

— Ака… Сал кеч қолаётгандим-да!

— Кеч-печи йўқ, ҳайда, ука! Айтганча, отинг нимайди?

— Вали.

— Меники Мираббос. Мана, танишиб ҳам олдик. Қани, кетдикми, Валижон?

— Хўп, кетдик!..

— Ие, бу уй Сарвинознинг дугонасиники-ку! — таниш дарвоза яқинига келиб тўхтагач, ўйлади Вали. — Бу ўша қизнинг акасими дейман?..

Ичкарига кириб ўтиришгач, сўрагиси келди-ю, андиша йўл бермади. Шундай бадавлат одамни беҳуда саволларга тутгиси келмай, бош эгиб қўя қолди.

 

 

* * *

 

 

— Сен уйда ҳеч ким йўқлигига ҳайрон бўлма! — Мираббос ака жилмайганча коньяк тўлдирилган қадаҳлардан бирини Валига узатди. — Ҳаммалари дала ҳовлида. Бугун ташвишлардан сал нарироқ бўлай деб уйга келаётгандим. Учраганинг яхши бўлди. Қани, олдик!

Ароққа коньяк аралашгач, Валининг кайфи таранг бўлиб, дунёни унутгандек бўла бошлади. Боз устига Мираббос ака жуда шинаванда экан. Суҳбат қизигандан қизиб бораверди.

— Оббо сен-ей! — дея қур-қур унинг елкасига қоқиб қўярди Мираббос ака. — Машинани яхши тушунаркансан. Баракалла!..

Бир маҳал нимадир эсига тушгандек ўрнидан турди-да, телефонини қўлига олди.

— Биласанми, — деди Валига кўз қисиб. — Шаҳарда анчадан бери юрибсан экан. Кел, сени шу кеча бир хурсанд қилай!

— Ака, шундоғам яхши меҳмон қилдингиз, — деди Вали хижолат чекиб. — Раҳмат!

— Йўқ, зўр жонон бор. Суюқоёқлар маликаси, ҳа!.. Ана шуни чақираман. Сени бир хурсанд қилсин. Нима дейсан?

Бу гапни эшитгач, Вали оғзининг таноби қочиб бўшашди.

— М-майли, — деди ер чизиб. — Сиздай одам таклиф киритиб тургандан кейин…

— Мана бу бошқа гап. Эркак киши ҳар замонда бўлсаям ёш қизларминан бирга бўлиб туриши керак. Кўнгил ёшаради, ука!.. Бўпти, сен… Бемалол дастурхонга қара, мен ҳозир.

Мираббос ака пилдираганча ошхонага чиқиб кетди ва бироздан сўнг кафтларини бир-бирига ишқалаган кўйи ортга қайтди.

— Иш пишди, — деди кулимсираб. — Жонон ҳозир етиб келади. Унгача, яна қиттай-қиттай оламиз.

 

 

* * *

 

 

Орадан қирқ дақиқача вақт ўтиб, ташқарида кимнингдир оёқ товушлари эшитилди. Мираббос ака даст ўрнидан турди-да, ҳовлига ишора қилди.

— Кўрдингми, укам, ўз оёғиминан келади булар! Ҳозир, ҳозир…

Ҳеч қачон суюқоёқлар билан гаплашиб кўрмаган Вали уёқ-буёғини тўғрилаган бўлиб кайф тўла нигоҳларини йўлакка тикди.

Шу маҳал кутилмаган воқеа рўй берди. Ташқари эшик очилиб, Мираббос аканинг қучоғида ҳиринглаганча ичкарига кирган Сарвинозни кўрди-ю, миясига кимдир гурзи билан ургандек қалқиб кетди. Кўзлари мошдек очилиб, боши ғувиллади. Гандираклай-гандираклай ортга тисланди.

— Ука, нега қоққан қозиқдай туриб қолдинг? — ҳеч гапдан бехабар Мираббос ака бор овозда бақирди. — Маликангни қабул қилиб олмайсанми?..

Қиз ҳам унга кўзи тушгач, таққа тўхтаган, Мираббос акани ўзидан нари итариб нималардир дея каловланарди.

— Сиз?.. — ниҳоят сал ўзини қўлга олиб Сарвинозга яқин борди Вали. — Ҳали сен… Суюқоёқмидинг? Сен-а?..

— М-менга қаранг… Вали ака, ҳаммасини тушунтириб бераман!..

Алам ва нафратдан юраги тарс ёрилаёзган Вали ҳовлига ўзини урди. Йўл-йўлакай Мираббос аканинг нимадир дея қичқиргани қулоғига чалинди. Бироқ тўхтамади. Машинасига ўтирди-ю, калитни буради…

 

 

* * *

 

 

— Нималар қилиб қўйдим? — кўзларидаги ёшни артиб улгурмай нуқул ҳайқирарди Вали. — Кўзим қаёқдайди? Аблаҳ! Қанжиқ!.. Нега илакишдим?.. Нега Меҳрибондан воз кечдим? Энди нима қиламан?.. Нима қиламан?..

Машина катта тезликда кетиб борарди. Алданиш, хўрлик ва разолат вужудини куйдириб бораётган Вали ҳеч нарсани илғамас, бўғзидан қон келиши муқаррардек хириллай-хириллай қичқирарди.

Шу тобда тўсатдан қаршисида қандайдир улкан дарахт рўбарў бўлди. Афсуски, тормозни босишга улгурмади. Бир неча сония деганда «Нексия» дарахтга зарб билан бориб урилди…

 

 

* * *

 

 

Шаҳардан четроқдаги касалхона палатаси. Бурчакдаги каравотда эндигина жонлантириш бўлимидан олиб чиқилган Вали беҳуш ётар, тепасида Меҳрибон, қўшни каравотда эса қайнонаси Собира опа йиғлаб ўтиришарди.

Шу кўйи ҳадик ва хавотирда бир соат ҳам ўтди. Меҳрибон қайнонасига нимадир демоқчидек ёнбошга ўгирилган эдики, Вали кўзларини очди.

— Вой, кўзини очди! — хитоб қилди Меҳрибон титраб. — Эна, ўғлингиз кўзини очди!..

Она бироз ўзини босиб ўғлининг тепасига келди. Бироқ ҳеч нарса демади. Кўз ёшларини рўмоли учига арта-арта бош чайқай олди холос.

Меҳрибон бўлса, нуқул сўзланарди.

— Хайрият, тирик қолдингиз, хўжайин! Сизсиз нима қилардим?.. Қандай яшардим?.. Худонинг ўзи қайтиб берди сизни, эшитаяпсизми?..

Валининг қулоғига бу сўзлар кирмасди. Шунда ҳам қаллиқ сўзлашдан тўхтамасди. Бор ҳасратларини йиғлай-йиғлай, тўкиб соларди.

— Ўша куни эрта тонгда чиқиб кетаётиб мени уйғотмадингиз. Фақат сочимни силаганингизни ҳис қилиб ўрнимдан турмоқчи бўлдим. Уришиб берганингиз учун қўрққанимдан индамай ётишга мажбур бўлдим… Ахир, анчадан бери бу қадар меҳр билан сочимни силамагандингиз-да!.. Эрталаб туриб кўзгуга боқсам… Қўлингиздаги машинанинг қора мойини сочимга артган бўлиб чиқдингиз… Барибир хурсанд бўлдим. Эримнинг қўллари бошимни силади-ку дедим-қўйдим… Нима қипти?.. Мой артсангиз артибсиз-да! Сиздан сочимни аярмидим?.. Айтганча, бош ювишга шампун сотволдим. Ишонинг, сочимни энди ҳеч қачон қатиқда ювмайман!

— Ж-жим!.. — зўрға шивирлай олди шунда Вали кўзлари юмуқ ҳолда. — Мени қийнама!.. Қийнама, М-меҳри!.. К-кечир… Кечиринглар!.. Кечиринглар!..

Қадрдон эрининг кутилмаган илтижолари юрагини мумдек эритиб юбораёзган қаллиқ додлаганча ўзини унинг устига ташлади.

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here