Ўгай фарзанд дуоси

0

 

Имронбек ҳовлига гул кўчатларини ўтқазаётганида оҳиста ёғаётган ёмғир тезлаша бошлади. Аммо яна ўз маромига қайтди. Худдики, табиат ёш болакайга меҳр ё илтифот кўрсатаётгандек.

Болаларнинг беғуборлиги бутун дунёни ўзгартиришга қодир. Мана, ҳозир ҳам Имронбек ўз ишига шўнғиган. Меҳрибон ойижонисини йўқотгандан сўнг ичикиб анчагина касал бўлиб ётди. Отаси Икром  ёлғизгина зурриёдини даволатиш учун тиним билмади. Вақт инсонни умр қўйнида катта қиларкан. Имронбек туғилганида жуда нимжон туғилганди. Орадан йиллар ўтиб, соғлом ўғлонга айланди. Аммо ойиси тузалмас дардга йўлиқдию, бу ёруғ дунёни тарк этди. Ўшанда Имронбек тобутда жонсиз ётган меҳрибонини қучоқлаб олганди. Болакай бу дунёда ўлим ҳақ эканини қайдан билсин. Ойижониси тонгда ухлаётгандек меҳр нурларига кўмилиб ётарди.

Имронбекнинг усти лойга беланди. Ўгай онаси Ҳафиза ичкаридан чиқиб болага имлади:

— Бўлди энди, шамоллаб қоласан.

— Ҳозир, озгина қолди.

— Шунча гулни нима қилар экан бу бола? — деди аёл ўзига-ўзи гапиргандек.

Ҳафиза Икромга турмушга чиқаётганда Имронбек ҳақида билмасди. Топиш-тутиши яхши бўлганлиги, ёши ҳам ўттизга яқинлашиб қолгани учун онаси дарров узатди-қўйди. Одамлар бевага тегяптими, дея пичинг гап қилишига ҳам унамади. «Бева бўлса нима бўпти, бахтли бўлса, бўлди-да. Бева эркак одам эмасми?» деди онаси бепарволарча.

Бу хонадонга келганига олти ойдан ортиқ вақт ўтди. Бироқ Ҳафиза Имронбекка ҳали тўла меҳр бермаган. У билан ўйнайди, ҳазиллашади, аммо онасидек бўлолмайди, тунлари юракдан чиқариб, алла айтиб беролмайди. Дунёнинг ҳақиқати, бола туғмаган аёлнинг алласи ёлғон бўларкан!

Имронбек янги ойисига ҳам аста кўникди. Бироқ уни «ойижон» деб эмас, шунчаки «ойи» деб чақиради. Болакай ишини якунлаб ҳаммомга кирди. Уст-бошини тўғирлади. Дадаси қачон келаркин?

Икром кўпинча иши юзасидан сафарда юради. Уйга кам келади. Илгари хотинини севганидан, уйида жажжи ва тотли муҳаббат меваси борлигидан сафарларга кам борарди. Энди эса айрилиқ хотираларини унутиш учун ҳам қатновни кўпайтирди. Устига-устак, Имронбек ҳам олтига тўлиб қолди. Ҳадемай мактабга чиқади. Шундоқ ҳам Ҳафиза доим унинг ёнида…

Катта дарвоза тарақлаб очилди. Икром машинасини ичкарига олиб кирди. Имронбек дадасининг қучоғига отилди. Ҳафиза уларни кузатаркан, ота-боланинг бир-бирига меҳр билан талпинишига кўз тикиб қаради. Оила бахти меҳр билан тўкис бўлишини кўрди.

***

— Сиз ҳомиладорсиз, табриклайман!..

Докторнинг сўзлари Ҳафизанинг қулоқлари остида қайта-қайта жаранглади. Таксида уйига келгунича хаёллари аллақаёқлардадир учиб юрди. Бу бахтнинг хабарини ота-онасига етказди. Улар ҳам шодликдан осмонга сакрашди. Аммо Икром бу янгиликни эшитганда билдирмайгина кулиб қўйди. Негаки яна биринчи аёлини ёдга олди. Ўшанда Имронбек туғилиши уларнинг ҳаётидаги энг катта қувончлардан бўлган эди. Икромнинг хаёли яна ўтмишнинг ширин, ўша ширин дамларнинг энг тотли онларига учиб кетди.

Кунлар, ойлар ўтаётган бўлса-да, Ҳафизанинг ичидан нимадир узилгандек юраги ғаш. Шундай кунларнинг бирида деразадан Имронбек отасига эркаланиб, бўйнидан маҳкам қучганини кўрдию, бутун вужудини аллақандай титроқ босди. Туғилажак фарзанди бу хонадонда иккинчи даражали бўлиб қолишини ўйлаб, қони қайнади. Шу кундан бошлаб Ҳафиза инжиқ табиат бўлиб қолди. Энг ёмони, энди Имронбекка заҳрини сочар, айниқса, Икром сафарда бўлган пайтларида болага қўл ҳам кўтарарди.

— Бу гул кўчатларни кимга ўстиряпсан?

— Айтмайман!

— Тилинг кесилсин сен боланинг! Жонга ҳам тегдинг…

Ҳафизанинг феъли айниганига Икром ҳам тушунмади. Ҳамма уни ҳомила кўтарганига инжиқ бўлиб қолганлигини важ қилди. Икром уйга келгиси келмас, доим минғирлаб асабига тегадиган хотинидан борган сари совиб борарди.

2 сентябрь. Имронбек ҳам мактабга чиқди. Атрофда меҳрибон оналар фарзандларини етаклаб билим масканига олиб келишарди. Бироқ Имронбек дадаси гаплашган таксида келарди. Негаки янги ойиси ҳомиладор, дадасининг бўлса иши кўп…

— Бу болани уйдан қуритишинг керак! — деди боланинг мактабдалигидан, куёвининг сафардалигидан фойдаланган она қизига тўғри йўл кўрсатаётгандек керилиб.

— Қандай қилиб, ойи?

— Эрингга унинг ёмон, одобсиз бола бўлаётганини айт. Балки, меҳрибонлик уйига топшириб юборар?..

— Ҳеч қачон, Икром акам сира ўғлидан воз кечмайди!

— Кечади. Мана, бошқа зурриёди туғиляпти-ку. Етимчани нимаям қиларди. Агар уни даф қилмаса, кетаман деб жанжал қил, йиғла. Мана кўрасан, эринг чизган чизиғингдан юради.

Ҳафиза кўзлари олайиб маслаҳат бераётган онасига ҳадик билан қаради. Ичини қандайдир ваҳима босди. Ҳақиқатан, Имронбек бу уйда ортиқчалик қилаётгандек эди. Буни бола қалби билан сезаётган Имронбек ҳам мактабдан келиши билан ғунчалаган гулларига қарай бошлади. Уларга сув қуйди.

— Кийимларингни ифлос қилдинг-ку, ўт бу ёққа.

— Ойи, кун иссиқ, гулларга сув бермасам, улар сўлиб қолади.

— Шумтака, гапимга кирмайсанми ҳали?!

Ҳафиза кутилмаганда ва бир оғиз гапи учун Имронбекни дўппослай кетди. Бола калтакдан қочаман, деб ўгай онасини туртиб юборди. Ҳафиза зарб билан ерга йиқилди. Бирдан қорин қисмида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, чинқира бошлади…

Аёл касалхонадан қайтиб келгач, Имронбекни кўришни истамади. Икромнинг ишдан келишини кутиб, дийдиёларини тўкиб солди, ҳомиладорлиги учун айтганини қилишини талаб қилди.

— Имронингизни етимхонага топширинг, акс ҳолда, мен бу уйдан бош олиб кетаман.

— Ўғлимдан воз кечмайман!

— Менинг қорнимдаги бола-чи, у сизга бегона экан-да?

— Бас қил, тинчлик борми бу уйда?

— Агар анави етимваччани йўқотсангиз, тинчлик бўлади.

Икром хонанинг эшигини тарақлатиб ёпди.  Имронбек ҳовлидаги гул кўчатларга термилиб ўтирар, ойисини соғинганини чиройли ғунчаларга сўзлаб берарди.

Икром туш кўрибди, тушига марҳума аёли кириб, тинмай йиғлармиш. Ғалати қиёфада ниманидир ахтарармиш. Икром бақириқ овоздан чўчиб уйғониб кетди. Қараса, Ҳафиза Имронбекни роса дўппослаётган экан. Дарров бориб, болани унинг қўлидан олди. Ҳафиза ғазаб отига минган, яна Имронбекни уришга чоғланарди.

— Гапимга кирмайди, бу шум етим! Мени ўгай деб билади! Кетсин бу уйдан!

Икром икки ўт ичида қолди. Имронбек тинмай ўкириб йиғлар ва ҳовлидаги гуллари томон талпинарди. Шунда уй тўрида турган каттакон қандил бирданига тушиб, синди.  Икром ўғлини машинага ўтирғизди. Шу пайт Ҳафизанинг қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Аёл жонҳолатда ёрдам сўраб, бақира кетди. Икром уни даст кўтариб, машинага солди. Улар касалхона томон кетишди.

Ҳафиза ҳушини йўқотганди. Кўзини очар-очмас жарроҳлик столида ётганини сезди. Аммо яна ҳушидан кетди. Икки соатлардан кейин ўзига келди. Аста кўзини очди. Атрофга аланглади. Хона ичи гуллар билан тўла эди. Ҳафиза бу гулларни кўриб, йиғлаб юборди. Эшик деразаси ортида Имронбек дуога қўл очиб ўтирганини кўрди.

— Сизнинг болангизми? — ҳамшира кулиб сўради.

Ҳафиза бошини қимирлатди.

— Сизни жуда-жуда яхши кўраркан. Ёнингиздан кетмади. Илоҳим, ҳамма аёлларга шундай меҳрибон бола насиб этсин.

Ҳафизанинг кўзлари ёшга тўлди. Шу пайт доктор аёл оқ йўргакка ўралган жажжи гўдакни олиб кирди. Ҳафиза уни бағрига босаркан, чақалоқдан Имронбекнинг иси келаётганини туйди. Бағридаги гўдагини кўксига маҳкамроқ босиб, эшик ортидаги боласига термилди.

Достонбек
РАҲМАТУЛЛАЕВ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: