БИЗ ОМАДЛИМИЗ, ОКА!..

1

 

Эсимни танибманки, бир гап хотирамдан чиқмайди. Бобомми, ё бобомнинг бобосими, ишқилиб, кимдир: «Ҳўв бола, қобилиятли бўлиш учун ҳам шундай туғилиш керак», деган экан. Кейинчалик момом қўшимча қилди. «Болам, бой бўлиш учун ҳам омад туғма бўлиши лозим одамда», деди момом бош қашиб. Икки гапни бир-бирига солиштириб роса мағзини чақдим. Ҳақ гапни айтишган экан. Бизнинг авлодда қобилият ҳам, омад ҳам туғма эканига шубҳам қолмади.

Масалан, омадни олайлик. Яқинларимдан бирининг кўзи кўрмасди. Сўқир эди. Шундай туғилган экан. Шунинг учун у кишига дўкондаям навбатсиз сариёғми, унми, шакарми, ноёб молларми, ишқилиб, ҳаммасини текинга беришарди. Буям етмагандай, маҳаллада ҳар замон ҳар замон қўй сўйилса, калла-почаси ўшаникига оқиб келарди. Қўни-қўшнилар эса унга худонинг берган куни ҳасад қилишарди. Тўғри, омадли одамга ҳасад қилишади-да!..

Тоғам ҳам ўзига етгунча омадли эди. Тракторда туни билан ғўзаларга қандайдир сассиқ дори сепарди. «За тў» эрталаб уйга бир бидон сут, қатиқ, қути-қути тухум, сариёғ, гўшт билан кириб келарди. Эътиборингиз учун буларнинг ҳаммаси текинга бериларди. Қўшнилар буни кўргандан кейин тинч ўтиради дейсизми? Қувурбошига тўпланволиб тозза тоғамнинг ғийбатини қилишарди. Ие, қанақа одамсизлар ўзи? Тоғам омадни қучоқлаб дунёга келган бўлса, айбдорми?..

Ўша тоғамга яна бир марта омад кулиб боққани ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўттиз йил тракторчилик қилиб бирор марта янгисини минмаган экан. Нуқул бировдан қолган эски тракторларни тутқазиб қўйишаркан. Омаднинг эрта-кечи бўлмайди, ҳа! Кунларнинг бирида тоғам тракторида бир чўлоқ одамни уриб кетибди. Тракторнинг пачоғи чиқибди. Ишонасизми, бир ҳафта деганда яп-янги, мойи кетмаган трактор беришди. Тўғри, чўлоқнинг тузалишига анча-мунча пул сарфлади, мелисага қатнайвериб ҳоли қуриди. Лекин асосийси, омад ундан юз ўгирмади. Янги тракторли бўлволди.

Холаларимдан бири ҳе-еч даладан бери келмасди. Қачон қараса, сув, лой кечиб юрарди. Бригадир эди-да! Момомдан дакки егани еган эди. Мана, униям омади келди. Кутилмаганда ногирон бўлиб тўшакка михланди-ю, пенсиянинг каттасини ўша холам оладиган бўлди. Вей, ҳатто бизгаям тутун пули, кул пули қилиб чойчақа улашарди. Қўшниларига ҳам худо берди. Бир-бирининг дарвозаси ёнига йиғилиб холамни ғийбат қилганларини ўз кўзим билан кўрганман.

Бир укам бор. Нуқул бош оғриғидан нолир, ишининг ҳам ҳалигидай тайини йўғроғиди. Кимдир ақл бўлиб… Мана, бойиб кетди хумпар. Нега дейсизми? Укамнинг давленийси чатоқ чиқибди. Кўтарилиб кетавераркан. Аллаким «Бор, баннисада ярим кило қон топширсанг, текинга қорнингни тўйдиришади, пул ҳам беради» деганакан. Борибди… Билмадим, сизга ёлғон, менга чин, олти ой деганда укам ўзини ўнглаб олди. Уйини шифер қилдирди, эски тахтали эшиги ўрнига темир дарвоза қурдириб, ҳовлисига иккита қўчқорни бойлаб қўйди. Тағин олти ой ярим килодан қон топширса, уйининг ёнбош тарафига янги иморат ҳам солволаркан.

Яна бир яқин қариндошим қанд касалига учраган. Ёнига яқинлашсангиз, ўқчийвериб, кекиравериб хит қилворади. Аммо маҳалланинг олди бўлволган. Текинга гречка, тағин алламбалоларни уйига тўкиб кетишади. Ўшаларнинг ярим-ялчисини сотиб эгнига бир қатор сарпо кийди. Пўрим бўп қолди қариндошим. Ҳозир кўчадан ўтиб қолса, ҳали тили чиқиб чиқмаган гўдак ҳам ғийбатини қилмаса, мана, мен турибман!..

Бир аммаваччам тут тераман деб дарахтга чиққан экан. Чап кўзига дарахт новдаси кириб кетибди. Хешлар «шўрлик ўлиб қолади» деявериб қулоқни қоматга келтиришганди. Омадли пушт аъзоси-да! Ўлмади. Аксинча, ногиронликка чиқиб, мўмай пул оляпти. Автобусга чиқсаям, керилэ-эб туриб қоғозини кўз-кўз қилади. Паттачи шу заҳоти тилини тишлайди.

Мақтаниш эмас-у, аммо ҳақиқатан авлодимизда омадсиз одамнинг ўзи йўқ. Бобомнинг катта жиянларидан бири биргина невара кўрган-у, омади келган. Невараси ҳалиям сил касалликлари диспансерида рўйхатда туради. Ҳар йили манаман деган санаторийда дам олади, тоза ҳаво, даволаниш текин, дўхтирлар уни кўрди дегунча икки қўлини кўксига қўйиб бир қадам ортга тисланади. Салобати бор-да қурмағурнинг!..

Ёки бўлмаса, катта аммамнинг неварасини олайлик. Эрини қачонлардир машина уриб бева қолган. Ҳали-ҳали маҳаллақўмдагилар ойма-ойига кириб, гўшт, ёғ, гуруч, макарон, қўйига, сигирига алоҳида ем ташлаб кетишади. Бола-чақасига маҳалла чеварларига айтиб текин кийимлар тиктириб беришади. Шундай омадли оилани албатта ҳасадгўйлар нишонга олади-да! Борки, ҳасад қилишади, йўқса нима бўларди? Ўтираверардик сўппайиб!..

Каминанинг ўзи ҳам омаддан қуруқ қолмаган. Инастранкага уйланганмиз. Унинг эса дакумэнти чатақ. Ҳеч қаерга боролмайди. Шундай экан, бизнинг оилада «Ойимникига кетиб қоламан, уйимга обориб қўй», деган даҳмазалар бўлмайди. Амриқога кетворган тақдиримдаям биламанки, келсам, хотинбой уйда бўлади. Яна бир омадим, ҳадеганда ҳужжат алмаштираман деб ортиқча пул сарфлайвермайман. Навбатда туриб хун бўлмайман. Қобилият масаласидаям хотинжонимни худо қисмаган. Тез-тез касалланиб туради. Лекин менга дўхтир чақир деб дағдаға қилмайди. Ўзига ўзи укол қилади-қўяди. Туролмай, ҳарсиллаб ётган бўлсаям, қўлига игнани тутқазсангиз бас, укол албатта қилинади деяверинг!..

Менинг яна бир омадим шундаки…

Очиғи, ўтган куни баннисадан келаётиб билиб қолдим. Маҳалладаги бемаза йигитлар орқамдан ғийбатимни қилишяпти экан. Нимаймиш, мен баннисага тушиб маза қилибман. Зўр уколларни текинга олаётганаканман. Баннисанинг машиналари нуқул мени ташийдиган бўлиб қолганмиш. Ие, окаси, буни омад дейдилар! Қани, сенам инфаркт бўлиб кўр-чи, қўлингдан келармикан?..

Яширмайман. Бизнинг маҳаллада ҳасадчи деганнинг зўрлари яшайди. Узунқулоқ гапларга қараганда, улар кўплашиб, инфаркт бўлиш ҳаракатига тушишганмиш. Айтишларича, то ниятга етиб ўша зўр уколларни текинга олмагунча, баннисанинг ўша машинасида тўйиб катайса қилмагунча тинчишмасмиш.

Майли, уриниб кўришсин! Локигин аниқ биламан. Омад туғма бўлмаса, барибир ўхшамайди. Бизга бекор ҳасад қилишибди. Ахир… Биз омадлимиз, ока!

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

1 ТА ФИКР

  1. Ҳурматли Олимжон ҲАЙИТ!!!

    Ҳақиқатдан ҳам жуда омадли экансиз.

Comments are closed.