Депутатлар оширилган тўлов-контракт масаласида ўз таклифларини беришди. Натижа қандай?

4

Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев Олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт миқдори оширилганига муносабат билдириб ўтди ва бир қатор таклифларни ўртага ташлашди. Таклиф Расул Кушербаевнинг Facebook‘даги саҳифасида эълон қилинди.

“Йиллар давомида ҳар йили оширилиб келинаётган олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўлов миқдори 2017-2018 ўқув йилида оширилмаганлиги барча тўлов контракт асосида ўқиётган талабалар ва уларнинг ота-оналари учун катта ёрдам бўлган эди. Бироқ, ҳар йили иш ҳақи ва стипендияларнинг ортиб боришинини инобатга олганда, бундай ҳолатнинг ҳар йили давом этмаслиги кундай равшан эди.

Чунки, даромадларнинг ўзгармагани ҳолда харажатларнинг доимий равишда ортиб бориши бозор иқтисодиёти шароитида узоқ давом этмайди. Умуман, айтганда тўлов-контракт миқдорларининг ҳозир эълон қилинганидан ҳам кўра анча юқори фоизларга орттирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни илгарироқ эшитгандик. Шунинг учун, ўқувчилар жудаям қизғин кутиб олган, интернет сайтлари ҳамда газеталарда эълон қилинган тўлов контракт миқдорларини камайтириш ҳақидаги таклифлар юқори ташкилотларга юборилган эди. Бироқ, минг афсуски, ушбу таклифларга тегишли мутасаддилар томонидан ҳозиргача ҳеч қандай муносабат ёки жавоб берилгани йўқ.

Мазкур таклиф харажатларни камайтириш, талабанинг қўлга киритилган баллига қараб табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини белгилаш ҳамда тайинланган стипендия миқдори ҳисобидан чегирма белгилаш орқали тўлов-контракт миқдорларининг камайтириш ва тўлашда қулайлик яратишдан иборат эди.

Билдирилаётган бу таклиф тўлов контракт миқдорининг ҳозирги оширилган шароитида ҳам талаба ва уларнинг ота-оналари учун анчагина қулайликлар яратар эди.

Таклифларни асослашга ўтсак.

Маълумки, 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 17654 нафар ва тўлов-контракт асосида – 51546 нафарни ташкил этади. Бошқача айтганда, 17654 нафар талаба давлат бюджети асосида таълим оладиган бўлса, улардан атиги бир неча балл камроқ балл олган талабалар эса тўрт йил давомида контракт тўлаши шарт. Устига устак, тўлов-контракт миқдорининг ҳар йили оширилиб борилишини ҳам унутмаслик керак. Бундан ташқари, талаба ёки унинг ота-онаси томонидан 6 ой олдин тўланган тўлов-контракт миқдори ҳисобидан ҳар ой, жумладан, таътил ойларига ҳам стипендия тўланиб келинмоқда.

Агар илгари сурилаётган таклиф инобатга олиниб, амалиётга жорий этилса нима ўзгаради? Буни бакалаврлар мисолида тушунтирамиз.

Биринчидан, ҳозирги ҳолатда жами 69200 нафар бакалаврдан 17654 нафари тўлиқ давлат бюджети, қолган 51546 нафари эса тўлиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади ва давлатга 51546 шартли бирликдаги тўлов-контракт миқдоридаги маблағ келиб тушади. Таклифга кўра эса, жами 69200 нафар бакалаврларнинг энг юқори баллни қўлга киритган биринчи 12%и ёки 8304 нафари тўлиқ давлат бюджети асосида, кейинги 12%и ёки яна 8304 нафари 45%ли тўлов контракт асосида, кейинги 12%и ёки яна 8304 нафари 60%ли тўлов контракт асосида, кейинги 12%и ёки яна 8304 нафари 85%ли тўлов контракт асосида, қолган 52% ёки 35984 нафари эса тўлиқ (100%ли) тўлов контракт асосида таълим оладилар. Натижада ўн мингга яқин талабага контракт тўловини тўлашда икки баробаргача енгиллик яратилади, қўлга киритилган баллга нисбатан рағбатлантириш кучаяди ва ниҳоят молиячилар учун энг муҳим бўлгани, амалдагидан 215 шартли бирликга (тахминан 1,8 млрд. сўмга) кўпроқ, яъни жами 51761,6 шартли бирликдаги тўлов-контракт миқдоридаги маблағ келиб тушади. Шу орқали ортиқча тушган маблағ эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ёрдам ташкил этиш ҳам мумкин бўлади.

Иккинчидан, амалдаги тартибга кўра 6 ой аввал тўланган тўлов контракт ҳисобидан талабага стипендия тўлаб келинади. Бунда, агар тўлов контракт миқдори тўлиқ тўланмаган бўлса, талабага бир неча ойлар давомида ҳам стипендия тўланмай турилади. Бундай тартибнинг мавжудлиги, стипендиянинг талабага ижтимоий ҳимояси учун берилаётганини даъво қилувчиларнинг даъвосига мутлақо мос келмайди. Шунинг учун, талабага талаба ёки унинг ота-онаси томонидан тўланган тўлов-контракт маблағи ҳисобидан семестр якунига кўра 12 ой давомида стипендия тўлаб келинаётганлигидан келиб чиқиб, талаба ёки унинг ота-онасининг хтьоҳишига кўра таътил ойларидаги тўлиқ стипендияси ҳисобидан, қолган ойлардаги стипендиянинг энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан ортиқча қисми ҳисобидан тўлов-контракт миқдоридан чегириб ташлашни жорий этиш таклиф этилган эди. Бунинг натижасида, талабанинг ўқиш давридаги ижтимоий ҳимояси энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ҳисобидан таъминлангани ҳолда, бир ўқув йили бўйича 1,7 миллион сўмдан 5,3 миллион сўмгача камроқ тўлаши мумкин бўлади. Бунда давлат бюджетига ҳеч қандай зарар келтирилмайди. Яна ҳам соддароқ айтганда, талаба бермайди ҳам олмайди ҳам.

Ана энди айтингчи, юқоридаги таклифнинг давлат бюджетига қандай зарари бор? Аксинча, давлат бюджетига 1,8 миллиард сўмга яқин кўпроқ маблағ тушади-ку.

Шуни ҳам эътироф этиш адолатдан бўлар эдики, баъзилар томонидан Германия, Япония каби давлатлардаги тартиб билан мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларидаги контракт тўлов миқдорларини солиштириш орқали бир томонлама муносабат билдириш ҳолатлари учрамоқда. Германияда олий таълим олиш бепул ёки Япониядаги тўлов –контракт миқдорининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорига яқин бўлгани билан, улардаги талабаларга стипендия деярли тўланмайди. Бир ўқув йили давомида мамлакатимиздаги бир нафар талабага у тўлаган тўлов контракт миқдоридан 3,5-7 миллион сўмгачаси яна ўзига стипендия сифатида тўланаётганлигини инобатга олиш зарур. Агар бизда ҳам, ҳеч бир талабага стипендия умуман тўланмайдиган бўлса, тўлов-контракт миқдори 1,5-2 миллион сўмдан ортмаган бўлар эди ҳамда бу миқдор биздаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан ҳам катта фарқ қилмас эди. Яна шуни ҳам инобатга олиш керакки, ҳар йили тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилганларнинг 90-95%и ўқишни давом эттирадилар ҳамда бир ўқув йили давомида 0,5% гача талабалар тўлов-контракт маблағини тўлай олмаганлиги учун талабалар сафидан четлаштирилади. Албатта бунда, минглаб ёшларнинг тақдири турганлигини ҳам унутмаслик зарур.

Хулоса ўрнида, белгиланган харажатларга нисбатан даромадларнинг мутаносиблигини сақлаш заруриятидан келиб чиқиб, тўлов-контракт миқдорларинг оширилиб борилишини тушуниш мумкин. Бироқ, амалдаги тартибларнинг ўрнига адолат принципларига, талабаларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган ҳамда ота-оналар учун қулайликлар яратадиган янгича тартибларни жорий этиш бўйича юборилган асослантирилган таклифлар юзасидан ҳеч бир мутасаддилар томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаётганлигини қандай тушуниш мумкин”, дейилади мақолада.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

4 ФИКРЛАР

  1. Авваломбор сиртқи таълимни жорий қилиниши мақсадга мувофиқ бўлди. Айниқса корхона ва ташкилотларда ишлаб келаётган ўрта махсус маълумотга эга ёшлар учун айни муддо бўлди.
    Аммо, бу йилги контракт суммасини ошиб кетиши кўпгина ёшларга салбий таъсир кўрсатди.
    Биринчидан имконияти чекланган оила фарзандларини ўқиши қийинлашади.
    Иккинчидан агар оилали инсон сиртқи бўлимда таълим оладиган бўлса, у инсон оиласини тебратадими ёки ушбу кўтарилган (9 млн. сўм) контракт суммасини тўлайдими.
    Учинчидан агар талабаларга стипендия берилмасдан контракт суммаси камайтирилса (2 ёки 3 млн. бўлса) таълим олишимизга жуда катта имконият бўлар эди.
    Тўртинчидан бугунги корхона ва ташкилотларда ишлаб келаётган ўрта-махсус маълумотга эга инсонлар жуда кўп. Уларнинг бирдан бир орзуси олийгохларга кириб олий маълумотли бўлиш ва давлатимиз равнақига янада ўзини хиссасини кўпроқ қўшиш…
    Биз ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаевларнинг таклифларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

  2. Faqat boyning bollari o’qidigon bo’lar ekanda. Ha mayli omadilardi bersin. «Qo’lingdan kelsa o’qigin» degan g’oyani o’ylab topibsizlar. «RAXMAT SIZLARGA»

  3. Ҳали талаба бўлмаган абитуриентлар ошган контракт суммасини эшитиб, таълим олишга бўлган иштиёқи сўнмоқда.

  4. Контрактнинг кўтарлииши олийгоҳнинг табақаланишига олиб келади. Фақат пули бор ўқийди, етмагани кетмон чопади. Ўйлаб кўринг, контрактга кирган талабанинг отаси 1 млн. ойлик олса, оилада 3 фарзанд бўлса, онаси уй бекаси бўлса, бир йилда емай-ичмай 12 млн. йиғилади. Контракт 9 млн. сўм. Бу мантиққа тўғри келадими? 3 млн. сўм билан бир оила бир йил яшаш мумкинми? Ҳали коммунал тўловлар, кийим-кечак инобатга олинмаяпти. Олийгоҳга давлат томонидан ажратилаётган маблағ етмайдими? Янаям, домлаларнинг ойлиги давлат томонидан оширилган бўлса.

Comments are closed.