Ҳар қандай лотерея ўйинларини ўйнаш ҳаромми?

3

Савол:

Ассалому алайкум! Барча турдаги лотерея ўйинларини ўйнаш мумкин эмасми, яъни ундаги ютуқни олиш жоиз эмасми?


Жавоб:

Лотерея ўйинларида иштирок этишнинг ҳар қандаш шакли ва тури шаръан ҳаром саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар» («Моида» сураси, 91-92-оятлар) дейди. Аллоҳнинг «Бас, ундан четда бўлинг», дейиши қимор ўйнашни ва унинг турли шаклларида қатнашишнинг жоиз эмаслигини ва ҳаром бўлишини кўрсатади. Лотерея ўйинлари ҳам қимор сирасига киради.

Аллома Бижурий қиморни қуйидагича таърифлайдилар: «Фойда ва зарар кўриш ўртасида бориб-келган ҳар қандай ўйин қимордир». «Демак, икки ва ундан кўп киши орасида, ўртага мулк тикиб ўйналадиган ва зиён кўриш эҳтимоли тенг бўлган, ютган ютқизгандан олиб кетадиган ҳар қандай ўйин қимор бўлади» («Бадоиъус-саноиъ»). Лотерея ўйинлари ҳам айнан шундай кўринишга эга.

«Азҳар фатволари»да: «Лотерея ўйинлари ҳаромдир. Чунки улар қимор турларидан биридир», дейилади.

Лотерея ўйинларининг ижтимоий-ахлоқий иллатлари билан бирга руҳиятга ҳам салбий таъсирлари бор. Лотерея ўйнайдиганлар унга муккасидан кетади, кўпгина мол ва вақтини шу йўлда сарфлайди ва руҳиятида хаёлий нарсаларга ишониш ва иқтисодий сабабларни ушлашдан дангасалик юзага келади. Бундай кишилар оилаларида доимий келишмовчилик муҳити ҳукмрон бўлади.

Шу ўринда яна бир масалага аниқлик киритиб ўтиш керак. Мажбурий лотереялар қўлига тушиб, унга ютуқ чиққан кишилар, бу ютуқлардан фойдаланишлари мумкин эмас. Балки ютуқ маблағ ёки мулкларини савоб умид қилмаган ҳолда, оммага манфаат етадиган хайрия йўлларида ишлатиб юбориши керак. Лотерея орқали хайрия ишларини мақсад қилиб уларни амалиётга киритиш ҳам жоиз эмас. Ислом шариатида «Мақсадлар воситаларни оқламайди» қоидаси жорий. Балки мақсад олий бўлиш билан бирга, восита покиза бўлишини ҳам талаб этилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло покдир, фақат пок нарсани қабул қилади» деганлар (Муслим ривоят).

Аллоҳ янада билгувчироқ.

Мубашшир Аҳмад,

Azon.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

3 ФИКРЛАР

  1. Демак «Борига барака» курсатувида катнашиш ва унда совгалар ютиб олиш хам харом эканда?

  2. Аллох сизлардан рози булсин банклардаги кредит масалаларини хам ёритиб уларнинг килаётган ишлари нечоглик тугри ёки нотугрилиги шариат юзасидан тушинтриб берсаларингиз максад сари олга кадам ташланган булар эди. карз олди бердилар жуда чиройли тарифлаб берилган аммо банк билан мижоз уртасидаги фоизлар уз ечимини кутмокда бу масалада кайта-кайта суралса хам уша банк фоизи судхурларнинг амалларига ухшаб колмокда бу менинг фикрим адашган булса АЛЛОХ кечирсин Шу масалада маколалар берилса максадга муофик булар эди факат ишларингизга омад ёзишдан чарчамангизлар хурмат билан дилшод

Comments are closed.