ҚАРОҚЧИ… (29-қисм)

0

 

* * *

 

Ҳаёт бир маромда давом эта бошласа, кўнгил осойиш топаркан. Юраги нафрат, алам, ғашликлардан нари бўларкан.

Ниғмат келишувга кўра, ниҳоят қишлоғига жўнади. Ҳурматини жойига қўйиб самолётгача кузатиб ҳам қўйишди. Ортингдан бир неча ўзига яраша обрўга эга, нуфузли ташкилотларда ишлайдиган, бунинг устига ўта сирли одамлар кузатиб келса, ғалати кечаркан. Ниғмат ҳаётида илк бор хижолатдан дув қизариб, нима дейишни билмай гарангсиди. Азбаройи ҳаяжон босиб, «раҳмат, ташаккур» дейишдан, қайта-қайта гоҳ Юра, гоҳ терговчи, гоҳ Тимофей Афанасьевичга қуллуқ қилишдан нарига ўта олмади. Фақат самолёт салонига кириб ўтиргандан кейингина ҳаяжонлар барҳам топиб, қалбини ёқимли туйғулар эгаллади. Хаёлан она қишлоғини, қадрдон инсонларни, баҳор келди дегунча сочига мажнунтол новдасини тақиб олувчи қақажон қизларни кўз олдига келтирди. Улар билан ҳазил-ҳузул қилди, тиллашди, ўзини ўраб олиб нуқул саволга тута бошлаган синфдош дўстларига мақтаниб қўйишни-да, унутмади. Кутилмаганда нимадир ёдига тушгандек бўлди-ю, ўзини олиб келган машина юкхонасини очиб халта-халта совға-саломларни барчага тарқатиб чиқди. Қишлоқдошлар бир-бирларини ура-сура, қийқирганча совғаларга ёпиша кетди…

Шу аснода қишлоққа етгандан сўнг илк қилажак ишини ҳам тусмоллаб олди. Ҳа, уйига кириб Умар миробдан узр сўрайди. Энасининг васиятини адо қилмаса бўлмайди. Ундан кейин қабристонга жўнайди…

Ниҳоят аэропортга келиб Тимофей Афанасьевич қўнғироқ орқали тайин қилган машинага ўтирди-ю, қишлоқ томон жўнади. Уни ҳатто йўл патрул хизматининг махсус машинаси то манзилга етгунга қадар кузатиб ҳам борди…

Қишлоқ аллақачон баҳор кўрпасига ўралибди. Ниғмат машина ойнасидан ташқарига ютоқиб-ютоқиб боқарди-ю, ҳаяжондан гавдаси кўтарилиб тушгандек туюларди. Азим чинорлар, мирзатерак, толларга тикилиб тўймасди. Қўйиб беришса, машинадан бир сакраб тушиб торайибгина қолган ариқнинг лойқа сувини кечганча уйга кириб боришни хоҳларди.

«Мана, мен келдим, эна, — деди хаёлан Ниғмат йўл четида у ўтирган машинага ўзгача ҳавас билан қараб турган тол попукли қизларга ўғринча боқаркан. — Ниҳоят ваъдамнинг устидан чиқадиган бўлдим. Ҳа, биламан, эна, биринчи бўлиб сизнинг талабингизни адо этаман. Умар миробдан узр сўрайман. Майли, агар у «ўғлим, энанг раҳматлининг ҳурмати учун оёғимга йиқилиб узр сўра» деса-да, рози бўламан, эна! Фақат сиз рози бўлсангиз, гўрингизда тик турмасангиз, безовталанмасангиз бас. Ҳаммасига тайёрман. Ана ундан кейин олдингизга бораман. Ҳеч нарсага қараб ўтиргим йўқ. Сизни жуда соғинганман. Қабрингиз тепасида ўтириб тўйиб-тўйиб йиғлагим келяпти, эна!..»

Маҳалла бошлангач, милиция машинаси ортга қайтди. Ниғмат ўзи ўтирган машина ҳайдовчисига чапга бурилишни тайинлади-ю, дарров таниш ҳовли томон узоқдан кўз ташлади. Бу ҳовли қачонлардир ўзи пинҳона кўнгил қўйган Маъмураларнинг ҳовлиси эди. Дарвоза қаршисида машиналар йиғилибди, тумонот одам кириб-чиқиб турибди. Маҳалла аёллари қўлларида ранг-баранг матоларга ўралган дастурхонларни қўлтиқлашган кўйи Маъмураларникига кириб кетишмоқда.

Бу манзарани кўрди-ю, Ниғматнинг юраги беихтиёр ҳаприқди. Кўнглининг туб-тубида қолиб кетган таниш ҳис уйғониб, асабий лаб тишлашга, оғир хўрсинишга мажбур этди.

— Шу ерда тўхтата қолинг, — деди у ҳайдовчига сабри чидамай. — Уйим яқин қолди. Буёғига ўзим кетавераман. Айтганча, нима деяпман ўзим? Меҳмон қилмай жўнатиш йўқ сизни, ака!.. Ҳа, сиз орқадан секин бораверинг, илтимос!

— Унда мен қайтаман, — деди ҳайдовчи жиддий оҳангда. — Меҳмондорчилик бўлса қочмас. Ишларим қалашиб ётибди шаҳарда.

— Қандай бўларкин? — деди Ниғмат хижолат тортиб. — Шундан шунга опкелдингиз. Энди қуруқ қўл билан кетсангиз…

— Ишимиз шунақа. Хижолатга тушманг! Ҳали пайт келади ҳаммасига! Майли, ука, омадингизни берсин! Сизни индинга бошқалар олиб кетишади. Топшириқ шундай бўлган.

— Раҳмат сизга, — деди Ниғмат кўнглидан ўтаётган гапларни сездирмасликка уриниб. — Йўлингизни берсин!..

 

* * *

 

Машинадан тушди-ю, на юришни, на тураверишни билмай ҳайрон бўлди. Чунки Маъмуранинг турмушга узатилаётганини аниқ сезиб турар, куёв бўлмишнинг кимлигини ҳам аниқлаб улгурганди. Ҳа, у Шуҳрат экан. Ўша киссавур, бир вақтлар Ниғматни боши берк кўчага киритиб қўяёзган йигит унинг болалик муҳаббатига эга чиқибди.

«На илож? — деди хаёлан қалбига таскин бериш илинжида кўксига маҳкам кафтини босиб. — Қишлоқдан зўр кетибди-ю, қузғунлар булбулга айланибди-да! Майли, кўрамиз… Умуман, нега асабийлашяпман ўзим? Сабаби нима? Ўша Маъмурами? Барибир менга тегмасди-ку у! Қолаверса, ҳаммаси ўткинчи эди. Менинг пешонамга шоира қиз ёзилганини аллақачон пайқаб бўлганман… Йўқ, шоира қиз бошқача. Юлдузлардан сўзлайди, уларни шеър қилиб айтади. Унга қараб турсанг, гўё қўшилиб ўша юлдузлар оламини сайр қилаётгандек бўласан… Оббо, ўзим ҳам жа чиройли ўйлайдиган бўлиб кетибман-да! Қаёқдан келяпти ўзи бу гаплар хаёлимга?..»

Шуларни ўйлади-ю, Ниғмат ими-жимида нарига кўчага бурилди. Дарвоза қаршисида турганлар уни кўриб, ўзаро-шивир-шивир қилишди-ю, аммо ўринларидан жилишмади. Танишмади чоғи…

Ниғмат эса шошилмасдан юриб бориб қадрдон ҳовлиси дарвозасидан ичкарига ўтди.

Ҳовли деярли ахлатхонага айланиб бўлибди. Челакларми-ей, супургиларми-ей, ҳар тарафда сочилиб ётарди.

Ниғматни даҳшатга солган ягона манзара Умар миробнинг ногиронлар аравачасида ўтиргани бўлди.

У шу кунга қадар ўгай отасини шунчаки оқсоқланса, ҳасса таяниб юрса керак деб хаёл қилганди.

Мироб тандирхона рўпарасида аравачасини тўхтатиб қўйиб товуқларга дон сепаётган экан.

Ниғматга кўзи тушди-ю, ранги оқарди. Қўлидаги қолган-қутган донларни товуқлар томон сочди-ю, аравача ғилдирагини ортга сура кетди.

Бу орада Ниғмат қўлидаги совға-саломга тўла иккита каттакон халтани сўрига қўйиб ўгай отасига яқин келиб бўлганди.

Улар бир неча дақиқа сукут сақлаган ҳолда бир-бирларига нафрат назари билан қараб туришди. Ҳойнаҳой, икковлари ҳам биринчи бўлиб сўз бошлашга шошилишмади. Хаёлларида яқин ўтмишдаги хунук манзара баравар жонланиб, уларни ижирғанишга, баттарроқ нафратланишга ундади…

Лекин бу сукунат барибир якун топиши шарт эди. Ниғмат биринчи бўлиб тилга кирди.

— Кечиринг, — деди у ҳийла бош эгиб. — Ўшанда нотўғри иш қилиб қўйдим. Ўзимни тўхтата олмадим, ишонинг! Аммо узоқдайдим. Вақтида келиб сиздан хабар ололмасдим…

Аравачанинг бир бурчагида ароқ тўла шиша бор экан. Умар мироб афтини бужмайтиришдан тийила олмай, шишани қўлига олди. Бошқа ёнбошидан лаби учган пиёла чиқариб, уни ароққа тўлдирди ва бир кўтаришда симирди-да, енгини ҳидлаб газак қўлган бўлди. Шундан кейин томоқ қириб олиб сўз қотди.

— Ҳа-а, дайдиб-дайдиб келдингми барибир? — деди у совуққонлик билан. — Мана, ўлдиравер энди! Миробнинг белидан қувват кетган. Ногирон. Ўрнидан тура олмайди. Ҳув анави даҳлизга кирсанг, пичоқ турибди. Боя ўткирлаб қўйгандим. Ўшани олгин-да…

— Бас қилинг! — беихтиёр бақириб юборди Ниғмат. — Мен сиздан узр сўраяпман!

— Узрингни-чи, — деди Умар мироб кўчага ишора қилиб. — Энангга қил! Мен… Мен ҳозир қўшнилардан биронтасини чақираман. Мелисага хабар беришсин! Айни пайти…

— Нима?.. Мелиса?.. Қанақа мелиса?.. — Ниғмат шундай деб ўзи сезмаган ҳолда миробнинг томоғига ёпишди. — Вей, эркак, отдан туш мундай! Туришингни қара! Энам раҳматли тушимга кириб кечирим сўра демаса, ҳаётда келмасдим олдингга! Ҳаддингдан ошаверма! Ундан кўра, ёлғиз қизинг Холпошни ўйла! У ҳалиям аммасиникида юргандир-а? Тағин ўша қизингга бир гап бўлиб қолмасин!..

— М-мени қўрқитяпсанми?.. Қ-қўрқитавер!.. Қўрқмайман!.. Ўлдирсангам қўрқмайман!..

— Буни гипнозга солиб қўй, — дея маслаҳат берди қалби кутилмаганда. — Бир соатча гипнозда ўтирса, ўзига кеп қолади. Сен бемалол ишларингни битираверасан! Ҳозир бу нусха мастликда алжираяпти холос. Аслида сени кечирган. Кайфда шунчаки гапириб аламдан чиқмоқчи. Мен айтгандек қил!..

Ниғмат дарҳол ташқарига бир қараб олди-да, ўгай отасига қаттиқ термилди.

— Сен ухлаяпсан, — деди у шивирлаб миробга. — Қаттиқ уйқудасан. Уйғонганингда ёмон туш кўрганингни англаб етасан. Сен ҳеч нарсани эслай олмайсан!..

Умар мироб бир неча марта бошини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга бурган бўлди-да, ҳақиқатан хуррак ота бошлади.

— Яхшики, қўшнилар чиқиб қолишмади, — деди Ниғмат сал жаҳли босилгач, ташқарига йўл оларкан. — Бу ҳароми одамни сал қурса шарманда қилаёзди. Майли, ўзингга келсанг, шу ифлос ҳаётингни давом эттиравер! Барибир умринг оз қолган. Ўз ажалингминан ўша пичоқ тиғи остидагидан-да қаттиқроқ қийналиб ўлишингни билмайсан-да, ит!.. Қон қусиб ўлиш пешонангга ёзилган сенинг! Шу йўл билан энам раҳматлини хўрлаганларинг бадалини тўлайсан! Ҳали шошмай тур, ўлганингдан кейинам тинч қўймайман сени! Арвоҳингни чақириб, сени бир бопламасам одаммасман!..

Ниғмат шивирлай-шивирлай кўчага чиқди. Нариги дарвозадан икки-уч синфдошлари чиқиб қолишди. Улар Ниғматни кўришди-ю, бараварига бақириб у томон отилишди.

— Ие, ўзингмисан? — дея ўраб олишди синфдошлари Ниғматни. — Қай гўрга гум бўп кетдинг, хумпар? Тирикмисан ишқилиб?

— Кўриб турибсанлар-ку, — деди Ниғмат йиғламоқдан бери бўлиб синфдошларини бир-бир бағрига босаркан. — Манави совғаларни олволларинг! Синфдошларнинг ҳаммасига тарқатасанлар!

— Ҳечам-да, — дея унинг йўлини тўсди Шавкат деган паканароқ, жингалаксоч синфдоши. — Бугун зиёфат уюштирамиз. Қачонлардан бери энди кўришиб турибмиз-у, бу кишим кетмоқчи бўлади-я!.. Ҳа-а, бугун Маъмуранинг тўйи! Тўйга кирамиз.

— Кетмайман, — деди Ниғмат тоқатсизланиб. — Тўйгаям кирмайман. Қабристонга бориб келмоқчийдим. Кимникида ўзи зиёфат? Айтларинг, тўғри ўша ерга бораман.

— Фозилникида қила қоламиз, — деди Шавкат ёнидагиларга кўз қисиб. — Эрисанг бас. Келгунингча ҳаммасини ест қип қўямиз, жўра!

— Шунақами? Гап йўқ! — Ниғмат айёрона тиржайган кўйи чўнтагидан бир даста пул чиқарди-да, Шавкатга тутқазди. — Фақат зиёфатинг қуюқ бўлсин!

— Айтганча, — Ниғматнинг йўлини тўсди Шавкат. — Кеча менам гўристонга бирров кириб ўтовдим. Қарасам, энанг раҳматлининг қабри устига мармартош қўйишаётган экан. Қандайдир бегона усталар эди. Сўрасам, «юқоридан шунақа топшириқ бўлди» дейишди. Нима бало, кўтарилиб кетдингми, занғар?..

Ниғмат бу хабарни эшитгандаёқ ҳаммасини тушунганди. Демак, Тимофей Афанасьевич бу ташвишини ҳам олдиндан йўққа чиқарибди. Қўнғироқ қилибди-ю, бу ердагиларга тайинлабди, ё илтимос қилибди…

Ниғмат чеҳраси очилиб, Шавкатнинг елкасига қоқди-ю, аммо ҳеч нарса демади. «Кейин гапириб берарман» деган каби кўз қисиб қолганлар билан ҳам вақтинча хайрлашди ва қабристонга жўнади.

 

* * *

 

Қабристонга кириб таниш қабрга яқинлашди-ю, кўзларига ишонмади. Мармартошнинг ўзи орзулаганидан-да яхшироғини ўрнатишибди. Ўртасига онасининг ўлмасидан бир неча ой бурун тушган суратини қўйишибди.

Бу манзарани кўрганданоқ ҳаётда камдан-кам ҳолатларда йиғлаши мумкин бўлган, ўта совуққон Ниғматнинг кўзларида ёш ҳалқаланди.

Қабр тепасида тиз чўкиб, билганича тиловат қилгач, маълум муддат сукутга толди. Онаси ҳаётлик пайтидаги оғир-енгил кунларни ёдга олди, марҳума вояга етиб қолганига қарамай, кўчадан кириб келса, Ниғматни суйиб эркалашларини қайтадан танасида ҳис этгандек бўлди.

— Энажон, яхши ётибсизми? — ниҳоят товуш чиқариб сўрашга жазм этди негадир ортидан қолмай келган қабристон мулласи томон бир карра ўгирилиб қўйиб. — Мана, меҳрсиз болангиз келди олдингизга! Фақат сиз йиғламанг, хўпми? Тирик эканингиздаги йиғлаганларингизам етади. Энди йиғлашингизни хоҳламайман!.. Эна, Умарнинг олдигаям кирдим. Сиз тайинлагандек узр сўрадим… Кечиради барибир, кечиради! Ишонинг, бундан кейин сизни узоқ маҳтал қилмайман! Албатта сиздан хабар олиб тураман!.. Биласизми, кўп гапларим бориди. Аммо айтолмайман ҳозир. Ҳув нарида мулла қоққан қозиқдай қотиб турибди. Мундай келиб тиловат қилворишниям билмаяпти фаросатсиз. Нима? Ҳа, мендан чўчиётганмикан? Сиз қаердан билдингиз, эна?.. Биласизми? Хўп, эна, ишонаман сизга! Билмаганингизда, руҳингиз чақиришим билан келмасди дарров… Майли, эна, мен эртагаёқ ортга қайтишим зарур. Ишларим кўп. Сиз безовта бўлмай, сокин ётинг! Сизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман!..

Ниғмат телбанамо сўзлана-сўзлана, ўрнидан қўзғалди ва мулла тарафга қараб юрди. Мулла ҳануз миқ этмаган ҳолда икки қўлини кўксига босганча турар, фақат ўтиб кетаётганда «Энангизни оллоҳ раҳматига олган бўлсин!» дея пичирлади…

Катта йўлга чиққач, Ниғматни яна бир ҳайратли манзара қарши олди.

Йўл четида турган қора хориж машинаси ёнидан ўтиб кетаётганди, машина эшиклари очилиб, уч нафар барваста йигитлар пастга тушишди. Уларнинг бири икки ҳатлаб ўтди-да, Ниғматнинг йўлини тўсди.

— Узр, ака, — деди у машина томон ишора қилиб. — Адашмасам, сиз Ниғмат акасиз-а?

— Ҳа, нимайди? — ҳайрат аралаш сўради Ниғмат. — Тинчликми?

— Сизни қўриқлаб юриш буюрилган. Фақат қаршилик қилманг! Бу буйруқ! Тушунасиз-ку, буйруқни бажармасак бўлмайди!

— Хўш, қаергача қўриқлайсанлар мени? — бу ҳам Тимофей Афанасьевичнинг иши эканига шубҳаси қолмаган Ниғмат ясама керилиш қилган кўйи қаршисидаги йигитдан атайин «сен»лаб сўради. — Маҳалламгачами?

— То юртни тарк этмагунингизча ёнингизда бўлишимиз зарур.

— Шунақами? Хўп, юрларинг, мен зиёфатга боришим керак. Эртага аэропортга олиб бориб қўясанлар!

— Тушундим, — шоша-пиша Ниғматнинг қўлтиғидан олди йигит. — Қани, марҳамат, машинага ўтиринг, ака! Кетдик!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here