«Совчими ёки аламзада?..»

0

 

— Ассалому алайкум, сирдошим. Куни кеча эшигимни қаттиқ ёпган қўшнилар бугун остонамни супургани келиб турибди. Балки, барча аламларини қизимдан олар, деб ўйлаб, совчиларга рад жавобини бердик.

Бироқ қизимнинг мунғайиб қолганини кўриб, йигит қурғурда кўнгли бор, шекилли, деб ўйладим. Олти-етти йиллар олдин арзимаган латта-путтанинг устидан сен-менга борган девор-дармиён қўшним қизимни сўраб келибди. Стол атрофида аёллар билан суҳбатлашиб ўтирибману, қўшнимнинг кўрсатган хурмача қилиқлари кўз ўнгимда тасмадек ўтди. Ўшанда ўғлимни уйлантираётган эдим. Тўйда уй эгаси шошиб қолар экан, ким келди, ким кетди, кимни кузатди, хуллас, боши гангиб, ҳеч нимани эслолмай қолар экан бундай тала-тўпда. Шу қаторда қўшниларнинг «тўй қуллуқ бўлсин»га келганини ҳам пайқамай қолибман. Бир вақт тумонат одамнинг ичида бир қўшним овозини юқори пардада созлаб: «Тўйга келган меҳмонни бундоқ тўрга тортмайдими мезбон деган?  Ўзингизни кўрмаганликка олиб туришингизга ўлайми яна! Тўйга чақиришдан мақсадингиз мана бу йиғиладиган пулмиди? Мана, ўша пул! Омин, суф сендек қўшнига», дедию, эшикни қарсиллатиб ёпиб кетди.

Қариндошларим, таниш-билишларимнинг олдида шунақа изза бўлдимки, ҳатто базм ҳам татимади. Шундан сўнг қўшним билан муносабатларимизга дарз кетди. Гаплашмай ҳам қўйгандик. Бугунги ишдан эса бошим қотган. Хатоларини англаб, ўғлининг кўнгли учун ғуруридан кечиб келган бўлса, ҳеч иккиланмай қизимни келинликка берардим, бироқ ичидаги ғазаби урчиб, бор аламини қизимдан олиш учун сўраб келган бўлса-чи? Маслаҳат беринг, нима қилсам бўлади?

…12-89 абоненти