Тошкентда маҳбуслар ва оддий аҳоли бир шифохонада даволанмоқда. Муаммолар етарлича

0

Яқинда маҳалламизда бир одам вафот этди. Шамоллашни ўтказиб юборгани сабаб, ўпка фаолияти ишдан чиққан экан. Аслида эса, хасталик сабаби сил эди. Буни биз маҳалладошлари ва оила аъзолари биламиз, аммо сир сақлаймиз. Ташвишлиси — болаларимиздан хавотирдаман. Уларни дарвозадан чиқаришга қўрқамиз…

Тошкент шаҳар ҳокимияти Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг  2016 йил 22-сонли буйруғига асосан Тошкент вилояти, Қибрай туманида жойлашган 2-Сил касалликлари клиник шифохонасининг фаолияти тугатилди. У ердаги 350 нафар бемор пойтахтдаги Олмазор туманида жойлашган 1-Сил касалликлари клиник шифохонасига кўчирилди. Айни пайтда 500 нафардан ошиқ бемор мазкур масканда даволанмоқда. Бир хонада олти ва ундан кўп одам жойлаштирилган. Муаммолар ана шундан сўнг бошланди.

Жиноятчилар озодликда

Гап шундаки, Қибрай туманидаги шифохона қамоқхонага қарашли бўлиб  даволанаётган касаллар муқаддам судланганлар эди. Улар пойтахтдаги шифохонага кўчирилгач «ўзига хон, кўланкаси майдон» бўлишди. Шифохонада оддий аҳоли даволанади. Маҳбуслар эса уларга дўқ уриб, тажоввуз қилишган. Шу тариқа шифохонада кетма-кет ҳуқуқбузарликлар содир бўлмоқда.

Бу тартибсизликлар бино ичидан кўчага ҳам тарқала бошлайди. Маҳбуслар озодликда кўнгли тусаган ишни қилишади. Истаган пайтда кўчага чиқиб, ташқаридан касалхона ҳудудига спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар олиб киришади. Мисол учун 2017 йилда гиёҳванд моддалар истеъмол қилган шахслар томонидан тўртта жиноят содир этилгани участка нозирининг дафтарида қайд қилинган.

— Ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайдиган қарор қабул қилинган, — дейди Ғани Аъзамов маҳалла участка нозири майор Шерзод Қодиршоев. — Оддий беморлар билан маҳбусларнинг бир жойда даволанишига буйруқ чиқарилганда, энг аввло қўриқлаш хизматини кучайтириш лозим эди. Шифохонада ҳар куни бирор муаммо чиқади. Маҳбуслар шифохонага гиёҳванд моддалар олиб кираётганида қўлга олганман. Уларни кўчалардан йиғиб келаман. Мен билан шерикликда ишлаётган ҳамкасбларим тез-тез алмашяпти. Йигирма тўрт соат давомида маҳбуслар ортидан юрамиз. Вилоятларга кетиб қолганларини қидириб, қўлга олиб келамиз. Маҳалладаги одамларнинг ҳаловати йўқолган. Судланганлар аҳолининг уйига ўғирликка тушяпти. Ўғирлик устида 2 нафарини тутганмиз. Бу бебошлик қачонгача давом этиши мумкин?

2017 йил 5 февраль куни соат 20:00лар атрофида шифохонада жанжал кўтарилди. 1978 йилда туғилган Абдусалом Умаров ва 1972 йил туғилган Хайрулло Аҳмедов спиртли ичимлик истеъмол қилгандан сўнг, ўртада низо пайдо бўлади. Натижада, Умаров Аҳмедовнинг оёғига пичоқ санчади. Оғир жароҳатланган маҳбус бир ойдан сўнг юра бошлаган. Бундай ҳуқуқбузарликлар кунора содир бўлмоқда. Аҳоли ва бемор маҳбуслар ўртасида ҳам кескин низолар юзага келяпти. Бунинг олди олинмаса, оқибатини тахмин қилиш қийин эмас.

Аҳолининг силга чалинаётгани рост(ми)?

Ғани Аъзамов маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1-Сил касалликлари клиник шифохонаси аҳолига маънавий зарар етказиб қолмай, саломатлигига таъсир этмоқда. Бундан ташқари тўртта қўшни маҳалла аҳли ҳам ҳар ҳафта Олмазор тумани ҳокимлигига шикоят билан мурожаат қилади.

Маҳбусларнинг кўп қисмини гиёҳвандлар, спиртли ичимликка ружу қўйган, турар жойи йўқ шахслар ташкил этади. Уларнинг давлатга боқимандалиги камдек, одамларга ҳам зарар етказмоқда. Маҳалладаги умумий шохобчаларда овқатланишади, спиртли ичимликлар ичишади. Сил касаллиги ҳаво орқали инсонга тез юқишини ҳисобга олиб, одамлар емакхоналарга кирмай қўйган. Ҳудуддаги дўконлардан ҳам нарса ҳарид қилишмаяпти. Бундан норози кафе ва дўкон эгалари касалларга нарса сотишни исташмайди. Ўртада эса жанжаллар, муштлашишлар содир бўлмоқда. Маълум бўладики, бундай вазиятда Президентимиз тинимсиз қўллаб-қувватлаётган тадбиркорлар катта зарар кўрмоқда.

Аҳоли билан суҳбатлашганимизда, «Сил касаллиги бошқаларга ҳам юқяпти, ҳатто болаларда ҳам аниқланмоқда. Биз шикоят билан кўп жойларга бордик, аммо бесамар» дея ўз муаммоларини айтишди. Энг хавфли томони, шифохона ҳудуди қўриқланмайди.

— Маҳалламизда 3 минг 300 га яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди Ғани Аъзамов МФЙ раиси Мираббос Магдиев. — Уларни қийнаётган муаммолар биргаликда, ҳамжиҳатликда бартараф этиб келинади. Аммо икки йилдан буён ечимини топмаётган бу муаммо нафақат бизнинг маҳалла, балки шифохона атрофидаги Тараққиёт, Қорасарой, Гуручариқ, Чимбой ва Олтинсой маҳаллалари учун ҳам бошоғриққа айланди. Олдинлари бу ердаги беморларга махсус кийим бериларди. Уларнинг хатти-ҳаракати назорат қилинарди. Гигиенага қаттиқ эътибор қаратиларди. Энди уларни эплаб бўлмаяпти. Маҳаллада ёшлар кўп, қизларимиз бор. Биз фарзандларимизнинг мактабга бориб-келиши, кўчага бемалол чиқишидан ҳам хавотирга тушяпмиз.

Касалхонани кўчиришнинг имкони йўқдир, аммо қўриқлаш тизимини жорий этишнинг наҳотки бирор бир йўли бўлмаса

Афсуски, кўчаларда ётиб юрадиган қаровсиз, ҳужжатсиз одамлар вафот этса, ушбу касалхонага келтириб ташланади. Маҳалламиз сардорлари ўзларининг вазифаси қолиб, уларнинг шахсини аниқлаш сингари ишлар билан шуғулланади. Сардорларимизнинг бунга суткалаб ёки унданам кўпроқ вақти кетади. Асосий иши бир четда қолиб, мана шу даҳмаза билан шуғулланишга мажбур бўлишмоқда.

Раҳбарият нима дейди?

Биз муаммони ўрганиш жараёнида, шифохона раҳбариятидан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Бироқ суруштирув жараёнида касалхонанинг бош шифокори ўз вазифасидан озод этилгани маълум қилинди.

— Айни пайтда шифохонамизда янги бош шифокор тайинланиш арафасида. Янги раҳбар келганида, барча саволларга жавоб оласиз, — деди 1-Сил касалликлари клиник шифохонаси бош шифокор ўринбосари Раҳима Расулова.

Аҳоли саломатлиги, эртамиз эгалари ҳисобланмиш ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратилинаётган бир пайтда катта муаммога бармоқ орасидан қаралмоқда. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида чора-тадбирлар фақат қоғозда қолмаслиги керак. «Обод маҳалла» Давлат дастури доирасида юртимиз бўйлаб кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ободлик эса энг аввало соғлом муҳитдан ҳам бошланади.

Ғани Аъзамов маҳалласида рўй бераётган, кун сайин палак ёзаётган муаммолар ҳал этилмаса, оқибати бундан-да ёмон кўриниш олиши мумкин. Биз мутасадди ташкилотлардан амалий ҳаракат ва ижобий натижа кутиб қоламиз.

Дилдора Файзиева

«Соғлом авлод» газетасидан олинди.