БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОҒА?..

0

 

 

* * *

 

— Оддий аскар Эшматов, нега противогазни киймадингиз?

— Мен грипп билан касалланганман. Барибир ҳид билмайман.

 

* * *

 

Топишмоқ.

Вазиятни тасаввур қилинг. Светофор. Қизил чироқда Камаз, арава қўшилган от ҳамда мотоцикл турибди. Яшил чироқ ёнгач, Камаз ўрнидан қўзғалди. Қўрқиб кетган от тўсатдан мотоциклчининг қулоғини тишлаб олди. Хўш, ким айбдор?

— Мотоциклчи.

— Нега?

— Бошга шлем кийиб йўлга чиқиш керак эди.

 

* * *

 

Кекса аёл супермаркетга кириб сотувчидан сўради:

— Гўшт борми?

— Йўқ.

— Тухум борми?

— Йўқ.

— Суварак дориси-чи?

— Йўқ.

— Идиш ювадиган кукун бордир?

— Уям йўқ.

— Вой, ўзи нима бор бу дўконда? Ундан кўра дўконларингни ёпиб қўя қолсанглар бўларкан.

— Жон деб ёпардик-ку-я, аммо эшикни қулфлашга калит йўқ.

 

* * *

 

— Яқинда биз томонда зўр воқеа бўлди. Келинни тўйдан сўнг тўппа-тўғри туғруқхонага олиб кетишди.

— Э, бу нима бўпти. Мана, биз тарафда ҳайратланарли воқеа бўлган. Куёвни тўйдан сўнг бошқа тўйга олиб кетишган.

 

* * *

 

Хотин эридан сўради:

— Менинг қулоқларим каттами?

— Йўқ.

— Тишларим сўйлоқми?

— Йўқ.

— Унда нега қачон қараса мени «қуёнчам» деб эркалайсиз?

 

* * *

 

Йўл патрул хизмати ходими машинани тўхтатиб ҳайдовчига деди:

— Мана шу чорраҳадан йўл қоидасини бузмай ўтган ягона йўловчи сиз бўлдингиз. Мана сизга юз минг сўм мукофот!

Ҳайдовчи: — Ў, зўр бўлди! Шу пулга ҳайдовчилик гувоҳномаси сотиб оламан!

Йўл патрул хизмати ходими: — Ҳали сизнинг ҳайдовчилик гувоҳномангиз йўқми?

Ҳайдовчининг хотини: — Ишонманг! У мастликда алжирайверади!

Йўл патрул хизмати ходими: — Ҳали сиз мастмидингиз?

Ҳайдовчининг онаси: — Мен сенга минг марта айтганман ўғирланган машинада узоққа бора олмайсан деб!

Йўл патрул хизмати ходими: — Нима? Машинани ўғирлаб чиққанмидингиз ҳали?

Шунда орқа ўриндиқда ўтирган беш яшар болакай бор овозда бақирди:

— Дада, чегарадан ўтдикми?

 

* * *

 

Эр ярим кечаси қўлида мушук билан уйга келди. Хотини уй эшигини очиши билан деди:

— Бу маймун. Чангалзордан топдим.

— Дадаси, бу нима деганингиз? Бу мушук-ку, ахир!

— Ўчир овозингни! Мен мушук билан гаплашяпман!

 

* * *

 

Эр ишдан чарчаб келди-да, хотинига деди:

— Мабодо кимдир қўнғироқ қилиб мени сўраса, уйда йўқ деб айт!

— Хўп бўлади.

Шу пайт телефон жиринглади. Хотини гўшакни кўтариб деди:

— Ҳ-ҳа, эрим уйда.

Эр:

— Вей, пандавақи, сенга мени уйда йўқ деб айт дегандим-ку!

— Э, бақирманг! Сизгамас, менга қўнғироқ қилишди!

 

* * *

 

— Дугонажон, иккинчи марта турмушга чиқибсан деб эшитдим. Шу ростми?

— Рост. Аммо бир нарсадан қўрқаман.

— Нимадан?

— Эрим мендан анча ёш экан.

— Хавотир олма, сен билан бир йил яшаса, тезда қариб қолади.

 

* * *

 

Рота аскарлари окоп қазияпти. Командир Насриддин афандининг тепасига келди-да, сўради:

— Насриддин, нега икки метр чуқурликда окоп қазидингиз? Ахир, окопга тушсангиз, душманни кўролмай қоласиз-ку!

— Ўртоқ командир, ўша душманларни кўришга кўзим йўқ!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc