ҲОЮ-ҲАВАС МЕНИКИ ЭМАС…

0

***

 

Кимдир менга ҳавас қилади,

Ҳасадгўйлар боримдан хафа.

Дейишар: “У нафас олади”,

Билмасларки, бу сўнгги даъфа.

 

***

 

Мен дард чексам, ёрим куйинди,

Ожизлигим ёвга хуш ёқар.

Онам руҳи мен деб койинди,

Тушларимга кириб ҳар саҳар.

 

***

 

Тўс-тўполон дунёдан безиб,

Узлат демиш хилқатда қолдим.

Хаста қалбим бағримни эзиб,

Ҳар кунимни худога солдим.

 

***

 

Ёмо-он оғриб шикаста дилим,

Офатига қуллуқлар қилдим.

Қани дея йўқотган йўлим,

Ўз кўксимни ўзгинам тилдим.

 

***

 

Гуррос кулиб кўролмасларим,

Ғийбатчига худолар берди.

Топтамасдан туролмасларим,

Қўйиб берса, бошимни ерди.

 

***

 

Эй, ёв, тинчлан, мени деб куйма,

Ҳою-ҳавас меники эмас.

Ич-этимни еб биткур бу дард,

Хайриятки сеники эмас.

 

***

 

Дардли-дардли дуоларимда,

Сенга тўзим тилаб турайин.

Ўз-ўзимнинг рўёларимда,

Сени нурга белаб турайин.

 

***

 

Фақат… Фақат куймасанг-да, бас,

Ҳасадингни қайтариблар ол.

Ҳою-ҳавас меники эмас,

Сенга керак бўлса, мана, ол.

Олимжон ҲАЙИТ